Рўйхатни беркитиш
Мундарижа
Мундарижа
69-КИТОБ
69-боб Замон (одамлари) бузилиб кетганда ёки динида фитналанишдан хавф қилганда ёки ҳаром, шубҳа ва шунга ўхшаш нарсаларга йўлиқишдан қўрққанда узлат қилиши, яъни одамлардан узоқ бўлишининг маҳбублиги
69- بَابُ اسْتِحْبَابِ العُزْلَةِ عِنْدَ فَسَادِ الزَّمَانِ، أَوِ الخَوفِ مِنْ فِتْنَةٍ في الدِّينِ، وَوُقُوعٍ فِي حَرَامٍ وَشُبُهَاتٍ وَنَحْوِهَا
(69)
69-BOB

 69-боб. Замон (одамлари) бузилиб кетганда ёки динида фитналанишдан хавф қилганда ёки ҳаром, шубҳа ва шунга ўхшаш нарсаларга йўлиқишдан қўрққанда узлат қилиши, яъни одамлардан узоқ бўлишининг маҳбублиги

Аллоҳ Таоло: «Бас, Аллоҳга (иймон келтириш учун) чопинглар-шошинглар. Албатта, мен сизлар учун У зот (нинг азоби)дан очиқ огоҳлантиргувчидирман» (Зарият сураси, 50-оят).

69- بَابُ اسْتِحْبَابِ العُزْلَةِ عِنْدَ فَسَادِ الزَّمَانِ، أَوِ الخَوفِ مِنْ فِتْنَةٍ في الدِّينِ، وَوُقُوعٍ فِي حَرَامٍ وَشُبُهَاتٍ وَنَحْوِهَا

قَالَ اللهُ تَعَالَى: {فَفِرُّوا إِلَى اللهِ، إنِّي لَكُمْ مِنْهُ نَذِيرٌ مبِينٌ} [الذاريات - 50].


(69)

609. Саъд ибн Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Аллоҳ тақводор, бой ва хилватнишин бандани яхши кўради», деганларини эшитганман».

Имом Муслим ривояти.

 

Шарҳ: Ҳадиснинг тўлиқ шакли қуйидагича бўлган.

«Саъд ибн Абу Ваққос туяларининг олдида эди, ёнига ўғли Умар келди. Саъд уни кўриб, «Бу отлиқнинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ сўрайман», деди. (Ўғли) уловидан тушиб, «Туяларингиз ва қўйларингиз ичида юриб, одамларни бир-бири билан мулк талашсин деб ташлаб келдингизми?» деди. У ўғлининг кўксига бир урди-да, «Жим бўл! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Аллоҳ тақводор, бой ва хилватнишин бандани яхши кўради», деганларини эшитганман», деди».

 

Қалб учун тафаккур майдонига киритадиган узлатга ўхшаш манфаат йўқ.

Узлат халқдан узилиб, Холиқ билан ёлғиз қолишдир. Холиқ билан ёлғиз қолиш, халойиқ атрофида Холиқдан ажратадиган, ўртага тўсиқ бўладиган нарсалардан холи қолиш демакдир. Мана шу ёлғиз қолиш, қалб учун энг яхши, энг манфаатли нарса экан. Узлат – қалбнинг дам олиши, бўш қолиши учун эмас, тафаккур қилиши учундир. Руҳий тарбияда қалб деб аъзо эмас, фикрни, ҳиссиётни жамлайдиган, унга таъсир ўтказадиган руҳий, латиф нарса тушунилади. Ҳиссиётларни қалб орқали қабул қилиб оламиз, ҳиссиётга керак бўлмаган қисми, яъни ақлга керакли қисми олинмайди.

Қалб кўп амалиётни ўзида бажаради. Руҳий тарбиядаги қалб жисмоний аъзо бўлмиш юракка ҳам таъсирини ўтказади. Қўрқиб кетганда юракнинг тез уриши, асабийлашганда яна бошқа, сиқилганда бошқача, ҳурсандчиликда яна бошқача бўлишини мисол қилсак бўлади. Мана шундай ҳолатларда ҳам қалбнинг холи қолиши манфаатли бўлади. Фикрнинг тиниқлашувига, соғлом бўлишига ёрдам беради.

Ғарб руҳиятшунослари бизга ўргатаётган, “Сиқилган, асабийлашган, чараган пайтингда ҳамма нарсани ташлаб, ёлғиз қол!” каби тавсиялар бизнинг динимизда анча аввал ўргатилган.

Узлат Пайғамбар алайҳимуссаломларда ҳам бўлган. Масалан, Мусо алайҳиссалом пайғамбар бўлишларидан аввал узлат қилганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳам пайғамбарликдан аввал, холи қолишни хоҳлаб қолганлар. “Таҳаннус” ибодати, яъни руҳий покланиш ибодатини қилганларидан кейин қалблари, руҳлари тайёр ҳолатга келган. Ибодат қилганлар, тафаккур қилганлар, жоҳилият ишларини қалблари инкор қилган. У зотнинг узлатлари таҳаннус билан тўхтаб қолгани йўқ, яъни узлатни тарк этмаганлар. Фақат кўриниши ўзгарган. Пайғамбарлик келганидан кейин узлат шаръий ҳукмга айланиб, ибодат мақомига чиққан, яни эътикофга айланган.

Узлат деганда бола-чақадан узилиб, чилла ўтиришни тушуниш керак эмас. Ҳар кун узлат қилишимизнинг имкони бор. Масалан, таҳажжуд намози. Бу пайт чалғитувчи нарсалардан узилиб, қалб тинчланади, шовқинлардан холи бўлади. Демак, узлат саксон кун, қирқ кун, ўн кун каби узоқ муддатга эмас, бир неча соат бўлса ҳам қалбнинг Аллоҳ билан ёлғиз қолишидир.

Туннинг аввалги қисмида керакли-кераксиз ҳар турли арзимаган ишлар учун бедор бўламиз. Кўзимизни ачиштириб бўлса ҳам, нафсимиз лозим топган нарсаларни бажарамиз. Нега энди Аллоҳ учун туннинг охирги қисмида бедор бўлмаймиз? Нега Аллоҳ учун туннинг охирги қисмида кўзларимизни озгина ачитолмаймиз? Нега энди таҳажжуд учун имкон тополмаймиз?

Хумул умумийроқ, узлат эса хусусийроқ маънода. Хумул инсонга маълум даражага етишгунича, узлат эса бир умрга керак. Имконимиз борича ҳар куни ярим соат-бир соат, имкон қила олмасак, ҳафтада бир марта жума кунида жума намозигача бир-икки соат узлат қилишимиз фойдалидир. Зикр айтиб, тафаккур қилиб, Аллоҳ билан ёлғиз қолишимиз лозим. Бошланишида камроқ вақтдан йўлга қўйиб, секин-аста узайтириб борсак, бўлади, иншааллоҳ.

 

609 - وَعَنْ سَعْدِ بْنِ أَبِي وَقَّاصٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «إِنَّ اللهَ يُحِبُّ العَبْدَ التَّقِيَّ الغَنِيَّ الْخَفِيَّ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2965].

والْمُرَاد بــ «الغَنِيِّ»: غَنِيُّ النَّفْسِ، كَمَا سَبَقَ في الحَدِيثِ الصَّحِيحِ [برقم 534].


Улашиш
|
|
Нусха олиш
610. Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши: «Энг афзал одам ким, эй Аллоҳнинг Расули?» деди. «Молу жони билан Аллоҳ йўлида жиҳод қиладиган мўмин», дедилар. «Кейин ким?» деди. «Кейин Роббига ибодат қилиб, (Бошқа ривоятда: Аллоҳга тақво қилиб) одамларни ўз ёмонлигидан сақлаб, қир-адирларда узлат қилган киши», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Агар банда узлатга чиқмоқчи булса у ўзининг халқдан ажраб бундай ёлғизликни хоҳлашида ўз ёмонлигидан одамларни саломат қўйишни эътиқод қилиши унинг ҳаққидир.

У одамлар ёмонлигидан ўзини саломат қилишни мақсад қилмайди.

Ушбу икки қисмнинг биринчиси ўз нафсига паст баҳо бериб ўзини кичик олишнинг натижасидир.

Иккинчиси эса халқга нисбатан ўзини ортиқлигини кўрсатишдир.

Ким ўзини кичик олса у камтардир.

Ким бирор кишига нисбатан ўзини ортиқ деб билса у такаббурдир.

Айрим одамлар бугунги кунда ўзингиз билганингиздек узлатга ва одамлардан ажраб ёлғиз қолишга мойил бўладилар.

Агар улардан нима учун узлатни ихтиёр қилгани ҳақида сўралса улар: “Одамларга яқин бўлиш фақат муаммолар келтиряпти” – дея жавоб бериб одамларни ёмон бўлиб кетгани ва уларга яқин бўлиш хатарли экани ҳақида гапиради, ўзини эса ушбу ёмонлик ва хатардан узоқ деб билади. Ўзининг тўғри ва яхши бўлишини ҳамда ҳолининг олийлигини улардан узоқлашиш орқали сақлаб қолишни истайди. 

Бу одам ташқаридан қараганда софдил солиҳлар айтган нарсани қилиб узлатга чиқаётгандек кўринади. Лекин воқеликда эса у энг ёмон хулқ эгасидир.

У ўзича ўзини олий хулқ эгаси деб билади. Ўз динини саломат ва бўлиши мумкин бўлган нарсаларнинг энг афзали деб ўйлайди. Лекин у одамлар билан муомала қиладиган бўлса одамларни нопок, ўзини эса пок деб билади. Уларга яқинлашадиган бўлса нопок бўлиб қоламан деб ўйлайди.

Бу инсон устозлар айтганидек, мутакаббир одамдир. У ўзини бошқалардан афзал деб билади. Кимки ўзини одамлардан афзал деб ўйлаган бўлса аниқ ҳалок бўлибди.

Аммо Аллоҳга яқинлаштирувчи ҳақиқий узлатга чиққан софдил инсон ўзини нуқсону камчиликка тўлиб тошган одам деб билади. Агар у одамлар билан бирга ўтириб уларга сурканса улар бундан озор топиб қолишларига ишонади.

Эҳтимол улар ундан бирор ёмон хулқни кўриб қолсалар улар, «Бу шайх фозил одам, агар бу иш ёмон бўлганида у киши бу ишни қилмаган бўлар эди, дея  улар менга тақлид қилиб қолишлари мумкин» – деб ўйлайди.

Бас кейин бу софдил одам айтади:

«Менинг хатойим ва фасодимнинг қайтиши ўзимга бўлиши ва одамлар менинг ёмонлигимдан озор топмасликлари учун одамлардан узоқда қолишим мен учун яхшироқдир».

Агар мана шу сабаб уни узлатга чақираётган бўлса бу инсон Аллоҳга муқарраб бўлган кишилардандир.  Ана шунда гарчи бу одамда ёмонликлар бўлсада Аллоҳ таоло уни танлаб олади ва унга эҳтиром кўрсатади.

Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳи Мадинаи мунавварада кўпинча одамлардан ажраб ёлғиз қолар эдилар. Айниқса осмонда булутлар тўпланиб момақалдироқ гумбурлаганида кўпроқ узлатга чиқардилар. У кишидан бунинг сабаби ҳақида сўралганда; «Мен Роббимнинг олдида қандай хато ва камчиликларга йўл қўйганимни ўзим биламан! Бу гумбурлашлар ўзида ҳалокат сабабларини яшириб огоҳлантириш олиб келаётгандек кўринади. Мен буни ўзим туфайли деб биламан. Бас кейин айбсиз одамлар ҳалокатига сабабчи бўлиб қолмаслигим учун ўзимни четга олиб узлатга чиқаман» – деб жавоб берган эдилар. 

610 - وَعَنْ أَبِي سَعِيدٍ الخُدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَجُلٌ: أَيُّ النَّاسِ أَفْضَلُ يَا رَسُولَ اللهِ؟ قَالَ: «مُؤْمِنٌ يُجَاهِدُ بِنَفْسِهِ وَمَالِهِ فِي سَبِيلِ اللهِ»، قَالَ: ثُمَّ مَنْ؟ قَالَ: «ثُمَّ رَجُلٌ مُعْتَزِلٌ فِي شِعْبٍ مِنَ الشِّعَابِ يَعْبُدُ رَبَّهُ» - وَفِي رِوَايَةٍ: «يَتَّقِي اللهَ - وَيَدَعُ النَّاسَ مِنْ شَرِّهِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 6494، م 1888/123].


Улашиш
|
|
Нусха олиш
611. Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Яқинда кишининг энг яхши мулки қўй бўлиб қолади. Унинг кетидан тоғу тошларга, яйловларга чиқиб кетиб, динини фитналардан олиб қочади».

Имом Бухорий ривояти.

Шарҳ: «Узлат» сўзи луғатда тана ёки қалб билан бирон нарсадан узоқлашишдир.

Истилоҳда, Аллоҳдан тўсадиган нарсалардан ва одамлардан узоқлашиш узлатдир.

Уламоларга кўра, фитналар кўпайганида, ер юзида бузғунчилик авж олганида узлат қилиш афзалдир. Лекин ўша фитнани бартарф этиш имкони бўлса, қўлидан келганича тузатишга ҳаракат қилади. Фитна зоҳир бўлмаган вақтда узлат қилиш ҳақида уламолар турли фикрларни айтишган. Жумладан, жумҳур уламолар наздида, киши одамларнинг ёмонлигидан саломат бўлса, уларга аралашиб юриши афзал. Сабаби, бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, улардан кейинги саҳобалар, тобеинлар тутган йўлдир. Бунга Аллоҳ таолонинг бирдамликка чақиргани, ўзаро ихтилоф қилишдан қайтаргани ҳақидаги оятларни далил қилинган.

Ҳадиси шарифларнинг бирида: “Одамларга аралашиб, уларнинг азиятларига сабр қилган мўмин, уларга қўшилмасдан озорларига тоқат қилолмаган мўминдан яхшироқдир”, дейилган (Ушбу ҳадисни Имом Аҳмад ривоят қилган).

Одамларга аралашишда фойдаларни жалб қилиш, Ислом шариатидаги маросимларга гувоҳ бўлиш, мусулмонларга фойда келтириш, беморларни зиёрат қилиш, жанозада қатнашиш, салом бериш, амру маъруф, наҳий мункар, яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилиш, муҳтожларга ёрдам бериш каби манфаатлар бор.

Бу зоҳирда халқ билан, ботинда Ҳақ билан бўлиш демакдир. Солик моддий борлиғи билан халққа аралашиб, турли башарий ва ижтимоий фаолиятларда қатнашиб, ҳаёт талаб қилаётган амалларни бажариб, қалбида доимо Аллоҳнинг ҳузурида эканлигини, Уни бир лаҳза бўлсада эсдан чиқармасликдир. Бу ҳол доимий зикр маъносини ҳам билдириб, зикрда эришиладиган энг охирги босқичдир.

Баъзи уламолар фитналардан саломат бўлган вақтда ҳам узлат қилиш афзал эканини айтиб, фақат бунинг маълум шартлари борлигини баён қилишган.

Яна бир тоифа уламоларга кўра, узлат ва одамларга аралашиш шахсларга қараб турлича бўлади.

Узлатнинг маълум одоблари бор.

1. Жумладан, бу билан ўзининг ёмонлигини одамлардан узоқ қилишни ният қилади. Зеро, мана шу камтарликдир. Ким ўзини одамлардан афзал деб билса, у мутакаббирдир.

2. Узлат қилган одам фақат Парвардигорини зикр қилиши, нафс истакларини буткул тарк этиши лозим.

3. Ёмон ишларни тарк этади. Зеро, узлатнинг моҳияти ҳам шунда.

4. Фақат ҳалол таомлардан истеъмол қилиш.

5. Борига қаноат қилиш.

6. Узлатга кетган кишининг баъзи вақтларда суҳбатлашадиган солиҳ дўсти бўлсин!

7. Узлатга кетган киши ўлимни, қабрда ёлғиз қолишни ўйласин!

Одамлардан узлат қилиш баъзида тоғларда, ғорларда, баъзан чўлларда, баъзида эса уй ичкарисида бўлади. Айрим тоифа уламолар узлатни, гарчи одамлар ичида бўлсанг ҳам қалбинг ва амалинг билан ёмонликни тарк этишингдир, деб тушунтиришган.

Жумладан, Абдуллоҳ ибн Муборак узлатнинг шарҳида: «Узлат бирон қавм билан бирга бўлиб, Аллоҳни зикр қилсалар, улар билан зикр қилишинг, агар бундан бошқа нарсага шўнғиб кетсалар, сукут сақлашингдир», деган (Тафсирул қуртубий).

Имом Қуртубийга кўра, узлат учун тоғдаги ғорни ихтиёр қилиш афзал. Сабаби Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳиро ғорида таҳаннус ибодати билан машғул бўлганлар. Шунингдек, эътиқодини сақлаш мақсадида бўлган мўмин йигитлар ғорни ўзларига макон тутганлар (Асҳобул каҳф қиссаси).

Кишининг ўз уйида узлат қилиши осонроқ ва енгилроқдир. Киши бунинг ўртасида бўлиб, одамларга арашиб юриши, уларнинг азиятларига сабр қилиши мумкин. Бунда у зоҳирда одамлар билан бирга, аммо ботинан уларга мухолифдир.

Узлатнинг қуйидаги фойдалари бор:

1. Аллоҳнинг ибодатига фориғ бўлади, У Зотга муножот қилади.

 2. Одамларга аралашганда содир этиладиган маъсиятлардан саломат бўлади. Жумладан, қуйидаги нарсалардан омонда қолади:

Ғийбат, туҳмат-бўҳтон, риё, амру маъруф ва наҳий мункардан сукут сақлашдан, одамларга қараб ёмон хислатларни ўзлаштиришдан саломат бўлади.

 3. Фитна ва хусуматлардан, жанжал-тўполонлардан эмин бўлади.

 4. Одамларнинг ёмонлигидан узоқ бўлади.

 5. Дунё зийнатлари, шаҳватларга берилишдан узоқ бўлади ва ҳоказо.

 Узлатнинг зарарлари ҳам бор. Жумладан, одамларга аралишиб юрганда касб қилинадиган манфаатлар, бошқаларнинг кўмаги билан эришиладиган ютуқлардан қуруқ қолади. Хуллас, одамларга қўшилиб, уларга манфаат етказиш, ўзи улардан фойда олиши, ижтимоий алоқаларни боғлаш кишилар озорига сабр қила оладиганлар учун узлатдан кўра афзалдир. Аммо одамларга қўшилишнинг, жамоат ишларида қатнашишнинг ҳам чегараси бўлиши керак. Уламолар ҳожат бўлмаган ҳолатларда одамларга кўп аралашиш қалбни касал қилишини таъкидлашган. Шунинг учун бу борада маълум чегарани билиш яхшидир. 

 

611 - وَعَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «يُوشِكَ أَنْ يَكُونَ خَيْرَ مَالِ الْمُسْلِمِ غَنَمٌ يَتَّبِعُ بِهَا شَعَفَ الجِبَالِ، وَمَوَاقِعَ الْقَطْرِ، يَفِرُّ بِدِينِهِ مِنَ الفِتَنِ». رَوَاهُ البُخَارِيُّ [19].

وَ«شَعَفُ الجِبَالِ»: أَعْلَاهَا.

 

Улашиш
|
|
Нусха олиш
612. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ бирор набий юборган бўлса, у албатта қўй боққан», дедилар. У зотнинг асҳоблари: «Сиз ҳамми?» дейишди. Шунда у зот: «Ҳа. Мен Макка аҳли учун қийротлар эвазига қўй боқиб берар эдим», дедилар».

Имом Бухорий ривояти.

Шарҳ: Луғатшунослар «қийрот» деб майда пулга, дониқнинг ярми, яъни бир дирҳамнинг ўн иккидан бирига айтишади. Аслида унинг миқдори турли ўлкаларда турлича бўлган. Масалан, маккаликларда қийрот динорнинг йигирма тўртдан бир улуши ҳисобланса, аксар юртларда, хусусан фуқаҳолар наздида, йигирмадан бири бўлган. Аммо «қийрот» калимаси кейинчалик бир нарсанинг бўлакларини, жузларини ифода этиш учун ва шундан келиб чиқиб, бирор нарсанинг кўплигини, чексизлигини англатиш учун ҳам қўлланадиган бўлиб кетган. Ибн Можа ўзининг айрим шайхларидан нақл қилиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг битта қўйни бир қийрот эвазига боққанларини айтган.

 

Аллоҳ таолонинг пайғамбарлари энг маҳбуб ва энг тўғри йўлда юрган бандалари бўлади. Аллоҳ таоло Ўзининг барча пайғамбарларига қўй боқишни раво кўрган экан, чунки ўз меҳнати билан ҳаёт кечириш энг яхши ҳаёт кечириш бўлади.

Уламоларимиз Пайғамбар алайҳиссаломларнинг қўй боқишларида уларни келажак пайғамбарлик вазифасига тайёрлаш ҳам бор, дейишади. Қўй жуда ювош ва меҳрга муҳтож ҳайвон, уни боқиб ўрганган киши умматга пайғамбар бўлганида одамларга ҳам меҳрибон бўлади, дейдилар.

Аллоҳ таолонинг пайғамбарларининг энг афзал ва энг охиргиси бўлмиш Муҳаммад алайҳиссалом ҳам қўй боққанлари маълум. У зотнинг ўзлари бу ҳадиси шарифда айтганларидек,  Макка аҳлининг қўйини озгина миқдордаги чақа учун боққанлар.

 Маълумки, Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарларини  олдиндан  тайёрлаб, обрўга путур  етадиган нарсалардан сақлаб келади. Аммо у зотга Аллоҳ таоло мардикор чўпон бўлишни раво кўриши бу иш  жуда шарафли иш эканини кўрсатади. Бу ҳодисотлардан ҳайвон боқиб, ризқу рўз топиш яхши иш экани келиб чиқади.

612 - وَعَنْ أَبي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَا بَعَثَ اللهُ نَبِيّاً إِلَّا رَعَى الْغَنَمَ» فَقَالَ أَصْحَابُهُ: وَأَنْتَ؟ قَالَ: «نَعَمْ، كُنْتُ أَرْعَاهَا عَلَى قَرَارِيطَ لأَهْلِ مَكَّةَ». رَوَاهُ البُخَارِيُّ [2262].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

613. Яна у кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Одамлар учун энг яхши ҳаёт – Аллоҳ йўлида отининг тизгинидан тутган кишининг унинг устида елдек учиб, ҳар қачон ҳайқириқ ё чақириқни эшитса, учиб бориб, ғазот ва ўлимни айни жойидан излашидир. Ёхуд мана бу тоғлардан бирининг чўққисида ёки мана бу водийлардан бирининг бағрида қўй-қўзи боқиб юрган кишининг ўлим келгунича намозини тўкис адо этиши, закотини бериши, Роббига ибодат қилиши ҳамда одамлар билан фақат яхшиликда бирга бўлишидир».

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Бу ҳадисда Аллоҳнинг динини ривожи учун жидду-жаҳд қилиб, бор куч ва имкониятни ишга солиш ҳамда одамларга ёмонлиги етиб қолишидан ўзини тийиб, қир-адирларга чиқиб, ибодатларини қойилмақом ҳолда амалга ошириш фазилати ҳақида тўхталиб ўтилди.


613 – وَعَنْهُ، عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ قَالَ: «مِنْ خَيْرِ مَعَاشِ النَّاسِ لَهُمْ: رَجُلٌ مُمْسِكٌ عِنَانَ فَرَسِهِ فِي سَبِيلِ اللهِ، يَطِيرُ عَلَى مَتْنِهِ، كُلَّمَا سَمِعَ هَيْعَةً أَوْ فَزْعَةً، طَارَ عَلَيْهِ يَبْتَغِي الْقَتْلَ، وَالْمَوْتَ مَظَانَّهُ، أَوْ رَجُلٌ فِي غُنَيمَةٍ فِي رَأْسِ شَعَفَةٍ مِنْ هَذِهِ الشَّعَفِ، أَوْ بَطْنِ وَادٍ مِنْ هَذِهِ الأَوْدِيَةِ، يُقِيمُ الصَّلَاةَ وَيُؤتِي الزَّكَاةَ، ويَعْبُدُ رَبَّهُ حَتَّى يَأْتِيَهُ اليَقِينُ، لَيْسَ مِنَ النَّاسِ إِلَّا فِي خَيْرٍ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [1889].

«يَطِيرُ» أَي يُسْرِعُ، «وَمَتْنُهُ»: ظَهْرُهُ، «وَالهَيْعَةُ»: الصَّوتُ للْحَرْبِ، «وَالفَزَعَةُ»: نَحْوَهُ. وَ«مَظَانُّ الشَّيءِ»: الْمَوَاضِعُ الَّتِي يُظَنُّ وُجُودُهُ فِيهَا، «وَالغُنَيمَةُ» بِضَمِّ الغَينِ: تَصْغِيرُ الغَنَمِ، «الشَّعْفَةُ» بِفَتْحِ الشِّينِ وَالعَينِ: وَهِيَ أَعْلَى الجَبَلِ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш