«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар:
«Айюб яланғоч чўмилаётган эди, олдига бир тилла чигиртка келиб тушди. Айюб уни кийимига солиб олди. Робби унга: «Эй Айюб, сени кўриб турган нарсангдан беҳожат қилмаганмидим?» деди. «Иззатингга қасамки, шундай қилган эдинг, лекин баракангдан беҳожатлигим йўқ», деди».
Имом Бухорий ривояти.
Шарҳ: Айюб алайҳиссалом пайғамбарлардан биридир. Унинг насаби Исҳоқ ибн Иброҳим алайҳиссаломга бориб туташади. Аллоҳ таоло Айюб алайҳиссаломга катта бойлик, мол-дунё ва фарзандлар бергандан кейин мусибат юбориб, синайди. Аммо Айюб алайҳиссалом мусибатларга чиройли сабр қилади. Аллоҳ таоло унинг дуосини қабул қилиб, аввалги мол-дунё ва бола-чақаларини яна қайтариб беради. Бу ҳадисда Айюб алайҳиссалом ҳаётида рўй берган ҳодиса ҳақида сўз боради. Кунларнинг бирида Айюб алайҳиссалом чўмилаётганида, бирдан устига олтин чигирткалар ёғилади. У тез-тез териб, олтин чигирткаларни қўйнига сола бошлабди. Шунда Аллоҳ таоло унга нидо қилиб: “Эй Айюб, Мен сени кўриб турган нарсаларингдан беҳожат қилиб қўймаганмидим?” яъни, ахир Мен сени бой-бадавлат қилиб қўйган бўлсам, яна нега ўзингни бу нарсаларга урмоқдасан, деб хитоб қилибди. Бунга жавобан Айюб алайҳиссалом: “Эй Роббим, шак-шубҳасиз Сен мени бу нарсалардан беҳожат қилиб қўйгансан. Лекин Сен осмондан туширган барака ва файзингдан беҳожат эмасман”, деб жавоб берибди.
Ибн Ҳажар ушбу ҳадис ҳақида: “Мазкур ҳадис ҳаққи ва шукрини адо қила оладиган банда учун ҳалол йўл билан бойлик орттириш жоизлигига далолат қилади. Бу ерда “мол-дунё” маъноси “барака” сўзи билан ифодаланиб, шокир ва тақволи бой кишилар фазилатда афзаллиги ҳам таъкидланмоқда”.
Ушбу ҳадисдан олинадиган хулосалар:
1 – Ҳаққи ва шукрини адо қилиш шарти билан бойлик тўплаш мумкинлиги.
2 – Ҳар бир банда Аллоҳнинг хайр-барака ва файзидан баҳраманд бўлишга ҳаракат қилиши.
3 – Қанчалик бой-бадавлат бўлмасин, банда доимо ўзини Аллоҳга муҳтож эканини ҳис қилиб туриши, ўзини зинҳор Аллоҳнинг лутф-карамидан беҳожат эканини даъво қилмаслиги.
4. Барака ва фазлни талаб қилиш, ўзи ва бошқалар фойдаланиши учун мол тўплаш жоизлиги. Ҳамда мол дунё кўпайиб кетганда ҳам Аллоҳга муҳтожликни ҳис қилиб туриш.
582 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «بَيْنَا أَيُّوبُ عَلَيهِ السَّلَامُ يَغتَسِلُ عُريَاناً، فَخَرَّ عَلَيْهِ جَرَادٌ مِنْ ذَهَبٍ، فَجَعَلَ أَيُّوبُ يَحْتَثِي فِي ثَوبِهِ، فَنَادَاهُ رَبُّهُ عَزَّ وَجَلَّ: يَا أَيُّوبُ؛ أَلَمْ أَكُنْ أَغْنَيْتُكَ عَمَّا تَرَى؟! قَالَ: بَلَى وَعِزَّتِكَ؛ وَلَكِنْ لَا غِنَى بِي عَنْ بَرَكَتِكَ». رَوَاهُ البُخَارِيُّ [279].