1730.4818. Товус айтади:
«Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан Аллоҳнинг «Фақат қариндошлик меҳринигина (сўрайман)» деган сўзи ҳақида сўралди. Саъид ибн Жубайр: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли‑оилаларининг қариндошлари‑да», деди. Шунда Ибн Аббос: «Шошилдинг. Қурайшда бирор уруғ йўқки, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уларга қариндошликлари бўлмаса. У зот: «Ҳеч бўлмаса ўртамиздаги қариндошликни боғланглар», деганлар», деди».
Изоҳ: Буюк тобеъин Саъид ибн Жубайр «Мазкур оятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қариндошларига меҳр-мурувватли бўлиш назарда тутилган», деб тафсир қилган экан. Шунда у кишининг устози Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо буни рад қилиб: «Бу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг даъватларига тўсқинлик қилаётган қариндошларидан ҳеч бўлмаса қариндошликни узмасликни, душманлик қилмай туришни сўрашга буюрилганлар», деган экан. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо «Ҳеч бўлмаса ўртамиздаги қариндошликни боғланглар», деганда «фақат қариндошлик меҳринигина (сўрайман)» деган жумлани тафсир қилган.
1730/4818 - عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: إِنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم لَمْ يَكُنْ بَطْنٌ مِنْ قُرَيْشٍ إِلَّا كَانَ لَهُ فِيهِمْ قَرَابَةٌ، فَقَالَ: إِلَّا أَنْ تَصِلُوا مَا بَيْنِي وَبَيْنَكُمْ مِنَ الْقَرَابَةِ.