1574-ҳадис

1574.4033, 4034. Зуҳрийдан ривоят қилинади:

«Молик ибн Авс ибн Ҳадасон Насрий менга шундай хабар қилди: «Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу мени чорлади. Бир пайт унинг эшикоғаси Ярфо келиб, «Усмон, Абдурроҳман, Зубайр ва Саъдни қабул қиласанми, изн сўрашяпти, ижозатми?» деди. У: «Ҳа. Уларни кирит», деди. Бироз ўтди. Сўнг у яна келиб: «Аббос билан Алийни қабул қиласанми, икковлари изн сўрашяпти, ижозатми?», деди. У: «Ҳа», деди. Иковлари кириб келгач, Аббос: «Эй мўминларнинг амири! Мен билан манавининг орасида ҳукм чиқар», деди. Икковлари Бану Назирдан Аллоҳ Ўз Расулига фай қилиб берган нарса устида тортишиб қолишган экан. Алий билан Аббос бир-бирларини койиб кетишди. Шунда жамоат: «Эй мўминларнинг амири! Икковининг орасида ҳукм чиқариб, бирини иккинчисидан халос қилинг», деди. Умар: «Шошманглар. Сизлардан изни ила еру осмон қоим бўлиб турган Аллоҳ ҳаққи сўрайман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларини назарда тутиб, «Биздан мерос олинмайди, қолдирган нарсамиз садақадир», деганларини биласизларми?» деди. «Шундай деганлар», дейишди. Шунда Умар Аббос билан Алийга юзланиб, «Икковингиздан Аллоҳни ўртага қўйиб сўрайман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини биласизларми?» деди. Иккови: «Ҳа», дейишди. (Умар) шундай деди:

«Энди мен сизларга бу иш ҳақида айтиб бераман. Аллоҳ субҳанаҳу Ўз Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга ушбу файдан у зотдан бошқа ҳеч кимга бермаган нарсани хос қилиб берган. У Зот жалла зикруҳу айтади: «Аллоҳ Ўз Расулига улардан қайтариб берган нарсага сизлар от ёки туя чоптириб бормадингиз. Лекин Аллоҳ Ўз расулларини хоҳлаганининг устидан ҳукмрон қилади. Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир».* Шундай қилиб, бу нарса холис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламники бўлди. Сўнг, Аллоҳга қасамки, у зот сизларни қўйиб, уни ўзлари эгаллаб ҳам олмадилар, уни сизлардан устун ҳам кўрмадилар. Дарҳақиқат, уни сизларга бердилар ва ўртангизда тақсимладилар. Ниҳоят, ундан мана шу мол қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳлларига йиллик нафақаларини мана шу молдан қилар эдилар. Сўнг қолганини олиб, уни Аллоҳнинг моли ишлатиладиган ўринларга ишлатар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлари давомида шундай қилиб ўтдилар. Сўнг у зот вафот этдилар. Кейин Абу Бакр: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг валийлариман», деди ва уни олиб, бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай иш тутган бўлсалар, шундай иш тутди. Энди сизлар – у Алий билан Аббосга юзланди – Абу Бакр ўша масалада сизлар айтаётгандек иш тутган, деяпсизлар. Аллоҳ Ўзи билиб турибди, у бунда содиқ, солиҳ, тўғри ва ҳаққа тобеъ эди. Сўнгра Аллоҳ Абу Бакрни вафот эттирди. Кейин мен: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакрннинг валийси менман», дедим ва ўша нарсани олиб, амирлигимнинг икки йилида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр бу борада қандай иш тутган бўлсалар, шундай иш тутдим. Аллоҳ Ўзи билиб турибди, мен бунда содиқ, солиҳ, тўғри ва ҳаққа тобеъдирман. Кейин бўлса, икковингиз гапингиз бир ва ишингиз жам бўлган ҳолда олдимга келдингиз. Сен – яъни Аббос – олдимга келдинг. Шунда мен икковингизга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биздан мерос олинмайди, қолдирган нарсамиз садақадир», деганлар», дедим. Кейин менда уни икковингизга топшириш фикри туғилгач, «Агар хоҳласангиз, зиммангизга Аллоҳнинг аҳду паймонини олиб, бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр иш тутганидек ҳамда мен унга бош бўлганимдан бери иш тутганимдек иш тутиш шарти билан уни сизларга топшираман. Бўлмаса, менга (бу ҳақда) гапирманглар», дедим. Шунда икковингиз: «Шу (шарт) билан уни бизга топшир», дедингиз, уни икковингизга топширдим. Энди мендан бундан бошқа ҳукм чиқаришимни сўраяпсизларми?! Изни ила еру осмон қоим бўлиб турган Аллоҳга қасамки, бу ҳақда Соат қоим бўлмагунича мана шу ҳукмдан бошқа ҳукм чиқармайман. Агар бунга ожиз бўлсангиз, менга топширинг, ўзим бу борада ўрнингизга кифоя қиламан».

Мен (яъни Зуҳрий) бу ҳадисни Урва ибн Зубайрга айтган эдим, у: «Молик ибн Авс рост айтибди. Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Оиша розияллоҳу анҳонинг шундай деб айтаётганини эшитганман: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари Аллоҳ Ўз Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга фай қилиб берган молдан ўзларининг саккиздан бир улушларини сўраб, Усмонни Абу Бакрнинг ҳузурига юборишди. Мен уларни қайтариб, «Аллоҳдан қўрқмайсизларми? Ахир Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларини назарда тутиб: «Биздан мерос олинмайди, қолдирган нарсамиз садақадир. Муҳаммаднинг оиласи манави молдан ейди, холос», деганларини билмайсизларми?!» дедим».

Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари унинг айтганига тўхталишди».

Бу садақа Алийнинг қўлида бўлиб, Аббосдан устун келиб, унга бермаган эди. Кейин у Ҳасан ибн Алийнинг қўлида, кейин Ҳусайн ибн Алийнинг, кейин Алий ибн Ҳусайн ва Ҳасан ибн Ҳасаннинг қўлида бўлди. Икковлари уни навбат билан тасарруф қилар эдилар. Сўнг у Зайд ибн Ҳасаннинг қўлида бўлди. У ҳақиқатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг садақалари эди».

1574/4034 - عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَاقَالَتْ: أَرْسَلَ أَزْوَاجُ النَّبِيِّ  صلى الله عليه وسلم عُثْمَانَ إِلَى أَبِي بَكْرٍ، يَسْأَلْنَهُ ثُمُنَهُنَّ مِمَّا أَفَاءَ اللهُ عَلَى رَسُولِهِ  صلى الله عليه وسلم، فَكُنْتُ أَنَا أَرُدُّهُنَّ، فَقُلْتُ لَهُنَّ: أَلَا تَتَّقِينَ اللهَ، أَلَمْ تَعْلَمْنَ أَنَّ النَّبِيَّ  صلى الله عليه وسلم كَانَ يَقُولُ: لَا نُورَثُ، مَا تَرَكْنَا صَدَقَةٌ - يُرِيدُ بِذَلِكَ نَفْسَهُ – إِنـَّمَا يَأْكُلُ آلُ مُحَمَّدٍ  صلى الله عليه وسلم فِي هَذَا الْمَالِ؟ فَانْتَهَى أَزْوَاجُ النَّبِيِّ r إِلَى مَا أَخْبَرَتْهُنَّ.

Улашиш
|
|
Нусха олиш