1810.5185, 5186. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин. Аёлларга (яхши) муомала қилинглар, чунки улар қовурғадан яратилган. Қовурғанинг энг эгри жойи унинг юқорисидир. Уни тўғрилашга уринсанг, синдириб қўясан, агар ташлаб қўйсанг, эгрилигича қолаверади. Аёлларга (яхши) муомала қилинглар!»
Изоҳ: Таржимада «муомала қилинглар» деб ўгирилган сўз араб тилида жуда кенг маънода қўлланади. Бу сўз «бир-бирингизни шунга буюринглар», «ўзаро насиҳат қилинглар», «ушбу васиятимни қабул қилиб, унга амал қилинглар» деган мазмунларни ҳам ўз ичига олади.
Арабларда «жаарун», яъни «қўшни» деган сўз умумий маънода бўлиб, уй, иш жойи ёки турмушда ёнма‑ён бўлган ҳар бири кишини англатади. Муаллифнинг бу ҳадисни «Аёлларга яхшилик қилиш» бобида келтиргани ҳам шундан.
«Аёл қовурғадан яратилган», деганда Ҳавво онамизнинг Одам алайҳиссаломнинг чап қовурғасидан яратилгани назарда тутилган. «Қовурғанинг энг эгри жойи унинг юқорисидир», дейилганда аёлнинг эркакдан асосан ақл-тафаккурда, ҳис-туйғуларда фарқли эканига ишора қилинган. «Уни тўғрилашга уринсанг, синдириб қўясан», дегани «Ундан ўз табиатига зид нарсани талаб қилсанг, ундан айрилиб қоласан, ажрашишингга тўғри келади», деганидир. Чунки аёл жамиятдаги ўз вазифасини бажариши учун ўша феъл-атвор керак. Бу оддий муносабатлар, одоб-ахлоқ борасидаги ишларга тегишли. Аммо аёлда меъёрдан ташқари ҳатти-ҳаракатлар, шариат чегараларидан ташқари ҳолатлар кузатилса, у ҳолда уни мулойимлик билан тўғрилаш керак бўлади. Шу боис, ҳадисда «агар ташлаб қўйсанг, эгрилигича қолаверади», дейилмоқда.
1810/5185 - عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ الله عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ فَلَا يُؤْذِى جَارَهُ وَاسْتَوْصُوا بِالنِّسَاءِ خَيْرًا، فَإِنَّهُنَّ خُلِقْنَ مِنْ ضِلَعٍ، وَإِنَّ أَعْوَجَ شَيْءٍ فِي الضِّلَعِ أَعْلَاهُ، فَإِنْ ذَهَبْتَ تُقِيمُهُ كَسَرْتَهُ، وَإِنْ تَرَكْتَهُ لَمْ يَزَلْ أَعْوَجَ، فَاسْتَوْصُوا بِالنِّسَاءِ خَيْرًا».