1734.4830. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳ махлуқотларни яратди. Бундан фориғ бўлгач, «қариндошлик» туриб, Раҳмоннинг белидан тутди. У Зот: «Нима гап?» деди. «Бу – қариндошлик узилишидан Сенинг паноҳингга қочганнинг туришидир», деди. У Зот: «Сени боғлаганни боғлаб, узганни узишимга рози бўлмайсанми?» деди. «Шундай, Роббим!» деди. У Зот: «Шундай бўла қолсин», деди».
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: «Хоҳласангиз, «Эҳтимол, юз ўгирсангиз, ер юзида фасод қилиб, қариндошлик ришталарингизни узарсиз?!»ни ўқинглар», дейди.
Изоҳ: Ушбу ҳадисдаги «қариндошлик туриб» деган жумлани уламолар асосан икки хил изоҳлаганлар. Биринчисига кўра, Аллоҳ таоло мавҳум тушунчаларга маълум жисмларни ато қилиши мумкин. Масалан, вафот этган инсоннинг яхши амаллари унга чиройли инсон шаклида, ёмон амаллари эса хунук одам суратида намоён бўлиши ривоятларда келган. Шунингдек, «қариндошлик»ка ҳам Аллоҳ таоло вужуд ато этиб, у худди бошқа ҳиссий жисмлардек намоён бўлган бўлиши мумкин. Иккинчи фикрга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гап билан ҳиссий бўлмаган тушунчани ҳиссий мисолда тушунтириб бермоқчи бўлганлар. Бу худди «яхшилик ўлди», «ёмонлик жонланди», «фитна болалади» каби адабиётда учрайдиган истиораларга ўхшайди. Бу билан «қариндошлик»нинг мақоми нақадар юксаклиги, унинг Аллоҳ таолонинг наздидаги қадри, аҳамиятини тасаввурга яқинроқ ифодаламоқчи бўлганлар.
«Раҳмоннинг белидан тутди» деган иборани ҳам уламолар икки хил изоҳлашган.
Хулоса қилиб айтганда, Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда келган «Юз», «Қўл» «Қадам», «Бел» каби сифатлар Аллоҳ таолонинг кайфиятдан холи сифатларидир. Аҳли Сунна вал жамоа эътиқоди бўйича, бундай сўзлар Аллоҳ таолога нисбатан ишлатилган пайтда улардаги одатий маъно тушунилмайди. Масалан, «Қадам» (оёқ) деганда гўшту суякдан, пай ва томирлардан иборат, маълум шакл ва ҳажмдаги аъзо тушунилмайди. Аллоҳ жисм ва аъзодан покдир! Аллоҳ таоло зотида ҳам, сифатларида ҳам махлуқлардан бирортасига ўхшамайди, махлуқлардан бирортаси ҳам Аллоҳ таолога ўхшамайди. Бундай калималардан махлуқлардагига ўхшаш сифатлар тушунилиши жоиз эмас. Бинобарин, улардан ирода қилинган маънони Аллоҳ таолонинг Ўзига ҳавола қилган ҳолда мазкур сифатларнинг Аллоҳ таолода борлигига иймон келтирамиз.
Қуръони Карим араб тилида нозил бўлган, араблар истеъмолидан келиб чиқиб сўз юритган. Арабларда мазкур калималар истиора ва мажозий маъноларда ишлатилиши кенг тарқалган. Масалан, «Юз» сўзи зот, борлиқ, «Қўл» сўзи қудрат ва саховат, «Қадам» сўзи босим, ғолиблик маъноларида ишлатилган. Кўп уламолар мазкур калималарни ана шундай маъноларда ҳам тушунганлар. Жумладан, муаллиф имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам «У Зотнинг Юзидан бошқа ҳар бир нарса ҳалок бўлувчидир» (Қасас сураси, 88-оят) оятидаги «Юз»ни икки хил тафсир қилган. Биринчисига кўра, Аллоҳнинг мулки, яъни эгадорлиги, подшоҳлиги бўлса, иккинчиси Аллоҳнинг розилигини тилаб қилинган амаллар.
1734/4830 - عَنْ أَبِي هُرَيْرَة َرَضِيَ الله عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: خَلَقَ اللهُ الْخَلْقَ، فَلَمَّا فَرَغَ مِنْهُ قَامَتِ الرَّحِمُ، فَأَخَذَتْ بِحَقْوِ الرَّحْمَنِ، فَقَالَ لَه: مَهْ، قَالَتْ: هَذَا مَقَامُ الْعَائِذِ بِكَ مِنَ الْقَطِيعَةِ، قَالَ: أَلَا تَرْضَيْنَ أَنْ أَصِلَ مَنْ وَصَلَكِ، وَأَقْطَعَ مَنْ قَطَعَكِ؟ قَالَتْ: بَلَى يَا رَبِّ، قَالَ: فَذَاكِ. قَالَ أَبُو هُرَيْرَةَ: اقْرَءُوا إِنْ شِئْتُمْ: (فَهَلْ عَسَيْتُمْ إِنْ تَوَلَّيْتُمْ أَنْ تُفْسِدُوا فِي الْأَرْضِ وَتُقَطِّعُوا أَرْحَامَكُمْ).