32-боб. Заиф, камбағал ва овоза бўлмаган мусулмонларнинг фазилати
Аллоҳ таоло: «Сиз ўзингизни эрта-ю кеч Парвардигорларининг юзини – розилигини истаб Унга илтижо қиладиган зотлар билан бирга тутинг! Кўзларингиз ҳаёти дунё зийнатларини кўзлаб, улардан ўтиб (ўзга аҳли дунёларга боқмасин)», деб айтган (Каҳф сураси, 28-оят).
32- بَابُ فَضْلِ ضَعَفَةِ الْمُسْلِمِينَ وَالفُقَرَاءِ وَالخَامِلِينَ
قَالَ اللهُ تَعَالَى: {وَاصْبِرْ نَفْسَكَ مَعَ الَّذِينَ يَدْعُونَ رَبَّهُمْ بِالْغَدَاةِ وَالْعَشِيِّ يُرِيدُونَ وَجْهَهُ، وَلَا تَعْدُ عَيْنَاكَ عَنْهُمْ}.
259. Ҳориса ибн Ваҳб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни:
«Сизларга жаннатийлар кимлигини айтиб берайми? Ҳар бир заифҳол, нотавонлар. Агар у Аллоҳга қасам ичса, У Зот унинг қасамини албатта рўёбга чиқаради. Сизларга дўзах аҳли кимлигини айтиб берайми? Ҳар бир дағал, қўпол, кибрли одам».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Бу мавзуга оид бошқа ҳадислар ҳам келган.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қанчадан-қанча заиф, ожиз, кийими юпун кишилар борки, агар Аллоҳ таоло номига қасам айтса, албатта, Аллоҳ таоло унинг қасамини амалга оширади. Баро ибн Молик ўшалардандир”, дедилар.
Саҳобалар, ораларида Баро ҳам бор эди, мушриклар қўшинининг катта бир гуруҳига йўлиқиб қолдилар. “Эй Баро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сенга: “Агар Аллоҳ номига қасам айтсанг, албатта, сенинг қасамингни амалга оширади”, деганлар. Аллоҳга қасам айтгин”, дедилар. Баро: “Эй Раббим! Сенга қасам ичиб айтаман, албатта, бизга уларнинг қанотларини маҳв қилиб берасан!” деди. Бас, мушриклар қўшинининг бир қаноти енгилди. Сўнг Сус кўприги устида яна мушрикларнинг катта қўшинига йўлиқдилар. Мусулмонлар орасида ваҳима бошланиб, улар: “Баро, Аллоҳга қасам айтгин”, дедилар. Баро: “Эй Раббим! Сенга қасам ичиб айтаман, албатта, Сен бизга уларнинг қанотларини маҳв қилиб бериб, мени Пайғамбарингга етказасан”, деб дуо қилди. Мусулмонлар жойларидан қўзғалиб, жангга кирдилар. Мушрикларнинг отлиқ қўшини енгилди. Баро эса шу жангда шаҳид бўлди. Унинг шаҳид бўлиши Умар розияллоҳу анҳу халифалиги даврида бўлган эди.
(Имом Термизий ривояти. Ҳасан ҳадис).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Қанчадан қанча ғобор босган ва эшиклар олдидан ҳайдаладиганлар бор. Агар улар Аллоҳга қасам ичсалар, албатта, У зот уларнинг қасамини рўёбга чиқаради», дедилар».
Имом Муслим ва Аҳмад ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифда ҳам кишиларни ҳақир санамасликка тарғиб бор. Бандалар кишиларнинг зоҳирий кўринишларига, кийим бошларига қараб эҳтиром қиладилар ёки таҳқирлайдилар. Аслида бу жуда ҳам нотўғри тасарруфдир. Кишиларнинг кўплари усти ялтироқ ичи қалтироқ бўлиши турган гап. Шу билан бирга бунинг тескариси бўлиши ҳам мумкин. Шунинг учун зинҳор ва зинҳор бировни ташқи кўринишига қараб ҳақир санамаслик лозим. Одамлар ичида ўзи ўта кўримсиз бўлса ҳам Аллоҳ таолога етишиб қолганлари, У зотдан бирор нарсани сўраса ўша заҳоти берадиганлари ҳам кўп.
Кибр – фақат Аллоҳга хос. Чунки у барча айбу нуқсон ва камчиликлардан холи, ҳар бир нарсага қодир бўлган Зотгагина ярашади. Инсон эса ожиз, нотавон ва гуноҳкордир. Шунинг учун инсон ўзи унга лойиқ бўлмаган сифат ила безанмоқликка ҳаракат қилиши ножоиздир.
Аллоҳ таоло бу сифатни фақатгина Ўзига лойиқ кўрган ҳамда бандаларини бу сифатдан четланишини буюрган. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло айтади: “Азизлик изорим, кибрлик эса ридоимдир (яъни, бу икки сифат менга хосдир). Кимки менинг бу сифатларим устида мен билан низо қилса, уни азобимга гирифтор қиламан” (Имом Муслим ривояти).
Бу ҳадиснинг маъносини Қуръони каримнинг ушбу ояти тасдиқлайди: “У қудрат соҳибидир, бўйсундиргувчидир, танҳо кибр эгасидир” (Ҳашр сураси, 23-оят)
Дарҳақиқат, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ. Бир марта кибрлангани сабаб шайтон алайҳилаъна Аллоҳга сажда қилишдан маҳрум бўлди. Жаннат аталмиш беқиёс манзилдан, абадий роҳатдан, Оламлар Роббисининг розилигидан айрилди ва то қиёматга қадар мўминлар тилида лаънатланган ҳолда қолди.
Кибр - ёлғиз Парвардигорга хос. Уни талашган кимсанинг ҳаридори дўзахдир.
Хўш, инсон нега кибрланади? Инсон такаббурлик қилиш ила ўзгалардан ўзини юқорироқ туришини, обрў ва эътиборга тушишни, азизликни ҳохлайди. Таассуфки, азизлик ва эътибор, ҳурмат ва эҳтиромга такаббурликда эмас, балки айнан такаббурликнинг акси бўлган тавозеъ орқали эришилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Садақа бериш билан мол-дунё камайиб қолмайди. Аллоҳ кечиримли банданинг иззатини зиёда қилади. Киши Аллоҳ учун тавозуълик қилса, Аллоҳ у банданинг даражасини кўтаради”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Ҳакимлардан бири айтади: “Мен мартабани такаббурликда талаб килдим, лекин уни тавозуъда топдим”.
Қолаверса, охиратдаги даражотларнинг баланд ёки паст бўлиши ҳам айнан тавозеъга боғлиқдир. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: “Кимки камтарин бўлса, Аллоҳ таоло уни қиёмат кунида даражасини баланд қилиб қўяди. Ким кибр қилса, Аллоҳ таоло уни қиёматда даражасини паст қилади”.
Шунинг учун ҳар бир мўмин киши кибрдан сақланиши ва камтарин бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим. Ана шундагина Аллоҳ унинг даражасини икки дунёда юқори қилиб қўяди.
259 - عَنْ حَارِثَةَ بْنِ وَهْبٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «أَلَا أُخْبِرُكُمْ بِأَهْلِ الجَنَّةِ؟ كُلُّ ضَعِيفٍ مُتَضَعَّفٍ لَوْ يُقْسِمُ عَلَى اللهِ لأَبَرَّهُ، أَلَا أُخْبِرُكُمْ بَأَهْلِ النَّارِ؟ كُلُّ عُتُلٍّ جَوَّاظٍ مُسْتَكْبِرٍ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 4918، م 2853].
«الْعُتُلُّ»: الْغَلِيظُ الجَافِي. «وَالجَوَّاظُ» بِفَتْحِ الجِيمِ وَتَشْدِيدِ الوَاوِ وَبِالظَّاءِ الْمُعْجَمَةِ، وَهُوَ الجُمُوعُ الْمَنُوعُ، وَقِيلَ: الضَّخْمُ الْمُخْتَالُ فِي مِشْيَتِهِ، وقيلَ: الْقَصِيرُ الْبَطِينُ.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан бир киши ўтиб қолди. Ҳузурларида ҳам бир киши ўтирган эди, «У ҳақда фикринг қандай?» дедилар. У: «Бу киши одамларнинг улуғларидан. Аллоҳга қасамки, бу совчи қўйса, қиз беришга, шафоатчилик қилса, шафоати қабул бўлишига лойиқ одам», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сукут қилдилар. Кейин яна бир киши ўтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна унга: «У ҳақда фикринг қандай?» дедилар. У: «Эй Аллоҳнинг Расули, бу киши мусулмонларнинг фақирларидан. Совчи қўйса, қиз бермасликка, шафоатчилик қилса, шафоати қабул бўлмаслигига, сўзласа, сўзига қулоқ солмасликка лойиқ», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мана шу (камбағал киши) ер юзи тўла анавинга ўхшаганлардан яхши», дедилар».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Бу ҳадисда овоза бўлмаслик, зоҳидлик, обрў ва мол-дунёни кўпайтирмаслик, одамларга танилган бўлмаслик каби фазилатлар зикр қилинмоқда. Ушбу айтилган сифатларнинг ҳар бири бандани Робби томон юришида кўмакчидир. Инсон табиатига қўшиб яратилганки, у бу дунё роҳатини севади ва охиратни тарк қилади. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ёнларида ўтирган саҳоба ҳам «Бу киши мусулмонларнинг фақирларидан. Совчи қўйса, қиз бермасликка, шафоатчилик қилса, шафоати қабул бўлмаслигига, сўзласа, сўзига қулоқ солмасликка лойиқ», деди. Аксар одамларнинг ҳолати мана шунақадир. Лекин Пайғамбар алайҳиссалом «Мана шу (камбағал киши) ер юзи тўла анавинга ўхшаганлардан яхши», деб айтиш билан аслида мўмин банда бу хусусда қандай тушунчага эга бўлишини қуйидаги сўзлари билан ифодалаб, ҳақиқий йўналишни баён қилдилар.
260 - وَعَنْ أَبي العَبَّاسِ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ السَّاعِدِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: مَرَّ رَجُلٌ عَلَى النَّبيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، فَقَالَ لِرَجُلٍ عِنْدَهُ جَالِسٌ: «مَا رَأْيُكَ فِي هَذَا؟» فَقَالَ: رَجُلٌ مِنْ أَشْرافِ النَّاسِ، هَذَا وَاللهِ حَرِيٌّ إِنْ خَطَبَ أَنْ يُنْكَحَ، وَإِنْ شَفَعَ أَنْ يُشَفَّعَ، فَسَكَتَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، ثُمَّ مَرَّ رَجُلٌ آخَرُ، فَقَالَ لَهُ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَا رَأْيُكَ فِي هَذَا؟» فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ؛ هَذَا رَجُلٌ مِنْ فُقَرَاءِ الْمُسْلِمِينَ، هَذَا حَرِيٌّ إِنْ خَطَبَ أَنْ لَا يُنْكَحَ، وَإِنْ شَفَعَ أَنْ لَا يُشَفَّعَ، وَإِنْ قَالَ أَلَّا يُسْمَعَ لِقَوْلِهِ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «هَذَا خَيْرٌ مِنْ مِلءِ الأَرْضِ مِثْلَ هذَا». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [6447].
قَولُهُ: «حَرِيُّ» هُوَ بِفَتْحِ الحَاءِ وَكَسْرِ الرَّاءِ وَتَشْدِيدِ اليَاءِ: أَيْ: حَقِيقٌ. وَقَولُهُ: «شَفَعَ» بِفَتْحِ الفَاءِ.
261. Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Жаннат ва дўзах (мартаба талашиб) даъволашиб қолди. Дўзах: «Менда золимлар, мутакаббирлар бўлади», деди. Жаннат: «Менда одамларнинг заифи ва мискинлари бўлади», деди. Аллоҳ уларнинг ўртасида ҳукм қилди ва: «Эй жаннат, сен Менинг раҳматимдирсан. Мен хоҳлаган бандамга сен билан раҳмат қиламан (яъни, сенга уни киргизаман). Эй дўзах, сен Менинг азобимдирсан. Мен хоҳлаган бандамга сен билан азоб бераман (яъни, сенга уни киргизаман). Икковларингизни тўлдириш Менинг зиммамдадир», деди», дедилар.
Имом Муслим ривоятлари.
Шарҳ: Аллоҳ таоло айтади: «Мен ерда ноҳақ кибру ҳаво қилиб юрадиган, агар барча оят- мўъжизаларни кўрсалар ҳам, уларга иймон келтирмайдиган, Тўғри йўлни кўрсалар уни(ўзлари учун) йўл қилиб олмайдиган, агар залолат – нотўғри йўлни кўрсалар, уни йўл қилиб оладиган кимсаларни Ўз оят-мўъжизаларимдан буриб юборурман (яъни, англаб етмайдиган қилиб қўюрман)» (Аъроф сураси, 146-оят).
Яъни, такаббур кимсаларни оятларимни фаҳмлаш, у ҳақда фикр юритиб, тадаббур қилишдан маҳрум қиламан ва кибру ҳаво қилганларига жазо сифатида қалбларини муҳрлаб қўяман.
«Албатта, У Зот мутакаббир кимсаларни севмас» (Наҳл сураси, 23-оят).
Яъни, ҳаққа қулоқ солиб, унга бўйсунишдан кибр қилган кимсаларни севмайди.
«Одамлардан (мутакаббирлик билан) юзингни ўгирма ва ерда кибру ҳаво билан юрма. Чунки Аллоҳ барча кибр-ҳаволи, мақтанчоқ кимсаларни суймас» (Луқмон сураси, 18-оят).
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Сизлардан илгари яшаб ўтган бир кишини такаббурлик билан изорини судраб юрганида ер ютди. У қиёмат кунигача ер (қаъри)га кириб кетаверди».
(Бухорий, Насаий ва бошқалар ривояти).
Амр ибн Шуъайбнинг бобосидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қиёмат кунида мутакаббир кимсалар киши суратидаги чумолиларга ўхшаш ҳолда қайта тириладилар. Уларни ҳар томондан хорлик эгаллаб олади. Улар жаҳаннамдаги «Булис» деб номланадиган зиндонга ҳайдаладилар» (Насаий ва Термизий ривояти).
Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қалбида зарра мисқолича кибр бўлган киши жаннатга кирмайди», дедилар. Шунда бир киши: «Бир одам кийими ва пойабзали бежирим бўлишини яхши кўради, шу нарса кибрми?» деб сўради. «Албатта, Аллоҳ гўзалдир, гўзалликни хуш кўради, у кибр эмас. Кибр ҳаққа унамаслик – рад этиш ва одамларни масхара қилиш – таҳқирлашдир», дедилар.
(Муслим, Термизий ривояти).
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Кимки ўзини бошқалардан афзал деб билса, ёки кибр-ҳаво билан юрса, Аллоҳ таолони ғазабланган ҳолда учратади», деганларини эшитдим». (Табароний ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Менга дўзахга биринчи бўлиб кирадиган уч тоифа кўрсатилди. Золим амир, молидаги Аллоҳ ҳақини адо қилмайдиган бой ва мутакаббир камбағал» (Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон ривояти).
Айрим салафи солиҳлар айтганларки, Аллоҳга осийлик қилиб содир этилган биринчи гуноҳ кибрдир. Аллоҳ таоло айтади:
«(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), эсланг, Биз фаришталарга Одамга таъзим қилинг дейишимиз билан улар саждага эгилдилар. Фақат Иблис кибр ва ор қилиб, кофирлардан бўлди» (Бақара сураси, 34-оят).
Кимки Иблисга ўхшаб ҳақдан кибр қилса, унинг иймони бефойдадир.
Бандалардан илми туфайли такаббурлик қиладиган ва ўзини бошқалардан афзал деб биладиган кимса энг ёмон мутакаббирдир. Унинг илми ҳам бефойдадир. Зеро, кимки охират учун илм талаб қилса, илми уни босиқ – тавозеъли қилиб қўяди, қалби хушуъга тўлади ва нафси хотиржам бўлади. Илм унинг нафсига қўриқчи-посбон бўлиб олади ва ялқовлик қилмасдан ҳар вақт уни назорат қилиб, ҳисоб-китоб қилиб туради. Борди-ю, ғафлатда қолса, нафс ҳақ йўлдан бўйин товлайди ва ҳалок этади.
Кимда-ким фахрланиш, бошлиқ бўлиш, мусулмонларни аҳмоқ қилиш, масхаралаш ва ўзини устун қўйиш учун илм талаб қилса, юқоридаги оят ва ҳадисларда айтилганидек жаннатга кирмайди».
Куч ва қувват буюк ва олий Аллоҳникидир.
261 - وَعَنْ أَبي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «احْتَجَّتِ الجَنَّةُ وَالنَّارُ؛ فَقَالَتِ النَّارُ: فِيَّ الجَبَّارُونَ وَالْمُتَكَبِّرُونَ، وَقَالَتِ الجَنَّةُ: فِيَّ ضُعَفَاءُ النَّاسِ وَمَسَاكِينُهُمْ، فَقَضَى اللهُ بَيْنَهُمَا: إِنَّكِ الجَنَّةُ رَحْمَتِي أَرْحَمُ بِكِ مَـنْ أَشَاءُ، وَإِنَّكِ النَّارُ عَذَابِي أُعَذِّبُ بِكِ مَــنْ أَشَاءُ، وَلِكِلَيكُمَا عَلَيَّ مِلْؤُهَا». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [2847].
262. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни улкан, семиз одам келади. У Аллоҳнинг наздида чивиннинг қанотичалик ҳам вазнга эга бўлмайди», дедилар».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Ушбу ҳадисда жасаднинг катталиги Қиёмат кунида эътиборсиз эканига ишора бордир.
Инсон катта жасадга табиий ҳолда эга бўлиши, қандайдир касаллик сабабли қориндор бўлиши ёки ирсий тарафдан қорни катта бўлиши маломат қилинмайди.
Лекин бу сифатга эга кофир кимсалар Қиёматда ёмон ҳолатда бўлиши оятда зикр қилинган.
«Куфр келтирганлар ҳузур қилурлар ва худди чорва ҳайвонлари егандек ерлар ва дўзах уларнинг жойидир» (Муҳаммад сураси, 12-оят).
Улар бу дунёда лаззатларига бериладилар, ейиш-ичишлари ҳам чорва ҳайвонлари сингаридир. Уларнинг қорин тўйдиришдан ўзга ғамлари йўқ. Улар Аллоҳнинг эмас, қориннинг бандаларидир. Бундан, овқат еб, ҳузурланмаслик керак экан-да, деган хулосага келмаслик керак. Чунки мусулмонлар ҳам ҳузурланадилар, яхши овқатларни ейдилар. Бу ерда ҳақиқий насиба ҳақида гап кетяпти. Кофирларга бу дунёда мол каби еган таомидан ўзга насиба йўқ. Иккинчидан, бу дунёда мўмин ҳалол-пок нарсаларни меъёрида, завқ билан, ундан ҳосил бўлган қувватни тақво, савоб ва хайрга сарф қилиш учун еб-ичади. Кофирнинг эса унга эслатиб турувчи на тақвоси бор, у на савобни ёки гуноҳни ўйлайди, унинг дунёдаги асосий мақсади қорин тўйдиришдир. Шунинг учун ҳам у ҳалол-ҳаром, пок-нопокнинг фарқига бормай, молдек еяверади. Ҳамда охиратга унга бундан бошқа ҳеч қандай насиба қолмайди.
262 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِنَّهُ لَيَأْتِي الرَّجُلُ العْظِيمُ السَّمِينُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ لَا يَزِنُ عِنْدَ اللهِ جَنَاحَ بَعُوضَةٍ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 4729، م 2785].
«Қора танли бир аёл [ёки йигит] масжидни супуриб юрар эди. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни тополмай, у аёл [ёки киши] ҳақида сўрадилар. «У вафот қилди», дейишди. У зот: «Буни менга айтмабсизлар-да», дедилар. У аёлнинг ишини [ёки у кишининг ишини] арзимас санашгандек эди. У зот: «Менга унинг қабрини кўрсатинглар», дегандилар, у зотга кўрсатишди. Шунда у зот унга жаноза ўқидиларда, сўнгра: «Бу қабрлар ўз аҳли учун зулматга тўладир. Аллоҳ азза ва жалла менинг намозим билан уларни мунаввар қилади», дедилар».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдан Ислом дини масжидни тоза тутиш учун хизмат қиладиган ходимни нақадар улуғлашини кўриб турибмиз. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам турли аслзодалар, бой-бадавлат одамлар ва казо-казоларнинг ўлимидан бехабар қолганлари учун эмас, масжидни тозалаб юрувчи бир қора танли ходимнинг жанозасидан бехабар қолганлари учун саҳобаларини койидилар.
Масжид Аллоҳнинг уйидир. Аллоҳ уйининг хизматини қилувчи одамнинг ҳам мақоми улуғдир. Албатта, ўша одам бу мақомга лойиқ бўлиш шарти ила.
Эҳтимол, саҳобаи киромларнинг хаёлига бир қора қулнинг ўлими ҳақида хабар қилиб, Расулуллоҳни овора қилмайлик, деган фикр келган бўлса ажабмас. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нафақат уни эслаб жанозасига чақирмаганлари учун саҳобаларни койидилар, балки қабрини топиб бориб, унга жаноза намози ўқидилар. Ўша кўпчилик назаридан четда юрган қора танли ходим Аллоҳнинг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламнинг улкан эътиборларига сазовор бўлди. Ўша туфайли шариатимизда қабр устида жаноза намоз ўқиш ҳукми жорий қилинди.
Ҳа, масжиднинг хизмати, хусусан, уни пок тутиш учун бўладиган хизмат Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломлардан қолган меросдир.
Қадимда Аллоҳ Оли Имронни ҳам Ўз ибодатхонасининг хизматини қилиш имконини бериш ила улуғлаган эди. Имроннинг аёллари ҳанна эса, туғадиган боласини «Масжидул Ақсо»га хизматкор қилиб атаган эдилар. Биби Марям туғилдилар. У кишидан Ийсо алайҳиссалом туғилдилар.
Сарвари олам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам масжид қуришда ва уни пок сақлашда шахсан ишлаганларини тарихдан яхши биламиз.
Масжид ходими бўлиш улкан бахт эканини тўла англаб етишимиз лозим. Кимга бу бахт насиб этса, унга муносиб бўлишга ҳаракат қилсин.
263 – وَعَنْهُ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ امْرَأَةً سَوْدَاءَ كَانَتْ تَقُمُّ الْمَسْجِدَ أَوْ شَابّاً، فَفَقَدَهَا أَوْ فَقَدَهُ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، فَسَأَلَ عَنْهَا أَوْ عَنْهُ، فَقَالُوا: مَاتَ، قَالَ: «أَفَلَا كُنْتُمْ آذَنْتُمُونِي؟!» فَكَأَنَّهُمْ صَغَّرُوا أَمْرَهَا أَوْ أَمْرَهُ، فَقَالَ: دُلُّونِي عَلَى قَبْرِهِ» فَدَلُّوهُ، فَصَلَّى عَلَيهَا، ثُمَّ قَالَ: «إِنَّ هَذِهِ الْقُبُورَ مَمْلُوءَةٌ ظُلْمَةً عَلَى أَهْلِهَا، وإِنَّ اللهَ تَعَالَى يُنَوِّرُهَا لَهُمْ بِصَلَاتِي عَلَيْهِمْ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 1337، م 956].
قَولُهُ: «تَقُمُّ» هُوَ بِفَتْحِ التَّاءِ وَضَمِّ الْقَافِ؛ أَيْ: تَكنُسُ، وَ«الْقُمَامَةُ»: الْكُنَاسَةُ، وَ«آذَنْتُمونِي» بِمَدِّ الْهَمْزَةِ: أَيْ: أَعْلَمتُمُونِي.
264. У кишидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Баъзи сочи тўзиган, эшиклардан ҳайдаладиганлар борки, агар Аллоҳга қасам ичишса, У Зот уларнинг қасамини дарҳол рўёбга чиқаради».
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Сочи тўзиган, кийими жулдур кишилар қандай қилиб жаннат аҳлидан деб васф қилинганлардан бўлади? Ахир шариат тозалик ва зийнатланишга ҳамда жума ва ҳайит кунларида хушбўй бўлишни буюрганку? Набий с.а.в. покланиб, тозаланиб, меҳмонлар ташриф буюрса зийнатланганларку? Деган савол пайдо бўлади.
Албатта бунда қарама қаршилик йўқ. Бундан кишилар аксар ҳолларда аҳволи шундай бўлган. Чунки улар доим шаръий сафар, ҳаж, жиҳод, ер юзида саёҳат ва динларини фитналардан сақлаш учун кўчиб юришган. Шу билан бирга агар имкон топишса, шаръий тозаликка ҳам эътибор қаратишган ва шаръий зийнатланиб юришган.
264 – وَعَنْهُ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ الله صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «رُبَّ أَشْعَثَ مَدْفُوعٍ بِالأَبْوَابِ، لَوْ أَقْسَمَ عَلَى اللهِ لأَبرَّهُ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [2622].
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Жаннатнинг эшиги олдида турдим. Унга кирганларнинг асосий қисми мискинлар экан. Давлатмандлар ушлаб турилибди. Фақат дўзах эгалари дўзах сари амр қилинган. Дўзах эшигида ҳам турдим. Унга кирганларнинг асосий қисми аёллар экан».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Имом Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ушбу ҳадисда нима учун дўзахга тушадиганларнинг аксари аёллар экани зикр қилинган.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида қуёш тутилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар билан бирга намоз ўқидилар. Бақара сурасича узоқ қиём қилдилар. Кейин узоқ рукуъ қилдилар. Кейин рукуъдан туриб, узоқ қиём қилдилар. Бу биринчи қиёмдан қисқароқ бўлди. Кейин узоқ рукуъ қилдилар. Бу биринчи рукуъдан қисқароқ бўлди. Кейин рукуъдан туриб, яна узоқ қиём қилдилар. Бу биринчи қиёмдан қисқароқ бўлди. Кейин узоқ рукуъ қилдилар. Бу ҳам биринчи рукуъдан қисқароқ бўлди. Кейин туриб, сажда қилдилар. Сўнгра (намоздан) чиқдилар. Қуёш очилиб бўлган эди. Шунда у зот: «Қуёш ва ой Аллоҳнинг оятларидан (белгиларидан) иккисидир. Улар на бировнинг ўлими, на ҳаёти туфайли тутилади. Қачон шуни кўрсангиз, Аллоҳни зикр қилинглар», дедилар.
Одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, сизни мана шу турган жойингизда бир нарсани ушлаганингизни, сўнгра чўчиб орқага тисарилганингизни кўрдик», дейишди. У зот: «Шубҳасиз, мен жаннатни кўрдим [ёки менга жаннат кўрсатилди]. Бир шингил (узум) ушладим. Агар уни олганимда, дунё тургунча ундан ер эдингиз. Дўзахни кўрдим. Бугунгидек манзарани асло кўрмаганман. Унинг аҳли аксар аёллар эканини кўрдим», дедилар. «Нима учун, эй Аллоҳнинг Расули?» дейишди. «Ношукрликлари учун», дедилар. «Аллоҳга куфр келтиришадими?» дейишди. «Эрларига ношукрлик қилишади. Яхшиликка ношукрлик қилишади. Бирортасига умр бўйи яхшилик қилсанг‑у, кейин сендан бирор (ёмон) нарса кўрса, «Сендан ҳеч яхшилик кўрганим йўқ», дейди», дедилар».
265 - وَعَنْ أُسَامَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «قُمْتُ عَلَى بَابِ الْجَنَّةِ؛ فَكَانَ عَامَّةَ مَنْ دَخَلَهَا الْمَسَاكِينُ، وَأَصْحَابُ الجَدِّ مَحْبُوسُونَ، غَيْرَ أَنَّ أَصْحَابَ النَّارِ قَدْ أُمِرَ بِهِمْ إِلَى النَّارِ، وَقُمْتُ عَلَى بَابِ النَّارِ؛ فَإِذَا عَامَّةُ مَنْ دَخَلَهَا النِّسَاءُ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 5196، م 2736].
وَ«الجَدُّ» بِفَتْحِ الجِيمِ: الحَظُّ وَالْغِنَى، وَقَولُهُ: «مَحْبُوسُونَ» أَيْ: لَمْ يُؤذَنْ لَهُمْ بَعْدُ فِي دُخُول الجَنَّةِ.
266. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Уч кишигина бешикда туриб гапирган: Ийсо ибн Марям ва Журайж воқеасидаги бола. Журайж ибодатли киши эди. У ўзига бир ибодатхона қилиб олган эди. Ўша жойда намоз ўқиётган эди, онаси келиб, «Эй Журайж!» деди. У «Эй Роббим, онам(га жавоб берай)ми ё намозим(ни ўқийверай)ми?» деди-да, намозида давом этди. Онаси қайтиб кетди. Эртаси куни у намоз ўқиётганида яна унинг олдига келиб, «Эй Журайж!» деди. У яна: «Эй Роббим, онамми, намозимми?» деди-да, намозида давом этди. Онаси қайтиб кетди. Эртаси куни у намоз ўқиётганида яна унинг олдига келиб, «Эй Журайж!» деди. У яна: «Роббим, онамми, намозимми?» деди-да, яна намозида давом этди. Шунда онаси: «Аллоҳим, фоҳишаларнинг бетига қарамагунича уни жонини олмагин!» деди.
Бану Исроил қавми Журайж ва унинг ибодати ҳақида гапириб юришди. Ҳусну жамоли зарбулмасал қилинадиган бир фоҳиша бор эди, ўша «Хоҳласангиз, сизлар учун мен уни фитнага солиб қўяман», деди. Аёл унга ўзини таклиф қилди, лекин у аёлга қарамади. Шунда аёл унинг ибодатхонаси ёнида ётиб юрадиган бир қўйчивоннинг олдига келиб, унга ўзини топширди. У аёл билан яқинлик қилгач, ҳомиладор бўлди. Аёл туққач, «Бу Журайждан», деди. Одамлар унинг олдига келиб, узлатгоҳидан тортиб тушириб, уни бузиб ташлашди, ўзини эса ура бошлашди. Шунда у: «Сизларга нима бўлди?» деди. «Сен манави фоҳиша билан зино қилибсан, мана, сендан бола туғибди-ку», дейишди. У: «Қани ўша бола?» деди. Уни олиб келишди. «Мени тек қўйинглар, намоз ўқиб олай», деди-да, намоз ўқиди. Ўқиб бўлгач, боланинг олдига келиб, унинг қорнига ниқтаб, «Эй бола, сенинг отанг ким?» деган эди, у «Фалончи қўйчивон», деди. Одамлар Журайжга ёпишиб, уни ўпиб, силаб-сийпай бошлашди, «Энди ибодатхонангни тилладан қуриб берамиз», дейишди. «Йўқ, аввал қандай бўлса, шундай қилиб, лойдан қуриб беринглар!» деди. Шундай қилишди».
(Учинчиси шуки,) бир она боласини эмизаётган эди, кўриниши кўркам, чиройли отга минган бир киши ўтиб қолди. Она: «Аллоҳим, ўғлимни шунга ўхшатгин!» деди. Бола кўкракни қўйиб, унга қаради-да, «Аллоҳим, мени унга ўхшатмагин!» деди. Сўнгра яна кўкракка юзланиб, уни эма бошлади».
(Абу Ҳурайра айтади «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам боланинг эмганини айтиб бераётиб, кўрсаткич бармоқларини оғизларига солиб, уни сўра бошлаганлари ҳамон кўз олдимда»).
«Сўнг бир жорияни олиб ўтишди. Одамлар уни уришар, «Сен зино қилдинг, ўғирлик қилдинг», дейишар, у эса: «Аллоҳ менга кифоя, У қандай яхши вакил», дер эди. Шунда онаси: «Аллоҳим, ўғлимни унга ўхшатмагин!» деди. Бола эса эмишдан тўхтаб, унга қаради-да, «Аллоҳим, мени унга ўхшатгин», деди. Шунда иккови тортишиб қолишди. Аёл шундай деди: «Кўркам одам ўтганда «Аллоҳим, ўғлимни шунга ўхшатгин!» десам, «Аллоҳим, мени унга ўхшатмагин», дединг. Энди мана бу жорияни олиб ўтишди, уни уриб, «Сен зино қилдинг, ўғирлик қилдинг», дейишди. Мен: «Аллоҳим, ўғлимни унга ўхшатмагин» десам, сен: «Аллоҳим, мени унга ўхшатгин» дейсан!». Шунда бола деди: «Ўша киши мутакаббир эди. Шунинг учун «Аллоҳим, мени унга ўхшатмагин», дедим. Бу аёлга эса «Сен зино қилдинг» дейишяпти, лекин у зино қилмаган. «Ўғирлик қилдинг» дейишяпти, лекин у ўғирлик қилмаган. Шунинг учун «Аллоҳим, мени унга ўхшатгин», дедим».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ. Пайғамбар алайҳиссалом саҳобаларга мана шу воқеани ҳикоя қилиб берганлар. Бу воқеада онанинг фазли нақадар юксаклиги билинади. Бу ҳикоядан биринчи ўринда олинадиган фойда шуки, ота-онанинг фазли, айниқса онанинг даражаси ниҳоятда юксакдир. Шунинг учун машойихларимиз шундай дейдилар: «Онанг сени бир ишга буюраётган бўлса, билгинки, Роббинг сени ибодатга чорлаётган бўлади». Оналаримиз бизга иш буюраётган бўлса, Роббимиз бизни ибодатга чорлаётган бўлар экан. Журайжнинг воқеасидан яна кўплаб фойдалар олишимиз мумкин. Жумладан, билишимиз керакки, Аллоҳ таоло Ўзининг валий бандаларини ҳам баъзан ана шундай ишлар билан синаб, яна ҳимоялаб ҳам қўяр экан. Аллоҳ таоло бешикдаги болани тилга киритиб, Журайжни ҳимоя қилиб қўйди.
Гапириш ёшидан олдин гапирган болаларнинг сони ривоятларга кўра еттитагача боради.
Бадриддин Айний роҳимаҳуллоҳга кўра, ҳадисда учта дейилишига сабаб – бу пайтда Расулуллоҳ с.а.в. бошқаларини ҳали ваҳий орқали билмаганларидан бўлиши мумкин. Чунки у зот ғайбни билмасдилар. Аллоҳ таоло билдирган нарсанигина билардилар. Ҳазрат Юсуфга гувоҳлик берган гўдак, Фиръавн оловга ташлатмоқчи бўлган аёлнинг боласи ва ҳазрат Яҳё гапириш ёшидан олдин тилга кирган болалар қаторида зикр қилинган. Қуртубий “Бу уч гўдак бешикдалигида, бошқалари эса бир оз каттароқ, аммо ҳануз гапириш ёшига кирмаган пайтларида гапирган”, дея таъвил қилган.
Ҳадисдан Журайж намозда гапиргани билинмоқда. Ҳолбуки, гапириш намозни бузади. Олимлар масалага бундай изоҳ беришган: Эҳтимол, Журайж замонидаги шариатда намозда гапириш мумкин бўлгандир. Зеро, Исломнинг илк йилларида, тегишли оят тушгунига қадар намозда гапириш, турли ҳаракатлар қилиш мумкин бўлган. Оят тушгач, буларнинг бари тақиқланган. Шу билан бирга, Журайжнинг гапиришини ичида, ўзига сўзланиш тарзида ҳам тушуниш мумкин.
Журайж онасига жавоб бериш билан намозида давом этиш ўртасида иккиланиб, кейин намозида давом этишни танлади ва онасининг қарғишига қолди.
Баъзи олимлар ҳадисдан, бундай ҳолатда онага жавоб бериш керак, деган ҳукмни олишган. Улар: “Журайж ўқиётган намоз нафл эди, онанинг чақириғига жавоб бериш эса вожибдир”, дейишади. Бу борада Расулуллоҳ с.а.в.дан “Агар Журайж олим бўлганида, онасининг чақириғига жавоб бериш нафл намозда мумкин эканини биларди”, деган сўзлари ривоят қилинган. Журайж обид эди, олим эмасди. Олим обиддан устунлигига ушбу қисса ҳам далолат қилади.
Имом Нававий айтади: “Онасининг дуоси қабул қилинди. Чунки Журайж намозни қисқа қилиб, онасига жавоб бериши мумкин эди. Аммо у онасининг ибодатхонани ташлаб, дунё ишларига қайтишини талаб қилишидан қўрқиб, жавоб бермади”.
Ҳадисдан чиқадиган хулосалар:
Ота-онани ранжитиш, уларга оқ бўлиш жуда хатарли иш ва улкан гуноҳ экан;
Ота-онанинг фарзандига қилган дуоси тўсиқсиз қабул бўлади. Шу боис, фарзанд ота-онадан яхши дуо топиш пайидан бўлиши, Аллоҳ сақласин, ёмон дуо чиқишига сабабчиси бўлиб қолмаслиги керак. Чунки роҳиб Журайжнинг бошига шунча ташвишлар онасига итоатсизлиги туфайли келди.
Аллоҳ таоло Журайжнинг онаси қилган дуойибадини ижобат қилди. Демак, оналарнинг дуолари шунақа нозик даражада экан. Шунинг учун, оналар ҳам болаларининг ҳаққига ҳар хил салбий дуоларни қилиб юборишдан эҳтиёт бўлишлари керак;
* Ота-оналар фарзандларини имкон қадар тушунишга ҳаракат қилишлари ва раҳмдил бўлишлари керак. Журайжнинг онаси унинг ўлимини, бузуқлик тўрига тушиб қолишини тилаб янада оғирроқ қарғаса бўларди. Лекин она буларни тилга олмади, фақатгина “Ёмон хотинларнинг юзини кўрмасдан ўлма!” деди.
* Журайж кучли эътиқод ва соғлом иймон эгаси эди. Шу боис, истагига мувофиқ, ғайриоддий воқеа содир бўлди – бешикдаги бола гапирди.
* Икки ишдан бирини танлашга тўғри келиб қолса, муҳимроғи олдин бажарилади.
* Валийлар каромат кўрсата оладилар. Бу уларнинг талаб ва истаклари билан ҳам амалга ошиши мумкин.
* Нафсининг чидашига ишонган одамгина ибодатнинг қийинини танласин.
* Бузуқлик қилганнинг ҳурмати қолмайди.
* Таҳорат ва намоз олдинги умматларда ҳам бор эди.
* Шунингдек, банда ҳар доим Аллоҳга юзланиб, боғланиб туриши лозим. Шунда Аллоҳ ҳам уни яккалаб қўймайди;
* Ҳар қандай замонда ҳам ёмонлар бўлган ва бўлади. Уларнинг ёмонликларидан эса иффатини сақлаган кишиларгина омонда қолади. Шундай экан мусулмон киши ҳар қадамда хушёр ва эҳтиёткор бўлиши керак;
* Аллоҳ бандаларини синаган пайтда чиройли сабр қилиб Раббиларидан яхшиликни сўрашлари лозим.
* Зулмкор аёл Журайжга туҳмат қилганидек, фужур аҳли солиҳ инсонлар юзини булғашга ҳаракат қилиши.
* Қишлоқ аҳли фожир аёлнинг гапига ишонганларидек, ҳужжатсиз, далилсиз айтилган гумон гапга ишонишда шошилмаслик лозимлиги.
Улар Журайжни обрўсини бузиб, уни уриб сўкишдан олдин аёлнинг гапини таҳқиқлашлари керак эди.
* Солиҳ бандаларда Аллоҳга нисбатан яхши гумонда бўлиш, ишонч, собит қадамлик топилиши.
* Бало ва қайғу келганда намозга суяниш солиҳларнинг иши эканлиги.
* Аллоҳ банданинг тақвоси, яхши амали сабабли унга нажот бериши.
* Аллоҳ сағира болани гапиртириб Журайжни поклаганидек, гапиришга қодир бўлмаганларни ҳам гапиртириши.
* Журайж балоланганидан кейин сабри ва тақвоси сабабли инсонларнинг ҳузурида ҳам, Роббисининг ҳузурида ҳам инсонларнинг афзалига айланганидек, банда сабр қилса ва Роббисига тақво қилса балонинг оқибати яхшилик билан тугаши.
266 - وَعَنْ أَبي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَمْ يَتَكَلَّمْ فِي الْمَهْدِ إِلَّا ثَلَاثَةٌ: عِيسَى ابْنُ مَرْيَمَ، وَصَاحِبُ جُرَيْجٍ، وَكَانَ جُرَيْجٌ رَجُلًا عَابِداً، فَاتَّخَذَ صَوْمَعَةً فَكَانَ فِيهَا، فَأَتَتْهُ أُمُّهُ وَهُوَ يُصَلِّي فَقَالَتْ: يَا جُرَيْجُ، فَقَالَ: يَا رَبِّ؛ أُمِّي وَصَلَاتِي؟ فَأَقْبَلَ عَلَى صَلَاتِهِ فَانْصَرَفَتْ، فَلَمَّا كَانَ مِنَ الْغَدِ أَتَتْهُ وَهُوَ يُصَلِّي، فَقَالَتْ: يَا جُرَيْجُ، فَقَالَ: أَيْ رَبِّ؛ أُمِّي وَصَلَاتِي؟ فَأَقْبَلَ عَلَى صَلَاتِهِ، فَلَمَّا كَانَ مِنَ الْغَدِ أَتَتْهُ وَهُوَ يُصَلِّي، فَقَالَتْ: يَا جُرَيْجُ، فَقَالَ: أَيْ رَبِّ؛ أُمِّي وَصَلَاتِي؟ فَأَقْبَلَ عَلَى صَلَاتِهِ، فَقَالَتْ: اللَّهُمَّ؛ لَا تُمِتْهُ حَتَّى يَنْظُرَ إِلَى وُجُوهِ الْمُؤْمِسَاتِ.
فَتَذَاكَرَ بَنُو إِسْرَائِيلَ جُريْجاً وَعِبَادَتَهُ، وَكَانَتِ امْرَأَةٌ بَغِيٌّ يُتَمَثَّلُ بِحُسْنِهَا، فَقَالَتْ: إِنْ شِئْتُمْ لأَفْتِنَنَّهُ، فَتَعَرَّضَتْ لَهُ، فَلَمْ يَلْتَفِتْ إِلَيْهَا، فَأَتَتْ رَاعِياً كَانَ يَأَوِي إِلَى صَوْمَعَتِهِ، فَأَمْكَنَتْهُ مِنْ نَفْسِهَا فَوقَعَ عَلَيْهَا، فَحَمَلَتْ، فَلَمَّا وَلَدَتْ قَالَتْ: هُوَ مِنْ جُرَيْجٍ، فَأَتَوْهُ فَاسْتَنْزَلُوهُ وَهَدَمُوا صَوْمَعَتَهُ، وَجَعَلُوا يَضْرِبُونَهُ، فَقَالَ: مَا شَأْنُكُمْ؟ قَالُوا: زَنَيْتَ بِهَذِهِ الْبَغِيِّ فَولَدتْ مِنْكَ. قَالَ: أَيْنَ الصَّبِيُّ؟ فَجَاؤُوا بِهِ، فَقَالَ: دَعُونِي حَتَّى أُصَلِّيَ فَصَلَّى، فَلَمَّا انْصَرَفَ أَتَى الصَّبِيَّ فَطَعَنَ فِي بَطْنِهِ وَقَالَ: يَا غُلَامُ مَنْ أَبُوكَ؟ قَالَ: فُلَانٌ الرَّاعِي، فَأَقْبَلُوا عَلَى جُرَيْجٍ يُقَبِّلُونَهُ وَيَتَمَسَّحُونَ بِهِ وَقَالُوا: نَبْنِي لَكَ صَوْمَعَتَكَ مِنْ ذَهَبٍ، قَالَ: لَا، أَعِيدُوهَا مِنْ طِينٍ كَمَا كَانَتْ، فَفَعَلُوا.
وَبَيْنَا صَبِيٌّ يَرْضَعُ مِنْ أُمِّهِ فَمَرَّ رَجُلٌ رَاكِبٌ عَلَى دابَّةٍ فَارِهَةٍ وَشَارَةٍ حَسَنَةٍ فَقَالَتْ أُمُّهُ: اللَّهُمَّ؛ اجْعَلْ ابْنِي مِثْلَ هَذَا، فَتَرَكَ الثَّدْيَ وَأَقْبَلَ إِلَيْهِ، فَنَظَرَ إِلَيْهِ فَقَالَ: اللَّهُمَّ؛ لَا تَجْعَلْنِي مِثْلَهُ، ثُمَّ أَقَبَلَ عَلَى ثَدْيِهِ فَجَعَلَ يَرْتَضِعُ» (فَكَأَنِّي أَنْظُرُ إِلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ وَهُوَ يَحْكِي ارْتِضَاعَهُ بِأُصْبُعِه السَّبَّابَةَ فِي فِيهِ، فَجَعَلَ يَمُصُّهَا، ثُمَّ) قَالَ: «وَمَرُّوا بِجَارِيَةٍ وَهُمْ يَضْرِبُونَهَا، وَيَقُولُونَ: زَنَيْتِ سَرَقْتِ، وَهِيَ تَقُولُ: حَسْبِيَ اللهُ وَنِعْمَ الْوَكِيلُ. فَقَالَتْ أُمُّهُ: اللَّهُمَّ لَا تَجْعَلْ ابْنِي مِثْلَهَا، فَتَرَكَ الرَّضَاعَ وَنَظَرَ إِلَيْهَا فَقَالَ: اللَّهُمَّ؛ اجْعَلْنِي مِثْلَهَا، فَهُنَالِكَ تَرَاجَعَا الحَدِيثَ، فَقَالَتْ: مَرَّ رَجُلٌ حَسَنُ الهَيْئَةِ فَقُلْتُ: اللَّهُمَّ؛ اجْعَلْ ابْنِي مِثْلَهُ فَقُلْتَ: اللَّهُمَّ؛ لَا تَجْعَلْنِي مِثْلَهُ!! وَمَرُّوا بِهَذِهِ الأَمَةِ وَهُمْ يَضْرِبُونَهَا وَيَقُولُونَ: زَنَيْتِ سَرَقْتِ، فَقُلْتُ: اللَّهُمَّ؛ لَا تَجْعَلِ ابْنِي مِثْلَهَا، فَقُلْتَ: اللَّهُمَّ؛ اجْعَلْنِي مِثْلَهَا!! قَالَ: إِنَّ ذَلِكَ الرَّجُلَ كَانَ جَبَّاراً فَقُلْتُ: اللَّهُمَّ؛ لَا تَجْعَلْنِي مِثْلَهُ، وَإِنَّ هَذِهِ يَقُولُونَ: زَنَيْتِ، وَلَمْ تَزْنِ، وَسَرَقْتِ، وَلَمْ تَسْرِقْ، فَقُلْتُ: اللَّهُمَّ؛ اجْعَلْنِي مِثْلَهَا». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 3436، م 2550/8]
و«الْمُومِسَاتُ»: بِضَمِّ الْمِيمِ الأُولَى، وَإِسْكَانِ الوَاوِ وَكَسْرِ الْمِيمِ الثَّانِيَةِ وَبِالسِّينِ الْمُهْمَلَةِ وَهُنَّ: الزَّوَانِي، وَالْمُومِسَةُ: الزَّانِيَةُ. وَقَولُهُ: «دَابَّةٌ فَارِهَةٌ» بِالْفَاءِ؛ أَيْ: حَاذِقَةٌ نَفِيسَةٌ. وَ«الشَّارَةُ» بِالشِّينِ الْمُعْجَمَةِ وَتَخْفيفِ الرَّاءِ، وَهِيَ: الجَمَالُ الظَّاهِرُ فِي الهَيْئَةِ وَالْمَلْبَسِ، وَمَعْنَى: «ترَاجَعَا الحَدِيثَ» أَيْ: حَدَّثَتِ الصَّبِيَّ وَحَدَّثَهَا، وَاللهُ أَعْلَمُ.