79-боб. Адолатли бошлиқнинг фазилати
Аллоҳ таоло: «Албатта, Аллоҳ адолатга ва чиройли амаллар қилишга буюрур» (Наҳл сураси, 90-оят).
«(Мудом) адолат қилинглар! Зеро Аллоҳ адолат қилгувчиларни суюр» (Ҳужурот сураси, 9-оят), - деб айтган.
79- بَابُ الوَالِي العَادِلِ
قَالَ اللهُ تَعَالَى: {إنَّ اللهَ يَأْمُرُ بِالعَدْلِ وَالإِحْسَانِ} [النحل - 90] الآية.
وَقَالَ تَعَالَى: {وَأَقْسِطُوا إنَّ اللهَ يُحِبُّ الْمُقْسِطِينَ} [الحجرات - 9].
671. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
«Етти киши борки, Аллоҳ Ўз соясидан бошқа соя бўлмайдиган кунда уларни Ўз соясига олади: одил раҳбар; Аллоҳ таолонинг ибодатида улғайган йигит; қалби масжидларга боғлиқ киши; Аллоҳ йўлида бир-бирини яхши кўрган икки киши, улар Аллоҳ йўлида жам бўлиб, Унинг йўлида ажраладилар; баобрў ва гўзал аёл ўзига чорлаганда «Мен Аллоҳдан қўрқаман», деган киши; ўнг қўли қилганини чап қўли билмайдиган даражада махфий садақа қилган киши; хилватда Аллоҳни зикр қилиб, кўзидан ёш тўккан киши».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Бу ҳадиснинг шарҳи 384-рақамли ҳадис остида келтирилган.
«Аллоҳнинг сояси» деган жумланинг маъноси ҳақида У Зот қиёмат куни мазкур бандалари учун махсус яратадиган соя, У Зотнинг ҳимоясида бўлиш, Аршнинг сояси ва жаннатнинг сояси деган фикрлар айтилган.
671 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «سَبْعَةٌ يُظِلُّهُمُ اللهُ فِي ظِلِّهِ يَوْمَ لَا ظِلَّ إلَّا ظِلُّهُ: إِمَامٌ عَادِلٌ، وَشَابٌّ نَشَأَ فِي عِبَادَةِ اللهِ عَزَّ وَجَلَّ، وَرَجُلٌ قَلْبُهُ مُعَلَّقٌ فِي الْمَسَاجِدِ، وَرَجُلَانِ تَحَابَّا فِي اللهِ؛ اجْتَمَعَا عَلَيهِ وَتَفَرَّقَا عَلَيهِ، وَرَجُلٌ دَعَتْهُ امْرَأَةٌ ذَاتُ مَنْصِبٍ وَجَمَالٍ، فَقَالَ: إنِّى أَخَافُ اللهَ، وَرَجُلٌ تَصَدَّقَ بِصَدَقَةٍ، فَأَخْفَاهَا؛ حَتَّى لَا تَعْلَمَ شِمَالُهُ مَا تُنْفِقُ يَمِيْنُهُ، وَرَجُلٌ ذَكَرَ اللهَ خَالِياً فَفَاضَتْ عَيْنَاهُ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 660 م 1031 وسبق برقم 384].
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Одиллар Аллоҳнинг ҳузурида нурдан бўлган минбарларда бўладилар. Улар – ўз ҳукмларида, аҳлларида ва ўзлари бошлиқ бўлган (барча) нарсада адолат қиладиганлардир».
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Аллоҳ таоло Моида сурасида: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ учун ҳақда туринг, адолатли гувоҳ бўлинг. Бир қавмни ёмон кўришингиз сизни уларга нисбатан адолат қилмасликка олиб бормасин. Адолат қилинг. Бу тақвога оид ишдир. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ қилаётган амалингиздан хабардор Зотдир», деган (8-оят).
Ушбу ояти карима аввалида келган «Эй иймон келтирганлар!» нидоси мўминларга ниҳоятда маҳбуб нидодир. Бу нидо уларни ҳар қандай машаққатга қўрқмай пешвоз чиқишларига тарғиб қилади. Демак, бу ўринда ҳам ўта муҳим бир масала ўртага ташланадиганга ўхшайди.
«Аллоҳ учун ҳақда туринг, адолатли гувоҳ бўлинг».
Дарҳақиқат, ўзи учун ёки оиласи, қавми-қариндоши, миллати ёки бошқа эътиборлар учун эмас, фақат Аллоҳ учун ҳақда туриш керак. Бу осон иш эмас.
Шунингдек, кези келганда ўзига қарши, ҳатто ота-онаси, бола-чақасига қарши адолатли гувоҳ бўлишга ҳам тўғри келади. Ниҳоятда оғир иш. Бундай мўъжизасифат ишлар фақат иймоннинг таъмини тотган, Исломнинг ҳақиқатини англаган кишилардангина содир бўлади. Бунга кўҳна тарихнинг ўзи гувоҳ.
Кетидан бундан ҳам машаққатлироқ даражадаги иш айтилади: «Бир қавмни ёмон кўришингиз сизни уларга адолат қилмасликка олиб бормасин».
Бу дегани - душманига нисбатан ҳам адолатли бўлиш, деганидир. Ўзи ёмон кўрган қавмларга ҳам ҳеч қандай шарт-сўзсиз, тўғридан-тўғри, фақат адолат ила муомалада бўлишни тақозо этади. Бу эса, унча-мунча инсоннинг қўлидан келмайди. Аммо Иймон-Ислом неъматидан баҳраманд бўлганларга, Аллоҳнинг розилигини кўзлаб ҳаёт кечираётганларга бу иш ҳам айни муддао, кўзланган мақсад. Мусулмонлар динларини маҳкам тутган пайтларида бу сифатларини бутун дунёга амалда кўрсатганлар.
Инсоният тарихи аввал ҳам, кейин ҳам бундай намуналарни кўра олгани йўқ. Фақат мусулмонлардан, улар Исломни маҳкам тутган пайтларида кўрган, холос. Бунинг мисоллари сонсизсаноқсиз. Биргинасини бу ерда келтирамиз:
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳуни Хайбар номли жойга юбориб, уларнинг мевалари ва зироатлари маҳсулини ўлчаб келишни топширдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у ерни фатҳ қилган чоғларида Хайбар аҳли билан маҳсулнинг ярмини беришга келишган эдилар. У ерда яшовчи яҳудийлар Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳуга пора бериб, ишда фойдаларига ўзгариш қилмоқчи бўлдилар. Шунда Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу уларга қараб:
«Аллоҳга қасамки, ҳузурингизга мен учун халойиқнинг энг маҳбуби бўлган зот олдидан келдим. Сизлар эса, Аллоҳга қасамки, мен учун маймун ва тўнғиздан ҳам баттарсизлар. Аммо у кишини яхши кўришим ва сизларни ёмон кўришим, сизларга адолатсизлик қилишимга сабаб бўла олмайди», дедилар. Шунда яҳудийлар ажабланишиб: «Осмонлару ерни тутиб турган нарса ҳам шу ўзи», дейишган. Бундай соф, Аллоҳ учун адолат ўрнатиш бошқа ҳеч бир миллатда ёки динда бўлмаган, бўлмайди ҳам. Ҳозирги кунда адолат даъвосини қилаётганларнинг адолатсизликлари ҳам Иймону Исломсиз соф адолат бўлиши мумкин эмаслигини яна бир бор кўрсатмоқда. Чунки ҳақиқий адолат фақат ҳақиқий тақводор қалб эгасидангина содир бўлиши мумкин. Ояти карима шуни таълим беради бизга:
«Адолат қилинг. Бу тақвога оид ишдир».
Қалбида тақвоси бор инсонга унинг Аллоҳдан хабардорлиги, Яратганнинг розилигини топишга уриниш ҳисси соф адолат учун ҳаракат қилишига туртки бўла олади.
Чунки фақат тақводор инсонгина: «Албатта, Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардор Зотдир», деган огоҳлантиришга тўлиқ ишонади.
Аллоҳ таоло Анъом сурасида:
«Агар гапирсангиз, қариндошингиз бўлса ҳам, адолат қилинг. Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилинг. Буларни сизга амр қилдикки, шояд, эсласангизлар», деган (152-оят). Мўмин-мусулмон одам доимо Аллоҳнинг амрига мувофиқ иш олиб бориши зарур. Бу эса, унинг доимо адолат ила гапириши лозимлигини тақозо қилади. Шунинг учун ҳақиқий мусулмон инсоний заифликка бориб, қариндошларига ноҳақ ён босишга имкон бермайди.
Адолат Аллоҳнинг амри бўлиб, барча унинг олдида баробар. Бир ҳукмда қариндошга бир хил, бошқага ўзгача муомала қилиш мумкин эмас. Бундай ҳолни фақат мусулмонларгина ҳаётга татбиқ қилганлар, холос.
Бошқалар адолат ҳақида ҳар қанча сафсата сотсалар ҳам, нари борганда нисбий адолат, яъни, ўз яқинлари ва ўз тоифасига нисбатангина адолатли бўла оладилар. «Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилинг».
Аллоҳга берган аҳдда ушбу оятларда зикр қилинаётган ҳодисалар, жумладан, қариндошга бўлса-да, адолат қилиш, ўлчов ва тарозини адолат билан адо этиш, ноҳақ одам ўлдирмаслиқ Аллоҳга ширк келтирмаслик ва бошқалар бор.
«Буларни сизга амр қилдикки, шояд, эсласангизлар». Яъни, ғофил бўлмасдан, ҳар бир нарсани эслаб, қилар амалларингизни Аллоҳ амрига мувофиқ олиб борингиз.
672 - وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ العَاصِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «إنَّ الْمُقْسِطِينَ عِنْدَ اللهِ عَلَى مَنَابِرَ مِنْ نُورٍ؛ الَّذِينَ يَعْدِلُونَ فِي حُكْمِهِمْ وَأَهْلِيهِمْ وَمَا وَلُوا». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [1827].
673. Авф ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман:
«Раҳбарларингизнинг яхшилари – сизлар яхши кўрадиган ва сизларни яхши кўрадиган, сизлар ҳаққига дуо қиладиган ва сизларнинг ҳаққингизга дуо қиладиганлардир.
Раҳбарларингизнинг ёмонлари – сизлар ёмон кўрадиган ва сизларни ёмон кўрадиган, сизлар лаънатлайдиган ва сизларни лаънатлайдиганлардир». Биз: «Эй Аллоҳнинг Расули! Ўшанда уларга (қилич билан) қарши чиқамизми?» дедик. У зот шундай дедилар: «Модомики орангизда намозни адо этишар экан, йўқ! Модомики орангизда намозни адо этишар экан, йўқ!
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Ҳадиснинг тўла шакли қуйидагича бўлган:
«Авф ибн Молик Ашжаъийнинг шундай деганини эшитдим: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман: «Раҳбарларингизнинг яхшилари – сизлар яхши кўрадиган ва сизларни яхши кўрадиган, сизлар ҳаққига дуо қиладиган ва сизларнинг ҳаққингизга дуо қиладиганлардир. Раҳбарларингизнинг ёмонлари – сизлар ёмон кўрадиган ва сизларни ёмон кўрадиган, сизлар лаънатлайдиган ва сизларни лаънатлайдиганлардир». Биз: «Эй Аллоҳнинг Расули! Ўшанда уларга (қилич билан) қарши чиқамизми?» дедик. У зот шундай дедилар: «Модомики орангизда намозни адо этишар экан, йўқ! Модомики орангизда намозни адо этишар экан, йўқ! Огоҳ бўлинглар, кимга бир одам раҳбар бўлса-ю, кейин у унинг Аллоҳга маъсият бўлган бир иш қилаётганини кўрса, Аллоҳга қилаётган маъсиятини ёмон кўрсин, аммо зинҳор итоатдан қўл тортмасин!»
У (Рузайқ ибн Ҳайён) менга бу ҳадисни айтиб берганида «Аллоҳ ҳаққи, эй Абу Миқдод, Муслим ибн Қараза буни сенга «Мен Авфнинг «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим...» деб айтиб берганми ёки сен унинг шундай деганини эшитганмисан?» дедим. Шунда у тиз чўкиб, қиблага юзланди-да: «Ҳа, Ўзидан ўзга илоҳ бўлмаган Аллоҳга қасамки, мен буни Муслим ибн Қаразадан эшитганман. У: «Мен Авф ибн Моликнинг «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман...» деганини эшитганман», деди» (Имом Муслим ривояти).
673 - وَعَنْ عَوْفِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «خِيَارُ أَئِمَّتِكُمُ الَّذِينَ تُحِبُّونَهُمْ وَيُحِبُّونَكُمْ، وَتُصَلُّونَ عَلَيْهِمْ وَيُصَلُّونَ عَلَيْكُمْ، وَشِرَارُ أَئِمَّتِكُمُ الَّذِينَ تُبْغِضُونَهُمْ وَيُبْغِضُونَكُمْ، وَتَلْعَنُونَهُمْ وَيَلْعَنُونَكُمْ» قَالَ: قُلْنَا يَا رَسُولَ اللهِ؛ أَفَلَا نُنَابِذُهُمْ؟ قَالَ: «لَا، مَا أَقَامُوا فِيْكُمُ الصَّلَاةَ، لَا، مَا أَقَامُوا فِيكُمُ الصَّلَاةَ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [1855/66].
«تُصَلُّونَ عَلَيْهِمْ»: تَدْعُونَ لهُمْ.
674. Иёз ибн Ҳимор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни:
« Жаннат аҳли уч тоифадир: одил ва тавфиқли раҳбар; барча қариндошу мусулмонларга раҳмдил ва қалби юмшоқ одам; серфарзанд, иффатли, камсуқум одам», деб айтганларини эшитдим.
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Ҳадиснинг тўла шакли қуйидагичадир:
Иёз ибн Ҳимор Мужошиъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутбаларида шундай дедилар:
«Огоҳ бўлинглар, Роббим сизлар билмаган нарсаларингизни ўргатишимни буюрди. У Зот менга бугун ўргатган нарса шудир: «Мен бандага ато этган мол-дунёнинг барчаси ҳалолдир. Мен бандаларимнинг барчасини ҳаниф қилиб яратганман. Лекин шайтонлар келиб, уларни динидан адаштиришди, мен улар учун ҳалол қилган нарсаларни уларга ҳаром қилишди. Уларга Менинг ҳукмим келмаган нарсада Менга ширк келтиришни ўргатишди». Аллоҳ ер аҳлига назар солиб, баъзи аҳли китоблардан бошқа барчага – арабларга ҳам, ажамларга ҳам ғазабланди ва шундай деди: «Сени синаш учун ва сен билан (одамларни) синаш учун сени пайғамбар қилиб юбордим. Сенга сув ювиб ўчира олмайдиган Китоб нозил қилдим. Сен уни уйқуда ҳам, ўнгингда ҳам ўқийсан». Аллоҳ менга (жанг қилиб, кофир) Қурайшни йўқ қилиб ташлашни буюрди. Шунда мен: «Роббим, ундай бўлса, улар бошимни мажақлаб, хамирдек эзғилаб ташлашади-ку!» дедим. Аллоҳ деди: «Сени (Маккадан) ҳайдаб чиқарганлари каби сен ҳам уларни ҳайдаб чиқар. Уларга қарши ғазот қил, Биз сени ғазотда қўллаб-қувватлаймиз. Сен инфоқ қил, Биз ҳам сенга инфоқ қиламиз. Сен лашкар юбор, Биз унинг беш бараварини юборамиз. Сенга итоат қилганлар билан бирга Сенга осийлик қилганларга қарши жанг қил».
Жаннат аҳли уч тоифадир: одил, кўп садақа қилувчи ва тавфиқли раҳбар; барча қариндошу мусулмонларга раҳмдил ва қалби юмшоқ одам; серфарзанд, иффатли, камсуқум одам. Дўзах аҳли беш тоифадир: оиласини ҳам, мол-дунёсини ҳам ташлаб қўйган, дуч келганга эргашаверадиган, нодон, калтабин кимса; ошкора тамагир, сал нарса эвазига ҳам хиёнат қилаверадиган хоин кимса; эртаю кеч оиланг ва молингга кўз олайтирадиган кимса; бахил ё каззоб; бадхулқ, оғзи шалоқ кимса».
(Ровий) Абу Ғассон ўз ривоятида «Сен инфоқ қил, Биз ҳам сенга инфоқ қиламиз» деб айтмаган.
Ҳадисдан олинадиган хулосалар:
– Аллоҳ бошлиқликка раво кўриб, унга яхшилик бўлишини истаса, халойиқ орасида адолат, яхшилик ва хайрихоҳлик қилишига муваффақ этади.
– Барча инсонлар билан лутф ва мулойимлик билан муомалада бўлиш.
– Тиланчиликдан сақланишнинг ва касб-кори орқали ризқни қўлга киритишнинг фазилати.
– Адолат, яхшилик қилиш ва иффатли бўлиш жаннатни вожиб қиладиган амаллардандир.
674 - وَعَنْ عِيَاضِ بْنِ حِمَارٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «أَهْلُ الجَنَّةِ ثَلَاثَةٌ: ذُو سُلْطَانٍ مُقْسِطٌ مُوَفَّقٌ، وَرَجُلٌ رَحِيمٌ رَقِيقُ القَلْبِ لِكُلِّ ذِي قُرْبَى وَمُسْلِمٍ، وَعَفِيفٌ مُتَعَفِّفٌ ذُو عِيَالٍ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2865].