99-ҳадис

99. У кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар куни «Мен бу байроқни Аллоҳ ва Унинг Расулини яхши кўрадиган бир кишига бераман. Аллоҳ унинг қўли билан фатҳ қилади», дедилар. Умар ибн Хаттоб: «Фақат ўша кунигина амир бўлгим келган, мени чақириб қолишармикан деб бўйнимни чўзганман», деган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Алий ибн Абу Толибни чақириб, байроқни унга бердилар ва «Олға бос! Аллоҳ сенга фатҳ бермагунча ортга қарама дедилар. Алий бир оз юриб, сўнг тўхтади-да, ортига қарамай, «Эй Аллоҳнинг Расули, одамлар билан нима мақсадда жанг қилай?» деб ҳайқирди. У зот шундай дедилар: «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига, Муҳаммад Аллоҳнинг Расули эканига шаҳодат келтирмагунларича улар билан жанг қилгин. Агар шундай қилишса, сендан қонлари ва молларини сақлаб қолишади, лекин (Ислом) ҳаққи мустасно ва уларнинг ҳисоб-китоби Аллоҳнинг зиммасида».

Имом Муслим ривояти.

 

Шарҳ: Саодат замонининг энг сара мусулмонлари, жумладан, Абу Бакр Сиддиқ, Умари Одил ва Усмон Зуннурайни каби зотлар жамланиб турганларида, олдиндан улуғ васф қилиб қўйилган шахс мартабасига ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг танланишлари у кишининг фазллари қанчалик улуғ эканлигини билдиради.

Ушбу ҳадиси шарифдан яна бир улкан исломий ҳақиқатни, яъни, мусулмонлар фатҳ ишларини уруш учун эмас, кишиларни яхшиликка, Исломга чақириш учун олиб борганликларини англаб оламиз. Агар уруш қилиш ниятлари бўлганда, бу ишга Хайбар аҳли лойиқ эдилар. Ўша пайтда Хайбар Исломга ва мусулмонларга қарши халқ­аро марказга айланган эди. У ердан тинмай Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши, Ислом жамиятига қарши турли иғволар ва ҳаракатлар чиқиб турган эди. Ўша кундан аввалги куни уруш ҳам бўлиб ўтган эди. Аммо шундоқ бўлса ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан байроқни олган ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу уларга қарши нима учун уруш қилишлари ҳақидаги масалани яна бир бор сўрадилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эса уларни яна бир бор масалани тинч йўл билан ҳал қилишга, Исломга тарғиб қилишга иршод қилдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифнинг давомида: «Қачонки, шуни қилсалар, сендан қонлари ва молларини сақлаган бўладилар», дедилар.

Яъни, қачонки шаҳодат келтириб, намоз ўқиб, закот берсалар, улар мўмин-мусулмон бўлиб, уларнинг қонини тўкиш, молини ўлжа қилиб олиш ҳаром бўлиб қолади, дейилганидир.

«Лекин Ислом ҳаққи ила бўлса (сақлай олмайдилар)», деганлари, Исломда диний ҳақ сифатида ҳукм қилинган нарсалар бўлса, қонлари ва моллари сақланмайди, деганларидир.

«Ҳисоблари эса, Аллоҳнинг зиммасидадир» деганлари, мен сиртига қараб, яъни, тавҳид калимасини айтишига, намоз ўқишига, рўза тутишига қараб, ҳукм ва муомала қилавераман. Ичида нима бор бўлса, ҳисоб-китобни Аллоҳнинг Ўзи қилади, деганларидир.

Бу ҳадиси шарифдан келиб чиқадиган ҳукм ва фойдалар ҳақида уламоларимиз кўп нарсани айт­ганлар, шулардан баъзиларини келтирамиз:

1. Ким мусулмонликни изҳор қилиб, дин арконларини бажарса, унга тегилмайди.

2. Бировнинг мусулмон экани ҳақида ҳукм қилиш учун у шаҳодат калимасини айтиши шарт. Агар шаҳодат калимасини айтмаса, мусулмон деб ҳукм қилинмайди.

3. Исломнинг зоҳирий амалларини қилиб юрган одамлар, мусулмон ҳукмида ҳисобланади.

4. Шаҳодат аҳли бўлган одамларни, яъни шаҳодат калимасини айтиб юрганларни кофир деб бўлмайди.

5. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, халифалар ҳам зоҳирга қараб ҳукм қилганлар. Одамларнинг ичида нима борлигини фақат Аллоҳгина билади.

6. Биров шаҳодат келтириб, намоз ўқиб, закот бериб, ўз жони ва моли дахлсизлигини таъминлаган бўлса ҳам, исломий жазога тортилиши мумкин. Мисол учун, қасддан одам ўлдирса, қасос олиш учун уни ҳам ўлдирилади.

Демак, Аллоҳ Исломдан бошқа динни қабул қилмайди. Исломни эса, ушбу ҳадисда келган нарсаларни қилгандагина, қабул қилади. Бир кишининг номи мусулмонча бўлгани учунгина, мусулмон, деб қабул қилинмайди. Ота-бобоси мусулмон бўлиб ўтгани учун ҳам, мусулмон, деб қабул қилинмайди. Балки ҳар бир вояга етган одамнинг шаҳодат калимасини нутқ қилиши, Ислом ақийдасини жазм ила дилида тасдиқ қилиши билан, намоз, закотга ўхшаш фарзу вожиб амалларни адо этиши билан, мусулмон шахс сифатида қабул қилинади.


99 - الثَّامِنُ: عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ يَوْمَ خَيْبَرَ: «لأُعْطِيَنَّ هَذِهِ الرَّايَةَ رَجُلًا يُحِبُّ اللهَ وَرَسُولَهُ، يَفْتَحُ اللهُ عَلَى يَدَيْهِ» قَالَ عُمَرُ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: مَا أَحْبَبْتُ الإِمَارَةَ إلَّا يَوْمَئِذٍ، فَتَسَاوَرْتُ لَهَا رَجَاءَ أَنْ أُدْعَى لَهَا، فَدَعَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ عَلِيَّ بْنَ أَبِي طَالِبٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، فَأَعْطَاهُ إِيَّاهَا، وَقَالَ: «امْشِ، وَلَا تَلْتَفِتْ حَتَّى يَفْتَحَ اللهُ عَلَيكَ» فَسَارَ عَلِيٌّ شَيْئاً، ثُمَّ وَقَفَ وَلَمْ يَلْتَفِتْ، فَصَرَخَ: يَا رَسُولَ اللهِ؛ عَلَى مَاذَا أُقَاتِلُ النَّاسَ؟ قَالَ: «قَاتِلْهُمْ حَتَّى يَشْهَدُوا أَنْ لَا إِلَهَ إلَّا اللهُ، وَأَنَّ مُحَمَّداً رَسُولُ اللهِ، فَإِذَا فَعَلُوا ذَلِكَ فَقَدْ مَنَعُوا مِنْكَ دِمَاءَهُمْ وَأَمَوَالَهُمْ إلَّا بِحَقِّهَا، وَحِسَابُهُمْ عَلَى اللهِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2405].

قَولُهُ: «فَتَسَاوَرْتُ» هُوَ بِالسِّيْنِ الْمُهْمَلَةِ: أَيْ: وَثَبْتُ مُتَطَلِّعاً.

 

Улашиш
|
|
Нусха олиш