1913.5687. Холид ибн Саъддан ривоят қилинади:
«Йўлга чиқдик. Ғолиб ибн Абжар биз билан бирга эди. У йўлда касал бўлиб қолди. Мадинага етиб келганимизда ҳам у касал эди. Ибн Абу Атиқ уни кўргани келди ва бизга: «Мана бу қора уруғни лозим тутинглар. Ундан беш ёки еттитасини олиб, янчинг. Кейин ёғ томизгандек бурнига у тарафига ва бу тарафига томизинг. Чунки Оиша менга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Бу қора уруғ «сом»дан бошқа ҳар қандай дардга шифодир», деяётганларини эшитганини сўзлаб берган», деди.
«Сом нима?» дедим. «Ўлим», деди».
Изоҳ: Ушбу охирги саволни ким берган‑у, жавоб кимдан бўлгани ҳақида аниқ гап айтилмаган. Ҳофиз ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ: «Ўйлашимча, сўраган Холид ибн Саъднинг ўзи, жавоб берган Ибн Абу Атиқ бўлган», дейди. Ибн Абу Атиқ эса Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ўғли Абдурраҳмоннинг набираси Абдуллоҳ ибн Муҳаммаддир.
1913/5687 – عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ الله عَنْهَا قَالَتْ: سَمِعْتُ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ: «إِنَّ هَذِهِ الْحَبَّةَ السَّوْدَاءَ شِفَاءٌ مِنْ كُلِّ دَاءٍ، إِلَّا مِنَ السَّامِ». قُلْتُ: وَمَا السَّامُ؟ قَالَ: الْمَوْتُ.