46-боб. Аллоҳ таоло йўлида яхши кўришнинг ва унга тарғиб этишнинг фазилати ҳамда кишининг бошқани яхши кўрганини билдириб қўйиши ва билдирган пайтда айтиладиган нарса ҳақида
Аллоҳ таоло: «Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбаридир. У билан бирга бўлган (мўмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминлар билан) эса раҳм-шафқатлидирлар...» (Фатҳ сураси, 29-оят); «Улардан (муҳожирлардан) илгари (Мадина) диёрига ўрнашган ва иймон-эътиқодни (маҳкам ушлаган) зотлар (ансорлар) эса ўзлари (нинг ёнлари)га ҳижрат қилиб келган кишиларни суярлар» (Ҳашр сураси, 9-оят), деб айтган.
46- بَابُ فَضْلِ الحُبِّ فِي اللهِ تَعَالَى وَالحَثِّ عَلَيهِ وَإِعْلَامِ الرَّجُلِ مَنْ يُحِبُّهُ أَنَّهُ يُحِبُّهُ، وَمَاذَا يَقُولُ لَهُ إِذَا أَعْلَمَهُ
قَالَ اللهُ تَعَالَى: {مُحَمَّدٌ رَسُولُ اللهِ، وَالَّذِينَ مَعَهُ أَشِدَّاءُ عَلَى الكُفَّارِ رُحَمَاءُ بَيْنَهُمْ} إِلَى آخِرِ السُّورَةِ.
وَقَالَ تَعَالَى: {وَالَّذِينَ تَبَوَّءُوا الدَّارَ وَالإيْمَانَ مِنْ قَبْلِهِمْ يُحِبُّونَ مَنْ هَاجَرَ إِلَيهِمْ}.
383. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
«Уч нарса борки, улар кимда бўлса, у иймон ҳаловатини топади: Аллоҳ ва Унинг Расули унга бошқа ҳамма нарсадан севимли бўлиши, бир кишини фақат Аллоҳ учун яхши кўриш ва куфрга қайтишни ўтга ташланишни ёқтирмагандек ёқтирмаслик».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Ушбу ҳадисда Исломнинг энг асл тушунчаларидан бири, комил иймон ҳаловатини қайси йўл билан топиш мумкин экани баён қилинмоқда. Чунки иймон ҳаловатини топиш оддий ҳол эмас. «Ҳаловат» сўзи, «ҳолва»дан олинган бўлиб, «ширинлик» маъносини англатади. Асли моддий маънода ишлатиладиган бу сўз бу ерда истиора ила маънавий маънода келмоқда.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сўз бошида:
«Уч нарса борки, улар кимда бўлса, Иймон ҳаловатини топади», деб эшитувчини қизиқтириб олмоқдалар. Иймон ҳаловати ҳаммани қизиқтирадиган нарса. Ҳамма «қандоқ қилиб, иймон ҳаловатини топса бўлар экан?» деб юради. Иймон ҳаловатини уч нарса билан топиш мумкинлигини эълон қилиш эса, ҳамманинг эътиборини ўзига тортиши турган гап. Эътиборни жалб қилиб олингандан сўнг эса, ўша уч нарсани баён қилиш бошланади:
1. «Аллоҳ ва Унинг Расули унинг учун икковларидан ўзга ҳамма нарсадан маҳбуб бўлмоқлари».
Комил иймонга эга бўламан, иймон ҳаловатини топаман, деган одам Аллоҳ таолони ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳаммадан кўп севмоғи лозим. Зотан, бусиз иймон бўлиши ҳам мумкин эмас. Хўш, Аллоҳ ва Унинг Расулини севиш нима билан бўлади? Бу борадаги муҳаббатни қандоқ тушунмоқ керак? Уламоларимизнинг бу саволга берган жавобларидаги иборалари турлича бўлса ҳам маъноси бирдир. У ҳам бўлса, Аллоҳга муҳаббат унинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтишдир. Аллоҳ яхши кўрган нарсани яхши кўриб, Аллоҳ ёмон кўрган нарсани ёмон кўришдир. Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат ҳам у зотнинг шариатлари ва суннатларини лозим тутмоқдан иборатдир.
2. «Бир кишига фақат Аллоҳ учунгина муҳаббат қилмоғи».
Мўмин-мусулмонлар орасидаги муҳаббат Аллоҳ учун бўлгандагина улар комил иймон ҳаловатини топадилар. Бу муҳаббат икки томоннинг Аллоҳга бўлган муҳаббатидан келиб чиққан муборак муҳаббатдир. Чунки уларни биродар қилган, дўстлаштирган Зот Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Шунинг учун ҳам мўминларнинг ўзаро муҳаббатлари Аллоҳ учун бўлмоғи лозим. Дунё ва унинг матоҳлари учун бўлган муҳаббат орқали ҳеч қачон иймон ҳаловатини топиб бўлмайди.
3. «Куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши».
Зотан, куфрга қайтиш оловга ташланиш демакдир. Демак, иймон ҳаловатини топиш учун фақат бир тарафлама ҳаракат кифоя қилмас экан. Муҳаббат қилиш билан бир қаторда, нафрат қилишни ҳам, ўзини тийишни ҳам жойига қўйиш керак экан. Куфр ва унга олиб борувчи нарсалар мўмин киши учун унга яқинлашганда куйдирадиган олов каби қўрқинчли ва ёқимсиз нарса бўлиши керак. Мўмин киши катта-кичик куфрга тегишли ҳар бир нарсадан худди ёниб турган даҳшатли оловдан қўрққандек қўрқиши, унга тушишдан сақланганидек сақланиши лозим.
383 - وَعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «ثَلَاثٌ مَنْ كُنَّ فِيهِ وَجَدَ بِهِنَّ حَلَاوَةَ الإِيْمَانِ: أَنْ يَكُونَ اللهُ وَرَسُولُهُ أَحَبَّ إِلَيْهِ مِمَّا سِوَاهُمَا، وأَنْ يُحِبَّ الْمَرْءَ لَا يُحِبُّهُ إِلَّا للهِ، وَأَنْ يَكْرَهَ أَنْ يَعُودَ فِي الكُفْرِ بَعْدَ أَنْ أَنْقَذَهُ اللهُ مِنْهُ كَمَا يَكْرَهُ أَنْ يُقْذَفَ في النَّارِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 16، م 43].
384. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Етти киши борки, Ўз соясидан бошқа соя бўлмайдиган кунда уларни Аллоҳ Ўз соясига олади; одил раҳбар; Аллоҳ азза ва жалланинг ибодатида улғайган йигит; қалби масжидларга боғлиқ киши; Аллоҳ йўлида бир-бирини яхши кўрган икки киши, улар Аллоҳ йўлида жам бўлиб, Унинг йўлида ажраладилар; баобрў ва гўзал аёл ўзига чорлаганда «Мен Аллоҳдан қўрқаман», деган киши; ўнг қўли инфоқ қилганини чап қўли билмайдиган даражада махфий садақа қилган киши». Бир киши холи ҳолда Аллоҳни эслаганида, кўзидан ёш оқса», дедилар.
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: «Аллоҳнинг сояси» деган жумланинг маъноси ҳақида У Зот қиёмат куни мазкур бандалари учун махсус яратадиган соя, У Зотнинг ҳимоясида бўлиш, Аршнинг сояси ва жаннатнинг сояси деган фикрлар айтилган.
Аллоҳнинг соясидан ўзга соя йўқ кун – Қиёмат куни.
Қиёмат куни шиддатли иссиқ бўлиб, ҳамма ўзи учун соя излаб қолади. Ўшанда Аллоҳнинг соясидан ўзга соя бўлмайди. Аллоҳнинг соясига эса ҳамма ҳам ўзини ола билмайди. Аллоҳ хоҳлаган бандаларинигина Ўз соясига олур.
Ушбу ҳадисда ўша даҳшатли Қиёмат кунида Аллоҳ Ўз соясига оладиганлардан етти тоифанинг зикри келмоқда:
1. «Одил имом (раҳбар)».
Намозда имом бўлган киши имом дейилиши ҳаммага маълум. Исломий истилоҳда намознинг имомлиги кичик имомлик, дейилади. Катта имомлик эса, Ислом давлати бошлиғи ҳисобланади.
Ўз навбатида, Ислом динида имомнинг ҳам, ҳокимнинг ҳам адолатли бўлиши талаб қилинади. Айниқса, ҳукмдорлар ҳар ишда адолатли бўлишига тарғиб этиладилар.
Ушбу ҳадис ҳам ўша тарғиблардан бир намунадир. Адолат ила ҳукм юритган мусулмон ҳукмдор Қиёмат куни, Аллоҳнинг соясидан бошқа соя бўлмаган пайтда, Аллоҳ Ўз соясига оладиган бахтиёр кишилардан бўлиши таъкидланмоқда.
Бу давлат бошлиғидан ташқари ҳар бир мусулмон жамоага бошлиқ бўлган шахсга ҳам тегишлидир. Кишилар ҳаётида раҳбарнинг тутган ўрни муҳимлигидан ҳам етти тоифа ичидан биринчи бўлиб, одил имом зикр қилинмоқда.
ҳукмдор одил бўлса, табиийки, жамиятда золимлар, жиноятчилар, ёмонларга ўрин қолмайди. Имоми одил бўлган жамиятда тинчлик, омонлик, яхшилик ҳукм суради.
2. «Ўз Роббиси ибодатида ўсган ёш йигит».
Инсоннинг ёшлигида қилган тоат-ибодати алоҳида таҳсинга сазовор. Қариб, ҳеч нарсага ярамай қолганида, ноилож ўзини ибодатга уриш бир бошқа, ёшлик ғурурини енгиб, турли орзу-ҳавас ва шаҳватларни, ҳавойи нафсни енгиб, тоат-ибодатни мукаммал қилиш бир бошқа! Асли ана шу ҳақиқий қаҳрамонликдир.
Асл тақводор, асл парҳезкор киши ёшликдан ҳалол ва тоат-ибодат ила ўсган одамдир. Ўшлигида қилганини қилиб олиб, қариганда сўфий одам бўлганларнинг тақвоси ямоқ тушган чопонга ўхшайди.
Шунинг учун ҳам Исломда ёшликдан тоат-ибодат билан улғайишга катта аҳамият берилади. Болаларни балоғатга етмай туриб ибодатга ўргатиш тарғиб қилинади.
Ушбу ҳадиси шарифда ёшлигидан Аллоҳнинг ибодати ила вояга етган кишиларга қиёмат куни Аллоҳнинг соясидан жой ваъда қилиниши ҳам бежиз эмас.
Демак, Қиёмат куни – Аллоҳнинг соясидан бошқа соя йўқ куни, Аллоҳ таолонинг соясидан жой олишни хоҳлаганлар ёшликдан, Аллоҳнинг ибодатини канда қилмай борсинлар. Ота-оналар фарзандларига яхшиликни раво кўрсалар, уларни ёшликдан Аллоҳнинг ибодатида ўстирсинлар.
3. «Қалби масжидга боғлиқ киши».
Ушбу ҳадиси шарифнинг бу ерда келтиришдан муддао ҳам шу жумла туфайлидир. Бунда масжидларга кўнгли боғлиқ бўлиш қанчалар фазилатли экани баён қилинмоқда. Кўнгли масжидларга боғлиқ бўлиш асли қалбда масжидларга муҳаббати ётишидандир. Бундоқ одам доимо масжиддан қолмайди, унда ибодат қилиш билан ҳаёт кечиради ва шу ишқ билан юради. Бир марта бориб намозини ўқиб чиққандан кейин янаги намозга интизор бўлиб туради.
Ана шундоқ одам катта шарафга эга бўлади. Қиёмат куни – Аллоҳнинг соясидан бошқа соя қолмаган кунда Аллоҳ таолонинг соясидан паноҳ топиш бахтига муяссар бўлади!
Бу бахтга эришиш учун масжидларга қалб боғланса, бас! Доимо жамоат намозларига қатнаб турилса, бас! Ушбу ҳадиси шарифга биноан, Аллоҳ таоло ундоқ кишини, албатта, Қиёмат куни Ўз соясига олади.
4. «Аллоҳ йўлида бир-бирига муҳаббат қўйиб, Аллоҳ учун жам бўлиб, Аллоҳ учун ажрашадиган икки киши».
Дунёда кишилар турли нарсалар юзасидан ўзаро муҳаббат, дўстлик-биродарлик боғлайдилар. Кимлардир шахсий манфаат юзасидан, кимлардир иш, ҳизб, молу дунё юзасидан дўст бўладилар.
Аммо Исломда ҳақиқий биродарлик, ўзаро муҳаббат Аллоҳ учун бўлади.
Мусулмон киши ўз биродарига Аллоҳ учун муҳаббат қўяди. Аллоҳ розилигини истаб, унга кўмак беради, яхшилик соғинади, биродар тутинади.
Мусулмон киши ўз биродарини Аллоҳ учун севади, Аллоҳ учун ҳурмат қилади, Аллоҳ учун қадрлайди. У билан бўладиган ҳар бир иш Аллоҳ учун бўлади.
У ўз биродари билан Аллоҳ учун жам бўлиб, Аллоҳ учун ажрашади. Агар икки мусулмон ана ўша ҳолатда бир-бирига муҳаббат қилса, уларнинг бу муҳаббатлари охиратда улкан бахтга эриштиради. Қиёмат куни уларнинг ҳар иккиси ҳам Аллоҳ таоло соясидан паноҳ топишга муяссар бўлади.
Шунинг учун ҳам биз мусулмон кишилар ўзаро Аллоҳ учун муҳаббат қилишга одатланишимиз керак. Бир-биримиз билан Аллоҳ учун жам бўлиб, Аллоҳ учун ажрашишимиз лозим.
5. «Мансаб ва ҳусн-жамол эгаси бўлган аёл ўзига чақирганда, мен Аллоҳдан қўрқаман, деган одам».
Аллоҳ таолодан қўрқиб ўз шаҳватидан кечиш улкан фазилат. Гуноҳ ишдан қўрқиб, ўзини четга олиш, охират азобидан чўчиб, ўзининг оний лаззатидан кечиш катта жасорат. Аллоҳ таоло бундоқ бандани муносиб равишда мукофотлайди. Мансаб ва ҳусн-жамол эгаси бўлган аёл ўзи чақириб турганида, фақат Аллоҳ таолодан қўрқиб, уни рад этиш улкан қаҳрамонликдир.
Аллоҳ таоло Ўзи учун кечилган оний лаззатни жаннатдаги доимий ҳалол лаззат билан алмаштиради. Бунинг учун, аввало, мазкур қаҳрамонликни қилган одамни қиёмат куни Ўз соясига олади.
Биз мусулмонлар бундай мардликка ҳамиша тайёр туришимиз керак, ёшларимизни ҳам шу руҳда тарбиялашимиз лозим.
6. «Садақани махфий қилиб, ҳатто чап қўли ўнг қўли қилган садақани билмай қолган одам».
Исломда хайр-садақа қилишга, шу йўл билан бева-бечора, етим-есирларга иқтисодий ёрдам беришга қаттиқ тарғиб қилинади. Шу билан бирга, садақанинг махфий бўлиши марғуб саналади. Ана ўшанда садақа риёдан ҳоли бўлади. Энг муҳими, садақани олаётган киши хижолат бўлмайди, садақа Аллоҳ таолонинг розилиги учунгина бўлади.
Шу маънода садақани махфий қилиш афзал саналади. ҳадиси шарифда бу маъно ажойиб услуб ила баён қилинмоқда, чап қўли ўнг қўли берганини билмай қоладиган одам, дейилмоқда. Бу эса садақа қанчалик махфий бўлса, шунчалик яхши эканига далолат.
Аввалги пайтларда мусулмонлар шундоқ қилганлар. Мискинлар, камбағаллар, бева-бечоралар ўзларига қилинган хайр-садақадан хурсанд бўлиб, Аллоҳга шукр айтганлар, садақа берганларни эса, Аллоҳ уларга ҳам ажрини берсин, деб дуо қилганлар. Чунки ким садақа қилганини била олмас эдилар.
Бизлар ҳам ана ўшандоқ бўлишга ҳаракат қилишимиз керак. Хайр-садақа Аллоҳ учун бўлганидан кейин, у ҳар қанча махфий қилинса ҳам Аллоҳ билиб олаверади. Ушбу ҳадиси шарифга қараганда Аллоҳ таоло садақанинг махфийини яхши кўради. Махфий садақанинг мукофоти ҳам улкан бўлади. Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг соясидан паноҳ топилади. Ана шу бахтга муяссар бўлай, деган киши садақани ўта махфий қилишга ҳаракат этсин. Бу махфийлик чап қўли ўнг қўли қилган садақани билмай қоладиган даражада бўлса, яна ҳам яхши.
7. «Аллоҳни ҳоли қолиб эслаганида кўзидан ёш оққан одам».
Бу ерда тақводорлик риёкорликдан ҳоли бўлиши ҳақида сўз бормоқда. Кишилар кўзига тақводор бўлиб кўриниш жуда ҳам осон. Кўпчилик олдида Аллоҳни эслаб кўзидан дув-дув ёш тўкадиганлар оз эмас. Лекин ҳақиқий тақводор ёлғиз ўзи қолганда Аллоҳдан қўрқиб кўзидан ёш тўкадиган одамдир. Ана ўшандоқ даражага етган одамгина ҳақиқий тақводор ҳисобланади. Ана ўшандоқ даражага етган одамгина Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг соясидан паноҳ топиш бахтига муяссар бўлади. Аллоҳ таоло бизларни ҳам ўшандоқ бандалар қаторида қилсин ва ҳадиси шарифда зикр этилган сифатларга соҳиб бўлишимизни насиб айласин.
384 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «سَبْعَةٌ يُظِلُّهُمُ اللهُ فِي ظِلِّهِ يَوْمَ لَا ظِلَّ إِلَّا ظِلُّهُ: إِمَامٌ عَادِلٌ، وَشَابٌّ نَشَأَ فِي عِبَادَةِ اللهِ عَزَّ وَجلَّ، وَرَجُلٌ قَلْبُهُ مَعَلَّقٌ بِالْمَسَاجِدِ، ورَجُلَانِ تَحَابَّا فِي اللهِ؛ اجْتَمَعَا عَلَيْهِ، وَتَفَرَّقَا عَلَيْهِ، وَرَجُلٌ دَعَتْهُ امْرَأَةٌ ذَاتُ مَنْصِبٍ وَجَمَالٍ فَقَالَ: إِنِّي أَخَافُ اللهَ، وَرَجُلٌ تَصَدَّقَ بِصَدَقَةٍ، فَأَخْفَاهَا حَتَّى لَا تَعْلَمَ شِمَالُهُ مَا تُنْفِقُ يَمِينُهُ، وَرَجُلٌ ذَكَرَ اللهَ تَعَالَى خَالِياً فَفَاضَتْ عَيْنَاهُ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 660، م 1031].
385. У кишидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳ Қиёмат куни шундай дейди: «Жалолим учун бир-бирини яхши кўрганлар қани? Бугун Ўз соямдан ўзга соя йўқ кунда уларни Ўз соямда соялантираман», дейди».
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Албатта, Аллоҳнинг жалоли ила муҳаббат қилишганлар фақатгина яхши йўлда бўлурлар. Шунинг учун ҳам улар қиёмат куни мазкур олий мақомларга сазовор бўлурлар. Шунинг учун мўмин-мусулмонлар бир-бирларига фақат Аллоҳ таоло учун муҳаббат қилмоқлари ва ўша муҳаббатга лойиқ бўлиб яшамоқлари лозим.
385 - وَعَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «إِنَّ اللهَ تَعَالَى يَقُولُ يَوْمَ الْقِيَامةِ: أَيْنَ الْمُتَحَابُّونَ بِجَلَالِي؟ الْيَوْمَ أُظِلُّهُمْ فِي ظِلِّي يَومَ لَا ظِلَّ إِلَّا ظِلِّي». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [2566]
386. Яна у кишидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
«Жоним Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, иймон келтирмагунингизча жаннатга кирмайсиз. Бир-бирингизни яхши кўрмагунингизча иймон келтирмайсиз. Сизларга бир нарсани ўргатайми? Агар уни қилсангиз, ўзаро муҳаббатли бўласиз: ораларингизда саломни ёйинглар!»
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Инсонларга нисбатан меҳр-муҳаббатли бўлиш гўзал амаллардандир. Бу ҳақида кўплаб ҳадислар нақл қилинган.
Ҳадис шарҳида Имом Нававий: “Фақат ўзаро меҳр-муҳаббат сабаб ҳолингиз яхшиланади, иймонингиз комил бўлади”, — дейдилар. Иймонимиз комил бўлиши, ҳолатимиз яхшиланиши ўзаро меҳр-муҳаббатга боғлиқ экан, шунга ҳаракат қилишимиз керак. Албатта, инсон меҳр-муҳаббат билан тирикдир.
Инсонларни бир-бирига яқинлаштирадиган, гўзал хислатлар борки, улардан бири кечиримлилик, гина сақламасликдир. Аллоҳ таоло “Нур” сурасининг 22-оятида марҳамат қилган: “… балки уларни афв қилиб, кечирсинлар! Аллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизми?! Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган самимий муҳаббат туфайли мусулмонлар жамияти барпо қилинди. Бунга ўхшаш нарса тарихда ҳеч қачон учрамаган. Унинг ажойиб жипслигини (бирдамлигини, иноқлигини) қуйидаги сўзлар билан тавсифлади: “Мўминлар ўзаро муносабатларда айрим қисмлари бир-бирини мустаҳкамлайдиган иншоотга ўхшайдилар” (Бухорий, Муслим). Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мўминлар бир-бирларига муҳаббат, меҳр ва ҳамдардликда бир танага ўхшайдилар: унинг бир қисмига дард тегса, бунга жавобан бутун тана уйқусиз бўлиб, иситмалайди” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Исломнинг барча арконлари мусулмонларнинг бирлигини мустаҳкамлашга қаратилган: намоз, закот, рўза ва ҳаж. Намоз – Аллоҳ таолога ибодат қилиш асосидир. Келиб чиқиши, тили, ирқи, минталитетининг турли хиллигига қарамай барча мусулмонлар бир хил ибодат қилишади. Бу эса уларнинг бирлигини ифода этади. Бунинг устига, фарз намозлари бир кунда бир неча маротаба жамоат билан елкама-елка туриб адо қилинади. Масжидларда ягона мақсад учун учрашиб туришади. Бойлиги нисобга етганлар кам таъминланган фақир ва мискинларга закот бериши фарз қилинган. Бу улар орасидаги алоқаларни янада кучайтиради. Рўза ибодати молиявий таъминланган мусулмонларни муҳтож биродарларининг ҳолатига туширади. Бу икки тоифани тенг мақомга қўяркан, уларни бир бирларини қўллашга ундайди. Ҳаж ер юзидаги барча мусулмонларни бирлаштиради. Уларнинг бир хил кийимда бўлиши, Аллоҳ олдида тенг эканининг рамзи бўлади.
Шундай қилиб, Ислом Умматининг бирлиги – шариатнинг муҳим мақсадидир. Буни амалга ошириш учун ким бўлишидан қатъий назар, барча мусулмонлар шунга қараб ҳаракат қилишлари керак.
386 - وَعَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «وَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ؛ لَا تَدْخُلُوا الجَنَّةَ حَتَّى تُؤْمِنُوا، وَلَا تُؤْمِنُوا حَتَّى تَحَابُّوا، أَوَلَا أَدُلُّكُمْ عَلَى شَيْءٍ إِذَا فَعَلْتُمُوهُ تَحَابَبْتُمْ؟ أَفْشُوا السَّلَامَ بَيْنَكُمْ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [54/94].
387. Яна у кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтиб бердилар: «Бир киши бошқа қишлоқдаги биродарини кўришга борди. Аллоҳ унинг йўлига бир фариштани мунтазир қилиб қўйди... (деб ҳадисни): «Сен уни Аллоҳ учун яхши кўрганингдек, Аллоҳ ҳам сени яхши кўрди», деган жойгача зикр қилди».
Имом Муслим ривояти.
Ушбу ҳадис олдинги бобда 368-рақам остида таржима ва шарҳи билан келтирилган.
387 - وَعَنْهُ رَضِيَ اللهُ عَنهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «أَنَّ رَجُلًا زَارَ أَخاً لَهُ فِي قَرْيَةٍ أُخْرَى، فَأَرْصَدَ اللهُ لَهُ عَلَى مَدْرَجَتِهِ مَلَكاً...» وَذَكَرَ الحَدِيثَ إِلَى قَولِهِ: «إِنَّ اللهَ قَدْ أَحَبَّكَ كَمَا أَحْبَبْتَهُ فِيهِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2567].
وَقَدْ سَبَقَ بِالبَابِ قَبْلَهُ [برقم 368].
388. Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорлар ҳақида шундай дедилар: «Уларни фақат мўмин одам яхши кўради. Уларни фақат мунофиқ кимса ёмон кўради. Ким уларни яхши кўрса, Аллоҳ ҳам уни яхши кўради. Ким уларни ёмон кўрса, Аллоҳ ҳам уни ёмон кўради».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Нафс ҳақ ишни қилиб, ҳақ йўлда юрганни яхши кўрадиган қилиб яратилган. Шунинг учун ҳам мўминларнинг нафслари саҳобаларнинг муҳаббати билан тўлади. Агар улар бўлмаганларида эди, дин бизгача етиб келмаган бўларди. Улар ўз қонларини, жонларини, молларини шу дин ривожи учун фидо қилдилар. Шунинг учун уларни яхши кўриш иймон аломати, уларни ёмон кўриш нифоқ аломатидир. Бу муҳаббат шариатнинг талаби ҳамдир.
Набий алайҳиссалом: “Иймоннинг энг мустаҳкам боғичи Аллоҳ учун яхши кўриш ва Аллоҳ учун ёмон кўришдир” дедилар.
(Абу Довуд Таёлисий “Муснад”да ривоят қилган).
Демак, нифоқдан сақланиш саҳобаларни яхши кўриш билан ҳам бўлар экан. Бу муҳаббат муҳожирларни ҳам, ансорларни ҳам ўз ичига олади.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Иймоннинг аломати ансорларни яхши кўриш ва нифоқнинг аломати ансорларни ёмон кўришдир”. Муттафақун алайҳ.
Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ бу ҳадиснинг шарҳида шундай дейдилар: “Бу ерда уларни ёмон кўришдан огоҳлантириш ва уларни яхши кўришга тарғиб келди. Ҳатто Пайғамбар алайҳиссалом уларнинг фазилатлари буюклигини, қилган ишлари улуғлигини билдириш учун буни иймон ва нифоқнинг аломати қилдилар. Улар билан шерик бўлганларнинг ҳаммалари ушбу фазлда ҳам шерикдирлар. Барчалари ўз адолати билан танилган эдилар. Ансорлар ҳақида жорий бўлган нарса бошқа барча саҳобалар ҳақида ҳам жорийдир”.
Баъзи саҳобалар ҳақида хос ривоятлар ҳам келган. Масалан, Набий алайҳиссалом Али розияллоҳу анҳу ҳақларида шундай деганлар: “Сени фақат мўмин киши яхши кўради. Сени фақат мунофиқ кимса ёмон кўради”.
(Термизий, Насоий ва бошқалар ривоят қилишган).
Бу ҳадисда у зотни яхши кўришга тарғиб, ёмон кўришдан қайтариқ бор. Нифоқдан қутулай деган киши барча саҳобаларни, жумладан, Али розияллоҳу анҳуни ҳам яхши кўриши, уларни ёмон кўришдан эҳтиёт бўлиши керак экан.
Агар мўмин банда мунофиқлар борасида келган ояту ҳадисларни кўз олдига келтирса, Аллоҳ уларга тарйёрлаб қўйган бу дунёдаги шармандалик, қабрдаги қийноқлар ва охиратдаги азобларни, Аллоҳнинг раҳматидан мосуво бўлишларини, дўзахда абадий қолишларини кўз олдига келтирса, уларнинг йўлларини ва ишларини ёмон кўрадиган бўлиб қолади. Шунда Аллоҳ уларни мунофиқларнинг ёмонлигидан ҳимоя қилади, мунофиқликдан паноҳ беради. Агар кичик нифоқ (амалий нифоқ) кишини иймонидан айирмаса ҳам, уни ислом миллатидан чиқармаса ҳам, иймон заифлигига очиқ-ойдин далил ҳисобланади. Охири бориб у катта нифоқ (эътиқодий нифоқ)қа олиб боради.
388 - وَعَنِ البَرَاءِ بْنِ عَازِبٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ قَالَ فِي الأَنْصَارِ: «لَا يُحِبُّهُمْ إِلَّا مُؤمِنٌ، وَلَا يُبْغِضُهُمْ إِلَّا مُنَافِقٌ، مَنْ أَحَبَّهُمْ أَحَبَّهُ اللهُ، وَمَنْ أَبْغَضَهُمْ أَبْغَضَهُ اللهُ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 3783، م 75].
389. Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни:
«Аллоҳ таоло: «Менинг азаматим учун бир-бирларини дўст тутгувчиларга нурдан бўлган минбарлар берилади. Уни кўрган набийлар ва шаҳидлар ҳавас қилишади», деди», деганларини эшитдим».
Имом Термизий ривоят қилиб, ҳасан, саҳиҳ ҳадис, дедилар.
Шарҳ: Ислом дини инсонларни доимо бир-бири билан дўстлашишга, ўзаро фикр алмашишга ва маслаҳатга, аҳиллик ила бирдамликка чақириб келган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам жудаям кўп ҳадисларида Аллоҳ учун бир-бирини яхши кўриш, Аллоҳнинг розилиги учун дўстлашишга қаттиқ тарғиб қилганлар ва айнан шундай дўстликни ихтиёр қилганларга гўзал хушхабарлар берганлар.
“У кунда тақволилардан ўзга дўстлар бир-бирларига душмандирлар”. (Зухруф сураси, 67-оят).
Ибн Касир тафсирида юқоридаги оятни қуйидагича шарҳлайди:
Бу Қиёмат куни Аллоҳ розилиги учун бўлмаган дўстлик ва дўстлик адоватга айланади, деганидир. Аксинча, Аллоҳга ишонишга асосланган дўстлик абадий бўлади. Иброҳим алайҳиссалом шундай деган:
(Иброҳим) айтди: «Сизлар фақат дунё ҳаётидаги ўзаро дўстлашишингизни кўзлаб, Аллоҳни қўйиб, бутларни тутдингизлар. Сўнгра қиёмат кунида баъзиларингиз (пешволарингиз) баъзиларингиздан (эргашувчилардан) тонур, баъзиларингиз баъзиларингизни лаънатлар. Борар жойингиз дўзахдир. (У жойда) сизлар учун ёрдам берувчилар йўқдир!»
(Анкабут сураси, 25-оят)
Ибн Аббос ва Мужоҳид қилган ҳадиси шарифда:
«Қиёмат куни дўстлар, агар улар худодан қўрқмасалар, душман бўлишади», дейилган.
Шунингдек, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар икки киши бир-бирларини Аллоҳ розилиги учун яхши кўрсалар ва улардан бири шарқда, бошқаси ғарбда бўлса, унда Аллоҳ қиёмат куни уларни учраштиради ва дейди: "Бу бандам Менинг йўлимда яхши кўрган эди».
Мўминларнинг Аллоҳ йўлида бир-бирларини яхши кўришлари шунчалик муҳим бўлмаганида, Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларида: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, иймон келтирмагунингизча жаннатга кира олмайсиз. Ва бир-бирларингизга муҳаббат қилмагунингизча мўмин бўла олмайсиз”, (Имом Муслим) дея Аллоҳ йўлидаги дўстликни мўминликка ҳужжат қилиб қасам ичмас эдилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули! Улар кимлар эканининг хабарини бизга айтасизми?» дейишди. «Улар ўзлари қариндош бўлмасалар ҳам, ораларида молиявий олди-бердилари бўлмаса ҳам, Аллоҳнинг руҳи учун бир-бирларини яхши кўрган қавмлардир. Аллоҳга қасамки, албатта, уларнинг юзлари нурдир. Улар нурдадирлар. Одамлар хавфда бўлганларида улар хавфда бўлмаслар. Одамлар маҳзун бўлганларида улар маҳзун бўлмаслар. Огоҳ бўлинглар. Аллоҳнинг авлиёларига хавф бўлмас ва улар маҳзун ҳам бўлмаслар», дедилар».
Аллоҳ барчамизни бу фоний дунёда Ўзининг йўлида яхши кўрадиган мўминлардан этсин!
389 - وَعَنْ مُعَاذٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: قَالَ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ: الْمُتَحَابُّونَ فِي جَلَالِي، لَهُمْ مَنَابِرُ مِنْ نُورٍ، يَغْبِطُهُمْ النَّبِيُّونَ وَالشُّهَدَاءُ» رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ صَحِيحٌ. [2390].
«Димашқ масжидига кирсам, тишлари ярақлаган бир йигит турибди. У билан бирга ҳам одамлар ўтиришибди. Агар бирор масалада ихтилоф қилишса, бу йигитга мурожаат қилишар эди. Бу йигит нима деса, ўшани қабул этишар эди. Шунда мен бу йигит ҳақида сўрасам, «Бу Муоз ибн Жабалдир», дейишди. Эртаси кун барвақт масжидга келсам, Муоз мендан ҳам олдин келибди. Мен уни намоз ўқиётган ҳолда топдим. Намозни тугатишини кутиб турдим. Қачонки, намозини ўқиб бўлгач олд томонига ўтиб салом бердим. Ва: «Аллоҳга қасам, мен сизни яхши кўраман», дедим. Муоз: «Аллоҳ йўлида яхши кўрасанми?» дедилар. Мен: «Аллоҳ йўлида», дедим. Муоз: «Аллоҳ йўлида яхши кўрасанми?» дедилар. Мен: «Аллоҳ йўлида», дедим. Шунда у зот ридоимнинг бир томонидан ушлаб ўзига тортди-да, «Хурсандлик хабарини бергин, чунки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Аллоҳ таоло: «Менинг йўлимда бир-бирларини яхши кўрувчиларга, Менинг йўлимда мажлис қуриб ўтирувчиларга, Менинг йўлимда бир-бирларини зиёрат қилувчиларга ҳамда Менинг йўлимда пулларини сарф этувчиларга муҳаббатим вожиб бўлди», деди», деган сўзларини эшитганман», дедилар».
Имом Молик «Муватто» китобларида саҳиҳ иснод билан ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Яхши кўрувчи киши яхши кўрган кишига билдириб қўйиши.
2. Ибодатга машғул бўлиб турган киши олдига келинса, то у ибодатни тугатгунича безовта қилмаслик.
3. Бир инсонни олдига зарур иш билан борилса, у кишининг олд томонидан борсин.
4. Олим одам кишиларга бирор масалани айтганда Қуръон ёки ҳадисдан далил келтириши.
5. Сўзлашдан олдин салом бериш.
6. Аллоҳ йўлида дўстлашишнинг фазилати улкан экани.
7. Аллоҳ йўлида муҳаббат қилишнинг мевалари: ўзаро зиёрат, моддий ёрдам қўлини чўзиш ва кафиллик бўлиб, буларнинг барчаси Аллоҳ йўлида муҳаббат қилишни мустаҳкамловчи нарсалардир.
390 - وَعَنْ أَبِي إِدْرِيسَ الخَولَانِيِّ رَحِمَهُ اللهُ قَالَ: دَخَلْتُ مَسْجِدَ دِمَشْقَ؛ فَإِذَا فَتًى بَرَّاقُ الثَّنَايَا، وَإِذَا النَّاسُ مَعَهُ، فَإِذَا اخْتَلَفُوا فِي شَيءٍ أَسْنَدُوهُ إِلَيْهِ، وَصَدَرُوا عَنْ رَأْيهِ، فَسَأَلْتُ عَنْهُ، فَقِيلَ: هَذَا مُعَاذُ بْنُ جَبَلٍ، فَلَمَّا كَانَ مِنَ الْغَدِ، هَجَّرْتُ، فَوَجَدْتُهُ قَدْ سَبَقَنِي بِالتَّهْجِيرِ، وَوَجَدْتُهُ يُصَلِّي، فَانْتَظَرْتُهُ حَتَّى قَضَى صَلَاتَهُ، ثُمَّ جِئْتُهُ مِنْ قِبَلِ وَجْهِهِ، فَسَلَّمْتُ عَلَيْهِ، ثُمَّ قُلْتُ: وَاللهِ؛ إِنِّي لأُحِبُّكَ للهِ، فَقَالَ: آللهِ؟ فَقُلْتُ: أَللهِ، فَقَالَ: آللهِ؟ فَقُلْتُ: أَللهِ، فَأَخَذَني بِحَبْوَةِ رِدَائِي، فَجَبَذَني إِلَيْهِ، فَقَالَ: أَبْشِرْ، فَإِنِّي سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «قَالَ اللهُ تَعَالَى: وَجَبَتْ مَـحَبَّتِي لِلْمُتَحَابِّينَ فِيَّ، وَالْمُتَجَالِسِينَ فِيَّ، وَالْمُتَزَاوِرِينَ فيَّ، وَالْمُتَبَاذِلِينَ فِيَّ» حَدِيثٌ صَحِيحٌ رَوَاهُ مَالِكٌ فِي «الْمُوطَّإِ» بإِسْنَادِهِ الصَّحِيحِ [2/953].
قَوْلُهُ «هَجَّرْتُ» أَيْ بَكَّرْتُ، وَهُوَ بِتَشْدِيدِ الجِيْمِ.
قَولُهُ: «اللهِ فَقُلْتُ: أَللهِ» الأَوَّلُ بِهَمْزَةٍ مَمْدُودَةٍ لِلإسْتِفْهَامِ، وَالثَّانِي بِلَا مَدٍّ.
391. Абу Карима Миқдам ибн Маъдийкариб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир киши биродарини (Аллоҳ учун) яхши кўрса, яхши кўришини унга билдириб қўйсин», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривояти. Термизий ҳасан, саҳиҳ ҳадис, дедилар.
Шарҳ: Мусулмон киши биродарига бўлган муҳаббатини «Биродар, мен сизни яхши кўраман, сизга муҳаббат қўйганман» деб билдириб қўйиши керак экан. Бу иш ўша иккинчи одамни ҳам эътиборсиз юрмай, улар ўртасида ўзаро муносабатларнинг яхшиланишига сабаб бўлар экан. Натижада бутун жамият аъзолари ўртасида ўзаро меҳр-муҳаббат алоқалари мустаҳкамланиб, кенг тарқалади. Индамай юрса, муомала ҳам шунга яраша бўлади. Ҳатто аста-секин муҳаббат қўйган одамнинг ўзи ҳам биродаридан кўнгли совиб қолиши мумкин экан. Аммо кўнглидаги меҳрини изҳор қилса, бу муносабатлар икки томонлама мустаҳкамланиб, алоқалари ривожланиб кетади.
Имом Термизий келтирган ривоятда: «Қачон бир киши бошқа кишини ўзига биродар деб билса, унинг исмини, отасининг исмини ва қайси қавмдан эканини сўрасин. Бу муҳаббатни етиштиради», дейилган.
Мужоҳиддан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бири мени учратиб қолди. Орқамдан келиб, икки елкамдан тутди ва: «Аммо мен сени яхши кўраман», деди. «Сен мени нима учун яхши кўрсанг, мен ҳам сени ўша учун яхши кўраман», дедим. «Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Бир киши бошқа бир кишини яхши кўрса, уни яхши кўриши хабарини бериб қўйсин» демаганларида мен бу гапни сенга айтмас эдим», деди. Кейин менга совчилик қила бошлади. Бизнинг бир жориямиз бор. Хулқи унча яхшимас…».
Ушбу ҳадиснинг мазкур бобга тааллуқли жойи кишининг биродарига бўлган муҳаббатини изҳор қилиб қўйишидир. Шунингдек, ҳадисда аҳли солиҳ кишилар топилса, ўз ихтиёридаги аёлларга уйланишни таклиф қилиш ҳам яхши иш эканлиги айтилмоқда. Айни пайтда бу ҳадисдан келинликка номзодларнинг юқоридаги каби бирор жиҳатлари бор бўлса, буни ҳам айтиб, билдириб қўйиш лозимлигини ҳам билиб оламиз.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар икки киши бир-бирига муҳаббат қўйган бўлса, улардан афзали шеригини кўпроқ яхши кўрганидир», дедилар».
Икки мусулмон бир-бирини яхши кўради. Улардан қайси бири биродарини кўпроқ яхши кўрса, муҳаббати кучлироқ бўлса, ўша киши уларнинг афзали бўлар экан. Бу билан жамият аъзолари ўртасидаги дўстлик, биродарлик руҳини кенг тарқатиш, мустаҳкамлаш, бу борада мусобақа қилиш, ўзаро муҳаббатни кучайтиришга тарғиб қилинмоқда. Албатта, бундай тарғибот амал қилиб турган жамиятда инсонлар бир-бирларини яхши кўрадилар, адоват қилмайдилар, тинч-тотув ҳаёт кечирадилар.
391 - عَنْ أَبِي كَرِيمَةَ الْمِقْدَامِ بْنِ مَعْدِي كَرِبَ رَضِيَ الله عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِذَا أَحَبَّ الرَّجُلُ أَخَاهُ، فَلْيُخْبِرْهُ أَنَّهُ يُحِبُّهُ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ، وَالتِّرمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ صَحِيحٌ [د 5124].
392. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг қўлларимдан ушлаб, шундай дедилар: «Эй Муоз, Аллоҳга қасамки, мен сени яхши кўраман. Эй Муоз, мен сенга ҳар бир намоздан кейин «Аллоҳумма, аъинни ъалаа зикрика ва шукрика ва ҳусни ъибаадатик» дейишни канда қилмаслигингни васият қиламан».
Саҳиҳ ҳадис бўлиб, Абу Довуд ва Насаий саҳиҳ иснод билан ривоят қилишган.
Маъноси: «Эй Аллоҳим, Сени зикр этишда, Сенга шукр қилишда ва ибодатингни гўзал бажаришда менга ёрдам бер».
Шарҳ: Солиҳ амалда бардавом бўлишга ёрдам берувчи энг катта сабаблардан бири – Аллоҳ азза ва жалладан ёрдам ва мадад сўрашдир. Зеро, Аллоҳнинг ёрдамига эга банда ҳақиқий мадад устида, Аллоҳнинг ёрдамидан маҳрум кимса ҳақиқий ёрдамсиздир.. Шундай экан, Аллоҳдан сизни тўғри йўлда қилишини, ҳаққа муваффақ этишини, Ўзи сизни қўллаб-қувватлашини ва Ўзи рози бўладиган солиҳ амаллар устида сизга ёрдам беришини сўранг.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муознинг қўлини ушлаб туриб: «Эй Муоз, Аллоҳга қасамки, мен сизни яхши кўраман. Сиз ҳар бир намоздан кейин: «Эй Аллоҳ, менга Сени зикр қилишимга, Сенга шукр қилишимга ва Сенга чиройли ибодат қилишимга ёрдам бергин» деб айтишни асло қўйманг», деб айтишни ўргатдилар.
Шундай экан, сиз Аллоҳдан Уни рози қиладиган солиҳ амалларда сизга ёрдам беришини сўранг.
392 - وَعَنْ مُعَاذٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، أَخَذَ بِيَدِهِ وَقَالَ: «يَا مُعَاذُ؛ وَاللهِ إِنِّي لأُحِبُّكَ»، فَقَالَ: «أُوصِيكَ يَا مُعَاذُ: لَا تَدَعَنَّ فِي دُبُرِ كُلِّ صَلَاةٍ تَقُولُ: اللَّهُمَّ؛ أَعِنِّي عَلَى ذِكْرِكَ وَشُكْرِكَ، وَحُسْنِ عِبَادَتِكَ» حَدِيثٌ صَحِيحٌ، رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ بِإسْنَادٍ صَحِيحٍ [د 1522، س 3/53].
393. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бир киши ўтирган эди. Унинг олдидан бир одам ўтиб қолди. Шунда у: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен мана бу кишини (Аллоҳ учун) яхши кўраман», деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Буни унга билдирганмисан?» дедилар. «Йўқ», деган эди, «Билдириб қўй», дедилар. У унинг ортидан етиб бориб, «Мен сени Аллоҳ учун яхши кўраман», деди. Шунда у: «Мени яхши кўришингга сабабчи бўлган Зот сени ҳам яхши кўрсин», деди».
Абу Довуд ривояти.
Шарҳ: Ким бировни яхши кўрса, дўст бўлмоқчи бўлса, унга буни билдириши керак. Шунда иккинчи тараф ҳам муҳаббатга ўтади ва одамлар ўртасидаги ўзаро алоқалар мустаҳкамланади.
Дўстига яхшилик етказиш ва манфаат исташда уни худди ўзидек кўриш керак.
393 - وَعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ الله عَنْهُ، أَنَّ رَجُلًا كَانَ عِنْدَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، فَمَرَّ رَجُلٌ، فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ؛ إِنِّي لأُحِبُّ هَذَا، فَقَالَ لَهُ النَّبيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «أَأَعْلَمْتَهُ؟» قَالَ: لَا، قَالَ: «أَعْلِمْهُ» فَلَحِقَهُ، فَقَالَ: إِنِّي أُحِبُّكَ في اللهِ، فَقَالَ: أَحَبَّكَ الَّذِي أَحْبَبْتَنِي لَهُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ [5125].