1842.5386. Юнусдан ривоят қилинади:
«Қатода шундай деди: «Анас розияллоҳу анҳу: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ликопда еганларини ҳам, у зот учун чавати нон ёпилганини ҳам, хонтахтада еганларини ҳам асло билмайман», деди». Қатодага: «У ҳолда улар ниманинг устида ейишар эди?» дейилган эди, у: «Супраларда», деди.
Изоҳ: «Ликоп» деб ўгирилган сўз арабчада «сукружа» бўлиб, у ҳозирги ликоп ўрнида ишлатилган бўлса‑да, у вақтларда асосан чармдан ясалган. У форсларнинг қадимий идишларидан бўлиб, қимматбаҳо буюмлар сирасига кирган. Унга одатда хурушлар, тузламалар солинган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ундан фойдаланмаганларини айтиш билан у зотнинг ҳаётлари ўта содда бўлгани, камхарж бўлганлари уқтирилмоқда.
Супра деб аслида сафар озуқаси солинадиган, доира шаклидаги чарм дастурхонга айтилган. Унинг атрофига темир халқалар қадалган бўлиб, улар боғич билан тортилса, озуқа идиши ҳосил бўлган. Кейинроқ ерга тўшаладиган ҳар қандай дастурхонни ҳам супра дейиладиган бўлиб кетган. Бу ерда аслида сафар учун қилинган, аммо ҳазарда ишлатиладиган ана шундай тўшама назарда тутилган. Ерга тўшаладиган дастурхон ҳам шунга киради. Умуман олганда, супра хонтахта ва тузалган дастурхон муқобилидаги оддий тўшамани англатади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оддий супрада таомланиб кетаверишлари у зот алайҳиссаломнинг содда, дабдабасиз ҳаёт кечирганларини билдиради.
1842/5386 – وَعَنْهُ رَضِيَ الله عَنْهُ فِي رِوَايَةٍ قَالَ: مَا عَلِمْتُ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم أَكَلَ عَلَى سُكْرُجَةٍ قَطُّ، وَلَا خُبِزَ لَهُ مُرَقَّقٌ قَطُّ، وَلَا أَكَلَ عَلَى خِوَانٍ قَطُّ.