1749.4919. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитганман: «Роббимиз болдирини очади.* Шунда ҳар бир мўмину мўмина У Зотга сажда қилади. Бироқ дунёда риё ва сумъа этиб сажда қилган кишигина қолади. У сажда қилишга уринади‑ю, бели бир бутун тақсимча бўлиб умуртқага айланиб, қайтиб қолаверади».
* Бу ҳадис ҳам муташобиҳ маънодаги ҳадисдир. Бутун Ислом уммати қадимдан бугунги кунгача бу каби ҳадисларда ҳақиқий маъно, яъни аъзо назарда тутилмаганини бир овоздан таъкидлаб келган. Фақат салафи солиҳлар бундай ҳадисларнинг ҳақиқий маъносини, моҳиятини Аллоҳ таолонинг Ўзига ҳавола қилиб, хабарнинг зоҳирига иймон келтириш билан чекланган бўлсалар, халаф уламоларимиз шароит тақозосига кўра уларни мажозий, кўчма маъноларда тушунишни таклиф қилганлар. Бунда улар ўз раъйларига эмас, балки айнан оят‑ҳадисларга, Ислом асосларига, араб тилининг хусусиятларига таянганлар. Мисол учун, мазкур ҳадисдаги «болдирни очиш» иборасини куч‑қудратни намойиш этиш, қийин аҳволга солиш ёки қийин аҳволни бартараф этиш деб тушунтирганлар. Бу тур ифода тилда кенг қўлланадиган услуб ҳисобланади. Масалан, ўзбек тилидаги «енг шимарди», «қамишдан бел боғлади» каби ифодалар асосан кўчма маънода ишлатилади.
1749/ 4919 - عَنْ أَبِي سَعِيدٍ رَضِيَ الله عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ: يَكْشِفُ رَبُّنَا عَنْ سَاقِهِ، فَيَسْجُدُ لَهُ كُلُّ مُؤْمِنٍ وَمُؤْمِنَةٍ، وَيَبْقَى مَنْ كَانَ يَسْجُدُ فِي الدُّنْيَا رِئَاءً وَسُمْعَةً، فَيَذْهَبُ لِيَسْجُدَ، فَيَعُودُ ظَهْرُهُ طَبَقًا وَاحِدًا.