1637.4350. Абдуллоҳ ибн Бурайда отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Алийни хумусни олиб келишга Холиднинг олдига юбордилар. Мен Алийни ёмон кўрар эдим. У ғусл қилибди. Мен Холидга: «Манавини кўрмайсанми?!» дедим. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганимизда у зотга ҳам айтиб бердим. У зот: «Эй Бурайда, Алийни ёмон кўриб қолдингми?» дедилар. «Ҳа», дедим. У зот: «Уни ёмон кўрма, чунки унинг хумусда бундан ҳам кўп ҳақи бор», дедилар».
Изоҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Алий розияллоҳу анҳуни Яманга, Холид ибн Валиднинг олдига хумусни, яъни ўлжанинг бешдан бир қисмини олиб келишга юборадилар. Алий розияллоҳу анҳу ўлжаларни тақсим қилади. Хумусни олади. Асирлар орасида бир қиз ҳам бўлиб, уни ўзига ажратади. Кейин унга қўшилади. «У ғусл қилибди» деганда шу маъно назарда тутилган. Бурайда розияллоҳу анҳу Алий розияллоҳу анҳунинг хумусдан ўзига улуш олишини нотўғри деб билгани учун бунга аччиқланади. «Алийни ёмон кўриб қолган эдим» дегани шу бўлган. Бу ёмон кўриш адоват, доимий нафрат маъносида эмас, балки бирор сабаб билан бировдан аччиқланиб қолиш бўлган. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Алийнинг хумусда ҳаққи кўп эканини айтиб, Бурайда розияллоҳу анҳунинг фикрини тўғрилаб қўядилар. Бир ривоятда Бурайда розияллоҳу анҳу: «Шунда Алий менга ҳаммадан ҳам суюкли бўлиб қолди», деган.
1637/4350 – عَنْ بُرَيْدَةَ رَضِيَ الله عَنْهُ قَالَ: بَعَثَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم عَلِيًّا إِلَى خَالِدٍ لِيَقْبِضَ الْخُمُسَ، وَكُنْتُ أُبْغِضُ عَلِيًّا، وَقَدِ اغْتَسَلَ، فَقُلْتُ لِخَالِدٍ، أَلَا تَرَى إِلَى هَذَا؟ فَلَمَّا قَدِمْنَا عَلَى النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم ذَكَرْتُ ذَلِكَ لَهُ، فَقَالَ: يَا بُرَيْدَةُ أَتُبْغِضُ عَلِيًّا؟ فَقُلْتُ: نَعَمْ، قَالَ: لَا تُبْغِضْهُ، فَإِنَّ لَهُ فِي الْخُمُسِ أَكْثَرَ مِنْ ذَلِكَ.