1291. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга хутба қилиб, «Эй одамлар! Сизларга ҳаж фарз қилинди, ҳаж қилинглар!» дедилар. Бир киши: «Ҳар йилими, эй Аллоҳнинг Расули?» деди. У зот жим қолдилар. У буни уч марта айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа десам, вожиб бўлиб қолар эди, сизлар эса буни қила олмасдингиз», дедилар. Сўнгра шундай дедилар: «Сизларга айтмаган нарсам ҳақида сўраманглар! Сизлардан олдингилар айнан кўп савол бергани ва анбиёларига хилоф қилгани учун ҳалок бўлишган. Сизларга бир нима буюрсам, уни қила олганингизча қилинглар, сизларни бир нимадан қайтарсам, у нарсани қўйинглар».
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ҳаж ибодати иложини топган, шартларини ўзида мужассам қилган мўмин-мусулмонга умрида бир марта фарз бўлиши ҳақида сўз кетмоқда.
Шу билан бирга, Ислом осонлик дини экани яна бир бор таъкидланмоқда. Агар Аллоҳ таоло истаса, ҳажни ҳар йили фарз қилиб қўйиши мумкин эди. Аммо бандаларига меҳрибон Зот бу ибодатни фақатгина киши умрида бир марта фарз қилди.
Шариатда баёни келмаган нарсани гап ёки савол қилиб кўтариб юриш яхши эмаслиги ҳам ушбу ҳадиси шарифдан маълум бўлмоқда. Модомики, шариат бир ишни ўзига киритмадими, уни ундоқ қилса нима бўлади, бундоқ қилса нима бўлади, деган саволлар ила суриштирмаслик керак. Акс ҳолда, бандалар ўз бошларига ўзлари машаққатни ошириб олишлари мумкин.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга хутба қилиб:
«Эй одамлар! Батаҳқиқ, сизга ҳаж фарз қилинди. Бас, ҳаж қилинг!» дедилар.
Шунда бир киши:
«Ҳар йилими, эй Аллоҳнинг Расули!» деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳа, десам вожиб бўлиб қолар эди ва қодир бўлмас эдингиз. Сизларга айтмаган нарсам ҳақида сўраманглар!», дедилар».
Ҳа, бир оғиз сўз билан бутун бошли бир умматга қиёмат кунигача катта машаққат юкланиб қолиши мумкин эди. Аммо Аллоҳ таоло лутф кўрсатди ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, ҳа, демадилар. Аксинча, бундай пайтларда нима қилиш кераклиги ҳақида умумий таълимот бериб, бундоқ ишнинг оқибати нима билан тугаши ҳақида хабар бердилар:
«Сизлардан олдингилар айнан кўп савол бергани ва анбиёларига хилоф қилгани учун ҳалок бўлишган».
Шунинг учун мусулмон уммати ўзидан олдин ўтганлардан ибрат олиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп савол бермаслиги ва ихтилоф қилмаслиги лозим. У зотдан кейин ҳам Пайғамбар алайҳиссаломнинг меросхўрлари бўлган уламоларга кўп саволлар бермаслик ва уларга қарши ихтилофлар қилмаслик керак.
«Сизларга бир нима буюрсам, уни қила олганингизча қилинглар, сизларни бир нимадан қайтарсам, у нарсани қўйинглар», дедилар».
Демак, амрни қудрати етганича қилиш керак. Аммо бу маънони суистеъмол қилишга ҳам ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Мисол учун, намоз ўқиш ҳақида амр бор. Биров мен фақат бомдодни ўқишга қодирман, деб қолган намозлари ўқишдан бош торта олмайди. У шариат баён қилганидек фарз намозларнинг барчасини ўқиши фарз. Аммо беш вақт намоздан бошқа яна фарз намоз борми, деб сўраши тўғри эмас.
Қайтарилган нарсанинг ҳаммасини қилиш керак. Бу ишни ҳам қудратим етмаганини қилмайман, қолганини қилавераман, дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
1291 - وَعَنْ أَبِي هُرَيْرةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: خَطَبَنَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: «يَا أَيُّهَا النَّاسُ؛ قَدْ فُرِضَ عَلَيْكُمُ الحَجُّ فَحُجُّوا» فَقَالَ رَجُلٌ: أَكُلَّ عَامٍ يَا رَسُولَ اللهِ؟ فَسَكَتَ، حَتَّى قَالَهَا ثَلَاثاً. فَقَالَ رَسُولُ الله صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «لَوْ قُلْتُ: نَعَمْ لَوَجَبَتْ، وَلَمَا اسـْتَطَعْتُمْ»، ثُمَّ قَالَ: «ذَرُونِي مَا تَرَكْتُكُمْ؛ فَإنَّمَا هَلَكَ مَنْ كَانَ قَبْلَكُمْ بِكَثْرَةِ سُؤَالِهِمْ، وَاخْتِلَافِهِمْ عَلَى أَنْبِيَائِهِمْ، فَإِذَا أَمَرْتُكُمْ بِشَيءٍ فَأْتُوا مِنْهُ مَا اسْتَطَعْتُمْ، وَإِذَا نَهَيتُكُمْ عَنْ شَيْءٍ فَدَعُوهُ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [1337].