1953-ҳадис

1953.5953. Абу Зуръа шундай сўзлаб берди:

«Абу Ҳурайра билан бирга Мадинадаги бир ҳовлига кирдим. Унинг тепасида бир мусаввирнинг сурат ишлаётганини кўриб, шундай деди: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «(Аллоҳ шундай дейди:) «Мен яратган нарсага ўхшаш нарса яратишга урингандан ҳам золимроқ кимса борми?! Қани, бир дона буғдой яратиб кўрсинлар-чи! Қани, бирорта қумурсқа яратиб кўрсинлар-чи!» деяётганларини эшитганман».

Кейин бир таврда* сув опкелтириб, қўлларини қўлтиқларигача етказиб ювди. Мен: «Эй Абу Ҳурайра, буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганмисиз?» дедим. У: «(Бу) зийнатнинг чўққиси», деди».

* Тавр – тош ёки мисдан ясалган, суюқликлар учун мўлжалланган, ичи чуқур идиш, тоғорача.

Изоҳ: Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Халилим соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «(Охиратда) мўминнинг безаги таҳорат суви етадиган жойгача етади», деяётганларини эшитганман». «Саҳиҳул Бухорий»да 136‑рақам остида келган ҳадисда эса: «Сизлардан ким ўз нурини узайтира олса, шундай қилсин», дейилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ўзи ривоят қилган ушбу ҳадислардан хулоса қилиб, таҳоратда қўлни қўлтиққача ювишни яхши санаган. «Бу зийнатнинг чўққисидир», деганда шуни назарда тутган. Бу у кишининг ижтиҳодидир, аммо жумҳур уламолар наздида қўл тирсаккача ювилади.

1953/5953 – عَنْ أبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ الله عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ: «قَالَ الله تَعَالَى: وَمَنْ أَظْلَمُ مِمَّنْ ذَهَبَ يَخْلُقُ كَخَلْقِي، فَلْيَخْلُقُوا حَبَّةً، وَلْيَخْلُقُوا ذَرَّةً». وزاد في رِوَايَةٍ: وَالْيَخْلُقُوا شَعِيرَةً.

Улашиш
|
|
Нусха олиш