207. Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга (омонат ҳақида) иккита ҳадис айтиб бердилар. Бирини(нг рўёбга чиққанини) кўрдим, бошқасини кутиб юрибман. У зот бизга шундай деганлар: «Омонатдорлик (дастлаб) одамларнинг қалбининг тубига тушди. Кейин Қуръон нозил бўлиб, уни Қуръондан ҳам, Суннатдан ҳам ўрганишди». Сўнгра омонатдорликнинг кўтарилиши ҳақида ҳам сўзлаб, шундай деганлар: «Киши бир уйқуга кетади‑ю, қалбидан омонатдорлик суғуриб олинади ва озгина асари қолади. Кейин яна уйқуга кетади‑ю, яна қалбидан омонатдорлик суғуриб олинади ва худди оёғингга чўғ тушириб юборганингдек, қаварган изи қолади. Пўрсилдоқ бўлиб шишганини кўрасан-у, ичида ҳеч нима бўлмайди. – Кейин майда тошни олиб, оёқларининг устига ташладилар – Одамлар олди-сотди қилишади, лекин ҳеч ким омонатни адо қилай демайди. Ҳатто «Бану Фалонда бир омонатдор киши бор экан», дейишади. Бир киши ҳақида «Қандай басавлат!», «Қандай кўркам!», «Қандай ақлли!» дейишади, ҳолбуки, унинг қалбида хардал уруғичалик ҳам иймон бўлмайди». Шундай замон бўлдики, қай бирингиз билан савдо‑сотиқ қилаётганимга парво қилмас эдим. Мусулмон бўлса, уни менга (хиёнат қилишдан) диёнати қайтарарди, насроний ёки яҳудий бўлса, уни менга (хиёнат қилишдан) волийси қайтарарди. Бугун эса фалончи ва фалончилардан бошқа ҳеч ким билан савдо‑сотиқ қилмаган бўлар эдим».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Мусулмонлар жамоасига Аллоҳ таоло амр этган муҳим ишлардан бири–омонатларни ўз аҳлига эриштиришдир.
«Албатта, Аллоҳ сизларга омонатларни ўз эгаларига топширишга буюради», (Нисо сураси, 58-оят).
Бизнинг давримизда, ўтмишда зўр мусулмонлар бўлган халқимизнинг ҳозирги ҳолатида, ҳамма ўлчовлар, ҳамма тушунчалар бузилиб кетган. Шу жумладан, омонатлар ҳақидаги тушунча ҳам бузилган. Одамлар омонат деганда қимматбаҳо нарсани бошқа бировнинг ҳузурига сақлаб бериш учун қўйишнигина тушунадилар. Аслида, омонатни турлари кўпдир. Жумладан, уламоларимиз Аллоҳни бандага юклаган омонатлари бор, намоз, рўза, закот, каффорот ва назрлар ҳам омонатдир, дейдилар. Шунингдек, бандаларнинг бандалардаги турли ҳақлари ҳам омонат ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан бирида: «Биров сенга бир калима айтиб, сўнгра атрофга қараб қўйса, билгинки, шу сўз омонатдир», деганлар. Демак, омонат кенг тушунилиши лозим бўлган атамадир. Энг буюк омонат эса, иймон омонатидир. Бу омонат инсондан бошқа маҳлуқотларга қасдсиз, иродасиз, ҳаракат ва йўлланмасиз берилгандир. Улар хоҳласалар-хоҳламасалар, иймонлидирлар. Фақат инсонгина ақлга ва ҳур иродага эга бўлгани учун, ўз иродаси, ҳаракати, қасди ва уриниши билан мўмин бўла олади. Худди мана шу она омонатдан бошқа омонатлар туғилади. Иймон омонатини адо қилганларгина Аллоҳнинг барча омонатларини ҳамда бандалар орасидаги омонатларни ҳалол адо эта оладилар. Барча омонатларни ўз эгаларига эриштирганларгина иймони ҳақиқий кишилар ҳисобланадилар. Мўминлар ушбу иймон ила жаҳон халқлари ичида танилганлар. Омонатга хиёнат қилишлик, мунофиқликнинг уч аломатидан биридир. Мусулмон инсон барча омонатларга, жумладан, одамлар ила ўзаро муомаладаги, моддий масалалардаги омонатларга, катта-кичикка насиҳат қилиш омонатига, ёш авлодни тўғри тарбиялаш омонатига ва бошқа омонатларга риоя этади, хиёнат қилмайди. Аллоҳ кўрсатмасин, агар хиёнат содир бўлса, катта хатога йўл қўйилган бўлади. Хиёнатчи ҳатто шаҳид бўлган тақдирда ҳам, гуноҳи кечирилмасдир!
Имом Ибн Аби Ҳотим Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар: «Шаҳидлик омонатдан бошқа ҳамма гуноҳларни ювиб юборади. Қиёмат куни, агар Аллоҳнинг йўлида қатл этилган бўлса ҳам, одамни келтириб, омонатни адо қил, дейилади. У эса: «Қандай қилиб уни адо этаман, ахир дунё тугади-ку!» дейди. Шунда унга омонат жаҳаннамнинг қаъридан кўринади. У тушиб елкасига кўтариб чиқади. Энди чиқай деганда, елкасидан омонат тушиб кетади. У ҳам омонатни изидан тушади. Шу ҳолат абадий равишда давом этади», деганлар
Бир оятни ўзида икки буюк асосга–ҳам омонатга, ҳам адолатга иршод қилишлик катта марҳаматдир.
«Албатта Биз бу омонатни (яъни, ислом шариатидаги тоат ибодатларни) осмонларга, ерга ва тоғу тошларга рўбарў қилган эдик, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Инсон эса уни ўз зиммасига олди. Дарҳақиқат у (ўзига) зулм қилгувчи ва нодон эди» (Аҳзоб сураси, 72-оят), деб айтган.
“Одам алайҳиссалом омонатни қабул қилиб олгач, кўп ўтмай жаннатда уни кўтара олмасдан тақиқланган дарахт мевасидан еб қўйди”,– дейилган.
«Омонат» сўзи «амана» феълининг масдари-» иш-ҳаракат номи бўлиб, «ишониб топширилган нарса» маъносини англатади. Ушбу ояти каримада Аллоҳ таолонинг омонати, бирортага ишониб топшириладиган нарсаси борлиги тушунилади. Бу омонат нима эди, деган саволга уламоларимиз ушбу оятдан ва бошқа турли манбалардан келиб чиқиб: «Шариат таклифлари ва Аллоҳнинг фарзлари», деб жавоб берадилар. Бошқача қилиб айтганда, Аллоҳ таолонинг Ўз ҳақига, инсонларнинг ҳақига ва бошқа махлуқотларнинг ҳақларига боғлиқ амрларини, наҳийларини, кўрсатма-таълимотларини ва ҳукмларини ўз жойига қўйиш бўйича унинг ишонган вакили бўлиш таклифи, демакдир. Бу эса, ўз ихтиёри билан бўладиган нарсадир. Яъни, ўша таклифларни амалга оширадиганлар ўз ҳурриятига-хоҳласа, амал қилиб, хоҳламаса, қилмаслик ихтиёрига эга бўлади. Ушбу оятдан Аллоҳ таоло мазкур омонатни Ўзининг турли махлуқларига таклиф қилгани билинади.
«Албатта, Биз бу омонатни осмонларга, ерга ва тоғларга таклиф қилдик».
Аллоҳ таоло шариат таклифларини, фарзларини, Ўз амр ва наҳийларини қабул қилишни Ўзи яратган чексиз, мустаҳкам осмонларга таклиф қилган. Бепоён, турли мавжудотларни, махлуқотларни ўз ичига олган ерга таклиф қилган. Саботли ва сервиқор тоғларга таклиф қилган.
«Бас, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар».
Бу омонатни кўтариш шунчалик оғир эдики, ҳатто шундай улкан, пишиқ, қувватли ва умри узун осмонлар, замин ва тоғлар ҳам уни кўтаришдан қўрқдилар. Бу омонатни уддалаб, ўрнига қўя олишларига кўзлари етмади. Ихтиёрий бўлиб, омонатни бўйинларига олишнинг ўрнига, ихтиёрсиз бўлиб, доимий равишда ўзлари учун Аллоҳ таоло қўйган чегарадан қилча ҳам четга чиқмай юришни афзал кўрдилар.
«Уни инсон кўтарди».
У омонатни инсон кўтарди. Чексиз осмонлар кўтаришдан қўрққан омонатни уларнинг остида яшайдиган кичик зарра-инсон кўтарди. Улкан ва қадимий ер кўтаришдан қўрққан омонатни унинг устида яшаётган умри қисқа, кичик бир жонзот-инсон кўтарди. Салобат ва қувват рамзи бўлган тоғлар кўтаришдан қўрққан омонатни уларнинг орасида яшайдиган кўримсиз ва заиф бир махлуқ-инсон кўтарди.
«Дарҳақиқат, у ўта золим ва ўта жоҳилдир».
Дарҳақиқат, инсон жинси (ҳамма эмас, албатта) ўта золимдир. Ўзига юклатилган ва ўзи қабул қилган омонатга мувофиқ иш юритмасдан ўзига ўзи зулм қилади.
Инсон жинси ўта жоҳилдир, шунинг учун ўзи рози бўлиб, қабул қилиб олган омонатнинг улканлигини билмасдан, унга хиёнат қилади. Инсон зулм қилавермасдан, ўзига юклатилган омонатни адо этсин. Инсон жоҳил бўлавермасдан, ўзига юклатилган омонатнинг қанчалик нозик эканини тушуниб етсин. Ахир, унга осмонлар, ер ва тоғлар кўтаришдан қўрққан омонат юклатилган-а!
207 - وَعَنْ حُذَيْفَةَ بْنِ الْيَمَانِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: حَدَّثَنَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ حَدِيثَينِ قَدْ رَأَيْتُ أَحَدَهُمَا، وَأَنَا أَنْتَظِرُ الآخَرَ: حَدَّثَنَا: أَنَّ الأَمَانَةَ نَزَلَتْ فِي جَذْرِ قُلُوبِ الرِّجَالِ، ثُمَّ نَزَلَ الْقُرْآنُ فَعَلِمُوا مِنَ الْقُرْآنِ، وَعَلِمُوا مِنَ السُّنَّةِ، ثُمَّ حَدَّثَنَا عَنْ رَفْعِ الأَمَانَةِ فَقَالَ: «يَنَـامُ الرَّجُلُ النَّوْمَةَ فَتُقْبَضُ الأَمَانَةُ مِنْ قَلْبِهِ، فَيَظَلُّ أَثَرُهَا مِثْلَ الْوَكْتِ، ثُمَّ يَنَامُ النَّوْمَةَ فَتُقْبَضُ الأَمَانَةُ مِنْ قَلْبِهِ، فَيَظَلُّ أَثَرُهَا مِثْلَ أَثَرِ الْمَجْلِ، كَجَمْرٍ دَحْرَجْتَهُ عَلَى رِجْلِكَ فَنَفِطَ، فَتَرَاهُ مُنْتَبِراً وَلَيْسَ فِيْهِ شَيْءٌ - ثُمَّ أَخَذَ حَصَاةً فَدَحْرَجَهُ عَلَى رِجْلِهِ - فَيُصْبِحُ النَّاسُ يَتَبَايَعُونَ، فَلَا يَكَادُ أَحَدٌ يُؤَدِّي الأَمَانَةَ حَتَّى يُقَالَ: إِنَّ فِي بَنِي فُلانٍ رَجُلًا أَمِينًا، حَتَّى يُقَالَ لِلَّرَّجُلِ: مَا أَجْلَدَهُ!! مَا أَظْرَفَهُ!! مَا أَعْقَلَهُ!! وَمَا فِي قَلْبِهِ مِثْقَالُ حَبَّةٍ مِنْ خَرْدَلِ مِنْ إِيْمَانٍ. وَلَقَدْ أَتَى عَلَيَّ زَمَانٌ وَمَا أُبَالِي أَيُّكُمْ بَايَعْتُ؛ لَئِنْ كَانَ مُسْلِماً لَيَرُدَّنَّهُ عَلَيَّ دِينُهُ، وَلَئِنْ كَانَ نَصْرَانِيّاً أَوْ يَهُودِيّاً لَيَرُدَّنَّهُ عَلَيَّ سَاعِيهِ، وَأَمَّا الْيَوْمَ: فَمَا كُنْتُ أُبَايِعُ مِنْكُمْ إِلَّا فُلَاناً وَفُلًاناً». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 6497، م 143].
قَوْلُهُ: «جَذْر» بِفَتْحِ الجِيمِ وَإِسْكَانِ الذَّالِ الْمُعْجَمَةِ، وَهُوَ أَصْلُ الشَّيْءِ، وَ«الْوَكْتُ» بِالتَّاءِ الْمُثَنَّاةُ: الأَثَرُ اليَسِيرُ، وَ«الْمَجْلُ» بِفَتْحِ الْمِيمِ وَإِسْكَانِ الجِيمِ، وَهُوَ تَنَفُّطٌ فِي اليَدِ وَنَحْوِهَا مِنْ أَثَرِ عَمَلٍ وَغَيْرِهِ، قَولُهُ: «مُنْتَبِراً»: مُرْتَفِعاً، قَولُهُ: «سَاعِيهِ»: الوَالِي عَلَيْهِ.