Рўйхатни беркитиш
Мундарижа
Мундарижа
60-КИТОБ
60-Боб Карамли, саҳоватли бўлиб ҳамда Аллоҳ таоло (эваз беришига)га ишонган ҳолда яхши йўлларга инфоқ этмоқ хусусида
60- بَابُ الكَرَمِ وَالجُودِ وَالإِنْفَاقِ فِي وُجُوهِ الخَيْرِ ثِقَةً بِاللهِ تَعَالَى
(60)
60-BOB

 60-Боб. Карамли, саҳоватли бўлиб ҳамда Аллоҳ таоло (эваз беришига)га ишонган ҳолда яхши йўлларга инфоқ этмоқ хусусида

Аллоҳ таоло: «Не бир нарсани инфоқ-эҳсон қилсангизлар, бас (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур» (Сабаъ сураси, 39-оят).

«Қандай яхшилик (мол) инфоқ-эҳсон қилсангизлар, бас, ўзингиз учундир. Фақат Аллоҳ юзини истаб яхшилик инфоқ-эҳсон қилингиз. Қилган ҳар бир яхшилигингиз сизларга зулм қилинмаган ҳолда ўзингизга тўла-тўкис қайтарилади» (Бақара сураси, 272-оят).

«Қандай яхшилик қилсангиз, бас, албатта, Аллоҳ уни билгувчидир» (Бақара сураси, 273-оят), деб айтган.

60- بَابُ الكَرَمِ وَالجُودِ وَالإِنْفَاقِ فِي وُجُوهِ الخَيْرِ ثِقَةً بِاللهِ تَعَالَى

 

قَالَ الله تَعَالَى: {وَمَا أَنْفَقْتُمْ مِنْ شَيْءٍ فَهُوَ يُخْلِفُهُ} [سبأ -39].

وَقَالَ تَعَالَى: {وَمَا تُنْفِقُوا مِنْ خَيْرٍ فَلأَنْفُسِكُمْ وَمَا تُنْفِقُونَ إِلَّا ابْتِغَاءَ وَجْهِ اللهِ * وَمَا تُنْفِقُوا مِنْ خَيْرٍ يُوَفَّ إلَيْكُمْ وَأَنْتُمْ لَا تُظْلَمُونَ} [البقرة - 272].

وَقَالَ تَعَالَى: {وَمَا تُنْفِقُوا مِنْ خَيْرٍ فإنَّ اللهَ بِهِ عَلِيمٌ} [البقرة -273].

 

(60)
556. Ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

«Икки кишидан бошқага ҳасад қилиш йўқ: Аллоҳ мол-дунё берган-у, уни ҳақ йўлда сарфлаб юборишга муваффақ қилинган кишига ҳамда Аллоҳ ҳикмат ато этган-у, у билан ҳукм чиқариб, уни ўргатадиган кишига».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: «Ҳасад» аслида бошқага берилган неъматнинг заволини орзу қилишни англатади. Бу гуноҳ ҳисобланади. Гоҳида «ҳасад» сўзи «ҳавас қилиш» маъносида ҳам келади. Яъни, бошқа кишига берилган неъматни кўриб, уни ўзида ҳам бўлишини орзу қилиш маъносида ҳам ишлатилади. Бунга араблар «ғибта», дейдилар. Ушбу ҳадиси шарифдаги «ҳасад» сўзи ана ўша ғибта – ҳавас қилиш маъносида келган.

Демак, фақат икки нарсадагина бировга берилган неъматни кўриб туриб, ўзига ҳам ўшандай неъмат берилишини орзу қилиш мумкин.

«(Биринчиси) Аллоҳ мол-дунё берган-у, уни ҳақ йўлда сарфлаб юборишга муваффақ қилинган киши».

Яъни, «менга ҳам Аллоҳ шу одамга бергандай молу дунё ато қилганида мен ҳам шу одамга ўхшаб уни яхшилик йўлида сарф қилар эдим», деб ҳавас қилса бўлади.

«(Иккинчиси) Аллоҳ илм-ҳикмат ато этган-у, у билан ҳукм чиқариб, уни ўргатадиган киши».

Ўша одамга ҳам бошқа мусулмонлар ҳавас қилса бўлади. Илм билан ҳукм чиқариш ўша илм тақозо этган нарсага ўзи амал қилиш ва одамларни ҳам шунга чақиришдан иборатдир.

Ҳаётимизда бу ҳадисга амал қилишга ниҳоятда муҳтож эканимизни айтиб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак.

Ҳозирги кунда молу дунёси борларимиз уни Аллоҳ таолонинг розилиги учун сарфламайдилар. Аксинча, кўпроқ Аллоҳ таолонинг ғазабини келтирадиган ишларга ишлатадилар. Ваҳоланки, мулкдор, бадавлат кишиларимиз бундан тийилишлари, Аллоҳ берган молу дунёни Аллоҳ таоло рози бўладиган савоб ишларга сарфлашлари керак.

Ортиқча молу дунёси йўқларимиз эса, мулкдорларга ёмон маънодаги ҳасад кўзи билан қараймиз. «Нима учун менда йўқ молу дунё унда бўлиши керак?», деган ҳасад билан куйиб-ёнамиз. Фақат ҳасад ўтида ёнибгина қолмай, ўша биродаримизнинг молу дунёси завол топишини соғинамиз.

Аслида эса бадавлат одамга ҳасад эмас, ҳавас қилишимиз керак. «Кўз тегмасин фалончига, Аллоҳ таоло молу дунё неъматини керагича берибди, ўзига буюрсин! Аллоҳ таоло бизга ҳам унга берганидек молу дунё ато этса, биз ҳам яхши, ҳалол-пок, савоб йўлларга бу киши каби сарф қилишимизни насиб этсин», дейдиган бўлишимиз керак.

Ҳозирги кунда илмлиларимиз ўзи жуда ҳам кам. Илми борлар ичида эса, илмига амал қиладиганлари ундан ҳам кам. Илмсизларимиз эса жуда ҳам кўп. Илмлиларга ҳасад қилиб, уларга душманлик қиладиганларимиз эса бундан ҳам етарли.

Бу ҳолда ҳеч қачон яхшиликка эриша олмаймиз. Агар унга эришмоқчи бўлсак, худди ушбу ҳадисда иршод қилинганидек, ҳаммамиз илмга уриниб, олим бўлишга ҳаракат қилишимиз керак. Аллоҳ илм берганлар ўзига берилган илмга амал қилишлари, бошқаларга таълим беришлари ва ўша илмга амал қилишни уларга ҳам тайинлашлари керак. Илми йўқларимиз эса, илмлиларга ҳавас ва эҳтиром назари билан қараб, «Аллоҳ бизга ҳам илм берса, унга амал қилиб, бошқаларга ўргатсак эди», дейишлари зарур.

 

556 - وَعَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَا حَسَدَ إِلَّا فِي اثْنَتَينِ: رَجُلٌ آتَاهُ اللهُ مَالًا، فَسَلَّطَهُ عَلَى هَلَكَتِهِ فِي الحَقِّ، وَرَجُلٌ آتَاهُ اللهُ حِكْمَةً، فَهُوَ يَقْضِي بِهَا وَيُعَلِّمُهَا». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 73، م 816].

وَمَعْنَاهُ: يَنَبِغِي أَلَّا يُغْبَطَ أَحَدٌ إِلَّا عَلَى إحْدَى هَاتَينِ الخَصْلَتَيْنِ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш
557. Яна у кишидан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қайсингизга меросхўрнинг моли ўз молидан кўра суюклироқ дедилар. Одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, орамизда бирор киши йўқки, ўз моли суюклироқ бўлмаса», дейишди. У зот: «Сарфлагани ўзининг моли, қолдиргани эса меросхўрининг молидир», дедилар».

Имом Бухорий ривояти.

Шарҳ: Хайр – эҳсонни ва садақани имкон қадар тириклик пайтида қилишга тарғиб қилинмоқда. Чунки мол-мулкингиз солиҳ бўлмаган зурриёт қўлида қолса, улар гуноҳ ва маъсият йўлида сарфлашади. Оқибатда унинг гуноҳи сизга келади.

557 – وَعَنْهُ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «أَيُّكُمْ مَالُ وَارِثِهِ أَحَبُّ إِلَيهِ مِنْ مَالِهِ؟» قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ؛ مَا مِنَّا أَحَدٌ إِلَّا مَالُهُ أَحَبُّ إِلَيهِ!! قَالَ: «فَإِنَّ مَالَهُ مَا قَدَّمَ وَمَالَ وَارِثهِ مَا أَخَّرَ». رَوَاهُ البُخَارِيُّ [6442].


Улашиш
|
|
Нусха олиш
558. Адий ибн Ҳотимдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Яримта хурмо (ни инфоқ қилиб) бўлса ҳам, дўзахдан сақланинглар», деб айтдилар.

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Садақа бандани дўзах ўтидан сақлайдиган омиллардан бири эканини Ушбу ҳадисдан билиб олса бўлади. Ҳатто яримта хурмони садақа қилиб бўлса ҳам банда ўзини дўзах ўтидан сақлашга ҳаракатда бўлиши керак. Яримта хурмо нима бўлар эди деган хаёлга бормаслик керак. Оз садақани писанд қилмаслик, оз садақа берганларни масхара қилиш мунофиқларнинг иши экани Қуръони каримда баён қилинган.

Аллоҳ таоло «Тавба» сурасида айтади: «Мўминлардан кўнгилли бўлиб садақа қилувчиларни ва ўз кучлари етгандан бошқани топа олмайдиганларни айблайдиган ва масхара қиладиганларни Аллоҳ масхара қиладир ва уларга аламли азоб бўладир» (79-оят).

Бу оятни яхшироқ тушунишимизга ояти карима нозил бўлиши пайтдидаги ҳодисаларни ўрганишимиз ёрдам беради.

Ибн Жарир Табарий ва ибн Ҳиббон раҳматуллоҳи алайҳимолар Икрима розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табук ғазотига чиқиш пайтида одамларни садақа қилишга қизиқтирдилар. Абдурроҳман ибн Авф тўрт минг тилло танга келтириб: «Эй Аллоҳнинг Расули, молим саккиз мингдан иборат эди. Ярмини олиб келдим, ярмисини олиб қолдим», деди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ сенинг олиб келганингга ҳам, олиб қолганингга ҳам барака берсин», дедилар.

Абу Ақийм бир соъ хурмо келтириб: «Эй Аллоҳнинг Расули, икки соъ хурмо топган эдим, бир соъни Роббимга қарзга бераман, бир соъни аҳли аёлимга», деди. Мунофиқлар уни айблаб масхара қилдилар: «Абдурроҳман ибн Авф фақат риё учун берган эди, Аллоҳ ва Унинг Расули манавининг соъига муҳтожларми?!» дейишди. Мунофиқларнинг маломатидан кўп садақа берган ҳам, оз садақа қилган ҳам қутула олмади. Мунофиқлар ҳар доим ва ҳамма жойда маломатдан бошқага ярамайдилар. Ўзлари бирор иш қилмай, пул-мол сарфламай юрадилар. Аммо қилганларни айблаш ва масхара қилиш билан овора бўладилар.

Ояти каримада ундоқ кимсаларни: «Мўминлардан кўнгилли бўлиб садақа қилувчиларни ва ўз кучлари етгандан бошқани топа олмайдиганларни айблайдиган ва масхара қиладиганлар», деб васф қилинмоқда.

Халқимизда бу ҳолни тўлиқ васф қилувчи «Ўзи беролмайди, берганни кўролмайди», деган нақл бор. Улар мўмин-мусулмонларни масхара қиладилар, аммо вақти келганда уларни: «Аллоҳ масхара қилади ва уларга аламли азоб бўладир». Чунки уларнинг ишлари тузалиб бўлмайдиган даражада қаттиқ бузилган. Ҳатто Пайғамбар алайҳиссалом улар учун истиғфор айтсалар ҳам, гуноҳлари мағфират қилинмайди.

558 - وَعَنْ عَدِيِّ بْنِ حَاتِمٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «اتَّقُوا النَّارَ وَلَوْ بِشِقِّ تَمْرَةٍ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 1417، م 1016].


Улашиш
|
|
Нусха олиш
559. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

« Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор нарса сўралмаганки, «Йўқ», деган бўлсалар».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Расулуллоҳ с.а.в.дан бирор нарса сўралса, ҳеч қачон йўқ деб айтмас ва ўша сўраганни қўлини қуруқ қайтармас эканлар.

559 - وَعَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: مَا سُئِلَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ شَيئاً قَطُّ فَقَالَ: لَا. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 6034، م 2311].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

560. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

«Бандалар тонг оттирган кун борки, унда икки фаришта тушиб, улардан бири: «Аллоҳим! Инфоқ қилувчига эваз бергин» дейди, иккинчиси: «Аллоҳим! Мумсикка талафот бергин», дейди».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Бу ҳадиснинг шарҳи 302-рақамли ҳадис остида келтирилган.

560 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَا مِنْ يَوْمٍ يُصْبِحُ العِبَادُ فِيْهِ إِلَّا مَلَكَانِ يَنْزِلَانِ، فَيَقُولُ أَحَدُهُمَا: اللَّهُمَّ؛ أَعْطِ مُنْفِقاً خَلَفاً، وَيَقُولُ الآخَرُ: اللَّهُمَّ؛ أَعْطِ مُمْسِكاً تَلَفاً». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 1442، م 1010 وسبق برقم 302].


Улашиш
|
|
Нусха олиш
561. Яна у кишидан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

«Аллоҳ азза ва жалла: «Инфоқ қил, сенга ҳам инфоқ қилинади», деди».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Аллоҳ Таоло Қуръони Каримнинг жуда кўп оятларида хайр – эҳсоннинг савоби кўплиги ва фазилати улканлиги ҳақида марҳамат қилади. Жумладан, “Бақара” сурасида шундай деган:

“Мол (бойлик) ларини кечаю кундуз, пинҳонаю ошкора эҳсон қиладиган кишилар учун Парвардигорлари ҳузурида (махсус) мукофотлари муҳайёдир. Уларга (охиратда) хавф ҳам бўлмас ва улар ташвиш ҳам чекмаслар”. (Бақара сураси, 274-оят).

Киши хайр – эҳсонни ихлос билан, савоб умидида қилар экан, ояти каримада ваъда қилинганидек улкан мукофотларга эришади. Инфоқ – эҳсон қилишнинг савоби борасида ҳадиси шарифларда ҳам жуда кўп маълумотлар бордир.

Хайр – эҳсоннинг фойдаси нафақат бу дунёда балки, қабр ва қиёматда ҳам борлиги ҳақида Пайғамбаримизсоллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар. “Албатта садақа ўз эгасини қабр иссиқлигидан сақлайди. Садақа қилувчи мўмин қиёмат куни ўз садақаси соясида туради”. (Имом Табароний ривояти).

Садақа ва эҳсоннинг барча кўринишлари хоҳ у нафл бўлсин, хоҳ фарз бўлсин, барчаси гуноҳларнинг ўчирилишига сабаб бўлади. Уламолар садақани инсоннинг имони борлигини тасдиқловчи амал дейишган. Чунки хайр – эҳсон қилувчи киши ўзига бегона бўлган ва ҳеч ҳам ундан манфаат умид қилмайдиган одамга имкониятидан келиб чиқиб бир нарсани беради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Садақа ҳужжат ва далилдир (яъни, имон борлигига)”. (Имом Термизий ривояти).

Хайр – эҳсон қилиш орқали киши яна бир бор иймонини мустаҳкамлигини тасдиқловчи ҳужжатини қўлга киритган бўлади. Хайр – эҳсон қилиш билан ҳаргиз мол озаймайди, балки унинг молига Аллоҳ таоло барака беради.

Аллоҳ хоҳлаган кимсани бой қилади, хоҳлаганини эса камбағал қилади. Бойни муҳтож ва муҳтожни бой қилиш Аллоҳга ниҳоятда осондир. Шундай экан, бировга ёрдамимиз тегишидан хурсанд бўлишимиз ва Аллоҳга доим ҳамд айтиб, эзгу ишда пешқадам ва бардавом бўлишимиз керак. Эҳсон қилувчида топилиши керак бўлган одоблар ҳам мавжуд. 

1)       Аввало хайр – эҳсонни Аллоҳ Таолонинг розилиги учун қилиш, унга риё аралаштирмаслик.

2)       Хайр – эҳсонни ҳалол – пок ва ўзи яхши кўрган молдан қилиш.

3)       Хайр – эҳсонни қариндош ва яқинлардан бошлаш. 

4)       Хайр – эҳсони билан ғурурланмаслик, ўзига бино қўймаслик.

5)       Миннат ва шу каби хайр – эҳсоннинг сабабини кетказадиган амаллардан сақланиш.

6)       Хайр – эҳсонни ошкор қилмай, махфий ҳолда қилиш, аммо ўзларига ибрат маъносида ошкор қилса бўлади.

7)       Хайр – эҳсонни очиқ юз билан, чин кўнгилдан, хурсанд бўлиб бериш.

8)       Хайр – эҳсон қилиш нияти пайдо бўлиши билан, уни кечиктирмай, тезроқ ҳақли кишига етказиш.

9)       Оз бўлса ҳам хайр – эҳсон қилишда бардавом бўлиш.

10)     Хайр – эҳсонни имкон қадар тириклик пайтида қилиш.

11)     Эҳсонни ҳақдорлар кишиларга бериш.

561 - وَعَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَـالَ: «قَالَ اللهُ تَعَالَى: أَنْفِقْ يُنْفَقْ عَلَيْكَ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 4684، م 993].


Улашиш
|
|
Нусха олиш
562. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

«Қайси Ислом (амали) яхшироқ?» деб сўради. У зот: «Таом беришинг ҳамда таниган-танимаганингга салом беришинг», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф ҳам Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. Бир киши Пайғамбаримиздан Исломнинг энг яхши фазилатлари ҳақида сўради. Ислом ўзи яхши нарса, лекин сўровчи ўша яхши нарсанинг ҳам энг афзали ҳақида сўраган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса, Исломнинг энг яхши фазилатларидан иккитасини айтиб берганлар. Нима учун айнан шу икки нарсани зикр қилганлари ҳақида гапирадиган бўлсак, уламоларимизнинг айтишларича, бировга яхшилик қилиш, асосан, икки хил бўлади:

Биринчиси, моддий яхшилик бўлиб, унинг энг боши бошқаларни таомлантириш.

Иккинчиси, баданий яхшилик бўлиб, унинг боши салом беришдир, деганлар.

Шу билан бирга, савол берилган жой, вақт ва одамларнинг ҳолати ҳам эътиборга олинган. Айниқса, Пайғамбаримиз бошчиликларида саҳобалар янги ҳижрат қилиб келганларида Мадинаи Мунавварада очлик ҳукм сурар эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша вақтда бировга овқат бериш, очнинг қорнини тўйдиришга жуда кўп тарғиб қилганлар. Шунингдек, танигану танимаган одамга салом беришни ҳам лозим санаганлар.

Ислом динининг ушбу икки фазилати ҳақида қанча кўп гапирилса, шунча оз. Чунки бу икки нарса инсониятга кўплаб хайр-барака келтиради.

Оч кишиларга таом беришни диннинг энг афзал амалларидан қилган яна бошқа қайси дин ёки мафкура бор?! Фақат Қуръони Карим ўз оятларида очларга таом беришни энг яхши амаллардан бири ҳисоблаган, ўзи муҳтож бўлса-да, таомини мискин, етим ва асирларга бериш мусулмонликнинг олиймақом сифатларидан эканини таъкидлаган.

Фақат Ислом дини иймон комиллигини очларга таом беришга боғлаган. Ҳа, фақат Исломгина–Аллоҳнинг охирги ва мукаммал динигина шундай қилиши мумкин. Бу ишни иймон даражасига кўтарган, Ислом тарбиясини топган ҳақиқий мусулмонларгина дунё халқлари тарихида мисли кўрилмаган даражада сахий бўлишлари ҳам шундан. Фақат Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дорулфунунларида таҳсил кўрганларгина бу ишни қойилмақом қилиб адо этишлари мумкин.

Очарчилик пайти. Мадинаи Мунавварага ҳазрати Усмонга тегишли озиқ-овқат карвони етиб келди. Бозор чаққонлигидан хабардор савдогарлар эрталабдан карвонни ўраб олдилар. Ким ошди савдоси бошланди. Бир савдогар бир нархни айт­ди. Мол эгаси ҳазрати Усмон:

«Менга бу нархдан юқори нарх ваъда қилинган», дедилар.

Савдогарлар бирин-кетин ўз имконлари етадиган нархларни айтиб чиқдилар. Ҳаммасига ҳам ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу:

«Менга бу нархдан юқори нарх ваъда қилинган», дедилар.

Охири савдогарлар:

«Мадинада биздан бошқа савдогар қолмади, ким сенга бундоқ юқори нарх ваъда қилди, ахир?» деб сўрашди.

Ҳазрати Усмон:

«Аллоҳ таоло, ким очларга таом берса, ўн баробар қилиб савоб бераман, деган. Ҳамма молим Мадина фуқаро ва мискинларига садақа бўлсин», дедилар.

Қани, ҳазрати Усмондан бошқа бу ишни ким ҳам қила олади?

Халифа Умари Одил кечаси ҳеч кимга билдирмай одамлар ҳолидан хабар олиб юрарди. Бир аёл овқат топа олмаганидан қозонга қуруқ сув қуйиб, тагига олов ёқаркан: «Сабр қилинглар, ҳозир таом пишади», деб болаларни ухлатишга уринаётганини кўрди.

Халифа дарҳол ортга қайтиб Байтулмолдан бир қоп таомни ажратиб, ҳамроҳидан қопни орқалатиб қўйишда ёрдам сўради. Ҳамроҳи:

«Эй мўминларнинг амири, ижозат беринг, юкни мен кўтариб борай», деди. Шунда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу:

«Агар қиёмат куни ўша оиланинг оч қолгани гуноҳини ҳам менинг ўрнимга кўтарадиган бўлсанг, бу юкни кўтар, бўлмаса, ўзимга қўйиб бер, ўзим кўтарай», дедилар. Сўнгра қопни ўзлари кўтариб олиб бордилар.

Оддий мусулмонлар, ҳатто ўзи овқатга муҳтожлари ҳам қўлидаги таомини ўзгага тутиши фақат Ислом тарбиясидандир.

«Ассалому алайкум» исломий сўрашиш, исломий табрикдир. Турли халқ, миллат ва элатлар турлича сўрашадилар. Бир-бири билан кўришган одамлар «хайрли эрта», «яхшимисиз», «саодатли бўлинг», каби иборалар орқали ўзаро истак билдирадилар. Лекин ҳеч ким, ҳеч бир тузум, ҳеч бир жамият ёки фалсафа «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳу», яъни, «Сизга тинч­лик, саломатлик, Аллоҳнинг раҳмати ва баракалари бўлсин», деб сўрашишни ўзининг энг афзал ишларидан қилмаган, ибодат даражасига кўтармаган. Таниса-танимаса, кўрган одамига салом берсин, демаган. Салом бериш–суннат, алик олиш–вожиб, демаган. Кўринишидан оддийгина бу нарса оламшумул аҳамият кашф этишини мусулмонларгина биладилар.

Ислом дини ушбу ҳадисда кўтарган икки масаланинг ҳикмати қанчалик катта экани бугунги кунимизда яққол намоён бўлмоқда. Дунёда ҳар дақиқада бир қанча гўдаклар, кекса кишилар, эркак ва аёллар очликдан ўлмоқда. Ҳа, айнан таом етишмаганидан ўлмоқдалар. Аслида эса, улар таом танқислигидан эмас, Ислом етишмаганидан ўлмоқдалар. Чунки Исломдан бехабарлар, Исломга амал қилмайдиганлар шунча одам очдан ўлаётган бир пайтда, уларга ўхшаганлардан бир неча марта кўп одамга етиб-ортадиган таомни исроф қилиб, ташлаб юбормоқдалар. Савдогарлар нарх тушмасин, деб ортиб қолган таомларини камбағалларга бермай, бошқа йўл билан йўқ қилмоқдалар.

Очларга таом бериш ҳақидаги хабарларнинг кўпи сохта, риё учун қилинаётган ташвиқот, холос. Исломсиз бу муаммони ҳал қилиш қийинлиги кундан-кунга ойдинлашиб бормоқда.

Салом бериш ва ундан кўзланган мақсадлар ҳам бугунги кунимизнинг жуда муҳим масаласидир. Кишилар бир-бирлари билан яхши муносабатда бўлишлари зарур. Бир-бирлари билан ҳар кўрганда саломлашиб, бир-бирларига тинчлик-омонлик, саломатлик, Аллоҳнинг раҳмати ва баракасини сўраб турмоқлари, тинч-тотув, дўст-биродар бўлиб яшамоқлари лозим.

562 - وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ العَاصِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ رَجُلًا سَأَلَ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: أَيُّ الإِسْلاَمِ خَيْرٌ؟ قَالَ: «تُطْعِمُ الطَّعَامَ، وَتَقْرَأُ السَّلَامَ عَلَى مَنْ عَرَفْتَ وَمَنْ لَمْ تَعْرِفْ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 12، م 39].


Улашиш
|
|
Нусха олиш
563. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қирқ хислат борки, уларнинг энг олийси — сутини соғиб ичиш учун эчкисини бермоқликдир. Кимки мана шу хислатлардан бирортасига савоб умидида ва ваъда қилинган нарсага ишонган ҳолда амал қилса, Аллоҳ таоло жаннатга киритади», дедилар.

Имом Бухорий ривояти.

Шарҳ: Ушбу ҳадисда зикр қилинган қирқта хислатнинг энг олийи бировга эчкини соғиб ичиб туриш учун бериш бўлса, қолганлари ундан кичик ишлар бўлади. Лекин нима бўлса ҳам кишиларга фойда келтирадиган бўлгани учун Аллоҳнинг наз­дида улуғ иш ҳисобланади. Ўз соҳибининг жаннатга киришига сабаб бўладиган бундай ишни арзимас ҳисоблаб бўладими?! Фақат яхши ният билан, савоб умидида ва Аллоҳ таоло томонидан ўша ишни қилган кишига берилган ҳақ ваъда эканига сидқидилдан ишонган ҳолда амал қилинса, шундай бўлади.

Ислом шундоқ қилиб арзимаган ишларни ҳам катта ҳисоблаб, одамларга яхшилик қилишни, жамият аъзолари орасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўяди.

 

563 - وَعَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «أَرْبَعونَ خَصْلَةً أَعْلَاهَا مَنِيحَةُ العَنْزِ؛ مَا مِنْ عَامِلٍ يَعْمَلُ بِخَصْلَةٍ مِنْهَا رَجَاءَ ثَوَابِهَا وَتَصْدِيقَ مَوْعُودِهَا إِلَّا أَدْخَلَهُ اللهُ تَعَالَى بِهَا الجَنَّةَ». رَوَاهُ البُخَارِيُّ [2631].

وَقَدْ سَبَقَ بَيَانُ هَذَا الحَدِيثِ فِي (بَابِ بَيَانِ كَثرَةِ طُرُقِ الخَيْرِ) [برقم 144].


Улашиш
|
|
Нусха олиш
564. Абу Умома Судай ибн Ажлон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй одам боласи! Ортиқчасини сарфлашинг ўзинг учун яхшидир. Унга мумсиклик қилишинг эса ўзинг учун ёмондир. Қаноатли бўлсанг, маломатга қолмайсан. (Садақани) қарамоғингдагилардан бошла. Устун қўл остин қўлдан яхшидир».

Имом Муслим ривояти.

564 - عَنْ أَبِي أُمَامَةَ صُدَيِّ بْنِ عَجْلَانَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «يَا ابْنَ آدَمَ؛ إِنَّكَ أَنْ تَبْذُلَ الفَضْلَ خَيْرٌ لَكَ، وَأَنْ تُمْسِكَهُ شَرٌّ لَكَ، وَلَا تُلَامُ عَلَى كَفَافٍ، وَابْدَأْ بِمَنْ تَعُولُ، وَاليَدُ العُلْيَا خَيْرٌ مِنَ اليَدِ السُّفْلَى». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [1036 وسبق برقم 522].


Улашиш
|
|
Нусха олиш
565. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Ислом учун бирор нарса сўрашса, албатта берар эдилар. Ҳузурларига бир киши келган эди, унга икки тоғ ораси(ни тўлдирадиган)ча қўй бердилар. У қавмининг ҳузурига қайтиб бориб, «Эй қавмим, мусулмон бўлинглар! Чунки, Муҳаммад фақирликдан қўрқмайдиган кишининг атосини берар экан», деди. Киши мол-дунё истабгина мусулмон бўлар, лекин мусулмон бўлгач Ислом у учун дунё ва ундаги барча нарсалардан кўра суюклироқ бўлиб қолар эди».

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Пайғамбар алайҳиссалом қўли очиқ ва саховатли киши бўлиб, ул зотнинг ўзлари умматларини ҳам сахийликка қизиқтириб, шижоатлантирган ҳолда шундай дердилар: “Сахий киши Аллоҳга яқин, инсонларга яқин, жаннатга яқин бўлади. Бахил киши Аллоҳдан узоқ, инсонлардан узоқ, жаннатдан узоқ, жаҳаннамга яқин бўлади”. (Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саховатлари – мақталиш ёки бирор маломатдан қочиш учун бўлмаган. Ёки фахр-ифтихор ва маддоҳлар мақташини ният этмаганлар. Балки Расулуллоҳнинг саховатлари динни ҳимоя қилиш, ҳидоят йўлига чорлашни қўллаб-қувватлаш ва Аллоҳнинг йўлидан тўсадиганларга қарши чиқишга қаратилган.

Шунингдек, Пайғамбаримиз мол-дунёни сақлашни асло ёқтирмаганлар. Қўлларига тушган ғанимат ва ўлжаларни камбағал ва муҳтож мўмин-мусулмонларга инфоқ қилганлар.

Пайғамбар алайҳиссалом етимлар бошини силаб беваларнинг моддий таъминотига ғамхўрлик қилганлар. Ўз хожайини билан пул бериш эвазига озод бўлишга келишиб олган қулларни озод қилардилар. Ислом динига мойил бўлган қалбларни улфат қилиш учун мол-дунёни аямаганлар. Бу каби тадбирлар у зотнинг ҳаётлари давомида кўп кузатилган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзгалари ва оилаларидан кўра бошқаларга кўпроқ саховат кўрсатганлар. Бирон нарсага ўзлари энг ҳожатманд бўлишларига қарамай, бошқаларга берганлар. Ўзлари муҳтож бўлиб турганда ҳам буни ўйлаб ўтирмай, дарҳол ҳадя қилиб юборганлар.

Пайғамбар алайҳиссалом Аллоҳ йўлида имкони борича кўпроқ инфоқ қилсалар ҳам, буни оз санардилар. Кўп нарсаларни ҳадя қилиб юборсалар ҳам кўп бердим, деб ҳисобламасдилар. Ислом йўлида у зотдан бирор нарса сўралса, ҳеч қачон рад жавобини олинмаган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда саховат шу даражага етгандики, бирор нарса сўраб келган одамни қуруқ қайтариш ёки “Ўзимизда ҳам йўқ” деб узр айтишдан ҳаё қилар эдилар. Бир киши ёрдам сўраб олдиларига келганда Пайғамбар алайҳиссалом: “Ҳозир менда ҳеч нарса йўқ, бироқ менинг номимдан нарса сотиб ол. Қўлимизга бирор нарса тушса, ўзим бериб қўяман”, дедилар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: “Эй, Аллоҳнинг Расули, унга ҳадя қилдингиз. Ахир Аллоҳ таоло ўзингиз қодир бўлмаган ишга сизни буюрмаган-ку!”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бу сўз ёқмади. Сўнг ансорлардан бир киши келиб: “Эй, Аллоҳнинг Расули, инфоқ қилаверинг, Арш эгаси бўлган Зот озайтириб қўяди, деб ўйламанг”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам табассум қилдилар. Ансорий кишининг сўзидан юзларида хурсандчилик аломати пайдо бўлиб: “Мана шунга буюрилганман”, дедилар. (Имом Термизий ривояти).

Ҳунайн куни ҳам озод қилинган кишиларнинг қалбларини исломга мойил қилиш учун кўп ҳадялар улашдилар. Ўшанда туяларни юзталаб тарқатдилар. Бундай ҳадяни олганлар орасида Молик ибн Авф розияллоҳу анҳу ҳам бор эди. Сўнгра Молик ибн Авф бу ишларини деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни мадҳ этиб, қасида ҳам битган. (Имом Муслим ривояти).

Саид ибн Мусайяб Сафвон ибн Умайядан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга жуда кўп ҳадя берганлар. У киши мен учун мусулмон бўлишимдан олдин инсонларнинг энг ёмони бўлсалар, ҳадя берганларидан сўнг инсонларнинг энг суюклисига айланганлар”. (Имом Термизий ривояти).

565 - وَعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ الله عَنْهُ قَالَ: مَا سُئِلَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ عَلَى الإِسْلَامِ شَيئاً إِلَّا أَعْطَاهُ، وَلَقَدْ جَاءَهُ رَجُلٌ، فَأَعْطَاهُ غَنَماً بَيْنَ جَبَلَينِ، فَرَجَعَ إِلَى قَومِهِ فَقَالَ: يَا قَوْمِ؛ أَسْلِمُوا، فَإِنَّ مُحَمَّداً يُعْطِي عَطَاءَ مَنْ لَا يَخْشَى الفَقْرَ، وَإِنْ كَانَ الرَّجُلُ لَيُسْلِمُ مَا يُرِيدُ إِلَّا الدُّنْيَا، فَمَا يَلْبَثُ إِلَّا يَسِيراً حَتَّى يَكُونَ الإِسْلَامُ أَحَبَّ إِلَيهِ مِنَ الدُّنْيَا وَمَا عَلَيْهَا. رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2312/57، 58].


Улашиш
|
|
Нусха олиш
566. Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлжа тақсимладилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга қасамки, манавилардан кўра бошқалар бунга ҳақлироқ эди», дедим. У зот  шундай дедилар: «Улар қўполлик билан сўрашди. Акс ҳолда (яъни қўполлик қилишгани учун бермасам) мени бахилга чиқаришарди. Мен эса бахил эмасман», дедилар».

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Бу ерда Пайғамбар алайҳиссаломнинг жоҳилларга нисбатан сабр-бардошлари ва  Умар ибн Хаттобнинг иффатлари баён қилиб, хиралик қилиб сўрашдан ман қилинмоқда.

«Акс ҳолда (яъни қўполлик қилишгани учун бермасам) мени бахилга чиқаришарди. Мен эса бахил эмасман». Чунки бахиллик Пайғамбарларнинг ахлоқи эмас. Расулуллоҳ с.а.в.дан бахиллик содир бўлиши мумкин ҳам эмас. 

566 - وَعَنْ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَسَمَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَسْماً، فَقُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ؛ لَغَيْرُ هَؤُلَاءِ كَانُوا أَحَقَّ بِهِ مِنْهُمْ؟! قَالَ: «إِنَّهُمْ خَيَّرُونِي أَنْ يَسْأَلُونِي بِالْفُحْشِ، أَوْ يُبَخِّلُونِي، وَلَسْتُ بِبَاخِلٍ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [1056].


Улашиш
|
|
Нусха олиш
567. Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳунайндан қайтишларида у зот билан бирга бораётган эдим. Аъробийлар у зотдан (ато) сўраб, осилиб олишди, ҳатто у зотни бир самура* томон юришга мажбур қилишди. (Самура) ридоларини илиб қолди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тўхтаб: «Менга ридойимни беринглар! Агар мана шу тикан дарахтлар сонича чорвам бўлганида, уни албатта сизларга тақсимлаб берган бўлардим, шунда менинг бахил ҳам, ёлғончи ҳам ва қўрқоқ ҳам эмаслигимни кўрар эдингиз!» дедилар».

Имом Бухорий ривояти.

Шарҳ: Самура – тиканли дарахтлар оиласига кирувчи ва уларнинг ичида энг сифатли ёғоч берувчи дарахт.

Бу ҳадисда яна Пайғамбар алайҳиссаломнинг жоҳилларга нисбатан сабр-бардошлари намоён бўлмоқда. Демак инсон эҳтиёж бўлганда ўзини ҳимоя қилиш учун мақтовли ҳислатларини зикр қилишда монеълик йўқ экан. Бу нарса ёмон кўрилган фахрланишга кирмас экан.

 

567 - وَعَنْ جُبَيْرِ بْنِ مُطْعِمٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ قَالَ: بَيْنَمَا هُوَ يَسِيرُ مَعَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ مَقْفَلَهُ مِنْ حُنَيْنٍ، فَعَلِقَهُ الأَعْرَابُ يَسْأَلُونَهُ، حَتَّى اضْطَرُّوهُ إِلَى سَمُرَةٍ فَخَطَفَتْ رِدَاءَهُ، فَوَقَفَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: «أَعْطُونِي رِدَائِي، فَلَوْ كَانَ لِي عَـدَدُ هَذِهِ العِضَاهِ نَعَماً، لَقَسَمْتُهُ بَيْنَكُمْ، ثُمَّ لَا تَجِدُونِي بَخِيلًا وَلَا كَذَّاباً وَلَا جَبَاناً». رَوَاهُ البُخَارِيُّ [2821].

«مَقْفَلَهُ» أَيْ حَالَ رُجُوعِهِ. وَ«السَّمُرَةُ»: شَجَرَةٌ. وَ«العِضَاهُ»: شَجَرٌ لَهُ شَوْكٌ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш

568. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Садақа бериш билан мол-дунё камайиб қолмайди. Аллоҳ таоло кечиримли бўлган бандасининг иззат-шарафини зиёда қилади. Бирор киши Аллоҳ учун ўзини ҳокисор тутса, Аллоҳ азза ва жалла уни мартабасини баланд қилади», дедилар.

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: «Садақа» сўзи луғатда бировни икром қилиш нияти ила эмас Аллоҳ таолога қурбат нияти ила бериладиган нарсадир. Бу мано закот ва ихтиёрий садақани ўзи ичига олади.

«Садақа» уламолар истилоҳида Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш нияти ила тириклик чоғида эвазсиз мулк қилиб беришдир.

Роғиб Асфиҳоний айтади: «Садақа инсон ўз молидан қурбат нияти ила чиқарган нарсадир. Закотга ўхшаб. Аслида ихтиёрий мол чиқаришни садақа дейилади. Фарз мол чиқаришни закот дейилади. Гоҳида ҳар бир яхшилик ишни ҳам садақа дейилиши бор.

Агар молни муҳтож кишига эвазсиз мулк қилиб беришдан Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш кўзланса, садақа бўлади.
Агар молни бериладиган шахс олдига уни улуғлаб ва меҳрини қозониш учун олиб борилса, ҳадия бўлади.

Ўлими олдида мол улашиш атийяя бўлади.
Бошқа ҳолатларда ҳиба бўлади.

Садақанинг садақа деб аталишига сабаб у ўз эгасининг иймони ва нияти содиқлигини тасдиқлаши учундир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўмин-мусулмон бандаларини садақа қилишга тарғиб қилган. Мазкур оятлардан баъзиларини тақдим қилишга ижозат бергайсиз.

Аллоҳ таоло «Мунофиқуун» сурасида айтади: «Сизлардан бирингизга ўлим келиб «Эй Роббим, агар мени оз муддатга таъхир қилиб турсангда, садақа қилиб солиҳлардан бўлиб олар эдим», дейишидан олдин Биз сизга ризқ қилиб берган нарсадан инфоқ қилиб қолинглар» (10-оят).

Куч-қувватнинг борида, молу-дунёнинг етарлиги да ҳеч нарса хаёлга келмай, садақа қилишни эсга ҳам олмай юриб-юриб, ўлим элчиси эшик қоқиб келганда Аллоҳга ёлбориб «мени бир оз ўлдирмай тургин, садақа қилиб, аҳли солиҳдан бўлиб олай», дегандан фойда йўқ. Балки ёшликда, куч-қувватнинг борида ибодатларни ўрнида адо этиб, садақаларни қилиб аҳли солиҳлардан бўлиб олиш керак.

Ана ўшанда ўлим элчиси ҳам ҳеч нарсадан қўрқмай, ҳеч нарсага афсус қилмай кутиб олинади. Ҳа, вақтида Аллоҳ таоло берган ризқдан жойини топиб инфоқ қилиб қолиш керак. Кейин эса кеч бўлади.

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида айтади: «Садақани ошкора қилсангиз қандоқ ҳам яхшидир. Агар махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир. Сиздан гуноҳларингизни ювадир. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» (271-оят).

Ушбу ояти каримада садақани ошкора қилиш ҳам, махфий қилиш ҳам мақталмоқда. Бу ҳақдаги бошқа оят ва шаръий далилларни жамлаб ўрганиб чиққан уламоларимиз хулоса қилиб айтадиларки, садақа фарз бўлса, уни ошкора қилиш яхши, чунки бу ҳолда Аллоҳнинг амрига тоат ошкора кўринади ва ҳақдор бўлмаган кишиларга ҳам мазкур садақадан тушиб қолиши мумкинлиги олди олинади. Агар садақа ихтиёрий бўлса, уни махфий қилингани яхши. Риёдан ва манманликдан узоқда бўлинади. Ояти каримада: «Садақани ошкора қилсангиз қандоқ ҳам яхшир», дейилганида, фарз садақалар кўзда тутилган.
«Агар махфий қилсангиз», дейилганида, ихтиёрий садақалар кўзда тутилган.

«... ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир».
Яъни, садақанинг энг ҳақдори камбағал-фақир кишилардир.

Исломда садақанинг жорий қилиниши ҳам ўша тоифанинг ҳимояси ва ёрдами учун бўлган.

Садақа қилиш хоҳ ошкора бўлсин, хоҳ махфий бўлсин, доимо ўз эгасига фойда келтиради, унинг гуноҳларининг ювилишига сабаб бўлади:

«Сиздан гуноҳларингизни ювадир».

Бу ваъда ўз навбатида кишиларнинг қалбини ларзага солади, тақво ҳиссини ортдиради.

«Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир».
Ҳар бир амалингизга ўзига яраша мукофот ёки жазо беради.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ушбу ояти кариманинг тафсирида қилинган ривоятда у киши айтадиларки: «Аллоҳ таоло ихтиёрий садақада махфийликни жорий қилган. Бу борада махфийси ошкорасидан етмиш марта кўп савобга эга бўлади. Фарз садақанинг ошкорасини махфийсидан йигирма беш марта афзал қилган».

Маълумки, одамнинг топган мол-мулкидан ўз ихтиёри билан бошқа кишиларга садақа қилиши осон эмас. Бунинг учун доимий равишда тарғибот олиб бориб, одамлар қалбидаги бахиллик, молга бўлган ҳирс ҳисларини йўқотиш керак бўлади.

Иккинчидан, сахийлик даражасига етганларида риёкорликни йўқотиш учун ҳаракат қилмоқ лозим бўлади.

Ҳаётий тажрибада ҳам мол сарфлашни йўлга қўйишдан кўра, риёдан қочишни йўлга қўйиш қийин эканлиги кўрилган. Кишиларда қилган садақасини, яхшилигини одамлар билишини хоҳлаш табиати кучли.

 

 

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида айтади: «Аллоҳ рибони доимо нуқсонга учратур ва садақаларни ўстирур. Ва Аллоҳ ҳар бир кофир, гуноҳкорни хуш кўрмас» (276-оят).

Бандалар пул-молларини зиёда бўлиши учун рибохўрлик қилишади ва ўзларига келган фойдани санаб юришади.

Аслини олганда иши бунинг тескариси.
«Аллоҳ рибони доимо нуқсонга учратур».

Судхўрнинг пули ҳисоб жиҳатидан кўп бўлса ҳам Аллоҳ унинг баракасини кўтариб, егани ўзига юқмайдиган қилиб қўяди. Судхўрни турли касалликларга дучор қилади, тинчлигини, хотиржамлигини олади. Яна биз билмайдиган кўп бало-офатларга дучор қилади.

Шунингдек, сиртдан қараганда, садақа қилган кишиларнинг моли камайганга ўхшайди. Аслида эса, иш бунинг тескариси бўлади: Аллоҳ «садақаларни зиёда қилур». Агар ҳисобда садақа қилувчининг моли ҳажми оз бўлса ҳам, Аллоҳ унга барака ато қилади, бало-офатлардан сақлайди, ўзини тинч, хотирини жам қилади.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи қилган ривоятда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Рибо гарчи кўпайса ҳам, оқибати, албатта, озайишга қайтади», деганлар.

Имом Муслим ва Имом Термизийлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом: «Ким ҳалол касбидан бир дона хурмо миқдорича садақа қилса, зотан Аллоҳ ҳалолдан бошқани қабул ҳам қилмайди, албатта, Аллоҳ уни ўнг қўли билан қабул қилади ва сизлар тойчоқни ўстирганингиздек, ўстириб, Уҳуд тоғича қилади», деганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши пок садақа қилган бўлса, Аллоҳ покдан бошқа нарсани қабул ҳам қилмайди, албатта, уни қўйган пайтида, Роҳманнинг кафтига қўяди. Албатта, Аллоҳ бирингизнинг бир дона хурмосини, худди у тойчоғини ёки бўталоғини тарбия қилгандек тарбия қилиб, тоғчалик қилади».

Ушбу ҳадиси шарифда мўмин-мусулмонларга ҳаром молдан жуда эҳтиёт бўлиш таъкид ила тушунтирилмоқда. Молни инфоқ, садақа қилиш, Закот бериш яхши нарса экани, аммо шундай яхшилик учун мол ҳалол-пок бўлиши шарт эканлиги уқтирилмоқда. Чунки, Аллоҳ таоло ҳалол-пок бўлмаган молдан қилинган садақани қабул қилмайди.
Баъзи бир кишилар Закот, садақа молни поклайди, деган тушунчани суиистеъмол қилиб, ҳаром-харишдан топган молидан бир оз садақа бериб, энди молим пок бўлди, деса, гаплари нотўғри эканига ушбу ҳадис далилдир.
Закот ва садақага инфоқлар ҳалол молдан бўлгандагина қабул қилинади ул молни поклайди, ўсишига, баракасига сабаб бўлади. Ҳаром йўл билан, яъни ўғрилик, порахўрлик, рибохўрлик, мансабини ишлатишлик, қимор, ҳаром нарсалар сотиш, ҳаром ишлар қилиш каби йўллар билан топилган ифлос молни ҳеч нарса покламайди.

Баъзи ҳукамоларимиз ҳаром молни садақа билан покламоқчи бўлганларни нажосатни сийдик билан ювмоқчи бўлаётганларга ўхшатганлар.

Садақа қилинган бир дона хурмо Аллоҳнинг кафтида туриб, тоғдек катталашиб кетар экан, савоби ҳам шу даражада катта бўлар экан.

Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга садақанинг катта-кичиги бўлмаслигини тушунтирмоқдалар. Хурмонинг бир донаси жуда кичкина нарса, бироқ банда шуни садақа қилса ҳам, эътиборсиз қолмас экан. Бу нарса бориб Аллоҳ Таолонинг қўлига тушар экан. Банда садақа қилган нарсанинг Аллоҳнинг қўлига тушиши жуда улуғ нарсадир. Ўша турган ҳолида қолиши ҳам катта нарса эди, бироқ Аллоҳ Таоло бу садақани худди бир ҳайвоннинг янги туғилган боласини авайлаб катта қилгандек, ўстириб, катта қилар экан, бориб-бориб, бу бир дона хурмо катта адирдек савобга айланар экан.
Демак, қўлдан келган ҳар қандай яхшиликни қилавериш керак экан, кичик бўлгани учун паст санаб, беписандлик қилмай, ихлос билан садақа қилавериш керак экан.


568 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَا نَقَصَتْ صَدَقَةٌ مِنْ مَالٍ، وَمَا زَادَ اللهُ عَبْداً بِعَفْوٍ إِلَّا عِزّاً، وَمَا تَوَاضَعَ أَحَدٌ للهِ إِلَّا رَفَعَهُ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2588].

 

Улашиш
|
|
Нусха олиш

569. Абу Кабша Умар ибн Саъд Анморий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Бу киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни:

«Уч нарсага қасам ичаман ва сизларга бир ҳадисни гапириб бераман. Сизлар уни ёдлаб олинг:

Банданинг моли садақадан камайиб қолмайди. Банда бир зулмга учраса-ю, унга сабр қилса, албатта, Аллоҳ унинг иззатини зиёда қилур. Банда тиланчилик эшигини очса, албатта, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очар» (ёки шунга ўхшаш бир калима). Мен сизга бир ҳадис айтаман, ёдлаб олинглар: «Албатта, дунё тўрт нафарникидир:

Бир бандага Аллоҳ молини ҳам, илмини ҳам ризқ қилиб берган. У бу билан Роббисига тақво қилур. Силаи раҳм қилур. Ундаги Аллоҳнинг ҳаққини билур. Бу энг афзал даражадир.

Бир бандага Аллоҳ илмни ризқ қилиб берибди-ю, молни ризқ қилиб бермабди. У содиқ ниятли бўлиб, агар молим бўлганида фалончининг амалини қилар эдим, дейди. У ниятига яраша олади. Икковларининг ажри баробардир.

Бир бандага Аллоҳ молни ризқ қилиб берибди, аммо илмни бермабди. У илмсиз равишда молини тўғри келган тамонга сочади. У билан Роббисига тақво қилмайди, силаи раҳм қилмайди. Ундаги Аллоҳнинг ҳаққини билмайди. Бу энг ёмон даражадир.

Бир бандага Аллоҳ молни ҳам, илмни ҳам ризқ қилиб бермабди. У эса, агар молим бўлганида фалончининг амалини қилар эдим, дейди. У ниятига яраша олади. Икковларининг гуноҳи баробардир», дедилар».

Имом Термизий ривояти. Имом Термизий уни ҳасан, саҳиҳ ҳадис деб айтганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қисқа иборалар билан ўта муҳим ҳақиқатларни баён қилмоқдалар. Ҳадиси шарифда зикр этиладиган ҳақиқатларнинг жуда ҳам муҳим эканига аввалдан қасам ичишлари ҳам бунга далолат қилиб турибди.

Ҳадиснинг аввалида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Уч нарсага қасам ичаман», демоқдалар.

Жуда муҳим бўлмаса, у киши ҳеч қачон қасам ичмайдилар. Хўш, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қасам ичиб таъкидлашларига арзийдиган ўша уч нарса нима экан?

1.«Банданинг моли садақа ила нуқсонга учрамас».

Банда ўз молидан бошқа бировга садақа берса, зоҳиран унинг моли садақа қилиб берилган миқдорча камайганга ўхшайди. Лекин аслида эса, Аллоҳнинг наздида у кўпаяди. Ақалли нуқсонга учрамайди. Аллоҳ таоло садақа қилинган молга барака беради, унинг эвазига бошқа томондан зиёда қилади. Садақа қилинган мол эса, бу дунёдан у дунёга кўчирилган бўлди, холос.

Бир гуруҳ одамлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга:

«Сўйилган ҳайвоннинг тўртдан бири қолди, холос, қолганини садақа қилдик», деганларида, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Тўртдан биридан бошқаси қолибди», деганлар.

 

2. «Банда бир зулмга учраса-ю, унга сабр қилса, албатта, Аллоҳ унинг иззатини зиёда қилур».

Бу ўч олиш имконига эга бўлатуриб, ўзига зулм қилган одамни афв қилиб юбориш фазилатли иш эканини кўрсатади. Золимнинг зулмини рад этиш ҳар бир мусулмоннинг бурчи. Аммо шахсий масалаларда бировдан зулмга учраб, уни кечириб юбориш ҳам фазилат. Чунки ўзаро афв қилиш бўлмаган жамиятда тартибсизлик, зулм кўпаяди. Бундай жамият аъзолари орасида ўзаро душманлик руҳи кучаяди. Оқибатда бундай жамият таназзулга юз тутади.

Афвнинг фазилати тўғрисида ҳам тегишли бобда алоҳида сўз юритгаймиз, иншааллоҳ.

3. «Банда тиланчилик эшигини очса, албатта, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очар».

Банда осонлик билан ризқ топиш йўлига ўтиб, дангасалик қилса, тиланчиликни ўзига раво кўрса, Аллоҳ таоло уни камбағаллик сиртмоғига солиб қўяди.

Ислом кишиларни пешона тери билан, ҳалол-пок меҳнат орқали кун кўришга чақиради. Тиланчилик билан ҳаёт кечиришни қоралайди. Гарчи Исломда тиланчиликка изн берилса ҳам, ноилож қолганда, иффат ила қилиниши кўзда тутилган. Тиланчилик яхши нарса эмаслиги кўплаб ҳадисларда уқдирилган. Ҳатто тиланчи тиланчилик қилаверса, юзидан бир парчадан гўшти узилавериб, қиёмат куни юзида гўшт қолмай тирилади, деган маънодаги ҳадис ҳам келган.

Ҳадисда шу жумладан кейин «ёки шунга ўхшаш бир калима» деган ибора келган. Бу ҳолат жуда кам бўлса-да, баъзи бир ривоятларда учрайди, буни «Ровийнинг шаки» дейилади, яъни, ровийнинг қулоғига яна шунга ўхшаш бир калима ҳам эшитилганга ўхшаган-у, аниқ етмаган, шунинг учун омонатга хиёнат бўлмасин, деб ҳолатни ҳам баён қилиб қўйган.

Сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эшитиб турган саҳобаларга:

«Мен сизларга бир ҳадис айтаман, ёдлаб олинглар», дедилар.

Бу ҳам айтиладиган ҳадис ўта муҳим эканига далолат қилади. Қани, ўша ҳадисни батафсил ўрганиб чиқайлик-чи, унда яна қандай ҳикматлар ҳақида гап кетади экан.

«Албатта, дунё тўрт нафарникидир».

Яъни, бу дунёда яшайдиган одамлар тўрт хилга бўлинадилар:

1. «Бир бандага Аллоҳ молини ҳам, илмини ҳам ризқ қилиб берган. У бу билан Роббисига тақво қилур. Силаи раҳм қилур. Ундаги Аллоҳнинг ҳаққини билур. Бу энг афзал даражадир».

Яъни, мазкур тўрт хил одамлардан биринчи хилига Аллоҳ таоло ҳам молу дунё, ҳам илм-маърифат берган бўлади. Шу билан бирга, ўша одам ўзи эришган нарсалар ила Роббисига тақво қилиб яшайди. Молу дунёсини Аллоҳ кўрсатганидек, сарфлайди. Илмини ҳам тақво йўлида ишлатади. Силаи раҳм, қариндошлик алоқаларини яхши қилиб боради. Ҳам молу дунёдаги, ҳам илмдаги Аллоҳнинг ҳаққини адо қилади. Молининг закотини бериб, ундан садақалар қилади, Аллоҳнинг дини йўлида сарфлайди. Илмига амал қилиб, кишиларни тўғри йўлга чақиради ва ҳоказо. Бу мазкур тўрт тоифа ичида энг афзал даражадир.

Демак, Ислом нуқтаи назарида энг яхши одам молу мулкка ҳам, илмга ҳам соҳиб бўлиб, ҳар икки соҳада ҳам Аллоҳнинг ҳаққини адо этгувчи, қариндош-уруғларига яхшилик қилгувчи тақводор кишидир. Бунда Исломда молу дунё қораланади, деганларга раддия бор.

Ислом назарида молу дунёнинг айни ўзи ёмон нарса эмас, балки унга ҳирс қўйиш, уни нотўғри йўлларга сарфлаш ёмон. Молу дунё бўлсаю уни тўғри йўл билан, шариатда кўрсатилганидек, жойига сарфлаш жуда ҳам яхшидир. Шу боис ҳадиси шарифда энг яхши тоифадаги одамда ҳалиги шартлар билан молу дунё бўлиши маъқул кўрилмоқда.

2. «Бир бандага Аллоҳ илмни ризқ қилиб берибди-ю, молни ризқ қилиб бермабди. У содиқ ниятли бўлиб, агар менинг молим бўлганида фалончининг амалини қилар эдим, дейди. У ниятига яраша олади. Икковларининг ажри баробардир».

Ҳадисни бу бобда келтирилишига ҳам шу қисми сабаб бўлган. Чунки бу ерда киши ниятига яраша савоб олиши ҳақида сўз кетмоқда.

Бу ерда васфи келган одам Ислом назарида энг афзал бўлмаса ҳам яхши одам ҳисобланади. Унинг ўзига яраша илми бор. Илмига амал ҳам, тақво ҳам қилади. Аллоҳнинг ҳаққини адо этади. Молу мулки бўлмаса ҳам Аллоҳга тақво қилиш, Аллоҳнинг ҳаққини адо этишни орзу қилади. Агар молим бўлганида, олдин зикри келган одамга ўхшаб яхши амалларни бажарар эдим, деб ният қилади. Аллоҳ таоло унга шу яхши нияти учун молу мулк сарфламаса ҳам сарфлаганнинг ажру савобини беради. Чунки у ниятига содиқ одам, агар моли-пули бўлганида Аллоҳнинг йўлида сарфлаши турган гап эди. У худди шу ният билан яшамоқда.

3. «Бир бандага Аллоҳ молни ризқ қилиб берибди, аммо илмни бермабди. У илмсиз равишда молини тўғри келган томонга сочади. У билан Роббисига тақво қилмайди. Силаи раҳм қилмайди. Ундаги Аллоҳнинг ҳаққини билмайди. Бу энг ёмон даражадир».

Энг афзал ва яхши одамларни васф қилиб бўлинганидан кейин энди энг ёмон даражадаги одамни васф қилиш бошланди. Бундай одамга Аллоҳ таоло молу дунё берар экан, аммо илм бермас экан. Илми бўлмаганидан кейин илмлилардан сўраб, тасарруф қилса бўлар эди. Аммо бу жоҳил одам ундай қилмай ўзича тасарруф қила бошлади. Аллоҳ таоло унга ризқ қилиб берган молу дунёни илмсиз равишда тўғри келган томонга сочди, ҳаром-хариш ишларга, фисқу фасодга сарфласа сарфладики, қариндош-уруғларига силаи раҳм ҳам қилмади. Бундай одам ўзига ризқ қилиб берилган молу дунёдаги Аллоҳнинг ҳаққини ҳам билмайди, закотини, хайр-садақасини бермайди. Аллоҳ ризқ қилиб берган мол-дунёни Аллоҳнинг йўлига эмас, аксинча, гуноҳ йўлларга сарфлайди. Демак, бундай одам албатта энг ёмон даражадаги киши бўлиши турган гап.

4. «Бир бандага Аллоҳ молни ҳам, илмни ҳам ризқ қилиб бермабди. У эса, агар молим бўлганида фалончининг амалини қилар эдим, дейди. У ниятига яраша олади. Икковларининг гуноҳи баробардир».

Тўртинчи тоифадаги одамда молу дунё ҳам, илм-маърифат ҳам йўқ. Шу билан бирга, бу одамнинг нияти ҳам бузуқ. Илмли бўлишни хаёлига ҳам келтирмайди. Аммо молим бўлса, фалончининг амалини қилар эдим, деб юқорида зикр қилинганидек, илм берилмай мол берилган, молини фисқу фасодга сарфлаган одамга ўхшашни орзу қилади. Бу одам нияти бузуқ бўлгани учун ниятига яраша гуноҳ олади. Ёмон амал қилмаса ҳам агар имкони бўлса, тап тортмаслиги эътиборидан унга гуноҳ ёзилади.

Бу ҳадиси шарифнинг ҳикмати қанчалар улуғ эканини билиш учун унинг ёғдуси ила бугунги кунимиз воқеълигига бир назар ташлаб чиқишимизнинг ўзи кифоя.

Зулмга учраган одамларнинг сабр қилиши ҳам шунга ўхшаш. Аввало, Аллоҳ учун сабр қиладиганлар кам. Урина-урина, қўлидан бир нарса келмаганидан кейин сабр эсига тушадиганлар бўлиши мумкин. Лекин зулмга сабр қилиш туфайли иззати ошишини эътиқод даражасига кўтара олганлар кам. Бу масалада ҳам ушбу ҳадиси шариф ҳикмати даражасига кўтарилишга муҳтожмиз.

Ислом дини тиланчиликни қанчалик қоралашига қарамасдан «мусулмонман», деб юрганлар ичида тиланчиларнинг кўплиги кишини ҳайратга солади. Тиланчилик қилаётганлар бу ишни ўзларига касб қилиб олганлар, десак муболаға бўлмайди. Исломда ночор қолган одамга бир ёки икки марта, ўзини ўнглаб олгунча тиланчилик қилишга изн берилган. «Қути лаа ямути» бўлмаган киши учун тиланчилик қилишга рухсат берилган. Лекин ҳозирги кунимиздаги тиланчиларнинг кўплари бу шартларга риоя қилмайдилар. Улар ҳамма нарсалари бўлатуриб ҳам, қорин тўйғазиш учун эмас, бошқа нарсаларга эришмоқ ниятида тиланчилик қилаверадилар. Шунинг учун ҳам баракадан узоқлар, тиланчилик қилиб қанча топсалар ҳам бирлари икки бўлмайди. Қолаверса, булар Ислом ва мусулмонлар ҳақида бошқалар наздида ёмон тасаввур қолдирадилар.

Энди ҳадиси шарифнинг иккинчи қисмини воқеълигимизга таққослаб кўрайлик. Ичимизда молу дунё ва илмни бирданига тутганлар борми?

Аксинча, мусулмонларда молу дунё билан илм бирга бўлиши мумкин эмас, деган бир тушунча бор. Илмли одам молу мулк учун ҳаракат қилсаёқ маломатга учрайди. Моли борлар эса илмга уринмайди. Оқибатда илмлилар илмсиз бойларга қарам бўлиб қолади. Тирикчилик ўтказаман, деб жоҳиллар ҳузурида илмини хор қилади. Гап фақат диний илм ҳақида кетаётгани йўқ. Илмнинг қайси соҳасига назар солманг шу ҳолатни кўрасиз. Илм эгалари молу дунёсиз, молу дунёси борлар илмсиз.

Исломда эса, молу дунё билан қўшиб илмга эгалик қилган киши энг юқори даражадаги одам ҳисобланиб турибди.

Бугунги кунда дунёнинг ҳеч қаерида мусулмонларчалик мол-дунёни тўғри келган томонга сочадиганлар йўқлиги ҳаммага маълум. Ўйламасдан қилинадиган сарф-харажатлар, исроф ва риёкорликлар тўлиб-тошиб ётибди.

Тўртинчи тоифа одамлари орамизда жуда ҳам кўплиги кишини чуқур қайғуга солади.

Бу ҳолатдан чиқиш учун эса, динимиз таълимотларини, хусусан, ушбу ўрганган ҳадисимизни ҳаётимизга холис ва тўғри татбиқ қилишимиз лозим.

 

569 - وَعَنْ أَبِي كَبْشَةَ عُمَرَ بْنِ سَعْدٍ الأَنمَاريِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّهُ سَمِعَ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «ثَلَاثَةٌ أُقْسِمُ عَلَيهِنَّ، وَأُحَدِّثُكُمْ حَدِيثاً فَاحْفَظُوهُ: مَا نَقَصَ مَالُ عَبْدٍ مِنْ صَدَقَةٍ، وَلَا ظُلِمَ عَبْدٌ مَظْلَمَةً صَبَرَ عَلَيهَا إِلَّا زَادَهُ اللهُ عِزّاً، وَلَا فَتَحَ عَبْدٌ بَابَ مَسْأَلَةٍ إِلَّا فَتَحَ اللهُ عَلَيْهِ بَابَ فَقْرٍ - أَوْ كَلِمَةً نَحْوَهَا - وَأُحَدِّثُكُمْ حَدِيثاً فَاحْفَظُوهُ -: قَالَ إِنَّمَا الدُّنْيَا لأَرْبَعَةِ نَفَرٍ: 

عَبْدٍ رَزَقَهُ اللهُ مَالًا وَعِلْماً، فَهُوَ يَتَّقِي فِيْهِ رَبَّهُ، وَيَصِلُ فِيْهِ رَحِمَهُ، وَيَعْلَمُ للهِ فِيْهِ حَقّاً، فَهَذَا بِأَفْضَلِ الْمَنَازِلِ.

وَعَبْدٍ رَزَقَهُ اللهُ عِلْماً، وَلَمْ يَرْزُقْهُ مَالًا، فَهُوَ صَادِقُ النِّيَّةِ يَقُولُ: لَوْ أَنَّ لِي مَالًا لَعَمِلْتُ بِعَمَلِ فُلَانٍ، فَهُوَ نِيَّتُهُ، فَأَجْرُهُمَا سَوَاءٌ.

وَعَبْدٍ رَزَقَهُ اللهُ مَالًا، وَلَمْ يَرْزُقْهُ عِلْماً، فَهُوَ يَخْبِطُ فِي مَالِهِ بِغَيرِ عِلْمٍ، لَا يَتَّقِي فِيْهِ رَبَّهُ وَلَا يَصِلُ فِيهِ رَحِمَهُ، وَلَا يَعْلَمُ للهِ فِيْهِ حَقّاً، فَهَذَا بأَخْبَثِ الْمَنَازِلِ.

وَعَبْدٍ لَمْ يرْزُقْهُ اللهُ مَالًا وَلَا عِلْماً، فَهُوَ يَقُولُ: لَوْ أَنَّ لِي مَالًا لَعَمِلْتُ فِيهِ بِعَمَلِ فُلَانٍ، فَهُوَ نِيَّتُهُ، فَوِزْرُهُمَا سَوَاءٌ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ صَحِيحٌ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш
570. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

Улар бир қўй сўйишди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қўйнинг қаери қолди?» дегандилар, Оиша: «Фақат қўл қисми қолди», дедилар. Шунда у зот: «Қўлидан бошқа ҳаммаси қолибди‑да», дедилар.

Имом Термизий ривояти. Имом Термизий буни саҳиҳ ҳадис, деб айтдилар.

«Қўлидан бошқасини садақа қилишди» дегани, «охиратда қўлидан бошқа ҳаммаси бизга қолибди», маъносидадир. 

 

570 - وَعَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: أَنَّهُمْ ذَبَحُوا شَاةً، فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَا بَقِيَ مِنْهَا؟» قَالَتْ: مَا بَقِيَ مِنْهَا إِلَّا كَتِفُهَا، قَالَ: «بَقِيَ كُلُّهَا غَيْرَ كَتِفِهَا» رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ حَدِيثٌ صَحِيحٌ [2325].

وَمَعْنَاهُ: تَصَدَّقُوا بِهَا إلَّا كَتِفَهَا فَقَالَ: بَقِيَتْ لَنَا فِي الآخِرَةِ إِلَّا كَتِفَهَا.


Улашиш
|
|
Нусха олиш

571. Асмо бинти Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:

«Қизғанчиқлик қилма, тағин сендан ҳам қизғанилмасин», дедилар».

Бошқа ривоятда: «Молингни инфоқ, эҳсон қил. Ҳисобини қилма, тағин Аллоҳ ҳам сенга ҳисоблаб бермасин. Молингни ўзингда сақлаб ушлаб турма. Яна Аллоҳ ҳам сендан ушлаб қолмасин», деганлар.

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Тугаб қолишидан қўрқиб садақа бермаслик баракани узилиб қолишига энг улкан сабаблардандир. Чунки Аллоҳ таоло ҳисобсиз ато бермоқда. Демак ким бераётганда ҳисобламаса, уни ҳам мукофотланаётганда ҳисоб қилинмайди. Зеро мукофот ўша амалнинг жинсидан бўлади. Ким ризқни ўйламаган томонидан Аллоҳ ризқ беришини билса, у ҳам ҳисобламасдан инфоқ қилмоғи лозим. 

 

571 - وَعَنْ أَسْمَاءَ بِنْتِ أَبِي بَكْرٍ الصِّدِّيقِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَتْ: قَالَ لِي رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «لَا تُوكِي فَيُوكَى عَلَيْكِ».

وَفِي رِوَايَةٍ: «أَنْفِقِي - أَوِ انْفَحِي أَوْ انْضِحِي - وَلَا تُحْصِي فَيُحْصَى عَلَيكِ، وَلَا تُوعِي فَيُوعِيَ اللهُ عَلَيْكِ». [خ 2591، م 1029] مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [1433].

وَ«انْفَحِي» بالْحَاءِ الْمُهْمَلَةِ، وَهُوَ بِمَعْنَى «أَنْفِقِي» وَكَذَلِكَ: «أَنْضِحِي».


Улашиш
|
|
Нусха олиш

572. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Бу киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни:

«Бахил билан инфоқ қилувчи худди эгнида кўкрагидан то бўғзигача темир совут бор икки кишига ўхшайди. Нафақа қилувчи нафақа қилар экан, (совут) унинг танаси узра чўзилиб [ёки узайиб] бораверади, ҳатто унинг бармоқларини ҳам ёпади ва (қадамининг) изини ўчиради. Бахил эса ҳеч нарса нафақа қилишни истамагани сари ҳар бир ҳалқа ўз ўрнига ёпишиб олади, уни (совутни) кенгайтиришга ҳаракат қилади, лекин у кенгаймайди», деяётганларини эшитди.

 

Шарҳ: Совут (жунна, жубба) одатда кичкина ҳалқачаларни бир-бирига киргизиш орқали ясалган. Сахий одам хайру эҳсон қилгани сари эгнидаги совути кенгайиб, узайиб бориб, бутун танасини ҳимоя қилган киши каби бало-офатлардан сақланиб, натижада кўнгли ёзилиб боради. Бахил эса совутининг ҳалқалари зичлашиб, бир-бирига киришиб, бўғзига ёпишиб қолган одам каби ҳимоясиз бўлиб, борган сари зиқналашиб, қалби торайиб боради. У турли йўллар билан ўзига таскин истайди, аммо иложини топа олмайди. Агар сахий бирор нарсани ҳар гал молидан эҳсон қилганида совути кенгайиб, узун бўлади, хаттоки у киши орқасидан судраб юрганидан, оёғи - қадам излари кўринмайди.

Набий алайҳиссалом бахил билан эҳсон улашувчи кишини зарбул масал қилдилар. Масалан жангга кираётган киши аввало душман қуролидан сақланиш мақсадида совут кийишни хоҳлайди. Маълумингизким, совут аввалги кийиладиган жойи, бўйин ва кўкрак ўринларидир. Кейин енгидан қўлини тиқади. Ундан сўнгра жасадини бошқа жойларини ёпиш учун  совутни паст қисмига ташлайди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вожиб ва мустаҳаб нарсаларда молини инфоқ қилиш яхши амаллардан бўлиб, худди кенг совут кийганга ўхшатмоқдалар. Ана шунда, жамики баданини тўсиб, атрофидаги барча нарсадан ҳимоя қилади. Аммо бахилни  худди ўзини сақлаш учун совут кийган лекин, бўйни атрофига ёпишиб, кўкрак қисмида тўпланиб қолган кишига ўхшатмоқдалар. У бор кучи билан жасадини бошқа жойига етказишга ҳаракат қилади лекин қимирлата олмайди. Мана шу ҳолда жасади очиқ қолади. Шак шубҳа йўқки, бу нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан умматлари учун бир кўрсатма бўлиб, албатта садақа ва эҳсон қилувчи кишини ўзига фойда бўлиб, уни кўплаб тойилишлардан сақлаб, хатоларини ўчириб ва балоларини аритишга хизмат қилади. Аммо бахилик ва зиқналик уни акси бўлиб, зарари фақат эгасига бўлади. Уни ёмонлиги дунё ва охиратда ўзига қайтади. Ундан ташқари молидан барака тортиб олиниб, ҳеч қачон моли ўсмайди. У ҳар гал моли кенг-мўл бўлишини хоҳлайди аммо ҳеч кенгаймайди. У мана шу зиқналиги ва бахиллиги билан хасрат ва надоматдан бошқасини қўлга кирита олмайди.

 

Уламолар мана бу тамсилда Расулуллоҳ с.а.в. нимани ирода қилганликлари борасида турлича фикр билдирганлар. Хаттобий ва бошқаларнинг фикрича бу тамсилдан Расулуллоҳнинг мақсадлари шуки, ҳадисдаги қўлларнинг чўзилиши мажозий маънода бўлиб,  сахий инсон садақа қилмоқчи бўлса, қалби ёришиб нафси роҳат топади. Унинг қўллари унга бўйсунади ва  атога, беришга шошилади.

Бахил эса, садақа қилиш ҳаёлига келган вақтда нафсининг очкўзлиги тутади, ва қалби сиқилиб, қўллари тортилади ва натижада инфоқ қилишдан юз буради. “Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақланса, ундоқ кишилар, ҳа, ўшалар  ютувчиларди” (Ҳашр сураси 9-оят).

Ибни Баттолнинг фикрича, Расулуллоҳ с.а.в. бу тамсилдан қуйидаги нарсани ирода қилганлар: “Либос инсон устидан ташлаганда уни ўраб иссиқ совуқдан сақлагани каби  садақа  ҳам соҳибини гуноҳларига каффорат бўлади ва уларни ўчириб юборади. Бахил кимсанинг нафси  инфоқ қилишга рози бўлмайди. Ва натижада гуноҳларидан покланмай қолаверади. Бу  кийим баданнинг очиқ жойларини ҳимоя қилмай бу ўринлар ҳар хил офатларга нишон бўлишига ўхшайди.

Баъзи олимларнинг фикрича, Аллоҳ таоло эҳсон қилувчининг инфоқи сабабидан, худди либос  инсоннинг айбларини яширгани каби уни айбларини дунё ва охиратда  яширади. Бахил  эса, калта кийим кийган ва авратлари очиқ қолиб икки дунёда шарманда бўлган инсонга ўхшайди.

Бошқа фикрларга кўра, бу ҳадис садақа, эҳсон билан молни кўпайиши ва бахиллик билан молни камайишга тамсили, мисолидир.

Ҳадиснинг “темирдан совут кийган”  жумласида шунга ишора қиладики, қаттиқлик ва маҳкам тутиш инсоннинг табиатидир. Инсон туғилар экан у билан бирга харислик ва орзу умидлар ҳам бирга қўшилиб туғилади.

“Ҳатто, бармоқлари беркилиб, узунлигидан юрган излари ўчиб кетади” жумласидан кўзда тутилган мақсад шуки, садақа ва эҳсон худди ерга судралиб юрадиган узун кийим ва совут ўз соҳибининг оёқ изларини ўчириб юборганидек инсоннинг камчиликларини яширади ва хатоларини ўчиради.                                                   

 “Ҳар-бир ўрами ўз ўрнида қолади” яъни бахил  инсон садақа қилмоқчи бўлганида нафси очкўзлик қилади, юраги сиқилади, қўллари тортилади. Натижада садақа қилмайди. Бу эса совут ёки  либос  бўйин ва кўкрак атрофида қолиб, ҳар бир ўрами ўз ўрнида қотиб қолганга ўхшайди. Соҳиби либосини ва совутини кенгайтириб   баданининг бошқа очиқ  жойларини ёпмоқчи бўлади,  лекин у кенгаймайди.

 

572 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّهُ سَمِعَ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «مَثَلُ البَخِيلِ وَالْمُنْفِقِ، كَمَثَلِ رَجُلَيْنِ عَلَيْهِمَا جُنَّتَانِ مِنْ حَدِيدٍ، مِنْ ثُدِيِّهِمَا إِلَى تَرَاقِيهِمَا، فَأَمَّا الْمُنْفِقُ: فَلَا يُنْفِقُ إِلَّا سَبَغَتْ - أَوْ وَفَرَتْ - عَلَى جِلْدِهِ حَتَّى تُخْفِيَ بَنَانَهُ، وَتَعْفُوَ أَثَرَهُ، وَأَمَّا البَخِيلُ، فَلَا يُرِيدُ أَنْ يُنْفِقَ شَيئاً إِلَّا لَزِقَتْ كُلُّ حَلْقَةٍ مَكَانَهَا، فَهُوَ يُوَسِّعُهَا فَلَا تَتَّسِعُ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 1443، م 1021].

وَ«الجُنَّةُ» الدِّرعُ، وَمَعنَاهُ: أَن الْمُنْفِقَ كُلَّمَا أَنْفَقَ سَبَغَتْ، وَطَالَتْ حتى تجُرَّ وَرَاءَهُ، وَتُخْفِيَ رِجلَيهِ وأَثَرَ مَشيهِ وخُطُواتِهِ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш

573. Яна у кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ким ҳалол топганидан бир дона хурмо миқдорича садақа қилса, – ҳолбуки, Аллоҳ фақат ҳалолини қабул қилади – Аллоҳ уни ўнги билан қабул қилади. Сўнгра уни эгаси учун худди бирингиз ўз тойчоғини ўстирганидек ўстиради, ҳатто у тоғдек бўлиб кетади».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Ҳадисда Аллоҳ таолога «ўнг қўл» ва «кафт» нисбатлари бериш тушунтириш маъносидадир. «Ўнг қўли билан қабул қилиб олади» жумласининг маъноси яхшилаб, эҳтимом ва хурсандлик билан қабул қилади, де­йилганидир. Шунингдек, «кафтида ўсади» дегани, Аллоҳнинг ҳузурида алоҳида эътиборга сазовор бўлиб кўпаяди, деганидир.

Ушбу ҳадиси шарифда мўмин-мусулмонларга ҳаром молдан жуда ҳам эҳтиёт бўлиш таъкид ила тушунтирилмоқда. Молни инфоқ, садақа қилиш, закот бериш яхши нарса экани, аммо шундай яхшилик учун мол ҳалол бўлиши уқтирилмоқда. Чунки Аллоҳ таоло ҳалол бўлмаган молдан қилинган садақани қабул қилмайди.

Баъзи бир кишилар закот, садақа молни пок­лайди, деган тушунчани суиистеъмол қилиб, ҳаром-харишдан топган молидан бир оз садақа бериб, энди молим пок бўлди, дейдилар. Бу тўғри эмаслигига ушбу ҳадис далилдир.

Закот ва садақа қилинган нарсалар ҳалол молдан бўлгандагина қабул қилинади, у молни поклайди, ўсишига, баракасига сабаб бўлади. Ҳаром йўл билан, яъни, ўғрилик, порахўрлик, рибохўрлик, қимор, ҳаром нарсалар сотиш, ҳаром ишлар қилиш каби йўллар билан топилган ифлос молни ҳеч нарса покламайди. 

 

573 - وَعَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ تَصَدَّقَ بِعَدْلِ تَمْرَةٍ مِنْ كَسْبٍ طَيِّبٍ - وَلَا يَقْبَلُ اللهُ إِلَّا الطَّيِّبَ - فَإِنَّ اللهَ يَقْبَلُهَا بِيَمِينِهِ، ثُمَّ يُرَبِّيهَا لِصَاحِبِهَا، كَمَا يُرَبِّي أَحَدُكُمْ فَلُوَّهُ حَتَّى تَكُونَ مِثْلَ الجَبلِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 1410، م 1014].

«الفَلُوُّ» بِفَتْحِ الفَاءِ وَضَمِّ اللَّامِ وَتَشْدِيدِ الوَاوِ، وَيُقَالُ أَيْضاً: بِكَسْرِ الفَاءِ وَإِسْكَانِ اللَّامِ وَتَخْفِيفِ الوَاوِ، وَهُوَ: الْمُهْرُ.

 

Улашиш
|
|
Нусха олиш
574. Яна у кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Бир киши бир даштда кетаётиб, булутлар орасидан «Фалончининг боғини суғор», деган овозни эшитди. Шунда ҳалиги булутлар йўналиб, ҳаррага ёмғир ёғди. Қараса, ҳалиги сувнинг ҳаммаси бир ариққа қуйилиб, тўлиб оқди. У сув ёқалаб кетди. Қараса, бир киши боғида ҳалиги сувни белкураги билан (жўякларга) буряпти. Шунда унга: «Эй Аллоҳнинг бандаси! Исминг нима?» деди. У: «Фалончи» деб, булутлар орасида айтилган исмни айтди ва «Эй Аллоҳнинг бандаси! Нима учун исмимни сўраяпсан?» деди. «Мен мана бу сувни ёғдирган булутнинг орасида: «Фалончининг боғини суғор» деб, сенинг исмингни айтган овозни эшитдим. Сен бу ерда қандай (хайрли) иш қиласан?» деди. «Модомики сўрабсан, (қиладиган ишим шуки) мен ундан чиқадиган ҳосилни олиб, учдан бирини садақа қиламан; учдан бирини бола-чақам билан еймиз; учдан бирини эса ўзига сарфлайман», деди».

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Ҳақиқий машҳурлик ана шу. Сени ерда ҳеч ким танимасада самода танишади. Қанча-қанча машҳурлар бор. Уларни ерда кўпчилик танийди. Аммо Аллоҳ унга эътибор бермайди, илтифот қилмайди. У яхшиликда тонг оттирдими ёки ёмонликда тонг оттирдими Аллоҳ унга парво қилмайди.

Ҳақиқий машҳурлик Аллоҳ сени яхши кўриб Жаброил алайҳиссаломга: “Эй Жаброил! Мен фалончини яхши кўрдим. Сен ҳам уни яхши кўр”, дейиши ва Жаброил алайҳиссалом ҳам фаришталарга нидо қилиб: “Аллоҳ таоло фалончини яхши кўрди, сиз ҳам уни яхши кўринг”, демоғидир.

Ҳақиқий машҳурлик қўлингни дуога очганингда фаришталар: “Эй Аллоҳ! Таниқли бандангдан таниқли дуо келди”, дейишларидир.

Ҳақиқий машҳурлик бошингга бало келганида фаришталар шовқин солиб худди Иброҳим алайҳиссалом оловга ташланганларида қилганлари каби сенинг ҳаққингда дуо қилиши ва сен учун барчаси сафарбар бўлишидир.

Ҳақиқий машҳурлик бу Аллоҳ таоло қалбингга боқиб унда Ўзидан бошқани кўрмаслиги, сени Ундан бошқани истамаслигингни билиши ва сени Ўзига муқарраб бандалар сафида ёзиб қўйишидир.

Ҳақиқий машҳурлик Аллоҳ таоло сендан рози бўлиб сени Ўзининг ибодатига мусаххар қилиши, сенга тоат эшикларини бир-бир очишидир. Агар У бир бандасини яхши кўрса уни Ўзи томон бошлайди.

Ҳақиқий машҳурлик мискинлар сени ўз боқувчилари деб билишлари, синган кишилар сени юпатувчи деб билишлари ҳамда фақирлар сени ўзларига ёрдамчи деб билишларидир.

Ҳақиқий машҳурлик самодаги машҳурликдир!

Олдинги умматлар ҳақида бу каби ажойиб сўзлар бор. Албатта биз Расулуллоҳ с.а.в.дан шу каби саҳиҳ ҳадислар орқали келган хабарларнигина тасдиқлаймиз.

 

574 – وَعَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «بَيْنَمَا رَجُلٌ بِفَلَاةٍ مِنَ الأَرْضِ، فَسَمِعَ صَوتاً فِي سَحَابَةٍ: اسْقِ حَدِيقَةَ فُلَانٍ، فَتَنَحَّى ذَلِكَ السَّحَابُ، فَأَفْرَغَ مَاءَهُ فِي حَرَّةٍ، فَإِذَا شَرْجَةٌ مِنْ تِلْكَ الشِّرَاجِ قَدِ اسْتَوعَبَتْ ذَلِكَ الْمَاءَ كُلَّهُ، فَتَتَبَّعَ الْمَاءَ، فَإِذَا رَجُلٌ قَائِمٌ فِي حَدِيقَتِهِ يُحَوِّلُ الْمَاءَ بِمِسْحَاتِهِ، فَقَالَ لَهُ: يَا عَبْدَ اللهِ؛ مَا اسْمُكَ؟ قَالَ: فُلَانٌ، للاِسْمِ الَّذِي سَمِعَ فِي السَّحَابَةِ، فَقَالَ لَهُ: يَا عَبْدَ اللهِ؛ لِمَ تَسْأَلُنِي عَنِ اسْمِي؟ فَقَالَ: إِنِّي سَمِعْتُ صَوتاً فِي السَّحَابِ الَّذِي هَذَا مَاؤُهُ يَقُولُ: اسْقِ حَدِيقَةَ فُلَانٍ لاِسْمِكَ، فَمَا تَصْنَعُ فِيهَا؟ فَقَالَ: أَمَّا إِذْ قُلْتَ هَذَا، فَإِنِّي أَنْظُرُ إِلَى مَا يَخْرُجُ مِنْهَا؛ فَأَتَّصَدَّقُ بثُلُثِهِ، وَآكُلُ أَنَا وَعِيَالِي ثُلُثاً، وَأَرُدُّ فِيهَا ثُلُثَهُ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2984].

«الحَرَّةُ» الأَرضُ الْمُلْبَسَةُ حِجَارَةً سُوداً: وَ«الشَّرجَةُ» بِفَتْحِ الشِّينِ الْمُعْجَمَةِ وَإِسْكَانِ الرَّاءِ وَبِالجِيمِ: هِيَ مَسِيلُ الْمَاءِ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш