1753-ҳадис

1753.4939. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳисоб‑китоб қилинадиган ҳар бир киши ҳалок бўлмай қолмайди», дедилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ мени фидойингиз қилсин! Ахир Аллоҳ азза ва жалла: «Аммо кимнинг китоби ўнгидан берилса, у албатта, енгилгина ҳисоб‑китоб қилинади», демайдими?» дедим. У зот: «Ана ўша намоён этиш бўлиб, (амаллари) уларга намоён этилади. Бироқ кимнинг ҳисоб‑китоби муноқаша қилинса, ҳалок бўлади», дедилар».

Изоҳ: «Ҳалок бўлиш» деганда азобга қолиш назарда тутилган, зотан, охират азоби ҳақиқий ҳалокатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оятдаги «енгилгина ҳисоб‑китоб қилинади», деган жумлани «Ана ўша намоён этиш бўлиб, уларга намоён этилади» деб тафсир қилмоқдалар, яъни солиҳларга қилган амаллари – яхшиликларию ёмонликлари бир кўрсатилади-ю, аммо уларнинг устида савол‑жавоб, ҳисоб‑китоб қилинмайди. Бу уларнинг нажот топишларининг башорати бўлади.

1753/4939 - عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: قَالَ رَسُول الله صلى الله عليه وسلم: لَيْسَ أَحَدٌ يُحَاسَبُ إِلَّا هَلَكَ، وبَاقِي الـحَدِيث تَقَدَّمَ فِي كِتَابِ العِلْمِ.

Улашиш
|
|
Нусха олиш