1303-ҳадис
1303. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Укоз, Мажанна ва Зулмажоз жоҳилият давридаги бозорлар эди. (Ислом келгач) мавсумларда тижорат қилишни гуноҳ санайдиган бўлишди. Шунда: «(Ҳаж мавсумида тижорат қилишингизда) Парвардигорингиздан фазлу карам исташингизда сизлар учун ҳеч қандай гуноҳ йўқдир». (Бақара сураси, 198 оят) нозил бўлди».

Имом Бухорий ривояти.

Шарҳ: Оятда зикр қилинган «фазл» сўзи ризқ, касб маъносини англатади. Одамлар ўртасида ҳажга борган киши тижорат билан ёки бошқа бирор касб билан шуғулланса бўлмайди, деган тушунча бор эди. 
Имом Насафий ривоят қилишларича, бир қавм: 
«Ҳаммоллик ва тожирлик қилган одамнинг ҳажи ҳаж бўлмайди», деган гапни тарқатганида шу оят нозил бўлган экан. Шунга ўхшаш маънолар бошқа ривоятларда ҳам келади.
Имом Аҳмад қилган ривоятда Абу Умома айтадиларки:
«Абдуллоҳ ибн Умарга биз кирага ишлаймиз, ҳаж қилсак бўладими?» деб сўрасам, «Байтуллоҳни тавоф қилиб, Арофатда вуқуф қилиб, тош отиб, сочингизни олдирасизми?» деди. 
«Албатта», дедик. У киши:
«Бир одам Расулуллоҳнинг ҳузурларига келиб, сен ҳозир мендан сўраган нарсани сўраган эди, жавоб бермай турдилар. Сўнг Жаброил «Сизга ўз Роббингиздан фазл исташингизда гуноҳ йўқдир», деган оятни олиб тушди, дедилар.
Ибн Жарирнинг ривоятларида Абу Солиҳ ҳазрат Умардан: 
«Эй мўминларнинг амири! ҳажда тижорат қилармидингиз?» деб сўраганида у киши: 
«Тирикчиликларим ҳаждан бўларди-да», деб жавоб берган эканлар.
Айни чоғда уламолар кимки ҳаж ва тижоратни ният қилса, тижорат нияти устун бўлса, ҳажнинг савоби қолмайди, деганлар. Демак, олдин тижорат, кейин ҳаж бўлиши керак эмас. ҳажга астойдил ҳаракат қилиб, орада бўш вақтларда тижорат қилса, бўлаверади. ҳалол йўл билан ризқ талаб қилишнинг ҳеч айби йўқ.
Абу Умома ат-Таймий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Мен шу томонда киракашлик қиладиган одам эдим. Одамлар сенинг ҳажинг бўлмайди, дер эдилар. Ибн Умарга учраб ундан бу ҳақда сўрадим. Шунда у:
«Эҳром боғлаб, лаббайка айтиб, байтни тавоф қилиб, Арофатдан ифоза қилиб, тошларни отасанми?» деди.
«Шундоқ», дедим.
«Албатта, ҳажинг бўлади. Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу ҳақда сўраганида у зот сукут сақлаб қолдилар. Кейин «Сизга ўз Роббингиздан фазл исташингизда гуноҳ йўқдир» (ояти) нозил бўлди. У зот ўшанинг ортидан одам юбориб, оятни қироат қилдилар ва: «Сенинг ҳажинг бўлади», дедилар». (Абу Довуд ривоят қилган).
Бу ривоят ҳаж пайтида тирикчилик ишлари билан машғул бўлишга рухсат берилиши ҳақида узил-кесил жавобдир. Шу билан бирга, ҳаж асосий мақсад бўлиши, тижорат ёки бошқа касб қилиш иккинчи даражали нарса эканини ҳам эсдан чиқармаслигимиз лозим. Ҳаж ибодатини ният қилиб эҳром боғлаган киши ҳажни унутиб, савдо билан машғул бўлиб қолмаслиги керак. Аммо ҳаж вақтида савдо ёки касб билан машғул бўлиш мумкин эмас, деган гап ўринсиздир.
«Роббингиздан фазл исташингизда сизга гуноҳ йўқ». (Бақара сураси, 198-оят).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ушбу оятга «фии маваасимилҳаж» (ҳаж мавсумларида) деган жумлани қўшиб ўқиган. Аслида бу жумла оятда йўқ. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо буни тиловат маъносида эмас, изоҳ ва тафсир сифатида қўшиб ўқиган.

1303 - وَعَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: كَانَتْ عُكَاظُ وَمِجَنَّةُ، وَذُو الْمَجَازِ أَسْوَاقاً فِي الجَاهِلِيَّةِ، فَتَأَثَّمُوا أَنْ يَتَّجِرُوا فِي الْمَوَاسِمِ، فَنَزَلَتْ: {لَيْسَ عَلَيْكُمْ جُنَاحٌ أَنْ تَبْتَغُوا فَضْلًا مِنْ رَبِّكُمْ} [البقرة : 198] في مَوَاسِمِ الحَجِّ. رَوَاهُ البُخَارِيُّ [4519]. 

Улашиш
|
|
Нусха олиш