1718-ҳадис

1718.4788. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзини ҳиба қилган аёллардан рашк қилар эдим. Аёл киши ҳам ўзини ҳиба қиладими, дер эдим. Аллоҳ таоло «Улардан хоҳлаганингни нари қўйиб, хоҳлаганингни ёнингга олурсан. Ўзинг четлатганлардан бирортасини истасанг, сенга гуноҳ йўқ»ни нозил қилганда «Роббингиз фақат сизнинг истагингизни қондиришга шошадими, дейман-да», дедим».

Изоҳ: Кўпчилик муфассирларнинг тафсирига кўра, мазкур оятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хос бўлган рухсат ҳақида сўз кетган. Унга кўра, тунни аёллар ўртасида тенг тақсимлаш мажбурий бўлмаган, балки у зотга истаганлари билан тунаб қолишга, истаганларини эса четлатишга рухсат берилган. Чунки завжаларнинг навбатини танлаш истисно тариқасида оналаримизнинг эмас, балки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақлари деб эътибор қилинган. Бу ҳукм у зот алайҳиссаломнинг маконатларини, виқорларини сақлаш, пайғамбарликларига муносиб иш тутиш маъносида жорий қилинган. Шундай бўлса‑да, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларига бўлган эъзозлари ва риояларидан келиб чиқиб, бу рухсатдан фойдаланмаганлар, аёллари ўртасида навбати билан тунаганлар. Ҳатто ҳаётларининг сўнгида Оиша розияллоҳу анҳонинг уйида қолиш учун бошқа завжаларидан изн сўраганлар. Фақат Савда онамиз ўз навбатини Оиша розияллоҳу анҳога берган эди. Қолаверса, бу оят сўнгги йилларда нозил бўлган ва бунгача тунни завжалари ўртасида адолат билан тақсимлаш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам мажбурий бўлган.

Оиша розияллоҳу анҳо «Роббингиз фақат сизнинг истагингизни қондиришга шошадими, дейман-да», деганда Аллоҳ таолонинг Ўз Расулига алоҳида эътибор қаратишини, кенглик қилиб беришини, фазлу марҳамат кўрсатишини айтмоқчи бўлган‑у, аёллигига бориб, рашк ўтида гапни мазкур шаклда ифодалаб юборганлар.

1718/4788 - عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كُنْتُ أَغَارُ عَلَى اللَّاتِي وَهَبْنَ أَنْفُسَهُنَّ لِرَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم وَأَقُولُ: أَتَهَبُ الْمَرْأَةُ نَفْسَهَا؟ فَلَمَّا أَنْزَلَ اللهُ تَعَالَى: (تُرْجِي مَنْ تَشَاءُ مِنْهُنَّ وَتُؤْوِي إِلَيْكَ مَنْ تَشَاءُ وَمَنِ ابْتَغَيْتَ مِمَّنْ عَزَلْتَ فَلَا جُنَاحَ عَلَيْك)، قُلْتُ: مَا أُرَى رَبَّكَ إِلَّا يُسَارِعُ فِي هَوَاكَ.

Улашиш
|
|
Нусха олиш