581-ҳадис
581. Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ичимлик келтирилди. У зот ундан ичдилар. Ўнг тарафларида бир бола, чап тарафларида эса кексалар бор эди. У зот болага: «Буларга узатишимга изн берасанми?» дедилар. Бола: «Аллоҳга қасамки, эй Аллоҳнинг Расули, сиздан оладиган насибамга ҳеч кимни ўзимдан устун қўя олмайман», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (ичимликни) унинг қўлига тутқаздилар».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Ўша бола Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо эдилар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган хулосалар:

- Ҳар бир ўринда ўнг томондан бошлаш суннатлиги.

- Ўнг томонни муқаддам қўйилиши мавқеъси олий бўлгани учун эмас, балки у томон суннатга мувофиқ бўлгани учундир.

- Шариат буюрган нарса ҳамма нарсадан устун экани.

- Ҳақ соҳиби бошқалардан кўра ҳақли экани.

- Мажлисдагилар хоҳ кичик бўлсин, хоҳ кекса бўлсин улар билан гўзал одоб билан муомалада бўлиш.

- Кичик ёшлиларнинг катта ёшлилар мажлисида иштирок этишининг жоизлиги. Чунки ёшлар учун катталарнинг суҳбатида таълим ва одоб бордир. Мардлар мардларнинг мажлисида иштирок этгач юзага келади.

 

581 - وَعَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ أُتِيَ بِشَرَابٍ، فَشَرِبَ مِنْهُ، وَعَنْ يَمِينِهِ غُلَامٌ، وَعَنْ يَسَارِهِ الأَشْيَاخُ، فَقَالَ لِلْغُلَامِ: «أَتَأْذَنُ لِي أَنْ أُعْطِيَ هَؤُلَاءِ؟» فَقَالَ الغُلَامُ: وَاللهِ يَا رَسُولَ اللهِ؛ لَا أُوثِرُ بِنَصِيبِي مِنْكَ أَحَداً، فَتَلَّهُ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فِي يَدِهِ. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 2451، م 2030].

«تَلَّهُ» بِالتَّاءِ الْمُثَنَّاةِ فَوقُ، أَيْ: وَضَعَهُ، وَهَذَا الغُلَامُ هُوَ ابنُ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا.

 

Улашиш
|
|
Нусха олиш