1588.4121. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳу айтади:
«Бану Қурайза Саъд ибн Муъознинг ҳукм қилишига кўнди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъдга одам юбордилар. У эшак миниб келди. Масжидга яқинлашганида у зот ансорларга: «Туринглар, саййидингизга [ёки яхшингизга] пешвоз чиқинглар!» дедилар. Сўнг (унга) «Манавилар сенинг ҳукм чиқаришингга кўнишди», дедилар. Шунда у: «Уларнинг жангчиларини ўлдирасиз, бола-чақаларини асир оласиз», деди. У зот: «Аллоҳнинг ҳукми билан ҳукм чиқардинг», дедилар».
Гоҳида: «Маликнинг ҳукми билан», деб айтган.*
Изоҳ: Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу Мадинадаги Авс қабиласининг раҳбари бўлган. Авс қабиласи Бану Қурайза яҳудийлари билан аввалдан яхши муносабатда эди. Шунинг учун Набий алайҳиссалом Бану Қурайзани хиёнати учун жазоламоқчи бўлганларида улар Саъд розияллоҳу анҳунинг ҳакам бўлишини талаб қилиб, «У киши нима ҳукм қилса, шунга розимиз», дейишган. Саъд розияллоҳу анҳу уларнинг устидан ўзларининг динларига кўра, яъни Тавротга кўра ҳукм чиқарган.
* Бу ибора ровийлардан бирига тегишли бўлиб, у ўз устозининг гоҳида шундай деб ҳам ривоят қилганини айтмоқда. Бу ерда «Малик» деганда Аллоҳ таоло, яъни ҳақиқий мутлақ Подшоҳ назарда тутилган.
1588/4121 – عَنْ أبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيَّ رَضِيَ الله عَنْهُ قَالَ: نَزَلَ أَهْلُ قُرَيْظَةَ عَلَى حُكْمِ سَعْدِ بْنِ مُعَاذٍ، فَأَرْسَلَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم إِلَى سَعْدٍ، فَأَتَى عَلَى حِمَارٍ، فَلَمَّا دَنَا مِنَ الْمَسْجِدِ قَالَ لِلْأَنْصَارِ: قُومُوا إِلَى سَيِّدِكُمْ [ أَوْ خَيْرِكُمْ]. فَقَالَ: هَؤُلَاءِ نَزَلُوا عَلَى حُكْمِكَ، فَقَالَ: تَقْتُلُ مُقَاتِلَتَهُمْ، وَتَسْبِي ذَرَارِيَّهُمْ، قَالَ: قَضَيْتَ بِحُكْمِ اللهِ عَزَّ وَجَلَّ، وَرُبَّـمَا قَالَ: بِحُكْمِ الْمَلِكِ.