22-КИТОБ
22-боб Насиҳат хусусида
22- بَابٌ فِي النَّصِيحَةِ
(22)
22-BOB

 22-боб. Насиҳат хусусида

Аллоҳ таоло: «Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир» (Ҳужурот сураси, 10-оят), деб айтди.

Ва яна Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссалом ҳақларида хабар бериб: «Мен сизларга насиҳат қиламан» (Аъроф сураси, 62-оят), деганини ҳамда Ҳуд алайҳиссалом ҳақларида: «Мен сизлар учун ишончли насиҳат қилувчиман», деб айтганларининг хабарини берди (Аъроф сураси, 68-оят).

22- بَابٌ فِي النَّصِيحَةِ

 

قَالَ اللهُ تَعَالَى: {إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ إِخْوَةٌ}.

وَقَالَ تَعَالَى إِخْبَاراً عَنْ نُوحٍ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: {وَأَنْصَحُ لَكُمْ} وَعَنْ هُودٍ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: {وَأَنَا لَكُمْ نَاصِحٌ أَمِينٌ}.

وَأَمَّا الأَحَادِيثُ:

 

(22)

188. Абу Руқайя Тамийм ибн Авс ад-Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дин насиҳатдир (холисликдир)», дедилар. «Кимга?» дедик. «Аллоҳга, Унинг Китобига, Расулига, мусулмонларнинг пешволарига ва барчаларига», дедилар».

Имом Муслим ривояти.

 

Шарҳ: «Дин насиҳатдир», дедилар.

«Насиҳат» луғатда «холис», «покиза», «содиқ» маъноларини билдиради. Урфда эса, бир кишининг бошқасига холис ният, содиқлик билан яхши йўл-йўриқларни айтишидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Дин насиҳатдир» деганлари, диннинг асосий мадори насиҳатдан иборатдир, деганларидир. Бу «Ҳаж арафадир» деганларига ўхшайди. Яъни, ҳажнинг мадори, асосий рукни Арафотда туришдир, деганларидир.

Саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу умумий гапни эшитиб, унинг тафсилотини билмоқчи бўлдилар ва:

«Ким учун?» деб сўрадилар.

Яъни, «насиҳат қилсак, ким учун қиламиз?» дедилар. Шунда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам диннинг мадори бўлмиш насиҳат беш нарсада эканини баён қилиб бердилар:

1. «Аллоҳ учун», яъни, Аллоҳга иймон келтириш, унга шукр қилиш, амрларини бажариб, қайтарганларидан қайтишга ундаб насиҳат қилишдир.

2. «У Зотнинг китоби учун», яъни, Аллоҳнинг Китоби–Қуръони Каримни ўрганиш, унга амал қилиш ва одамларни ҳам шу ишга ундаб, насиҳат қилиш.

3. «У Зотнинг Расули учун», яъни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш, у кишининг шариатига, суннатига тобеъ бўлиш, бошқаларни шунга чақириш.

4. «Мусулмонларнинг имомлари учун».

Улар учун насиҳат қилиш, уларга итоат қилиш, одамларни ҳам шунга чақириш билан бўлади.

5. «Мусулмонларнинг оммаси учун».

Барча мусулмонларга икки дунё саодати, яъни Ислом йўлини кўрсатиб, насиҳат қилиш бўлади.

Ушбу вазифаларни қилган одам диннинг энг муҳим ишини амалга оширган бўлади. Аммо бу осон иш эмас. Шунинг учун ҳам у диннинг мадори ҳисобланади. Чунки одамлар насиҳатни ёқтирмайдилар. Айниқса, ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган нарсалар учун қилинган насиҳат кўпчиликка хуш келмайди.

Бекорга бу ҳадиси шариф аксар ҳадис китобларида комил иймон сифатлари бобида келмаган. Қачон комил иймон бўлгандагина шундоқ насиҳат бўлади. Бундоқ насиҳатлар эса ўз навбатида самара беради. Аллоҳ учун, Аллоҳнинг Китоби ва Расули учун, мусулмонларнинг имомлари учун, оммаси учун насиҳат қилишни дин деб тушунган жамиятгина олдинга кетади, кўзлаган мақсадига етади.

Агар биз ушбу ҳадиси шарифдан фойда олмоқчи бўлсак, ана ўша тушунчани қайта тирилтирмоғимиз лозим бўлади. Аллоҳ учун, У Зотнинг китоби учун, У Зотнинг Расули учун, мусулмонларнинг имомлари учун, оммаси учун насиҳат қилишга ўтишимиз лозим бўлади.

Бу ҳадиснинг ҳикматига бутун дунё жуда муҳтож. Энг аввало, мусулмон олами муҳтож. Мусулмон олами, деб ном олган олам Исломдан узоқлашгани учун, динни насиҳат, деб билмагани учун турли муаммо ва кулфатларга кўмилиб ётибди.

188 - فَالأَوَّلُ: عَنْ أَبِي رُقَيَّةَ تَميمِ بْنِ أَوْسٍ الدَّارِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «الدِّيْنُ النَّصِيحَةُ» قُلْنَا: لِمَنْ؟ قَالَ: «للهِ وَلِكِتَابِهِ وَلِرَسُولِهِ وَلأَئِمَّةِ الْمُسْلِمِينَ وَعَامَّتِهِمْ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [55].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

189. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга намозни барпо қилиш, закот бериш ва ҳар бир мусулмонга холис бўлишга байъат қилдим». 

Муттафақун алайҳ.

 

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан Исломдаги уч муҳим иш ҳам баъзи бир байъатлардан қўшилганини билиб олмоқдамиз.

1. Намоз Исломнинг асосий беш рукнидан бири. Диннинг устуни. У қоим бўлса, дин қоим бўлади.

2. Закот Исломнинг асосий беш рукнидан бири. Ҳар бир жамиятда иқтисодий масалаларни тўғри ҳал қилишнинг асосий гарови.

3. Ҳар бир мусулмонга яхшилик йўлида насиҳат қилиш. Ҳар бир жамиятнинг ижтимоий алоқаларини тўғри йўлга қўйишнинг асосий омилларидан бири.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар, унинг ҳикмати ва аҳамияти очиқ-ойдин кўриниб турибди.

189 - الثَّاني: عَنْ جَرِيرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: بَايَعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ عَلَى إِقَامِ الصَّلَاةِ، وإِيتَاءِ الزَّكَاةِ، وَالنُّصْحِ لِكُلِّ مُسْلِمٍ. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 57، م 56].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

190. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч бирингиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродарига ҳам раво кўрмагунича мўмин бўла олмайди», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

 

Шарҳ: Бу ҳадисда ҳам комил иймон ҳақида сўз кетмоқда. Ҳадиси шарифнинг ўзиданоқ Ислом инсониятга яхшиликни қанчалик раво кўрганини билиб олса бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир мўмин учун ўзидан бош­қа кишиларга яхшиликни раво кўришини иймон масаласи қилиб қўймоқдалар. Яъни, ҳеч ким ўзига яхши кўрган нарсани ўзгаларга ҳам раво кўрмагунча, комил мўмин бўла олмаслигини таъкидламоқдалар.

Ҳа, мусулмон инсон ўзи учун яхши кўрган ҳар бир нарсани бошқа биродарларига ҳам раво кўради. У ўзининг жаннатга киришини яхши кўрса, бошқаларни ҳам жаннатга киришини ёқтиради. Ўзининг дўзахга кирмаслигини яхши кўрган мусулмон, ўзгаларга ҳам дўзахга кирмасликни раво кўради. Мусулмон инсон бунинг учун куйиб-ёнади. У ўзи учун соғлик-саломатлик, бахт-саодат, фаровонликни яхши кўрганидек, ўзгаларга ҳам шуни ва шунга ўхшаган нарсаларни раво кўради.

Шу билан бирга, ушбу ҳадиси шарифдаги улкан ҳикматга инсоният бугунги кунда қанчалик муҳтож эканини тушуниб етамиз. Исломдан, Қуръондан ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларидан узоқлашиш оқибатида, жумладан, ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган улкан ҳақиқатдан узоқлашиш оқибатида, аввало, мусулмонлар бошига, қолаверса, бутун инсоният бошига қанчалар мусибатлар ёғилганлигини тушуниб етамиз. Бугунги кунда дунёда одамлар бир-бирларига яхшиликни раво кўрмай қўйдилар. Ҳар ким ўзининг, фақат ўзининг манфаатини ўйлайдиган бўлди. Бунга эришиш учун эса, ўзгаларга керагича ёмонлик қилишга тайёрлар. Дунёни қамраб олган урушлар, қон тўкишлар, зулм-истибдодлар ва разолатлар шундан келиб чиқмоқда. Ҳамма нарса ўз ўрнига тушиши учун ушбу ҳадисга тўлиқ амал қилишга ўтишимиз керак.

 

Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

 

Имом Нававий “Саҳиҳи Муслим” шарҳида ёзадилар: “Ўз замонида Мағрибда моликийлар имоми саналган Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абу Зайд бундай деган эди:

“Барча хайрли одоблар ушбу тўрт ҳадис асосида таркиб топган:

1. “Аллоҳ ва Охират кунига иймон келтирган киши яхши нарсани гапирсин ёки сукут сақласин”;

2. “Кишининг ўзи учун муҳим бўлмаган нарсаларни тарк этиши унинг Исломининг гўзаллигидандир”;

3. “Ғазаб қилма!”;

4. “Сизларнинг бирингиз то ўзига яхши кўрган нарсани биродарига ҳам яхши кўрмагунига қадар иймонли бўлмайди”.

Эҳтимол, шунинг учун имоми Нававий мазкур тўрт ҳадисни “Арбаийн” сафига киритгандирлар. Хурдоний ушбу ҳадисни Ислом асосларидан бири сифатида таъкидлаганлар.

 

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

 

1. Мусулмон жамиятнинг бирдамлиги ва ундаги ўзаро тинч-тотувлик.

Ислом ҳамиша инсонларнинг ўзаро дўст-аҳил яшашларини истайди. Ҳар бир шахс жамият манфаати ва саодати йўлида жон куйдирмоғи лозим. Ўшанда адолат қарор топади, кўнгиллар хотиржамлик туяди ва биродарлик ришталари мустаҳкамланиб, аҳиллик кучаяди. Бироқ ҳар бир шахс ўзи учун хоҳлаётган тинчлик, саодат ва бошқа яхши неъматларни биродарига ҳам чин дилдан тиламаса, бундай аҳил-иноқ жамият вужудга келмайди. Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзи учун хоҳлаган яхшиликни биродарига ҳам соғинишни иймон таркибига киритдилар.

 

2. Комил иймон.

Аллоҳ таолога, фаришталарга, илоҳий китобларга, Пайғамбарларга, Охират кунига ҳамда қазо-қадарга иймон келтириш каби рукнларга эътиқод қилиш билан иймоннинг асли қарор топади. Иймоннинг асли собит бўлиши учун бундан бошқа нарсаларнинг ҳожати йўқ. Юқоридаги ҳадисда эса Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга қуйидаги ҳақиқатни баён қилиб бердилар: Киши худбинлик, ҳасад ва адовату нафрат каби иллатлардан холи бўлмас экан, унинг қалбида иймон мустаҳкам қарор топмайди. Комил иймон эгаси бўлмоқ учун инсон ўзига хоҳлаган соғлик, тинчлик, яхши ҳаёт кечириш, Аллоҳнинг розилигига эришишдек улуғ неъматларни биродарига ҳам соғинмоғи лозим.

Комил мусулмон табиатида қуйидаги олий сифатлар ўз ўрнини топади:

·   Ўзи учун хоҳлайдиган хайрли-ҳалол нарсаларни ва тоат-ибодат амалларини биродарига ҳам соғиниш. Ўзининг бошига тушишини истамаган ёмонлик ва маъсиятдан биродарларининг ҳам омон юришини тиламоқ.

Муоз разияллоҳу анҳу дейдилар: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан энг афзал иймон ҳақида сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бердилар: “Ўзинг учун яхши кўрган нарсани бошқа одамларга ҳам исташинг ва ўзингга хоҳламаган нарсани ўзгаларга ҳам хоҳламаслигинг!” (Аҳмад ривоятлари).

·  Биродарининг дини ва амалида бирон нуқсон кўрганда уни ўнглашга ҳаракат қилмоқ.

·  Ўзи учун бировлардан инсоф-адолат талаб қилганидек, биродарига нисбатан ҳам ҳамиша адолатли бўлиб, унинг ҳақ-ҳуқуқларини тўла адо этиш. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

“Кимда-ким дўзахдан узоқлаштирилиб, жаннатга киритилишини хоҳласа, Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирган ҳолида дунёдан ўтсин ва ўзига нисбатан қандай муомалани яхши кўрса, одамларга ҳам шундай муомалада бўлсин”. (Муслим ривоятлари).

 

3. Мусулмондаги олийҳимматлик ва инсонийлик.

Комил иймон эгасининг яхшилик тилашию ёмонликдан сақланишни исташи нафақат мусулмонларга нисбатан бўлади. Балки у ғайридинларга ҳам яхшиликни, хусусан иймон яхшилигини тилайди. Кофир-фосиқ кимсанинг бузуқликлардан тийилиб, иймон неъматидан баҳраманд бўлишини истайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ўзингга яхши кўрган нарсани ўзгалар учун ҳам яхши кўр - мусулмон бўласан”. (Термизий ривоятлари).

Шу боис, кофирга ҳидоят тилаб дуо қилиш мустаҳаб саналади.

 

4. Хайрли амалларда биродарлар билан мусобақалашмоқ иймон камолидандир.

Ухровий фазилатларда бошқалардан ўзиб кетишга ҳаракат қилиш ва шу неъматни Парвардигордан сўраб илтижо қилиш айб ёхуд ҳасад дейилмайди. Аксинча, бу иймон комиллигининг аломатидандир.

“Бас, мусобақалашувчи кишилар мана шу неъматлар йўлида мусобақалашсинлар”. (Мутаффифийн сураси, 26-оят).

 

5. Покиза ва фозил жамият иймон самарасидир.

Ҳадиси шарифда ҳар бир муслим ўз биродарига яхшилик соғинмоғи таъкидланган. Мазкур олий сифат мўминнинг чин иймон соҳиби ва чиройли мусулмон эканини билдиради. Сиз ўзингизга яхши кўрган хайрли нарсаларнинг бировларга ҳам бўлишини хоҳласангиз, сизга ҳам бошқалар худди шундай муносабатда бўла бошлайдилар. Пировардида, ўзаро аҳил-иноқ жамият вужудга келади. Бундай соғлом муҳитда ҳаёт ўз изига тушиб, зулм-адоват барҳам топади. Хусусан, ҳар бир шахс кўпчилик манфаатини ўйлаб ҳаракат қилса, эл-улус қувончини ўз бахтидек кўриб, унинг ғамидан оромини йўқотса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таърифлагандек ҳолат юзага келади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

“Мўминларни ўзаро меҳр-муҳаббатда бир танадек эканларини кўрасиз. Агар танада бирон аъзо касалланса, ундаги бошқа аъзолар бедорлик ва иситма билан унга ҳамдард бўлишади”. (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Мана шундай соф муҳитли жамият Аллоҳ таоло инояти ила иззату мукаррамликка етишади. Охиратда эса уларни ажру савоб ва хайрли мукофотлар қарши олади.

 

6. Иймонсиз жамият худбинлик ва ички низолар уясига айланади.

Қалблар иймондан холи бўлган кун ўзаро муҳаббат ҳам барҳам топади. Кўнгилларга ҳасад, худбинлик ва ёвузлик ин қуради. Одамлар икки оёқли бўриларга айланади. Ҳаёт издан чиқади. Зулм-зўравонлик тантана қилади. Ички адоватлар ва бир-бирини кўролмаслик одат тусига киради. Бундай тубан ҳолатга Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримаси мос тушади: “Улар жонсиз ўликлардир. Ва улар қачон қайта тирилишларини ҳам сеза олмайдилар”. (Наҳл сураси, 21-оят).

 

7. Ҳадис яна қуйидагиларни ифодалайди.

·              Инсонларни ўзаро аҳил-иноқ қилиш билан улар аҳволини ўнглаш Ислом дини қаттиқ эътибор берадиган муҳим амаллар сирасидандир.

·              Ҳасад билан комил иймон ҳеч қачон бирлашмайди. Ҳасадчи ўзгаларнинг ундан ўзиб кетишини ёхуд тенглашишини асло истамайди. Бундай қалби касал кимсалар ўзлари етиша олмайдиган хайр-яхшиликнинг бошқаларга насиб этишини ёмон кўрадилар. Ҳасадчи бўлишдан Аллоҳнинг ўзи асрасин!

190 - الثَّالثُ: عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَا يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتَّى يُحِبَّ لأَخِيهِ مَا يُحِبُّ لِنَفْسِهِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 13، م 45].


Улашиш
|
|
Нусха олиш