1295-ҳадис

1295. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг Расули! биз жиҳодни, амалларнинг энг афзали деб биламиз, жиҳод қилайликми?» деганларида, у зот: «Лекин жиҳоднинг афзали, мабрур (гуноҳ содир этилмаган) ҳаждир», дедилар.

Имом Бухорий ривояти.

Шарҳ: Маҳбуб Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ўзларининг бу муборак ҳадисларида ҳаж ибодатини жиҳоддан ҳам юқори даражага қўймоқдалар. 

Аввалги мусулмонларнинг барчаси энг афзал амални қилиш ва энг улкан савобни олиш иштиёқи ила ёниб яшар эдилар. Мана, уларнинг вакиласи Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз алайҳиссаломга:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Жиҳодни энг афзал амал деб биламиз. Жиҳод қилайликми?» дедилар.

Демак, аёллар жамоаси ўзлари ўрганган ояти карималар ва ҳадиси шарифлардан исломий амалларнинг ичида энг афзали жиҳод деган хулосага келганлар. Аммо улар ўзибилармонлик қилиш дардидан холи бўлиб, ҳар бир ишни ўзларига пешво бўлган, ўзларидан илмли зотлардан сўрамай бирор иш қилмаганлар. Шунинг учун ҳам Оиша онамиз ўзлари билган нарсани яна бир бор аниқлаб олиш учун сўрадилар. Аёл кишилар ҳам энг афзал амални қилиш ниятида жиҳод қилишлари лозим ёки лозим эмаслигини сўрадилар. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом:

«Йўқ. Аммо жиҳоднинг афзали ҳажжи мабрурдир», дедилар».

Демак, аёллар жамоасига ҳаж қилиш, ҳаж бўлганда ҳам ҳажжи мабрур қилиш энг афзал жиҳод бўла олар экан.

Насаийнинг лафзида:

«Лекин жиҳоднинг яхшиси ва гўзали ҳажжи мабрурдир», дейилган.

Бу ҳадисдан ҳажжи мабрур энг гўзал ва энг яхши жиҳод экани маълум бўлмоқда. Шунинг учун ҳаж қилиш бахтига муяссар бўлган ҳар бир банда ўз ҳажини ҳажжи мабрур – риё ва гуноҳ ишлардан холи, ҳусни хулқ ила адо этилган ҳаж бўлиши учун ҳаракат қилмоғи зарур.

1295 - وَعَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: قُلْتُ يَا رَسُولَ اللهِ؛ نَرَى الجِهَادَ أَفضَلَ العَمَلِ، أَفَلَا نُجَاهِدُ؟ فَقَالَ: «لَكِنَّ أَفضَلُ الجِهَادِ حَجٌّ مَبْرُورٌ». رَوَاهُ البُخَارِيُّ [1520].


Улашиш
|
|
Нусха олиш