1292-ҳадис

1292. Яна у кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Қайси амал афзал?» деб сўралди. Шунда у зот: «Аллоҳ ва Унинг Расулига иймон келтириш», дедилар. «Сўнг нима?» дейилди. У зот: «Аллоҳ йўлидаги жиҳод», дедилар. «Ундан сўнг нима?» дейилди. «Мабрур* ҳаж», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Уламоларимиз аниқлашларича, бу саволларни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраган киши Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудир. У дунёдаги энг афзал амал ҳақида:

«Қайси амал афзал?» деб сўрамоқда. Бу саволга У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтириш», дедилар».

Яъни, энг афзал амал Аллоҳга ва Аллоҳнинг Расулига иймон келтиришдир. Ушбу гапдан уламоларимиз иймон амалга киришини тушунганлар. Имом Бухорий бу ҳадисни «Иймон амалдир» деган бобида келтирганлар. Иймон ҳам сўздан, ҳам амалдан иборат экани Аҳли сунна жамоа мазҳабининг кўпчилик жамоаси, жумладан, Молик, Саврий ва Авзоъийлар мазҳаби томонидан тан олинган.

Абу Убайд бу ҳақда қуйидагиларни айтадилар: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда иймонни амалдан, деб айтдилар. Бошқа ҳадисларда иймон билан амалнинг орасини ажратганлар. Иймонни фақат тавҳид ва қалбга оид амалларга нисбатан, амални эса аъзоларга оид амалларга ишлатганлар. Иймоннинг ҳақиқати, гапга тўғри келувчи тасдиқ ва қалбдаги азму қарордир. Унинг тугал бўлиши эса, аъзолар амали билан боғлиқдир. Киши батамом иймонли мўмин бўлиши учун албатта эътиқоди, сўзи ва амали бир бўлиши керак. Ана шундай иймонгина жаҳаннам оташидан нажот беради, жон ва қонни сақлайди. Ана шундай бўлгани учун мазкур уч нарсанинг (эътиқод, сўз ва амал) жамига ҳам, ҳар бирига ҳам иймон дейилади. Шунинг учун ҳам тавҳид ва тасдиқ энг афзал амал ҳисобланади. Чунки барча амалларнинг қабул бўлишига шу нарса шартдир».

Ушбу иборалар орқали Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби иймон тил билан гапириш, дил билан тасдиқлаш ва аъзолар билан амал қилиш эканини яхшилаб баён қилмоқда. Ақийда илми уламоларининг таъкидлашларича, Аҳли сунна ва жамоа орасидаги ихтилоф иймоннинг шаръий таърифида эмас, балки луғавий маъносидан келиб чиққандир. Чунки луғатда тил билан айтиб, дил билан тасдиқлашга «иймон» дейилади.

Нима бўлганда ҳам, Иймон дунёдаги энг яхши нарса эканига ҳеч кимнинг шубҳаси йўқ. Бу дунёдаги барча амалларининг қабул бўлишига Иймон шартдир. Иймони бўлмай туриб ҳар қанча амал қилса ҳам қабул бўлмайди. Шунинг учун, афзал амал ҳақида сўз кетганда, Иймондан кейингиси ҳақида кетади. Афзаллик борасида иймонга тенг келадиган нарса йўқ.

«Кейин нима?» дейилди. 

Яъни, иймондан кейинги энг афзал амал нима, деб сўралди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиш», дедилар.

«Жиҳод» луғатда «машаққат чекиш», ўзининг бор имконини ишга солиш «маъноларини» билдиради. Шариатда эса, Аллоҳнинг дини учун бор имконини ишга солиб жидду жаҳд қилишни билдиради. 

«Ундан кейин нима?» дейилди. 

Яъни, аввал сўралган нарсадан кейинги энг афзал амал нима, деб сўралди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Мабрур ҳаж», дедилар».

«Ҳаж» сўзи луғатда «қасд қилмоқ» маъносини билдиради. Шариатда эса, маълум вақтда ибодат учун Маккани қасд қилмоққа айтилади. Ҳажнинг «Мабрур» сифати эса, «Яхши ҳаж» деганидир. Гуноҳ аралаштирилмай, мақбул бўладиган тарзда адо этилган ҳаж «Мабрур ҳаж» дейилади. Ҳаж энг афзал амаллардан экани ҳам яхши маълум.

Шу ерга келганда ҳақли савол пайдо бўлади: «Нима учун намоз, рўза ёки закот айтилмади? Нима учун ҳаж рукн бўлса ҳам, рукн бўлмаган нарсадан кейинга қўйилди?» 

Жавоб қуйидагича: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундоқ пайтларда сўровчининг ва атрофда эшитиб турганларнинг ҳолига ва умумий вазиятга қараб жавоб берганлар. Шунинг учун ҳам яхши амал ҳақидаги саволга жавоб бўлиб келган бошқа ҳадисларда ҳам турлича жавоблар келган. Энг афзал амалга–намозни вақтида ўқиш, ота-онага яхшилик қилиш, таом бериш, танигану танимаганга салом бериш кабилар киргани шулар жумласидандир.

Дарҳақиқат, очарчилик бўлиб, мусулмонлар бир бурда нонга зор бўлиб турган пайтда уларга таом бериш бошқа ишлардан афзал амалга айланиши турган гап ва ҳоказо.

1292 - وَعَنْهُ قَالَ: سُئِلَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: أَيُّ العَمَلِ أَفْضَلُ؟ قَالَ: «إِيْمَانٌ بِاللهِ وَرَسُولِهِ» قِيلَ: ثُمَّ مَاذَا؟ قَالَ: «الجِهَادُ فِي سَبِيلِ اللهِ» قِيْلَ: ثُمَّ مَاذَا؟ قَالَ: «حَجٌّ مَبْرُورٌ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 26، م 83].

(الْمَبرُورُ) هُوَ الَّذِي لَا يَرْتَكِبُ صَاحِبُهُ فِيهِ مَعْصِيَةً.


Улашиш
|
|
Нусха олиш