1669-ҳадис

1669.4474. Абу Саъид ибн Муъаллодан ривоят қилинади:

«Масжидда намоз ўқиётган эдим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени чақириб қолдилар. У зотга жавоб бермадим. Кейин: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен намоз ўқиётган эдим», дедим. У зот: «Аллоҳ «Аллоҳ ва Унинг Расули сизларни чақирганда жавоб беринг»* демаганми?» дедилар. Сўнг менга: «Масжиддан чиқишингдан олдин мен сенга бир сурани ўргатаман, у Қуръондаги сураларнинг энг буюгидир», дедилар.

Сўнг қўлимдан тутдилар. Кейин чиқиб кетмоқчи бўлиб турганларида, у зотга: «Сенга бир сура ўргатаман, у Қуръондаги энг буюк сурадир», демаганмидингиз?» дедим. У зот: «У «Ал-ҳамду лиллааҳи роббил-ъааламиин»дир*. Менга берилган «Такрорланувчи еттилик»* ва «Буюк Қуръон» мана шудир», дедилар».

* Анфол сураси, 24-оят.

* Фотиҳа сураси, 2-оят.

Изоҳ: Бу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳижр сурасининг 87-оятига ишора қилмоқдалар. Унда шундай дейилади: «Батаҳқиқ, Биз сенга «Такрорланувчи еттилик» ва «Буюк Қуръон»ни бердик». Ушбу оятда келган васфлар Фотиҳа сурасининг номларидандир. Бу суранинг «такрорланувчи» дейилиши унинг намозларда қайта-қайта, такрор-такрор ҳар ракатда ўқилиши ёки Маккада ҳам, Мадинада ҳам нозил бўлгани эътиборидандир. У етти оятдан иборат бўлгани учун «еттилик» дейилган. «Такрорланувчи еттилик» деб ўгирилган ушбу «Сабъул-масоний» иборасини яна «ҳамду сано еттилиги» деб ҳам тушуниш мумкин. Бунда сурада Аллоҳ таолога ҳамду сано маънолари мужассамлиги назарда тутилган бўлади.

1669/4474 - عَنْ أَبِي سَعِيدِ بْنِ الْمُعَلَّى قَالَ: كُنْتُ أُصَلِّي فِي الْمَسْجِدِ، فَدَعَانِي رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم فَلَمْ أُجِبْهُ، فَقُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنِّي كُنْتُ أُصَلِّي، فَقَالَ: أَلَمْ يَقُلِ اللهُ (اسْتَجِيبُوا لِلَّهِ وَلِلرَّسُولِ إِذَا دَعَاكُمْ)؟ [الأنفال: 24]. ثُمَّ قَالَ لِي: لَأُعَلِّمَنَّكَ سُورَةً هِيَ أَعْظَمُ السُّوَرِ فِي الْقُرْآنِ، قَبْلَ أَنْ تَخْرُجَ مِنَ الْمَسْجِدِ. ثُمَّ أَخَذَ بِيَدِي، فَلَمَّا أَرَادَ أَنْ يَخْرُجَ، قُلْتُ لَهُ: أَلَمْ تَقُلْ: لَأُعَلِّمَنَّكَ سُورَةً هِيَ أَعْظَمُ سُورَةٍ فِي الْقُرْآنِ؟ قَالَ: (الْحَمْدُ لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِي) هِيَ السَّبْعُ الْمَثَانِي، وَالْقُرْآنُ الْعَظِيمُ الَّذِي أُوتِيتُهُ.

Улашиш
|
|
Нусха олиш