28-КИТОБ
28-боб Мусулмонларнинг айбларини ёпиш, уни заруратсиз ёйишдан қайтарилгани хусусида
28- بَابُ سَتْرِ عَوْرَاتِ الْمُسْلِمِينَ وَالنَّهْيِ عَنْ إِشَاعَتِهَا لِغَيْرِ ضَرُورَةٍ
(28)
28-BOB

28-боб. Мусулмонларнинг айбларини ёпиш, уни заруратсиз ёйишдан қайтарилгани хусусида

Аллоҳ таоло: «Албатта иймон келтирган кишилар ўртасида бузуқликлар ёйилишини истайдиган кимсалар учун дунёда ҳам, охиратда ҳам аламли азоб бордир», деб айтган (Нур сураси, 19-оят). 

28- بَابُ سَتْرِ عَوْرَاتِ الْمُسْلِمِينَ وَالنَّهْيِ عَنْ إِشَاعَتِهَا لِغَيْرِ ضَرُورَةٍ

قَالَ اللهُ تَعَالَى: {إِنَّ الَّذِينَ يُحِبُّونَ أَنْ تَشِيْعَ الفَاحِشَةُ فِي الَّذِينَ آمَنُوا لَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ فِي الدُّنْيَا وَالآخِرَةِ}.


(28)

247. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир банда бу дунёда бир банданинг айбини яширса, Аллоҳ Қиёмат куни унинг ҳам айбини яширади», дедилар».

Имом Муслим ривояти.

 

Шарҳ: .«Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини бу дунёю охиратда беркитади».

Уламоларимизнинг айтишларича, айбини беркитиш моддий ва маънавий жиҳатдан бўлади.

Биринчиси, моддий камчиликларни беркитиш, мисол учун, баданини беркитиш учун кийим олиб бериш бўлса, маънавийси эса ёмон иш қилганини кўриб қолиб, ҳеч кимга айтмай беркитишдир. Бу ҳам инсон ҳаётида доимо учраб турадиган ҳолат. Бир жамиятда яшаб турган кишилар бир-бирларининг айбларини беркитиб яшасалар, яхши бўлади.

Инсон билиб-билмай турли хатоларга йўл қўйиши мумкин. У ўзи йўл қўйган хатони беркитишга ҳаракат қилмоқдами, демак, ўша одамда яхшилик бор. Шунинг учун унинг айбини очишга, ҳаммага ошкор этишга ҳаракат қилиш дуруст эмас. Агар биров гуноҳ ва айб ишларни ошкора қилса, ундан яхшилик кутиб бўлмайди.

Бировнинг айбини беркитган одам аслида ўзининг айбини беркитади. Аллоҳ таоло шу қилган иши учун унинг бу дунёю охиратдаги айбини беркитади. Чунки у бировнинг айбини ошкора қилса, бошқа биров ёки ўша айби очилган киши унинг ҳам айбини очиши мумкин. Бу туфайли жамиятнинг ҳар бир аъзоси бошқасининг айбини очиш учун ҳаракат қиладиган бўлиб қолади. Оқибатда жамият аъзолари орасида ўзаро келишмовчилик ва душманчилик кучаяди, жамият таназзулга юз тутади.

247 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَا يَسْتُرُ عَبْدٌ عَبْداً فِي الدُّنْيَا إِلَّا سَتَرَهُ اللهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [2590/72].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

248. Яна у киши розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитдим: «Бутун умматим офиятдадир, фақат ошкора гуноҳ қилувчилар мустасно. Кишининг кечаси бир ишни қилиб, Аллоҳ уни сатр қилган ҳолда тонг оттириб, кейин: «Эй фалончи, кеча тунда ундай қилдим, бундай қилдим», дейиши ошкора гуноҳ қилишидир. Робби уни туни билан сатр қилган эди, тонг отгач эса, у ўзидан Аллоҳнинг пардасини очиб ташлаяпти».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Одамзот мақтовга, олқишга, ўзгаларни ажаблантиришга ўч. Шу сабабли инсон қўлидаги бир мулки ёки  қилган амали билан фахрланишни, мақтанишни яхши кўради. Кимдир амалини, кимдир мол-дунёсини, яна кимдир эса қилган яхши ва хайрли ишларини гапирганча ҳузур қилади. Одамларнинг ҳавас ва ҳасад ила унинг оғзига термулишидан роҳатланади. Албатта бу яхши одат эмас.

Бироқ, ичимизда шундай одамлар ҳам борки, улар на амали билан, на мол дунёси билан ва на хайр – эҳсон ёки яхшилиги билан мақтанади. Лекин, улар оғзини тўлдирганча, қилган гуноҳи билан мақтанади. Ажабланманг, ҳа, айнан гуноҳи билан, Аллоҳга бўлган маъсияти билан, илмсизлик ила қилган хатоси билан мақтанади. Оғзидан бол томганча, ҳузур қилганча, гўё ҳеч ким уддалай олмаган ишни бажариб қўйгандай, айнан қилган гуноҳини ошкор қилиб оғзига қаратади. Улар ўзларига “Худодан беркитмаган бандасидан беркитасанми?” деган гапни шиор қилиб олишган.  Бу эса, нафақат яхши одат эмас, балки, динимиз қаттиқ қоралаган ёмон ва хатарли одатдир.  

Аллоҳ таоло бандаларига ниҳоятда меҳрибон Зотдир. Инсонларнинг гуноҳларини кечаю кундуз сатр қилган ҳолда яшириб, ҳар дақиқада кечириб, уларга имкониятлар, муҳлатлар бериб туради. Бироқ, ўз айбини ошкор қилиб, ўз гуноҳи ила мақтанганлар Аллоҳ таолонинг бу марҳаматларидан фойдаланмасдан, илмсизлик ила гуноҳ устига гуноҳ орттирадилар. Чунки, гуноҳ қилишнинг ўзи бир гуноҳ бўлса, уни ошкор этиш, у билан мақтаниш, гуноҳни эслаб ҳузурланиш иккинчи бир гуноҳдир.

Аслида банданинг гуноҳи ошкор бўлмаганлиги, инсонлар оғзига тушиб гап-сўз бўлмаганлиги кишининг ўз ишини зўр уддалаганидан, инсонларнинг халойиқнинг кўзига чўп суқиб уддабуронлик қилганидан эмас, балки, Аллоҳ таоло Ўзининг Саттор сифати ила банданинг гуноҳини беркитиб, у гуноҳ билан халойиқнинг ўртасига кўринмас парда тортиб қўйганлигидандир. Бу ҳам катта неъматдир. Чунки, Аллоҳ таоло кимнинг гуноҳини бу дунёда яширса, Қиёмат кунида ҳам беркитиши ҳақида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ишончли ҳадислар келган. Шундай экан, Аллоҳ беркитган гуноҳни ўз тили билан ошкор қилган киши  гуноҳнинг кечирилмаслиги учун сабабчи бўлиб қолади.

Асарларда келтириладики: “Агар банда Аллоҳга қайтса, бир нидо қилувчи осмон ва ер аҳлига шундай нидо қилади: “Фалончини муборакбод этинглар. Батаҳқиқ, у Роббиси билан келишиб олди, Аллоҳга қайтди”. Яна келтириладики: “Агар банда насух тавба қилса, Аллоҳ таоло шу бандани устидаги икки фариштага ва ернинг аҳолисига унинг қилган гуноҳларини унуттириб юборади”.

Демак, инсон билиб-билмай гуноҳга қўл урганда  уни одамларга ошкор қилмаслиги, балки,  гуноҳига тавба қилиши лозим бўлади. Қолаверса, қачондир  у гуноҳни эслаганда ҳузурланиши ёки мақтаниши эмас, балки, қалбида пушаймонлик ҳисси ила кечирилишидан умидворлик туйғуси бўлиши керак.

 Ўз гуноҳини ошкор қилмасликка, ўз хатосини яширишга буюрган динимиз ҳаргиз ўзгалар гуноҳини, айбини ва хатосини оммага жар солишга ҳаргиз рухсат бермайди. Балки гуноҳидан хабаринг бордир, бироқ, қилган тавба ва истиғфорини билмассан. Балки, у Роббиси билан келишиб олгандир. Сен эса Аллоҳ ва банданинг ўртасида ёмонотлиқ бўлиб қолмагин.

248 – وَعَنْهُ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «كُلُّ أُمَّتِي مُعَافًى إِلَّا الْمُجَاهِرِينَ، وَإِنَّ مِنَ الْمُجَاهَرَةِ أَنْ يَعْمَلَ الرَّجُلُ بِاللَّيْلِ عَمَلًا، ثُمَّ يُصْبِحَ وَقَدْ سَتَرهُ اللهُ عَلَيْهِ فَيَقُولُ: يَا فُلاَنُ؛ عَمِلْتُ الْبَارِحَةَ كذَا وَكَذَا، وَقَدْ بَاتَ يَسْتُرُهُ رَبُّهُ، وَيُصْبِحُ يَكْشِفُ سِتْرَ اللهِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 6069، م 2990].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

249. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Чўри зино қилиб, зиноси аниқ бўлса, (хожаси) уни дарраласин, маломат қилмасин. Кейин яна зино қилса, дарраласин, маломат қилмасин. Кейин учинчи марта ҳам зино қилса, битта юнг арқон эвазига бўлса ҳам сотиб юборсин», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Бу ҳадисдан чўри ёки қулдан зино содир бўлса, ҳад уриш вожиблиги келиб чиқади.

«Битта юнг арқон эвазига бўлса ҳам сотиб юборсин», деган сўздан арзимас нарсага ҳам сотиш жоизлиги келиб чиқади.

Агар: «Ўзи кариҳ кўрган нарсасини мусулмонбиродарига қандай қилиб раво кўради?» деган саволга жавоб шуки, эҳтимол сотиб олган янги эгасидаги ҳайбатни кўриб иффатли бўлиб қолар ёки унга кенгчилик қилиб, яхшилик қилгани сабаб бу қабиҳ ишидан қайтиб қолиши мумкин.   

 

 

249 – وَعَنْهُ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِذَا زَنَتِ الأَمَةُ فَتَبَيَّنَ زِنَاهَا فَلْيَجْلِدْهَا الحَدَّ، وَلَا يُثَرِّبْ عَلَيْهَا، ثُمَّ إِنْ زَنَتِ فَلْيَجْلِدْهَا الحَدَّ وَلَا يُثَرِّبْ عَلَيْهَا، ثُمَّ إِنْ زَنَتِ الثَّالِثَةَ فَلْيَبِعْهَا وَلَوْ بِحَبْلٍ مِنْ شَعَرٍ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 2234، م 1703].

«التَّثْرِيبُ»: التَّوْبِيخُ.

Улашиш
|
|
Нусха олиш

250. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига ичиб олган бир кишини олиб келишди. «Уни уринглар», дедилар. Кимдир қўли билан урди, кимдир шиппаги билан урди, кимдир эса кийими билан урди. Калтаклаб бўлишгач, қавмдан бир киши: «Аллоҳ сени хор қилсин!» деган эди, у зот: «Бундай деманглар, унинг зарарига шайтонга ёрдам берманглар», дедилар».

Имом Бухорий ривояти.

Шарҳ: Мусулмон киши гарчи маъсиятга қўл урган бўлса ҳам, унда Исомнинг асли ва Аллоҳу Расулига муҳаббатнинг асли сақланиб қолади. Бинобарин, буни ундан нафий қилиш (йўқ деб санаш) ва унинг зарарига шайтонга ёрдам берадиган сўз билан дуо қилиш жоиз бўлмайди. Балки, унга ҳидоят, мағфират ва раҳмат сўраб дуо қилиш керак бўлади.

Бир ривоятда: «Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига: «Унинг таъзирини бериб қўйинглар», дедилар. Шунда улар унга юзланиб: «Аллоҳдан тақво қилсанг бўлмайдими», «Аллоҳдан қўрқмайсанми», «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳаё қилсанг бўлмайдими», деган гаплар билан таъзир беришди, сўнг қўйиб юборишди». Ушбу ривоят охирида келади: «Лекин, «Эй Аллоҳим, уни мағфират қил, эй Аллоҳим, унга раҳм қил» денглар» (Абу Довуд ривояти).

Бир ривоятда: «Ҳалиги одам кетгач, қавмдан бир киши: «Аллоҳ сени расво қилсин», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бундай деманглар, унга қарши шайтонга ёрдам берманглар, балки «раҳимакаллоҳ» (Аллоҳ сенга раҳм қилсин) денглар», дедилар» (Аҳмад ривояти).

Ривоят қилинишича, салафлардан бўлган кишининг биродари истиқомат (тўғри йўл)дан оғиб кетди. Шунда биродарига: «Ундан алоқани узиб, узоқлашмайсизми?» деб айтилганида, у киши: «Аксинча, тойилган бу пайтда у менга кўпроқ муҳтождир. Уни койиш ўрнига қўлидан тутиб, лутф-марҳамат кўрсатаман ва уни асл ҳолатига қайтишини сўраб дуо қиламан», дея жавоб берди.

250 – وَعَنْهُ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: أُتِيَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ بِرَجُلٍ قَدْ شَرِبَ، قَالَ: «اضْرِبُوهُ» قَالَ أَبُو هُرَيْرةَ: فَمِنَّا الضَّارِبُ بِيَدِهِ، وَالضَّارِبُ بِنَعْلِهِ، وَالضَّارِبُ بِثَوبِهِ. فَلَمَّا انْصَرَفَ قَالَ بَعْضُ الْقَوْمِ: أَخْزَاكَ اللهُ، قَالَ: لَا تَقُولُوا هَكَذَا، لَا تُعِينُوا عَلَيهِ الشَّيْطَانَ». رَوَاهُ البُخَارِيُّ. [6777].


Улашиш
|
|
Нусха олиш