320.520 Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъба олдида намоз ўқиб турган эдилар. Қурайш жамоаси тўпланиб ўтирган эди. Шу пайт улардан бири: «Анави риёкорни кўряпсизларми?! Қай бирингиз туриб, фалончилар сўйган туянинг ичак-чавоғи, қони ва қоғоноғини олиб келиб, кейин манавини кутиб туриб, сажда қилганида уларни икки курагининг ўртасига қўяди?» деди. Шунда уларнинг энг бадбахти ўрнидан турди… Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сажда қилганларида, икки куракларининг орасига ўшаларни ташлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сажда қилган ҳолатда туриб қолдилар. Улар кулавериб, бир-бирларига суяниб қолишди. Кимдир Фотима алайҳассаломнинг олдига кетди. У кичкина қизча эди, чопиб келди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам то (Фотима) ҳалиги нарсани устиларидан олиб, улоқтиргунича саждада туриб қолдилар. (Фотима) уларни қарғай бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларини адо қилиб бўлгач: «Аллоҳим, Қурайшни Ўзингга солдим! Аллоҳим, Қурайшни Ўзингга солдим! Аллоҳим, Қурайшни Ўзингга солдим!» дедилар, кейин номма-ном санаб айтдилар: «Аллоҳим! Амр ибн Ҳишомни, Утба ибн Робиъани, Шайба ибн Робиъани, Валид ибн Утбани, Умайя ибн Халафни, Уқба ибн Абу Муъайтни ва Умора ибн Валидни Ўзингга солдим!»
Абдуллоҳ айтади: «Аллоҳга қасамки, Бадр куни уларнинг ўлиб ётганларини кўрдим. Кейин уларни ташландиқ қудуққа – Бадрнинг қудуғига судраб олиб бориб ташлашди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қудуқдагиларга лаънат ёғилсин!» дедилар».
320/520 – حَدِيثُ ابْنِ مَسْعُودٍ فِي دُعَاءِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم على قُرَيْشٍ يَوْمَ وَضَعُوا عَلَيْهِ السَّلَى تَقَدَّم، وَقَالَ هُنَا فِي آخِرِهِ: ثُمَّ سُحِبُوا إِلَى القَلِيبِ، ثُمَّ قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «وَأُتْبِعَ أَصْحَابُ الْقَلِيبِ لَعْنَةً».