657. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга борар эдим. Эгниларида ҳошияси қалин нажроний бурда бор эди. Бир аъробий етиб олиб, у зотнинг ридоларидан қаттиқ тортди, ҳатто Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бўйинларига қарасам, қаттиқ тортганидан ридонинг ҳошиясининг изи тушиб қолибди. Кейин у: «Эй Муҳаммад! Сендаги Аллоҳнинг молидан менга ҳам (беришга) буюр», деди. У зот унга ўгирилиб қараб, кулиб қўйдилар ва унга ато беришни буюрдилар».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: «Бурда» тикилмаган матодан қилинган, тананинг устки қисмини тўсиб турадиган, елкага ташлаб олинадиган кийимдир. Уни ридо деб ҳам аталади.
«Нажроний» Нажрон номли юртда қилинган деганидир.
Ушбу ҳадиси шарифда жуда катта масалалар бўлса ҳам, биз ўрганаётган бобга тегишлиси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг елкаларига бурда ташлаб юриш одатлари борлиги ҳақидаги маълумотдир. Бу ҳадиси шариф, асосан, ахлоқ бобида батафсил ўрганилади. Ҳозир эса «кийимнинг турлари ҳақида»ги бобга хос равишда ўрганамиз.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўн йил давомида ихлос ила хизматларини қилган машҳур саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга борар эдим. Эгниларида ҳошияси қалин нажроний бурда бор эди».
Эътибор беринг-а! Сарвари олам Анас номли ёш бола билан пиёда юриб кетаётган эканлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам елкаларига Нажронда тайёрланган, ҳошияси йўғон ва қўпол нарсадан қилинган ридони ташлаб олган эканлар.
«Бир аъробий етиб олиб, у зотнинг ридоларидан қаттиқ тортди, ҳатто Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бўйинларига қарасам, қаттиқ тортганидан ридонинг ҳошиясининг изи тушиб қолибди».
Саҳрода тарбия кўрмай ўсганлари учун аъробийлар қўпол бўладилар. Ўшалардан бири Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлда кетаётганларини кўриб, У зотга салом бериш, ҳурматларини бажо келтириш ўрнига бирдан елкаларидаги ридоларидан ушлаб, куч билан қаттиқ тортибди. Шунчалик қаттиқ тортибдики, ҳатто елкаларидаги ридонинг дағал ҳошияси У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг елкаларига ботиб, из қолдирибди.
«Сўнгра у:
«Эй Муҳаммад! Сендаги Аллоҳнинг молидан менга ҳам (беришга) буюр».
Бировдан ўз ҳожатини сўрайдиган одам унга шундоқ ҳам муомала қиладими? Албатта, бундай ҳолатда ҳар қандай босиқ инсон ҳам, «ҳой биродар, ўзингизни босинг, бундоқ қилмай, тўғриликча ҳожатингизни сўзлайверинг» дейиши турган гап. Аммо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига хос тасарруф қилдилар. Бундоқ тасарруфни У зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа инсон қилиши амри маҳол.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ўгирилиб қараб, кулиб қўйдилар ва унга ато беришни буюрдилар».
Шундоқ қилиб, ҳалиги беодоб аъробийнинг ҳожати равон бўлди.
657 - وَعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كُنْتُ أَمْشِي مَعَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ وَعَلَيهِ بُرْدٌ نَجْرَانيٌّ غَلِيظُ الحَاشِيَةِ، فَأَدْرَكَهُ أَعْرَابيٌّ، فَجَبَذَهُ بِرِدَائِهِ جَبْذَةً شَديدَةً، فَنَظَرْتُ إِلَى صَفْحَةِ عَاتِقِ النَّبيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ وَقَدْ أَثَّرَتْ بِهَا حَاشِيَةُ الرِّدَاءِ مِنْ شِدَّةِ جَبْذَتِهِ، ثُمَّ قَالَ: يَا مُحَمَّدُ، مُرْ لِي مِنْ مَالِ اللهِ الَّذِي عِنْدَكَ. فَالْتَفَتَ إِلَيْهِ، فَضَحِكَ، ثُمَّ أَمَرَ لَهُ بِعَطَاءٍ. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 6088، م 1057].