1727.4811. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Аҳборлардан* бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларирга келиб: «Эй Муҳаммад, биз (китобларимизда) кўрдикки, Аллоҳ осмонларни бир бармоқ узра, ерларни бир бармоқ узра, дов‑дарахтларни бир бармоқ узра, сув ва тупроқни бир бармоқ узра, қолган махлуқотларни яна бир бармоқ узра қилар ва: «Подшоҳ Менман» дер экан», деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳборнинг гапини тасдиқлаб, кулдилар, ҳатто озиқ тишлари ҳам кўриниб кетди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Улар Аллоҳни ҳақиқий қадрига муносиб қадрламадилар. Ҳолбуки, қиёмат куни жамики ер Унинг қабзаси(да)дир, осмонлар эса Унинг ўнг қўлида қатлангандир. У Зот улар ширк келтираётган нарсалардан пок ва юксакдир» ни ўқидилар».
* «Аҳбор» (бирлиги «ҳабр») – яҳудий олими.
Изоҳ: Бу ҳадиси шарифдаги маънолар ақийда мавзусига оид бўлиб, муташобиҳ мазмундаги ҳадислардан саналади. Уни атрофлича тушуниш анча кенг ва чуқур билим талаб қилади. Хулоса қилиб айтганда, келтирилган саҳиҳ хабарга қандай бўлса, шундайлигича иймон келтириш ва тугал маъносини Аллоҳнинг Ўзига ҳавола қилиш мақсадга мувофиқдир. «Аллоҳнинг қабзаси», «юзи», «қўли», «ўнг қўли» ва шу каби васфлар Аллоҳ таолонинг Ўзига хос сифатлари бўлиб, махлуқотдаги сифатлардан мутлақо бошқа бўлади. Бу ғайбий оламдаги маълум бир сифат ва ҳолатни бизнинг зеҳнимизга яқинлаштириш учун қўлланган бир ифода, холос. Фақат сўзларда, ибораларда ўхшашлик бор, аммо ҳақиқати бутунлай бошқадир. Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, бу сифатларга уларнинг қандайлигини тасаввур қилмаган, суриштирмаган ҳолда иймон келтириш вожибдир. Бу бобда Аллоҳ таолонинг «У Зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир», (Шуро сураси, 11‑оят) деган сўзи асос қоида бўлади. Бу борадаги муташобиҳ, яъни ўхшаш маъноларга эга оят‑ҳадисларни зоҳирий маънода, яъни жисм деб тушунилмаслигини барча Ислом уламолари қадимдан бир овоздан таъкидлаб келганлар. Фақат салаф уламолар «Нассда нима келган бўлса, ҳеч қандай таъвилсиз, ўзгартиришсиз, бор гапга иймон келтириб, кўзланган ҳақиқий маънони Аллоҳ таолонинг Ўзига ҳавола қиламиз», дейиш билан чекланган бўлса, халаф уламолар вазият тақозосига кўра, уларни мажозий маънода тушунтирганлар. Мисол учун, мазкур оятдаги «Унинг қабзасидир» ва «Ўнг қўлида қатланган» деган иборалар бутун борлиқ тўлиғича Аллоҳнинг тасарруфида эканини, У Зот уни худди қўлда чангаллаб турилган лойдек, хоҳлаган ҳолатига осонликча солишини билдиради, дейишган. Ҳар икки ёндашув ҳам жоиз бўлса‑да, салафларнинг йўли эҳтиёт жиҳатидан устун ва аслдир, халафнинг услуби эса омманинг тушунишига осонроқдир.
Аҳбор, яъни яҳудий олими айтганидек, борлиқни алоҳида бармоқларда тутиб туриш, деган гап оят‑ҳадисларнинг матнида келмаган бўлса‑да, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳборнинг гапини тасдиқлаб, кулдилар», деган сўзи кўплаб мунозараларга сабаб бўлган. У зот алайҳиссалом бу ерда яҳудий олимнинг сўзини тўлиқ тасдиқлаганларми ёки унинг гапидаги Аллоҳ таолонинг азаматига, қудратига, барча нарсани қабзасида тутиб туришига ишора қилган маънони тасдиқлаганларми? Бир қатор муҳаққиқлар, жумладан, Анвар Шоҳ Кашмирий раҳматуллоҳи алайҳнинг фикрига кўра, иккинчи ёндашув тўғрироқ. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўқиган оят «Улар Аллоҳни ҳақиқий қадрига муносиб қадрламадилар», деб бошланмоқда. Бу эса мазкур яҳудийнинг таъбири дуруст эмаслигига ишора қилади. Оятнинг давомидаги «Ҳолбуки, қиёмат куни жамики ер Унинг қабзаси(да)дир, осмонлар эса Унинг ўнг қўлида қатлангандир», деган ибора эса у айтган гапни умумий маънода ифодалайди, яъни борлиқ У Зотнинг қўлида, тасарруфида эканини англатади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кулишлари шодлик, мамнуният юзасидан бўлган, чунки бунда у зотга нозил қилинган ваҳийдаги маънолар олдинги самовий китобларда ҳам борлиги тасдиқланган. Шунингдек, бу у зотнинг олдинги пайғамбарларнинг давомчиси эканларини, у зотга индирилган Китоб ўша самовий китобларнинг манбасидан эканини кўрсатар эди. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдинги самовий китобларни умуман ўқимаганлари барчага маълум эди.
1727/4811 - عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ الله عَنْهُ قَالَ: جَاءَ حَبْرٌ مِنَ الْأَحْبَارِ إِلَى رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم فَقَالَ: يَا مُحَمَّدُ، إِنَّا نَجِدُ: أَنَّ اللهَ يَجْعَلُ السَّمَوَاتِ عَلَى إِصْبَعٍ، وَالْأَرَضِينَ عَلَى إِصْبَعٍ، وَالشَّجَرَ عَلَى إِصْبَعٍ، وَالْمَاءَ وَالثَّرَى عَلَى إِصْبَعٍ، وَسَائِرَ الْخَلَائِقِ عَلَى إِصْبَعٍ، فَيَقُولُ أَنَا الْمَلِكُ، فَضَحِكَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم حَتَّى بَدَتْ نَوَاجِذُهُ تَصْدِيقًا لِقَوْلِ الْحَبْرِ. ثُمَّ قَرَأَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم (وَمَا قَدَرُوا اللَّهَ حَقَّ قَدْرِهِ).