1294. Яна у кишидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Умра (кейинги) умрагача иккаласи орасидагиларга каффоратдир. Мабрур ҳажнинг мукофоти эса фақат жаннатдир», дедилар».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Бу ривоятда ҳам умранинг, ҳам ҳажнинг фазли ҳақида сўз бормоқда. Кейинги умра ўзидан аввалги умрадан буён содир этилган Аллоҳ таолонинг ҳаққига оид бўлган маълум гуноҳларнинг ювилиб кетишига сабаб бўлар экан. Агар ҳажжи мабрур бўлса, унинг мукофоти жаннатдан бошқа нарса бўлмас экан.
Ҳажжи мабрур – риё ва гуноҳ ишлардан холи бўлган, сахийлик ҳамда ҳусни хулқ ила адо этилган ҳаждир. Ҳаж қиладиган одам жаннатни касб қилиш учун мислсиз катта имкониятга эга бўлади. Ҳаж қилувчи динимизнинг беш рукнидан бири бўлган бу улкан ибодатни адо этиш пайтида риё ва гуноҳ ишлардан холи бўлса, сахийлик ҳамда ҳусни хулқ ила ҳажни адо этса мазкур ваъда қилинган нарсага эришади.
Бу ва олдин келган ҳадислардан ҳаж ибодатининг бошқа ибодатлар қатори одоб-ахлоқ масаласига қанчалар боғлиқ эканини кўрамиз. Мусулмон инсон бу ибодатни адо этиш жараёнида ҳам ўзининг одоби ва ахлоқини сайқаллаш имконига эга бўлади.
1294 - وَعَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، قَالَ: «العُمْرَةُ إِلَى العُمْرَةِ كَفَّارَةٌ لِمَا بَيْنَهُمَا، وَالحَجُّ الْمَبْرُورُ لَيْسَ لَهُ جَزَاءٌ إلَّا الجَنَّةَ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 1773، م 1349].