1760.4981. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Анбиёлар ичида бирорта набий йўқки, унга одамлар иймон келтирганлари мислича (мўъжизалар) ато этилмаган бўлса. Менга берилгани эса Аллоҳ менга ваҳий қилган ваҳийдир. Бас, мен қиёмат куни уларнинг ичида тобеъси энг кўпи бўламан деб умид қиламан».
Изоҳ: Бу ҳадиснинг мазмуни жуда ҳам кенг бўлиб, уни турли маъноларда тушуниш мумкин. Шориҳларнинг изоҳларидан хулоса қилиб айтганда, бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай демоқчилар: «Аввалги пайғамбарлар алайҳимуссаломга ҳам мўъжизалар берилган. Уларга берилган мўъжизалар ўша даврдаги одамлар кўриб, иймон келтириши учун етарли даража, миқдор ва кўламда бўлган. Пайғамбарлар вафот этиши билан уларнинг мўъжизалари ҳам тўхтаган. Аммо менга берилган энг буюк мўъжиза – бу менга қилинган ваҳий, яъни Қуръони Каримдир. У эса қиёматга қадар барҳаёт қолажак. Бинобарин, уни кўриб, ўрганиб, иймон келтирадиганлар бардавом бўлиб бораверади. Шундан умид қиламанки, пайғамбарлар ичида эргашувчиси энг кўпи мен бўламан».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Менга берилгани эса Аллоҳ менга ваҳий қилган ваҳийдир», деган гаплари у зотга бундан бошқа мўъжиза берилмаган, деган маънони англатмайди, балки бу у зотга берилган, бошқа пайғамбарларда ўхшаши бўлмаган энг катта мўъжиза бўлиб, бошқа пайғамбарларнинг мўъжизалари бу буюк мўъжиза олдида гўё йўқдек гап, деган мазмунни билдиради. Қолаверса, олдинги пайғамбарларнинг мўъжизалари у зотнинг ушбу мўъжизалари каби бардавом эмас. Аммо Қуръони Карим мўъжизаси қиёматгача ўз кучини йўқотмайди. Ҳадисда айнан шу жиҳатга эътибор қаратилган.
Ҳадисдан яна шу маъно тушуниладики, олдинги илоҳий китобларда эъжоз, яъни ожиз қолдириш хусусияти бўлмаган. Эҳтимол, уларга ўзгартиришлар киритилгани ва бу қўшимчаларни ажратиш қийинлигининг асосий сабаби ҳам шу бўлса керак. Аммо Қуръони Каримда бу ҳолат йўқ, инсон каломи унга яқин ҳам кела олмайди. Бу ҳақиқатга бугун инсоният ҳар қачонгидан ҳам кўра кўпроқ гувоҳ бўлмоқда.
1760/4981 - عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: قَالَ النَّبِيّ ُ صلى الله عليه وسلممَا مِنَ الْأَنْبِيَاءِ نَبِيٌّ إِلَّا أُعْطِيَ مَا مِثْلُهُ آمَنَ عَلَيْهِ الْبَشَرُ، وَإِنَّمَا كَانَ الَّذِي أُوتِيتُ وَحْيًا أَوْحَاهُ اللهُ إِلَيَّ، فَأَرْجُو أَنْ أَكُونَ أَكْثَرَهُمْ تَابِعًا يَوْمَ الْقِيَامَةِ.