1293-ҳадис

1293. Яна у кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Ким ҳаж қилиб, уят сўз айтмаса, фосиқлик қилмаса, худди онасидан янги туғилгандек бўлиб қайтади», деяётганларини эшитдим».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Яъни, ҳаж даврида уят сўзларни айтмай, фисқу фасод ишларни қилмай юрган кишилар худди онадан туғилгандек бегуноҳ ҳолга қайтадилар. Бу ҳақиқатни ҳажга борувчи ҳар бир киши энг зарур нарсалар қатори қалбига сингдириб олмоғи лозим. ҳаж одатда кишига умрида бир марта бериладиган фурсат. Ундан ҳар бир ҳожи унумли фойдаланиши лозим. Бунинг учун ҳажга жўнашдан олдин ҳаж сафарида ўзига лозим бўлган нарсаларни яхшилаб ўрганиб олмоғи керак. Бандага ўрганиш лозим бўлган нарсаларнинг энг муҳимларидан бири ушбу ҳадисда зикр қилинмоқда. 

Ҳажни ният қилганидан бошлаб гуноҳлардан онадан туғилган пайтдагидек пок бўлиш ҳаракатига тушиш керак. Тайёргарлик кўриб олиб, ҳаж давомида бирор оғиз фаҳш сўзларни айтмай, фисқу фасод қилмай юрса, ўша банда, иншааллоҳ, муродига етади.

Ҳаж қилиш нияти ила эҳром боғлаган киши ўша ондан бошлаб то ҳаж амалларини адо этиб бўлгунича ибодатда бўлади. ҳар бир ҳожи ушбу ҳақиқатни бир лаҳза ҳам унутмаслиги лозим. Буюк саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу эҳром боғлаганларидан бошлаб, то ҳаж амалларини бажариб бўлгунларича бирор оғиз беҳуда сўз айтмас эдилар. У киши бу борада ҳаммага ўрнак бўлишлари керак.  

1293 - وَعَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «مَنْ حَجَّ فَلَمْ يَرْفُثْ، وَلَمْ يَفْسُقْ رَجَعَ كَيَومِ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 1521، م 1350].


Улашиш
|
|
Нусха олиш