1793-ҳадис

 1793.5101. Умму Ҳабиба бинт Абу Суфён шундай хабар қилади:

«Эй Аллоҳнинг Расули, синглимни – Абу Суфённинг қизини никоҳингизга олинг», дедим. «Шуни хоҳлайсанми?» дедилар. «Ҳа. Мен сизни фақат ўзимники қилиб олмоқчимасман. Яхшиликда менга шерик бўлишини энг кўп хоҳлаганим – синглимдир», дедим. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу менга ҳалол бўлмайди», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, бизга айтилишича, сиз Абу Саламанинг қизини никоҳингизга олмоқчи экансиз‑ку», дедим. «Умму Саламанинг қизиними?» дедилар. «Ҳа», дедим. «Агар у менинг қарамоғимдаги асрандим бўлмаганида ҳам, менга ҳалол бўлмас эди, чунки у менинг эмикдош биродаримнинг қизи. Сувайба мени ҳам, Абу Саламани ҳам эмизган. Менга қизларингиз ва опа‑сингилларингизни таклиф қилманглар», дедилар».

Урва айтади: «Сувайба Абу Лаҳабнинг мавлоси бўлиб, Абу Лаҳаб уни озод қилган эди. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни эмизган. Абу Лаҳаб ўлгач, у ўзининг аҳли оиласидан бирининг тушида ёмон аҳволда кўринибди. У унга: «(Ўлимингдан кейин) нимага йўлиқдинг?» дебди. Абу Лаҳаб: «Сизлардан (ажралганимдан) кейин Сувайбани озод қилганим сабабли мана бундан суғорилишдан бошқа (яхши) нарсага йўлиқмадим», дебди».

Изоҳ: Абдурраззоқ ва бошқалар келтирган ривоятларда айтилишича, Абу Лаҳаб мазкур тушда «мана бундан» деганда бош бармоқ билан кўрсаткич бармоқ орасидаги чуқурликни айтган. Гап шундаки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилганларида Абу Лаҳабга бу хушхабарни чўриси Сувайба етказади. Абу Лаҳаб жиян кўрганига хурсанд бўлганидан Сувайбани озод қилиб юборади. Бошқа ривоятларда мазкур туш ҳақида батафсилроқ айтилган. Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам душанба куни туғилганлар. Уларда айтилишича, Абу Лаҳаб дўзахда қаттиқ азобда экан, фақат душанба кунлари бармоқлари орасидан озгина сув ичиб, азоби енгиллашар экан.

1793/5101 - عَنْ أُمَّ حَبِيبَةَ بِنْتَ أَبِي سُفْيَانَ رَضِيَ الله عَنْهُمَا قَالَتْ: قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، انْكِحْ أُخْتِي بِنْتَ أَبِي سُفْيَانَ، فَقَالَ: «أَوَتُحِبِّينَ ذَلِكَ؟» فَقُلْتُ: نَعَمْ، لَسْتُ لَكَ بـِمُخْلِيَةٍ، وَأَحَبُّ مَنْ شَارَكَنِي فِي خَيْرٍ أُخْتِي. فَقَالَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم: «إِنَّ ذَلِكَ لَا يَحِلُّ لِي». قُلْتُ: فَإِنَّا نُحَدَّثُ أَنَّكَ تُرِيدُ أَنْ تَنْكِحَ بِنْتَ أَبِي سَلَمَةَ؟ قَالَ: «بِنْتَ أُمِّ سَلَمَةَ!» قُلْتُ: نَعَمْ، فَقَالَ: «لَوْ أَنَّهَا لَمْ تَكُنْ رَبِيبَتِي فِي حَجْرِي مَا حَلَّتْ لِي، إِنَّـهَا لَابْنَةُ أَخِي مِنَ الرَّضَاعَةِ، أَرْضَعَتْنِي وَأَبَا سَلَمَةَ ثُوَيْبَةُ، فَلَا تَعْرِضْنَ عَلَيَّ بَنَاتِكُنَّ وَلَا أَخَوَاتِكُنَّ».

Улашиш
|
|
Нусха олиш