2021-ҳадис

2021.6316. Саламадан ривоят қилинади:

«Курайб Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: «Маймуна холамнинг ҳузурида тунаб қолдим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб, ҳожатларига бориб келиб, қўллари ва юзларини ювдилар‑да, сўнг ухладилар. Кейин туриб, мешга бориб, унинг боғичини ечдилар. Сўнгра ўртача таҳорат қилдилар: кўпайтириб ҳам юбормадилар, бироқ маромига етказдилар. Кейин намоз ўқидилар. Мен турдим‑да, кузатиб турганимни кўришларини истамай, бир керишиб олиб, сўнг таҳорат қилдим. У зот намозда турган эканлар. Мен чап тарафларига турдим. Шунда у зот қулоғимдан ушлаб, ўнг тарафларига ўтказиб қўйдилар. У зотнинг намозлари тўлиқ ўн уч ракат бўлди. Кейин ёнбошлаб ётиб, ухладилар, ҳатто хуррак ҳам отдилар – у зот ухлаганларида хуррак отар эдилар. – Кейин Билол у зотни намозга чақирди. Намоз ўқидилар, таҳорат қилмадилар. У зот дуоларида шундай дедилар: «Аллоҳуммажъал фии қолбии нуурон ва фии басории нуурон ва фии самъии нуурон ва ъан йамиинии нуурон ва ъан йасаарии нуурон ва фавқии нуурон ва таҳтии нуурон ва амаамии нуурон ва холфии нуурон важаъаллии нуурон».

Курайб: «Тобут»даги еттита нарса ҳам бор эди», деди.

Кейин Аббоснинг авлодидан бир кишини учратиб қолдим. У менга ўшаларни сўзлаб, «Асабимни, гўштимни, қонимни, сочимни ва теримни», деб айтди. Яна иккита хислатни ҳам айтди».

* Дуонинг маъноси: «Аллоҳим, қалбимда нур, кўзимда нур, қулоғимда нур, ўнгимда нур, чапимда нур, устимда нур, остимда нур, олдимда нур, орқамда нур қилгин. Менга нур (ато) этгин».

Изоҳ: Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг мавлоси Курайб дуода яна еттита нарса учун ҳам нур сўралганини айтмоқчи. Унинг «тобутдаги» деган сўзини шориҳлар асосан икки хил изоҳлашган: 1. Арабларда инсонинг тўшини тобутга ўхшатиш бор. Кейинчалик  инсоннинг бутун жасади ҳам «тобут» дейиладиган бўлган. Демак, Курайб: «Дуода инсон жасадидаги яна еттита аъзо ҳам зикр қилинган эди», деган. 2. «Тобут» деб сандиқни айтган, яъни «Яна еттита аъзо ҳам айтилган эди, лекин улар ёдимда эмас, сандиқдаги битикларимда», дегани бўлади.

Ҳадисни Курайбдан нақл қилаётган Салама ибн Куҳайл уни Аббос розияллоҳу анҳунинг авлодларидан бири – Алий ибн Абдуллоҳ ибн Аббосдан ҳам эшитган ва у ўша етти аъзони номма‑ном айтиб берган экан. Бошқа ривоятларда Салама айтган ўша икки нарса тил билан нафс, дейилган.

2021/6316 - عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: بِتُّ عِنْدَ مَيْمُونَةَ... وَذَكَرَ الـحَدِيثَ، وَقَدْ تَقَدَّمَ، وَقَالَ: وَكَانَ مِنْ دُعَاءِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم: «اللَّهُمَّ اجْعَلْ فِي قَلْبِي نُورًا، وَفِي بَصَرِي نُورًا، وَفِي سَمْعِي نُورًا، وَعَنْ يَمِينِي نُورًا، وَعَنْ يَسَارِي نُورًا، وَفَوْقِي نُورًا، وَتَحْتِي نُورًا، وَأَمَامِي نُورًا، وَخَلْفِي نُورًا، وَاجْعَلْ لِي نُورًا».

Улашиш
|
|
Нусха олиш