585-ҳадис
585. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Муҳожирларнинг фақирлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб, «Давлатмандлар олий даражотларни ва абадий неъматни илиб кетишди­ку», дейишди. У зот: «Нега энди?» дедилар. «Улар биз намоз ўқиганимиздек намоз ўқишади, биз рўза тутганимиздек рўза тутишади. Лекин улар садақа қилишади, биз эса садақа қила олмаймиз, улар қул озод қилишади, биз эса қул озод қила олмаймиз», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сиздан ўзиб кетганларга етиб олишингизга, сиздан кейиндагилардан ўзиб кетишингизга сабаб бўладиган, (агар қилсангиз,) худди сиз қилган нарсани қилганлардан бошқа ҳеч ким сиздан афзал бўла олмайдиган нарсани сизларга ўргатайми?» дедилар. Улар: «Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди. «Ҳар намоз кетидан ўттиз уч мартадан тасбиҳ, такбир ва ҳамд айтасиз», дедилар».

«Кейин муҳожирларнинг фақирлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига қайтиб келиб, «Пулдор биродарларимиз ҳам биз қилган нарсани эшитиб қолиб, худди шундай қилишди», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу Аллоҳнинг фазли, уни Ўзи хоҳлаганига беради», дедилар».

Муттафақун алайҳ. Бу Имом Муслим ривоятидаги лафздир.

Шарҳ: Ҳадиснинг давомида қуйидаги қўшимча келган.

«Қутайбадан бошқаси ушбу ҳадисда Лайсдан, у Ибн Ажлондан ривоят қилиб, шундай қўшимча қилади:

«Сумай шундай деди: «Мен ушбу ҳадисни аҳлимдан бирига айтган эдим, у: «Нотўғри тушунибсан. У зот: «Ўттиз уч марта Аллоҳга тасбеҳ айтасан, ўттиз уч марта Аллоҳга ҳамд айтасан ва ўттиз уч марта Аллоҳга такбир айтасан», деганлар», деди. Кейин Абу Солиҳнинг ҳузурига бориб, унга буни айтган эдим, у қўлимдан тутиб туриб, шундай деди: «Аллоҳу акбар», «субҳааналлоҳ» ва «алҳамду лиллааҳ», «Аллоҳу акбар», «субҳааналлоҳ» ва «алҳамду лиллааҳ» деб, ҳаммаси бўлиб ўттиз учтага етгунча айтасан», деди.

Ибн Ажлон айтади: «Бу ҳадисни Ражо ибн Ҳайвага сўзлаб берган эдим, у худди шуни Абу Солиҳ Абу Ҳурайрадан, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилганини сўзлаб берди».

 

Бунда ҳар бир жумлани ўттиз уч мартадан айтиб бўлиб, кейингисига ўтиш ҳам мумкин, уччала жумлани биргаликда ўттиз уч марта айтиш ҳам мумкин.

 

Аллоҳ бир кишини бадавлат қилиши ҳам, камбағал этиши ҳам синов ва имтиҳондир. Ҳақиқий мўмин камбағаллик пайтида сабр қилиб, бойиганда ҳаддидан ошмай шукр қилади.

Ҳар бир жамият ва тузумнинг бойлик ҳақида ўз қараши ва тушунчаси бўлади. Аммо, динимиз Исломда бойликка муносабат қандай? Шу ва шунга ўхшаш саволларга қуйида ҳадиси шарифлардан жавоб излаймиз.

Абу Зарр розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан баъзилари Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга дедилар:

“Эй Расулуллоҳ, бойлик эгалари ажр-савоблар (қозониш)да ўзиб кетишди. Улар биз каби намоз ўқишади, рўза тутишади, ортиқча мол-дунёларидан садақа қилишади”. Шунда у зот: “Аллоҳ сизларга ҳам садақа қиладиган нарсаларни жорий қилмаганми? Ҳар бир тасбеҳ – садақа, ҳар бир такбир – садақа, ҳар бир таҳмид – садақа, ҳар бир таҳлил – садақа, амру маъруф – садақа, наҳий мункар – садақа, биронтангизнинг ўз аёли билан жинсий муомала қилиши – садақа”, дедилар. Улар: “Эй Расулуллоҳ, агар биронтамиз шаҳватини қондирса ҳам, бунинг эвазига ажр оладими?!” дейишди. У зот: “Қаранглар, агар у шаҳватини ҳаром йўл билан қондирса, унга гуноҳ бўлармиди? Худди шундай агар ҳалол йўл билан қондирса, бунинг учун ажр олади”, дедилар.

(Имом Бухорий, имом Муслим, имом Аҳмад ва имом Табароний ривояти).

Саҳобалар ичида турли ҳолатдаги кишилар бор эди. Баъзилари бутун бошли қўшинни керакли анжом, қуроляроғ ва озиқ-овқат билан таъминлай олишга қурби етадиган бадавлат, яна баъзилари эса Суффа аҳлига ўхшаб ёлғиз ридоларидан бошқа ҳеч вақоси йўқ фақир эдилар. Аммо, уларнинг барчалари яхшилик қозонишга, савоб амаллар қилиб, Аллоҳнинг розилигини топишга ўта иштиёқманд бўлишган. Ана шу иштиёқни, савобли ишларга ташналикни ушбу ҳадис мисолида кўриб турибмиз. Бу ўринда “Набий алайҳисалломнинг саҳобларидан баъзилари” дейилмоқда.

Аммо бошқа ривоятларда, хусусан, имом Муслим ривоят қилган ҳадисда “муҳожирларнинг фақир кишилари келиб...” дейилган. Демак, муҳожирлар орасидаги қўли калта фақир кишилар келиб: “Эй Расулуллоҳ, бойлик эгалари ажр-савоблар (қозониш)да ўзиб кетишди. Улар биз каби намоз ўқишади, рўза тутишади, ортиқча молдунёларидан садақа қилишади”, дейишди. Яъни, эй Расулуллоҳ, бой-бадавлат биродарларимиз солиҳ амаллар қилиш ва ажр-савоб қозонишда бизлардан ўтиб кетишди. Улар бизлар каби иймон келтириб, биз тасдиқлаган нарсаларни тасдиқлашган, биз каби намоз ўқишади, рўза тутишади, аммо бизлардан фарқли ўлароқ мол-дунёлари борлигидан ҳақдор кишиларга садақалар улашиш, қул озод қилиб, жаннатга киришларига сабаб бўлувчи амалларни қилмоқдалар, уларнинг Аллоҳ наздидаги мартабалари ҳам ошиб бормоқда. Бизлар эса бундай имкониятларга эга эмасмиз, дейишди. Бу савол ҳасад ёки кўра олмаслик оқибатида берилмаяпти, балки солиҳ амалларда бошқа биродарларидан орқада қолиб кетишлари уларни шу нарсага ундамоқда. Ўз ҳузурларига келган саҳобаларда ажр-савоб қозонишга бўлган кучли иштиёқни кўрган Пайғамбаримиз алайҳиссалом уларга қарата: “Аллоҳ сизларга ҳам садақа қиладиган нарсаларни жорий қилмаганми?” яъни, сизларда бойлик ва мол-дунё бўлмаса-да, сизларга шундай амалларни ўргатаманки, бунинг эвазига Аллоҳ сизларга биродарларингиз қилаётган садақанинг савобини беради, деб: “Ҳар бир тасбеҳ – садақа, ҳар бир такбир – садақа, ҳар бир таҳмид – садақа, ҳар бир таҳлил – садақа, амру маъруф – садақа, наҳий мункар – садақа, биронтангизнинг ўз аёли билан жинсий муомала қилиши – садақа”, дедилар. Бундан зикр ва амру маъруф орқали Аллоҳга яқинлашиш садақа, закот ва бошқа молиявий ибодатлар орқали Аллоҳга яқинлашишдан афзал экани маълум бўлади.

Тасбеҳ “Субҳаналлоҳ”, такбир “Аллоҳу акбар”, таҳмид “Алҳамду лиллаҳ”, таҳлил эса “Лаа илаҳа иллаллоҳ” калималарининг қисқартма шакли саналади. Амру маъруф “одамларни яхшиликка, солиҳ амалларга буюриш”, наҳий мункар “уларни гуноҳ ишлар ва ҳаром амаллардан қайтариш”дир.

Демак, айтиб ўтилган зикрлар, амру маъруф ва наҳий мункар бандага бойлигидан садақа қилганчалик савоб берилишига сабаб бўлар экан. Булар орасида амру маъруф ва наҳий мункарга бериладиган ажр зикрга бериладиган савобдан улуғроқдир. Сабаби амру маъруф ва наҳий мункар фарзи кифоя, зикрлар эса нафлдир. Фарз ибодатига нафллардан кўра кўпроқ савоб берилиши ҳаммамизга маълум. Шу маънода баъзи олимлар: “Фарз ибодатининг савоби нафл ибодатининг савобидан етмиш марта кўпдир”, дейишган (“Шарҳун нававий ъала муслим”).

Солиҳ амалларга ташна бўлган муҳожирлар тасбеҳ, такбир, таҳмид, таҳлил, амру маъруф ва наҳий мункар ибодат эканини ва бу амалларни адо этган бандаларга улкан савоб берилишини билар эдилар. Бироқ Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг: “Биронтангизнинг ўз аёли билан жинсий муомала қилиши – садақа” деб айтишлари уларни ажаблантирди ва шу сабабдан: “Эй Расулуллоҳ, агар биронтамиз шаҳватини қондирса ҳам, бунинг эвазига ажр оладими?!” деб сўрашди. Уларнинг бу саволида аҳли аёли билан жимоъ қилиш ҳам ибодатми, банда шу нарса учун ҳам савоб оладими, деган маъно бор эди. Саҳобаларнинг ажабланиш билан берган саволларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиройли қиёс билан жавоб бердилар: “Қаранглар, агар у шаҳватини ҳаром йўл билан қондирса, унга гуноҳ бўлармиди? Худди шундай агар ҳалол йўл билан қондирса, бунинг учун ажр олади”.

Ҳақиқатан, агар банда шаҳватини ҳаром йўл, масалан, зино қилиш орқали қондирса, катта гуноҳ иш қилган бўлади. Бунинг акси ўлароқ, зинодан четланиш мақсадида ўзининг ҳалол завжаси билан муомала қилса, албатта савобга эришади. Бундан келиб чиқадики, агар ният холис бўлса, мубоҳ амаллар ҳам ибодатга айланади.

Имом Нававий айтади: “Агар банда аёлининг ҳақини адо этиш, унга яхши муомала қилиш, солиҳ фарзанд сўраш, ўзини ва завжасини ҳаромдан, номаҳрамларга назар солишдан тийиш учун жимоъ қилса, бу ҳам ибодат бўлади”.

Ушбу ҳадисда бойликка эга бўлиб, шу билан бирга солиҳ амалларни қилиш улкан даража экани айтилмоқда.

 

585 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ فُقَرَاءَ الْمُهَاجِرِينَ أَتَوْا رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فَقَالُوا: ذَهَبَ أَهْلُ الدُّثُورِ بِالدَّرَجَاتِ العُلَا وَالنَّعِيمِ الْمُقِيمِ، فَقَالَ: «وَمَا ذَاكَ؟» فَقَالُوا: يُصَلُّونَ كَمَا نُصَلِّي، وَيَصُومُونَ كَمَا نَصُومُ، وَيَتَصَدَّقُونَ وَلَا نَتَصَدَّقُ، وَيَعْتِقُونَ وَلَا نَعْتِقُ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «أَفَلَا أُعَلِّمُكُمْ شَيْئاً تُدْرِكُونَ بِهِ مَنْ سَبَقَكُمْ، وَتَسْبِقُونَ بِهِ مَنْ بَعْدَكُمْ، وَلَا يَكُونُ أَحَدٌ أَفْضَلَ مِنْكُمْ إِلَّا مَنْ صَنَعَ مِثْلَ مَا صَنَعْتُمْ؟» قَالُوا: بَلَى يَا رَسُولَ اللهِ، قَالَ: «تُسَبِّحُونَ، وَتَحْمَدُونَ، وَتُكَبِّرُونَ دُبُرَ كُلِّ صَلَاةٍ ثَلَاثاً وَثَلَاثِينَ مَرَّةً» فَرَجَعَ فُقَرَاءُ الْمُهَاجِرِينَ إِلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، فَقَالُوا: سَمِعَ إِخْوَانُنَا أَهْلُ الأَمْوَالِ بِمَا فَعَلْنَا، فَفَعَلُوا مِثْلَهُ؟! فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «ذَلِكَ فَضْلُ اللهِ يُؤْتِيهِ مَنْ يَشَاءُ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ، وَهَذَا لَفْظُ رِوَايَةِ مُسْلِمٍ [خ 843، م 595].

«الدُّثُورُ»: الأَمْوَالُ الكَثِيرَةُ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш