1297-ҳадис

1297. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Рамазонда адо этилган умра ҳаж баробарида ёки мен билан ҳаж қилган баробарида бўлади», дедилар.

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Ҳадиснинг тўла шакли қуйидагича бўлган:

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорлардан бўлган, Умму Синан исмли бир аёлга:

«Биз билан ҳаж қилишингдан сени нима ман қилди?» дедилар.

«Абу Фулоннинг иккита туяси бор эди. Бирида у билан ўғли ҳаж қилди. Бошқасида эса ғуломимиз суғориш ишларини олиб борарди», деди.

«Рамазондаги умра ҳажнинг ёки мен билан бўлган ҳажнинг қазосидир», дедилар». (Имом Бухорий, Муслим ва Абу Довуд ривояти)

Имом Бухорийнинг лафзида:

«Қачон Рамазон бўлса, унда умра қилгин. Албатта, Рамазондаги умра ҳаждир», дейилган.

Олдин «Умрадан умрагача иккисининг орасидаги нарса учун каффоратдир» деган ҳадис ўтди.

Бу ривоятларда умра, хусусан, Рамазон ойида қилинган умра фазилатли ибодат экани таъкидланмоқда.

Ушбу ҳадиси шарифларда зикр қилинган ваъдадан умидвор мусулмонлар ҳозирда ҳам Рамазони шарифда кўплаб умра қилиш пайида бўладилар.

1297 - وَعَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «عُمْرَةٌ فِي رَمَضَانَ تَعْدِلُ حَجَّةً، أَوْ حَجَّةً مَعِي». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 1863، م 1256/222].


Улашиш
|
|
Нусха олиш