Рўйхатни беркитиш
Мундарижа
Мундарижа
52-КИТОБ
52-боб Умид қилишнинг фазилати ҳақида
52- بَابُ فَضْلِ الرَّجَاءِ
(52)
52-BOB
52-боб. Умид қилишнинг фазилати ҳақида

 Аллоҳ таолонинг Китобида солиҳ банда ҳақида шундай хабар беради:

«Мен ўз ишимни Аллоҳга топширурман. Зеро, Аллоҳ бандаларини кўриб тургувчидир. Бас, Аллоҳ у (иймон келтирган киши)ни уларнинг ёмон макр-ҳийлаларидан сақлади» (Ғофир сураси, 44–45-оятлар).

52- بَابُ فَضْلِ الرَّجَاءِ

قَالَ اللهُ تَعَالَى إِخْبَاراً عَنِ العَبْدِ الصَّالِحِ: {وَأُفَوِّضُ أَمْرِي إِلَى اللهِ * إِنَّ اللهَ بَصِيرٌ بِالعِبَادِ * فَوَقَاهُ اللهُ سَيِّئَاتِ مَا مَكَرُوا}.


(52)
451. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳ азза ва жалла айтди: «Мен бандамнинг Мен ҳақимдаги гумонидаман. У Мени эсласа, у билан биргаман. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таоло бандасининг тавбасидан бирортангиз чўлда йўқотган нарсасини топгандаги (хурсандчилиги)дан кўпроқ хурсанд бўлади. Ким Менга бир қарич яқинлашса, Мен унга бир зироъ яқинлашаман. Ким Менга бир зироъ яқинлашса, Мен унга бир қулоч яқинлашаман. У Мен томон юриб келса, Мен у томон югуриб келаман».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Бу ҳадиснинг шарҳи 423-ҳадисда келган.

Зироъ – қадимги узунлик ўлчовларидан бўлиб, ўрта бўйли одамнинг тирсагидан бармоқ учигача бўлган оралиққа қиёсан олинган. Зироъ бугунги ўлчовда 46,2 смга тўғри келади.

Шориҳлар «гумонидаман» деган сўзни шундай изоҳлашган: «Бандам Мен ҳақимда яхши гумонда бўлиб, мағфиратимдан умидвор бўлса, кечираман. Раҳматимдан ноумид бўлиб, гуноҳга ботса, мени иқоб қилади, деб Мен ҳақимда бадгумон бўлса, жазолайман», деган маънода тушуниш мумкин. Умидвор бўлиш мусулмонга хос, ноумид бўлиш эса кофирга хос амалдир».

Ушбу ҳадиси қудсий Аллоҳ таолонинг бандаларга нисбатан лутфу марҳамати ва илтифотининг намойишидир. Ҳадиси шарифдаги яқинлашиш ва ҳаракатланиш маънолари мажозий бўлиб, масофани эмас, маънавий муносабатни, маънан яқин бўлишни билдиради.

 

451 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ قَالَ: «قَالَ اللهُ عَزَّ وَجلَّ: أَنَا عِنْدَ ظَنِّ عَبْدِي بِي، وَأَنَا مَعَهُ حَيْثُ يَذْكُرُنِي – وَاللهِ؛ للهُ أَفْرَحُ بِتَوْبةِ عَبْدِهِ مِنْ أَحَدِكُمْ يَجِدُ ضَالَّتَهُ بِالْفَلَاةِ – [وَمَنْ تَقَرَّبَ إِلَيَّ شِبْراً تَقرَّبْتُ إِلَيْهِ ذِرَاعاً]، وَمَنْ تَقَرَّبَ إِلَيَّ ذِرَاعاً، تَقَرَّبْتُ إِلَيهِ بَاعاً، وَإِذَا أَقْبَلَ إِلَيَّ يَمْشِي، أَقْبَلْتُ إلَيهِ أُهَرْوِلُ» مُتَّفَقٌ عَلَيهِ، وَهَذَا لَفْظُ إِحْدَى رِوَايَاتِ مُسْلِمٍ [خ 7405، م 2675 في التوبة، باب الحض على التوبة].

وَتَقَدَّمَ شَرْحُهُ فِي البَابِ قَبْلَهُ [برقم 423].

وَرُوِيَ فِي «الصَّحِيحَينِ»: «وَأَنَا مَعَهُ حِيْنَ يَذْكُرُنِي» بِالنُّونِ، وَفِي هَذِهِ الرِّوَايَةِ «حَيْثُ» بِالثَّاءِ وَكِلَاهُمَا صَحِيحٌ. [م 2675/21 في التوبة، باب فضل الذكر والدعاء].

 

Улашиш
|
|
Нусха олиш

452. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бу киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўлимларидан уч кун олдин: «Ҳар бирингиз Аллоҳ азза ва жалла ҳақида фақат яхши гумон қилиб ўлсин», деганларини эшитдилар».

Имом Муслим ривояти.

 

Шарҳ: Касалликка чалинган киши Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумонга бориши, У зот ҳақида ёмон гумонларга бормаслиги зарур. Мўмин киши касаликка чалинса, маҳзун бўл­масдан, балки шифони Аллоҳ таолодан умид қилиши ва беморликка сабр қилиб, уни У зот томонидан бўлган бир раҳмат, деб билмоғи керак. Зотан, ҳакимлардан бири бундай деган: «Аллоҳ таоло бирор бандасини соғинса, унга мусибат, дард юборади».

Ҳумайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ўсмир жияним бор эди. У касал бўлиб қолди. Унинг онаси менга одам юборибди. У ўғлининг боши томонига ўтириб, йиғлар эди. Жияним: «Эй тоға, онам нега йиғлаяпти?» – деди. Мен: «Сендаги касалликни билгани сабабли», – дедим. У: «Онам менга раҳми келиб шундай қилмоқдами?» – деган эди. Мен: «Ҳа», – дедим. Шунда бола: «Аллоҳ таоло менга ундан-да раҳмлироқ», – деди. Қачонки у вафот этганида уни барчамиз қабрга қўйдик. Сўнг ғиштни теккислаш учун тепасига бордим ва лаҳад ичига қарасам, у ер кўзим етган жойгача кенгайган эди. Ёнимдаги кишига: «Мен кўрган нарсани сен ҳам кўрдингми?» – десам, у: «Ҳа, сени табриклайман», – деди. Бу ўлимидан олдин айтган (“Аллоҳ таоло ундан-да раҳмлироқ”) калимаси сабабли бўлса керак, деб ўйладим”. (Жалолиддин Суютийнинг «Шарҳус судур бишарҳи ҳалил мавтаа вал қубур» номли китобидан).

452 - وَعَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّهُ سَمِعَ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَبْلَ مَوْتِهِ بِثَلَاثَةِ أَيَّامٍ يَقُولُ: «لَا يَمُوتَنَّ أَحَدُكُمْ إِلَّا وَهُوَ يُحْسِنُ الظَّنَّ بِاللهِ عَزَّ وَجَلَّ» رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2877].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

453. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим:

«Аллоҳ таоло деди: Эй Одам боласи, модомики, сен Менга дуо қилиб, Мендан умидвор турар экансан, нима гуноҳ қилган бўлсанг‑да, парво қилмасдан мағфират этаман. Эй Одам боласи, агар гуноҳинг булутларга қадар етса-да, Менга истиғфор айтсанг, сени мағфират этаман. Эй Одам боласи, агар сен ҳузуримга ер юзини қоплайдиган гуноҳлар билан келсанг ва Менга ҳеч нарсани шерик қилмаган ҳолда рўбарў бўлсанг, Мен сени ер юзини қоплайдиган мағфират билан қарши оламан!».

Имом Термизий ривояти. Ҳасан ҳадис.

 

Шарҳ: Мағфиратнинг уч улкан сабаби бўлиб, улар юқоридаги Анас розияллоҳу анҳунинг ҳадисларида жамланган:

Биринчи: Банда бирор гуноҳ қилса, уни мағфират қилишни Роббисидан ўзгасидан умид қилмайди. Ҳамда Ундан ўзгаси гуноҳларни мағфират қилиб, кечиб юбормаслигини билади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шундай деганлар: 

«Банда бир гуноҳ қилиб: «Эй Аллоҳ! Гуноҳимни мағфират қил», дейди. Шунда У табарока ва таоло: «Бандам бир гуноҳ қилиб, Унинг гуноҳни мағфират қиладиган ва уни кечиб юборадиган Роббиси борлигини билди», деди. Сўнг яна гуноҳ қилди. Ва: «Эй Роббим! Гуноҳимни мағфират қил», деди. Шунда У табарока ва таоло: «Бандам гуноҳ қилиб, гуноҳни мағфират қиладиган ва уни кечиб юборадиган Роббиси борлигини билди», деди. Сўнг яна гуноҳ қилди. Ва: «Эй Роббим! Гуноҳимни мағфират қил», деди. Шунда У табарока ва таоло: «Бандам гуноҳ қилиб, гуноҳни мағфират қиладиган ва уни кечиб юборадиган Роббиси борлигини билди. Хоҳлаганингни қил. Дарҳақиқат, сени мағфират қилдим», деди». Абдулаъло: «Хоҳлаганингни қил, деб учинчи ёки тўртинчисида айтдиларми билмай қолдим», деди. Бир ривоятда (шундай ворид бўлган): «Дарҳақиқат, бандамни мағфират қилдим. Хоҳлаганини қилаверсин».

(Имом Муслим ривояти)

Иккинчи: Истиғфор. Агар гуноҳлар улканлашиб, кўплигидан осмондаги булутлар ёки осмонда кўз илғар жойгача етсада, бошқа ривоятда эса: «Муҳаммаднинг жони Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, агар осмон ва ер орасини тўлдириб юборар даражада хато қилсангиз, сўнг Аллоҳ азза ва жаллага истиғфор айтсангиз, албатта, сизларни мағфират қилади». (Имом Аҳмад ривояти)

Истиғфор – мағфират сўрашлик. Мағфират – гуноҳларни сатр қилиш билан уларнинг ёмонлигидан сақлаш. Агар истиғфор тавба билан бўлса, ана шу вақт истиғфор тил билан мағфират сўрашдан иборат, тавба эса қалб ва аъзолар билан гуноҳларни ташлашликдан иборат бўлади.

Учинчи: Тавҳид - Аллоҳнинг бор ва яккалигига ишониш. У энг катта сабабдир. Ким уни йўқотса мағфиратни йўқотибди. Ким уни олиб келса, дарҳақиқат, мағфиратнинг энг катта сабабини олиб келибди. Аллоҳ таоло деди:

 «Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқани Ўзи хоҳлаган кишидан кечирадир. Ким Аллоҳга ширк келтирса, шубҳасиз, улкан гуноҳни тўқибдир.» (Нисо сураси: 48-оят).

Эй Аллоҳ! Гуноҳларимизнинг барини, кичиги ва каттаси ҳамда биз билган ва билмаганларимизни мағфират қил. Ҳаётимизни солиҳ амалларимиз билан якунла.

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар:

Бу мўминларга умид бахш этадиган ҳадисдир. Инсонлар гуноҳларининг кўплигидан умидсизликка тушиб дуо-истиғфорни тарк этмасинлар. Айни пайтда «Аллоҳ кечираверади» деган хомхаёл билан алданиб, маъсиятларга берилмасинлар. Чунки гуноҳ-маъсиятлар бандани эгаллаб олгач, у билан Аллоҳ таоло мағфирати ўртасида ғов бўлиб қолади.

 

1. Мағфират сабаблари.

Банда томонидан йўл қўйилган хатолар кечирилмоғи учун маълум йўл ва сабаблар мавжуд:

а) Ижобат этилади деган умидда дуо қилмоқ.

Мўминлар дуо қилишга буюрилганлар. Аллоҳ таоло уларнинг дуоларини ижобат этишга ваъда берган.

«Ва Парвардигорингиз деди: Менга дуо қилинглар. Сизлар учун ижобат этаман». (Ғофир сураси, 60-оят).

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Дуо ибодатдир» дедилар-да, ушбу оятни тиловат қилдилар: «Парвардигорингиз деди: Менга дуо қилинглар. Сизлар учун ижобат этаман». (Имом Термизий ва бошқалар ривояти).

Агар Аллоҳ таоло бандасига дуо-илтижо қилиш учун тавфиқ берса, албатта унинг дуосини ижобат этиш ва илтижоларини қабул қилиш билан ҳам унга марҳамат этади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Кимга дуо қилиш неъмати берилган бўлса, ижобат ҳам берилибди. Чунки Аллоҳ таоло «Менга дуо қилинглар, сизлар учун ижобат этаман», деган». (Табароний ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳ таоло бандасига дуо эшигини очиб, ижобат эшигини ёпиб қўймайди».

б) Дуонинг ижобат бўлиш шартлари, монелари ва дуо одоблари.

Ибодат шартлари тўлиқ адо этилиб, монелар йўқ бўлса, дуолар мақбулдир. Айрим шартлари ва одобларига риоя қилинмаганлиги ёки моне-нуқсонларнинг мавжудлиги боис дуолар ижобати насиб бўлмайди.

Биринчи. Ижобат этилишига қаттиқ умид боғлаб, чин дилдан дуо қилмоқ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ижобат этилишига аниқ ишониб, Аллоҳга дуо қилинглар. Аллоҳ таоло ғофил, парвойи фалак қалбдан чиққан дуони қабул қилмайди». (Имом Термизий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Қалблар идишлардир. Уларнинг баъзилари кўпроқ нарсани сиғдиради. Эй одамлар, Аллоҳ азза ва жалладан сўрасангизлар, ижобат этилишга аниқ ишониб сўранглар! Аллоҳ таоло ғофил қалб билан юзаки дуо қилувчи бандага ижобат этмас». (Муснадда келтирилган).

Аллоҳ таолога чиройли итоатда бўлиш умидворлик белгисидир:

«Иймон келтирган, ҳижрат қилган, Аллоҳ йўлида курашган зотлар – ана ўшалар Аллоҳнинг раҳматидан умидвордирлар. Аллоҳ мағфират ва раҳм-шафқат қилувчидир». (Бақара сураси, 218-оят).

Иккинчи. Азму қарор билан сўрамоқ.

Банда иккиланмасдан, Аллоҳ таолога астойдил дуо қилсин. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Парвардигоро, хоҳласанг мени мағфират этгин. Парвардигоро, хоҳласанг менга раҳм қилгин!» деган тарзда истиғфор айтиш ва дуо қилишдан қайтарганлар. Ҳадисга мувофиқ чин дилдан, қаттиқ туриб сўрамоқ лозим. Ахир Аллоҳ таоло шундоқ ҳам хоҳлаганини қилади. Уни ҳеч ким ҳеч нарсага мажбурлай олмайди. (Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Агар қай бирингиз дуо қилса, «Парвардигорим, хоҳласанг мени мағфират этгин», демасдан, қаттиқ рағбат қилиб, астойдил сўрасин. Зеро, Аллоҳ таоло учун (бандасига) инъом этган ҳеч нарсаси улкан туюлмайди». (Имом Термизий ривояти).

Учинчи: Сабр билан кўп дуо қилмоқ.

Аллоҳ таоло бандасининг Унга қуллигини ва муҳтожлигини изҳор қилишини хуш кўради. Ана шунда Аллоҳ таоло банданинг сўровига лаббай деб жавоб беради. Модомики, инсон умидини узмасдан, ижобат этилишига кўз тикиб, сабр билан астойдил дуо қилар экан, бир куни тилагига эришади. Ахир эшикни тинмасдан қоқиб турган киши албатта, вақти келиб унинг очилганини ҳам кўради.

«У зотга қўрқув ва умид билан ибодат қилингиз! Зеро, Аллоҳнинг раҳмати чиройли амал қилувчиларга яқиндир». (Аъроф сураси, 56-оят).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Дуодан ожиз бўлманглар! Дуо билан бирга бўлган ҳеч бир жон ҳалок бўлмас». (Имом Ҳоким ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ким Аллоҳдан сўрамай қўйса, Аллоҳ таоло унга ғазаб қилади». (Ибн Можа ривояти).

Ривоят қилишларича, банда Парвардигорига дуо қилса, Аллоҳ таоло уни яхши кўриб, айтар экан: «Эй Жаброил! Бандамнинг ҳожатини раво қилишга ошиқманг. Менга унинг овозини эшитиш ёқади».

Дарҳол ижобат этилмагани туфайли дуо қилишни ташлаб қўядиган кимсалар ижобат марҳаматидан бутунлай маҳрум бўлишлари мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан қайтарганлар. Банда ижобатдан умидвор бўлиб, астойдил дуо қилмоғи лозим. Аллоҳ таоло сабр-тоқат билан астойдил дуо қилувчиларни севади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Модомики, қай бирингиз шошма-шошарлик қилиб «Парвардигоримга дуо қилувдим, ижобат этмади», деб айтмаса, унинг дуоси ижобат бўлади». (Муттафақун алайҳ).

 

Тўртинчи. Ҳалол емоқ.

Дуо ижобат бўлишнинг муҳим сабабларидан бири – ҳалол еб-ичмоқдир. Топганининг ҳалол-ҳаромлигига эътибор бермайдиган кимсалар дуоси ижобат бўлмайди. Қўлларини кўкка чўзиб «Парвардигоро, Парвардигоро!» деб дуо қилаётган, бироқ егани, ичгани, кийгани ҳаром бўлган ва ҳаром билан озиқланган киши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Унинг дуоси қандай ижобат бўлсин?!» деганлар. (Имом Муслим ва бошқалар ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Эй Саъд, таомингни ҳалол қилгин - дуоси мустажоб киши бўласан!» (Табароний ривояти).

 

2. Мағфират тиламоқ.

Инсон Аллоҳ таолодан ўзи учун сўрайдиган энг аҳамиятли нарсалар – бу мағфират ва унинг ортидан келувчи нажот ҳамда жаннатдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Мана шу нарса (яъни, дўзахдан паноҳ ва жаннат сўраш) атрофида айланамиз». (Абу Довуд ва бошқалар ривояти).

Абу Муслим Хавлоний айтадилар: «Дуо қилмоқчи бўлганимда дўзах ёдимга тушса, фақат ундан паноҳ тилаш билан машғул бўламан».

 

3. Аллоҳ таоло бандасига сўраганидан ҳам хайрлироқ неъматни беради.

Банда ўзининг бир дунёвий ҳожатини сўраб дуо қилса, Аллоҳ таоло унинг дуосини ижобат этади ёки хайрлироқ ўзга бир неъмат беради. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг унга кўрсатган фазлу марҳаматидир.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Гуноҳ ишни ёки яқинларидан алоқани узишни сўрамаган ҳолда дуо қилган бандага Аллоҳ таоло сўраганини беради. Ёки уни шунинг баробаридаги бирор бир ёмонликдан асрайди». (Имом Аҳмад ва Термизий ривояти).

Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Қайси бир мусулмон дуо қилса ва унинг дуосида гуноҳ ёки силаи раҳмни узишга етаклайдиган сўз бўлмаса, Аллоҳ унга қуйидаги учта нарсанинг бирини беради: сўрагани тезда ижобат қилади ё дуосини Охиратга захира қилиб қўяди ёки ундан шу баробардаги бир зиённи аритади. Саҳобалар: У ҳолда биз дуони кўпайтирамиз, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Аллоҳ янада кўпроқ яхшилик берур». (Имом Ҳоким ривояти).

Табароний ривоятларида «ундан шу баробардаги бир зиённи аритади», жумласи ўрнида «ёки унинг ўтган бир гуноҳини кечиради», дейилган.

 

4. Дуо одобларидан.

Фазилатли вақтларни ғанимат билмоқ, таҳорат ва намоздан кейин дуо қилмоқ, тавба-тазарру қилиб дуо қилмоқ, қиблага юзланиб икки қўлни кўтариб дуо қилмоқ. Дуо аввалида Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиш, дуо боши, ўртаси ва охирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловатлар айтмоқ,  дуодан кейин «омийн» демоқ. Фақат ўз ғамини емасдан барча мўминларни дуо қилмоқ. Аллоҳ таоло ҳақида яхши ўйда бўлиб, Ундан ижобат умид қилмоқ. Гуноҳларини эътироф этиб, паст овозда дуо-илтижо қилмоқ.

 

5. Аллоҳнинг марҳамати кенг.

Банданинг гуноҳлари қанчалик улкан бўлмасин, Аллоҳ таоло авфу марҳамати ундан-да улкан ва кенгроқдир. Пок Парвардигор мағфирати қаршисида гуноҳлар кичкина бўлиб қолади.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига «эй воҳ, гуноҳларим», деб ҳасрат чекиб келди. У юқоридаги сўзни икки ёки уч марта такрорлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

- Сен «Парвардигоро, мағфиратинг гуноҳларимдан кенгроқ, раҳматинг эса менинг наздимда амалимдан кўра умидбахшроқдир», деб айтгин.

Ҳалиги одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўргатган дуони айтди.

- Қайтар! - дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. У дуони такрорлади.

- Қайтар! - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам. У яна бир бор такрорлади.

- Тур ўрнингдан! - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам –Аллоҳ таоло сени кечирди». (Имом Ҳоким ривояти).

 

6. Қуръонда истиғфор зикри.

Қуръони Каримда истиғфор ҳақида кўп айтилган.

Истиғфор айтиш буюрилган оятлар:

«Аллоҳдан мағфират сўранглар! Албатта, Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир». (Муззаммил сураси, 20-оят).

«Парвардигорингиздан мағфират сўранглар, сўнгра Унга тавба қилинглар». (Ҳуд сураси, 3-оят).

Истиғфор айтувчилар мақталган оятлар:

«Ва саҳарларда истиғфор айтувчилар». (Оли Имрон сураси, 17-оят).

«(У тақводор зотлар) қачон бирон-бир нолойиқ иш қилиб қўйсалар ёки ўзларига зулм қилсалар, дарҳол Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишини сўрайдиган инсонлардир. Ҳар қандай гуноҳни ёлғиз Аллоҳгина мағфират қилур. Улар билган ҳолларида қилган гуноҳларида давом этмайдиган кишилардир». (Оли Имрон сураси, 135-оят).

Аллоҳ таоло истиғфор айтган бандаларни мағфират қилиши хусусидаги оят:

«Ким бирон-бир ёмон иш қилса ёки ўз жонига жабр қилса, сўнгра Аллоҳдан мағфират сўраса, Аллоҳнинг мағфират қилувчи ва меҳрибон эканини кўрур». (Нисо сураси, 110-оят).

Мазкур оятлар истиғфор айтмоқнинг нақадар улуғ иш эканлигига ва унинг билиб-билмай гуноҳга қўл уриб қўядиган бандалар нажоти учун асосий омонлик воситаси саналишига далилдир.

 

7. Тавба ва истиғфор.

Қуръонда истиғфор билан тавба кўпинча кетма-кет зикр қилинган:

«Ахир Аллоҳга тавба қилиб, мағфират қилишини сўрамайдиларми?!» (Моида сураси, 74-оят);

«Парвардигорингиздан мағфират сўранглар, сўнгра Унга тавба қилинглар!» (Ҳуд сураси, 3-оят).

Истиғфор – бу мағфират тиламоқ, тавба эса гуноҳлардан бутунлай юз ўгирмоқдир.

Баъзан, истиғфорнинг ёлғиз ўзи зикр қилиниб, шунга биноан мағфират хабари айтилиши мумкин:

«Парвардигорим, дарҳақиқат мен ўз жонимга жабр қилиб қўйдим. Энди ўзинг мени мағфират қилгин». Бас, (Аллоҳ) уни мағфират қилди». (Қасас сураси, 16-оят).

«Аллоҳдан мағфират сўранглар! Албатта, Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир». (Муззаммил сураси, 20-оят).

Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда бандасига мурожаат этиб, «Агар Мендан истиғфор сўрасанг...» деди. Яъни, қилган гуноҳингга афсусланиб, Аллоҳ учун уни тарк этиб, ҳеч қачон қайтиб бу ишга қўл урмасликка аҳд қилсанг, агарда гуноҳинг буюрилган тоатни бажармаслик бўлса, унинг қазосини адо этсанг, мазлумнинг ҳаққини қайтариб ёки унинг розилигини олиб, астойдил тавба тазарру қилсанг...

 Банда Аллоҳ мағфиратига муяссар бўлмоғи учун гуноҳларини тарк этиб, аҳволини ўнгламоғи лозим.

«Аммо ким бундай жабру зулмдан кейин тавба қилиб, ўзини тузатса, Албатта Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилар. Албатта, Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир». (Моида сураси, 39-оят).

 

8. Истиғфор ва гуноҳлар.

Баъзилар истиғфор ҳақидаги барча мутлақ (Мутлақ – чекловсиз) оятларни «Оли Имрон» сурасида келтирилган оят қайд қилади (қайд қилиш – чеклаш), дейишади. Бу оятда Аллоҳ таоло истиғфор айтганидан сўнг гуноҳларида давом этмайдиган бандаларига мағфират ваъда этган.

Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Истиғфор айтган банда гарчи бир кунда етмиш марта гуноҳга қайтса ҳам, гуноҳга берилиб кетган бўлмайди». (Абу Довуд ва Термизий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Бир банда гуноҳ қилди-да: «Парвардигоро, мен гуноҳ қилиб қўйдим. Ўзинг мағфират қилгин!» деб айтди.

Аллоҳ таоло «Бандам гуноҳини кечирадиган ва у сабабли жазолайдиган Парвардигори борлигини билди. Мен уни кечирдим!» деди. Сўнгра банда Аллоҳ хоҳлаганча муддат турди, кейин яна бир гуноҳ қилди. У: «Парвардигоро, мен яна гуноҳ қилиб қўйдим. Ўзинг мағфират қилгин!» деб айтди.

Аллоҳ таоло «Бандам гуноҳини кечирадиган ва у сабабли жазолайдиган Парвардигори борлигини билди. Мен уни кечирдим!» деди. Сўнгра банда Аллоҳ хоҳлаганча муддат турди, кейин яна бир гуноҳ қилди. У: «Парвардигоро, мен яна гуноҳ қилиб қўйдим. Ўзинг мағфират қилгин!» деб айтди.

Аллоҳ таоло «Бандам гуноҳини кечирадиган ва у сабабли жазолайдиган Парвардигори борлигини билди. Мен уни кечирдим!» деди.

Муслим ривоятларига кўра учинчисида Аллоҳ таоло бундай дейди: «Мен бандамни мағфират этдим. Энди у билганини қилсин».

Кўриниб турибдики, у банда гуноҳда давом этмасликка азм қилган ҳолда истиғфор айтяпти. Демак, гуноҳга берилиб кетмаган бандалар истиғфори мағфиратга лойиқ мукаммал истиғфор экан. Аллоҳ таоло ана шундай истиғфор айтувчиларни мақтаб, уларга мағфират ваъда этди. Ушбу истиғфор ҳақиқий тавбага умид уйғотади.

Орифлар айтадилар: Истиғфорининг натижаси тавбасининг ўнгланиши бўлмаган банда ўз истиғфорида ёлғончидир.

Қалб гуноҳ-маъсиятдан бутунлай узилмаса-да, фақат тил истиғфор айтса, у бир оддий дуо. Аллоҳ таоло бу дуони хоҳласа ижобат қилади, хоҳласа рад этади. Ҳатто шу дуонинг ҳам ижобати умид қилинади. Дуо-илтижо, айниқса, гуноҳкорлигини ҳис қилиб эзилган қалбдан чиқса ёки саҳар пайти, азондан ва фарз намозидан кейинги дақиқалар каби ижобат соатларига мувофиқ келса, иншоаллоҳ, дуолар мақбулдир. Аммо, аслида билиб туриб гуноҳ-маъсиятдан тўхтамаслик дуоларни ижобатдан тўсиб қўяди.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Билиб туриб гуноҳ-маъсият ишларида давом этувчи кимсаларга вайл бўлсин!»

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Гуноҳдан тавба қилувчи бамисоли бегуноҳ кабидир. Гуноҳ қилишда давом этиб истиғфор айтаётган кимса Аллоҳга истеҳзо қилаётган кабидир».

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан: «Аллоҳ ўзинг кечир» деб яна гуноҳга қайтмоқ ҳам ёлғончилик ҳисобланади».

 

9. Ёлғончиларнинг тавбаси.

«Аллоҳдан мағфират сўрайман, унга тавбалар қиламан», деб туриб, қалбида маъсиятга муккасидан кетган кимса ёлғончи ва гуноҳкор ҳисобланади. Чунки у тавба-тазарру қилувчи эмас. Демак, ўзини бошқача қилиб кўрсатиши жоиз эмас. Бундай кимсалар аламли азобга гирифтор бўлиб қолишларидан ҳазир бўлсинлар. Улар экин экмасдан ҳосил йиғиштиришни, уйланмасдан фарзанд кўришни умид қиладиган хаёлпарастларга ўхшашади.

 

10. Тавба ва аҳд.

 Олимлар Аллоҳга тавба қилаётган банда «энди бу гуноҳга ҳаргиз қайтмайман» деб Аллоҳга сўз беришини жоиз санаганлар. Зеро, гуноҳга қайтмасликка қатъий ният қилиш вожибдир.

 

11. Кўп истиғфор айтмоқ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳга қасамки, мен бир кунда етмишдан ортиқ марта Аллоҳга истиғфор айтиб, тавбалар қиламан». (Имом Бухорий ривояти).

Луқмон ўғилларига дедилар: «Эй ўғлим! Тилингни «Парвардигоро, мени мағфират этгин» дуосига ўргатгин. Зеро, Аллоҳнинг шундай соатлари борки, у соатларда сўровчини рад этмайди».

Ҳасан айтадилар: «Қаерда бўлсангизлар: уйдами, йўлдами, бозордами ёки бирон даврадами, кўп истиғфор айтинглар. Чунки сизлар мағфират қачон туширилишини билмайсизлар».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Мен «Аллоҳдан мағфират сўраб Унга тавба қиламан», деган дуони Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўп айтадиган одамни кўрмадим».

Ибн Умар розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Биз бир мажлисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юз маротаба «Парвардигоро, мени мағфират этгин, кечиргин. Албатта Сен тавбаларни қабул қилувчи ва кечиримли Зотсан!» деб айтганларини санар эдик».

 

12. Истиғфорлар саййиди.

Истиғфор айтишда «Аллоҳдан мағфират тилаб унга тавбалар қиламан» сўзи ёнига қўшимчалар қўшиш мустаҳаб.

Ривоят қилинишича Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу «Аллоҳдан мағфират тилайман, унга тавбалар қиламан!», деяётган кишига қараб, бундай деган эканлар:

«Эй нодонгина-я! Сен (яна) бундай деб айт: - Бу ўзига на фойда ва на зарар, на ўлим, на ҳаёт ва на қайта тирилиш келтиришга қодир бўлмаган бир банданинг тавбасидир!».

Авзоъийдан сўрашди:

- «Ёлғиз Ўзи мангу ҳаёт ва тирик турувчи бўлган улуғ Аллоҳга истиғфор айтиб, Унга тавбалар қиламан», деб мағфират талаб қилувчи киши хусусида нима дейсиз?

- Албатта бундай мағфират тиламоқ яхши, - деб жавоб бердилар Авзоъий, - Бироқ истиғфор тугал бўлмоғи учун «Парвардигоро! Ўзинг кечиргин!» деб ҳам айтсин.

(Мазкур ибора Абу Довуд, Термизий ва бошқалар асарларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган)

Энг шарафли ва ажр-савоби мўл истиғфор Аллоҳ таоло ҳамду саноси билан бошланиб, сўнг гуноҳ-маъсиятлар эътироф этилиб, Аллоҳдан мағрифат тиланадиган истиғфордир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баён қилган истиғфорлар саййидининг маъноси қуйидагичадир:

«Парвардигоро! Сен менинг Раббимсан ва Сендан ўзга илоҳ йўқ. Сен мени яратдинг ва мен Сенинг қулингман. Тоқатим етганича Сенга берган аҳдим ва ваъдамга вафо қиламан. Қилган ишларимнинг ёмонлигидан Сендан паноҳ тилайман. Менга берган неъматларингни ҳам, ўзим қилган гуноҳларимни ҳам тан олган ҳолимда Сенга қайтаман. Ўзинг мени мағфират этгин. Албатта, Сендан ўзга гуноҳларни кечирувчи йўқдир». (Имом Бухорий ривояти).

 

13. Ўзи билмайдиган гуноҳлар учун истиғфор сўраш.

Банда гуноҳлари кўпайган сайин уларнинг сон‑саноғига етолмай қолади, қанчадан‑қанча ёмон ишлари ўзининг эсидан чиқиб кетади. Лекин Аллоҳ таоло ҳеч нарсани унутмайди. Шундай экан, инсон ўзи билмайдиган гуноҳлари учун ҳам истиғфор сўрасин.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«(Парвардигоро!) Сен биладиган хайр-яхшиликни сўрайман. Сен биладиган ёмонликлардан паноҳ беришингни тилайман. Сен биладиган гуноҳларимни мағфират қилишингни сўрайман. Албатта Сен ғайб ишларни билгувчисан!».

Аллоҳ таоло ҳамма нарсани билиб, ҳисобга олиб туради. «У Кунда Аллоҳ уларнинг барчаларини қайта тирилтириб қилган амалларининг хабарини берур. У амалларни Аллоҳ ҳисоблаб-битиб қўйди, улар эса унутиб юбордилар». (Мужодала сураси, 6-оят).

 

14. Истиғфор самараси.

Меҳрибон, Раҳмли, Билгувчи, Ҳалийм, Ғаний, Карим ва Кечиримли Парвардигорига тавба-тазаррулар қилиб, истиғфор айтаётган банда қалбида ажиб бир ором ва таскин туяди. Ғам-ташвишлардан фориғ бўлиб, Аллоҳ таоло раҳмати ва розилиги хушхабари билан хушнуд яшайди. Қалби хотиржам банда ҳеч қачон умидсизликка тушмайди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Менинг қалбимни (ҳам одамларни машғул қилиб қўядиган ғам-ташвишлар...) ўраб олади ва мен бир кунда юз марта Аллоҳдан мағфират сўрайман». (Имом Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ким кўп истиғфор айтса, Аллоҳ таоло унинг ҳар қандай ғамини аритиб, танглик-қийинчилигини кетказиб ва уни ўзи ўйламаган томонидан ризқлантириб қўяди». (Абу Довуд ривояти).

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ҳар қандай дарднинг давоси бор. Гуноҳлар давоси истиғфордир».

Қатода айтадилар: «Қуръон дардларингизни ҳам, даволарингизни ҳам баён қилган. Дардингиз гуноҳлар бўлса, давоингиз истиғфордир».

Оиша разияллоҳу анҳо айтадилар: «(Қиёмат куни) саҳифасида кўп истиғфор топган бандага нақадар яхши!».

Абу Минҳол айтадилар: «Киши қабрда кўп айтилган истиғфордан-да суюклироқ қўшни топа олмайди».

Олимлар айтадилар: «Гуноҳкорлар таянчи фақат кўз ёш ва истиғфордир. Кимки гуноҳлардан ғамга ботса, кўп истиғфор айтади».

Кўп истиғфор айтувчи банданинг бемаъни гап-сўзларга вақти бўлмайди. Чунки унинг қалбида кечиримлилик ва ҳусни хулқ ривож топади.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

- Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам! Мен тили ўткир одамман. Тилимнинг ўткирлиги асосан аҳли оилам устига тушади, - дедим.

- Сен истиғфор айтишни қўйиб қаерларда юрибсан?! Мен бир кеча-кундузда юз марта Аллоҳга истиғфор айтаман ва тавба қиламан! - дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. (Имом Аҳмад ривояти).

 

15. Гуноҳи кам деб ўйланган одамлардан кишининг ўз ҳаққига истиғфор айтишларини сўраши.

Гуноҳлари кўплигидан ғам чекадиган киши гуноҳи оз бўлган зотлардан ўзи ҳаққига истиғфор айтишларини сўрайди. Умар розияллоҳу анҳу ёш болалардан ўзлари учун истиғфор айтишларини сўрардилар: - Сизлар гуноҳ қилмагансизлар! - дердилар Умар розияллоҳу анҳу.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу дарс ўқиётган болаларга «Парвардигоро, Абу Ҳурайрани мағфират этгин!» - деб дуо қилинглар, дердилар. Ўзлари эса уларнинг дуосига «Омийн!» деб турардилар.

 

16. Аллоҳ хусусида яхши ўйда бўлмоқ.

Парвардигоридан мағфират тилаётган мўмин Аллоҳ хусусида фақат яхши гумонда бўлиб, Унинг мағфиратига умид билан кўз тикмоғи лозим.

«Аллоҳ таоло айтади: Бандам Мен ҳақимда қандай ўй-гумон қилса, ўшандайман. Бас, Мен ҳақимда хоҳлаганидек ўйласин».[1] (Ҳадиси қудсий).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳ хусусида фақат яхши ўйда бўлинг».

Инсон гуноҳ иш қилиб қўйса, ёлғиз Парвардигоридан мағфират умид қилсин ва билсинки, гуноҳларни кечирадиган ёки улар сабабли жазолайдиган Аллоҳдан ўзга ҳеч ким йўқдир.

«(У тақводор зотлар) қачон бирон-бир нолойиқ иш қилиб қўйсалар ёки ўзларига зулм қилсалар, дарҳол Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишини сўрайдиган зотлардир. Ҳар қандай гуноҳни ёлғиз Аллоҳгина мағфират қилур. Улар билган ҳолларида қилган гуноҳларида давом этмайдиган кишилардир». (Оли Имрон сураси, 135-оят).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Абу Бакр розияллоҳу анҳу дедилар:

- Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам! Менга бир дуо ўргатинг, уни намозимда ўқий.

- «Парвардигоро мен жонимга кўп жабрлар қилдим. Фақат Сен гуноҳларни мағфират этурсан. Ўз тарафингдан бўлган мағфират билан мени кечиргин, менга раҳм қилгин. Албатта Сен кечиргувчи ва раҳмли зотдирсан!» - деб айт дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Ўлим соати яқинлашаётганини ҳис қилган банда Аллоҳ таоло мағфиратига астойдил ишониб, Парвардигори хусусида яхши ўйда бўлмоғи даркор.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

- Истасангизлар Қиёмат кунида Аллоҳнинг мўминларга биринчи нима дейишини ва мўминлар Унга нима дейишларини айтиб бераман.

- Айтинг, эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам! - дедик биз.

- Аллоҳ таоло мўминлардан: «Менга рўбарў бўлишни хоҳлармидингиз?», деб сўрайди. Мўминлар: «Ҳа, эй Раббимиз!» дейишади. «Нима учун?» сўрайди Аллоҳ. «Сенинг авфу марҳаматингни умид қилгандик» дейишади мўминлар. Аллоҳ таоло: «Сизларга мағфиратим вожиб бўлди!» деб айтади. (Имом Аҳмад ва Табароний ривояти).

 

17. Қўрқув ва умид.

Умидворлик манфаат бериши учун инсонда қўрқув ҳам бўлиши лозим. Банда нажот топмоғи учун қўрқув ва умиднинг биттаси билан чекланиб қолмасдан, уларнинг ҳар икковини жамлаган бўлиши керак. Чунки қуруқ умидворлик макрга, қўрқинчнинг ўзи эса умидсизликка олиб боради. Ҳар икки сифат ҳам ёлғиз олинганда қоралангандир. Бу ҳақда ҳадиси шарифда ҳам айтиб ўтилган:

«Хавф билан Умид қасам ичди: дунёда кимки ҳам қўрқиб, ҳам умид боғлаб яшаса, жаҳаннам ҳидини ҳидламайди. Қайси бир бандада дунёда шу икки нарса жамланмасдан, фақат биттаси бўлса жаннат ҳидини ҳидламайди».

 

18. Тавҳид гуноҳлар кечирилишининг асосидир!

Банданинг мағфират этилишига энг катта сабаблардан бири шак-шубҳасиз тавҳид ҳисобланади.

«Албатта Аллоҳ Ўзига шерик қилинишини кечирмайди. Шундан бошқа гуноҳларни ўзи хоҳлаган бандалари учун кечиради». (Нисо сураси, 48 ва 116-оятлар).

Тавҳид нури қаршисида гуноҳлар кичрайиб қолади. Ширкдан пок мўмин ер юзини тўлдирган гуноҳлари билан Парвардигори ҳузурига келса, Аллоҳ таоло уни шунчалик мағфират билан қарши олади. Мўмин Аллоҳ таолонинг хоҳиши ва фазлу марҳамати измидадир, агар истаса уни кечиради, истаса гуноҳлари учун жазолайди.

 

19. Аллоҳни бир деб билувчи мўминнинг жойи жаннатдир.

Ширк гуноҳидан пок бўлган мўмин дўзахда абадий қолмайди. У бир куни, албатта жаннатга киради. Мўмин дўзахга кофир каби ташланмайди ва у ерда кофирлардек абадий қолиб кетмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Қалбида дон вазничалик яхшилиги бўлиб, «Лаа илаҳа иллаллоҳ» деган мўмин дўзахдан чиқади». (Имом Бухорий ривояти).

 

20. Дўзахдан омонлик.

Аллоҳ таолога ихлоси, тавҳиди комил бўлиб, тавҳид шартларини қалби, тили ва бошқа аъзолари билан адо этган ёки ўлим тўшагида қалби ва тили билан тасдиқлаган банданинг ўтган гуноҳлари кечирилади. У дўзахдан омон қолади.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабалдан сўрадилар:

- Аллоҳнинг бандалар устидаги ҳаққини биласанми?

- Аллоҳ ва Расули билувчироқдир! - деб жавоб бердилар Муоз.

- Аллоҳга ибодат қилиб, Унга ҳеч нарсани шерик этмаслик! Бандаларнинг Аллоҳ устидаги ҳаққини биласанми?

- Аллоҳ ва Расули билувчироқдир!

- Уларни азобламаслик!» (Имом Бухорий ривояти).

Умму Ҳоне разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Лаа илаҳа иллаллоҳ» бирон гуноҳни қолдирмайди ва ҳеч бир амал (фазлда) ундан ўзиб кетолмайди». (Ибн Можа ривояти).

Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳу ва Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларига дедилар: «Қўлларингизни кўтариб «Лаа илаҳа иллаллоҳ» денглар». Биз бир муддат қўлимизни кўтариб турдик. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини тушириб дедилар: «Аллоҳга ҳамд бўлсин! Парвардигоро, мени шу калима билан юбординг ва шунга буюрдинг. Ушбу калимага биноан менга жаннатни ваъда этдинг. Албатта, Сен ваъдангга хилоф қилмайсан». Кейин бизга қараб айтдилар: «Хурсанд бўлинглар, Аллоҳ сизларни мағфират этди».

(Имом Аҳмад ривояти).

Мағфиратга лойиқ бўлмоқ учун тавба-тазарру ва яхши амаллар қилмоқ лозимлигини юқорида айтиб ўтган эдик. «Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб яхши амаллар қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг гуноҳларини савобларга айлантириб қўюр. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон бўлган зотдир». (Фурқон сураси, 70-оят).

 

21. Чин тавҳид.

Тавҳид калимаси қайси бир банда қалбига ўрнашса, у ердан Аллоҳдан ўзганинг муҳаббати, қўрқуви, ҳайбати, умидворлиги ва таваккулини чиқариб ташлайди ҳамда гуноҳларини, гарчи улар денгиз кўпигидек кўп бўлса ҳам, ювиб юборади. Эҳтимол, Аллоҳ таоло унинг хатоларини ҳасаналарга ҳам айлантирар. Мўминнинг Парвардигорига бўлган муҳаббатининг нури унинг қалбидаги барча кир-ғуборларни йўқ қилиб юборади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ҳеч бирингиз, то унга Аллоҳ ва Расули барча-барчадан суюклироқ бўлмагунча, мўмин бўлмайсиз». (Имом Бухорий ва бошқалар ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрмоқ учун аввало Аллоҳ азза ва жаллага муҳаббат қўймоқ лозим. 


[1] Яъни, гуноҳкор банда: “Аллоҳ гуноҳларимни кечиради” деб яхши гумон қилса, Аллоҳ уни кечириши мумкин. Аксинча, “гуноҳларимни Аллоҳ кечирмаса керак" деб ёмон гумон қилса, Аллоҳ уни ростдан ҳам кечирмаслиги мумкин. Шунинг учун Аллоҳ ҳақида яхши ўй-гумон қилавериш лозим.

 

453 - وَعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «قَالَ اللهُ تَعَالَى: يَا ابْنَ آدَمَ؛ إِنَّكَ مَا دَعَوْتَني وَرَجَوْتَنِي غَفَرْتُ لَكَ عَلَى مَا كَانَ مِنْكَ وَلَا أُبَالِي، يَا ابْنَ آدَمَ؛ لَوْ بَلَغَتْ ذُنُوبُكَ عَنَانَ السَّمَاءِ، ثُمَّ اسْتَغْفَرْتَنِي غَفَرْتُ لَكَ، يَا ابْنَ آدَمَ؛ إِنَّكَ لَوْ أَتَيْتَنِي بِقُرَابِ الأَرْضِ خَطَايَا، ثُمَّ لَقِيْتَنِي لَا تُشْرِكُ بِي شَيْئاً، لأَتَيْتُكَ بِقُرَابِهَا مَغْفِرَةً» رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ [ت 3540].

«عَنَانُ السَّمَاءِ» بِفَـتْحِ العَيْنِ، قِيْلَ: هُوَ مَا عَنَّ لَكَ مِنْهَا؛ أَيْ: ظَهَرَ إذَا رَفَعْتَ رَأْسَكَ، وَقِيلَ: هُوَ السَّحَابُ. وَ«قُرَابُ الأَرْضِ» بِضَمِّ القَافِ، وَقِيلَ بِكَسْرِهَا، وَالضَّمُ أَصَحُّ وَأَشْهَرُ، وَهُوَ: مَا يُقَارِبُ مِلأَهَا.


Улашиш
|
|
Нусха олиш