1572-ҳадис

1572.4028. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Назир ва Қурайза уруш қилишди. Шунда у зот Бану Назирни сургун қилдилар, Қурайзани эса қолдирдилар ва уларга мурувват кўрсатдилар. Қурайза уруш қилганда у зот уларнинг эркакларини ўлдириб, хотинлари, болалари ва мол-мулкларини мусулмонлар ўртасида тақсимладилар. Улардан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга қўшилганлари мустасно. У зот уларга омонлик бердилар ва улар мусулмон бўлишди. У зот Мадина яҳудийларининг барчасини – Абдуллоҳ ибн Саломнинг жамоаси бўлмиш Бану Қайнуқоъни, Бану Ҳориса яҳудийларини, ҳамма Мадина яҳудийларини сургун қилдилар».

Изоҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар Мадинага келганларида ансорлар билан қўшилиб, катта бир жамоа пайдо бўлди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларнинг раҳбари сифатида у ерда истиқомат қилаётган барча аҳоли билан, жумладан яҳудийлар билан ҳам битим тузиб, бирга яшашга, бир-бирларини ҳимоя қилишга, биргаликда душманга қарши туришга келишдилар ва: «Биз ҳаммамиз бир умматмиз», дедилар. Аммо яҳудий қабилалари бирин-кетин хиёнат йўлини тутиб, мусулмонларни менсимай, шартномани бузишди ва энг катта хавф солиб турадиган душманларга айланишди. Натижада бу қабилалар бирма-бир Мадинадан чиқариб юборилди.

1572/4028 - عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: حَارَبَتِ النَّضِيرُ وَقُرَيْظَةُ، فَأَجْلَى بَنِي النَّضِيرِ وَأَقَرَّ قُرَيْظَةَ وَمَنَّ عَلَيْهِمْ، حَتَّى حَارَبَتْ قُرَيْظَةُ، فَقَتَلَ رِجَالَهُمْ، وَقَسَمَ نِسَاءَهُمْ وَأَوْلَادَهُمْ وَأَمْوَالَهُمْ بَيْنَ الْمُسْلِمِينَ، إِلَّا بَعْضَهُمْ لَحِقُوا بِالنَّبِيِّ  صلى الله عليه وسلم فَآمَنَهُمْ وَأَسْلَمُوا، وَأَجْلَى يَهُودَ الْمَدِينَةِ كُلَّهُمْ: بَنِي قَيْنُقَاعَ وَهُمْ رَهْطُ عَبْدِ اللهِ بْنِ سَلَامٍ، وَيَهُودَ بَنِي حَارِثَةَ، وَكُلَّ يَهُودِ الْمَدِينَةِ.

Улашиш
|
|
Нусха олиш