1296. Яна у кишидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Арафа куничалик Аллоҳ бандани дўзахдан кўп озод қиладиган кун йўқ», дедилар».
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Ҳадиснинг давомида қуйидаги қўшимчалар бор:
«Зотан, У Зот (у куни Арафотдагиларга) яқинлашиб келади ва улар билан фахрланиб, фаришталарга: «Анавилар нимани истаяпти?» дейди».
Бу ҳадиси шарифда Набий алайҳиссалом ҳаж кунларидан бири бўлмиш арафа кунининг фазли ҳақида сўз юритмоқдалар. Арафа куни Аллоҳ таоло бандаларини дўзахдан энг кўп озод қилар экан. Чунки Арофатда турган кишилар тавбани энг кўп қиладиган кишилар бўлиб, улар ўзларини хору зор тутишларини кўриб Аллоҳ таоло улар билан фаришталар олдида фахрланади. Шунинг учун Арофатда туриш бахтига мушарраф бўлган ҳар бир банда ўша куннинг улуғ фазлидан баҳраманд бўлиб қолиш учун қаттиқ ҳаракат қилиши керак. Ўша куни у Аллоҳ таоло дўзахдан озод қилган саодатмандлар жумласидан бўлиб қолиши мумкин.
Албатта, У зот яқинлашиб келади ва улар билан фаришталар олдида фахрланиб: «Анавилар нимани ирода қилдилар?» дейди».
Бу ҳодиса ҳам Арофат куни бўлади. Аллоҳ таоло ҳажга борган бандалари билан фаришталарига фахр¬ланади. Бу ҳажнинг улкан фазилати бўлиб, бу мақомга фақатгина ҳаж қилган бандагина эришиши мумкин.
1296 – وَعَنْهَا: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَا مِنْ يَوْمٍ أَكْثَرَ مِنْ أَنْ يَعْتِقَ اللهُ فِيهِ عَبْداً مِنَ النَّارِ مِنْ يَوْمِ عَرَفَةَ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [1348].