Рўйхатни беркитиш
Мундарижа
Мундарижа
83-КИТОБ
83-боб Амирликка, қозиликка ва бундан бошқа шу каби муҳим вазифаларга ўзи сўраб, талабгор бўлиш ёки ўзини таклиф қилган кишини ўша мансабга таъйин қилишдан қайтарилгани хусусида
83- بَابُ النَّهْيِ عَنْ تَوْلِيَةِ الإِمَارَةِ وَالقَضَاءِ وَغَيْرِهِمَا مِنَ الوِلَايَاتِ لِمَنْ سَأَلَهَا أَوْ حَرَصَ عَلَيهَا فَعَرَّضَ بِهَا
(83)
83-BOB

 83-боб. Амирликка, қозиликка ва бундан бошқа шу каби муҳим вазифаларга ўзи сўраб, талабгор бўлиш ёки ўзини таклиф қилган кишини ўша мансабга таъйин қилишдан қайтарилгани хусусида

83- بَابُ النَّهْيِ عَنْ تَوْلِيَةِ الإِمَارَةِ وَالقَضَاءِ وَغَيْرِهِمَا مِنَ الوِلَايَاتِ لِمَنْ سَأَلَهَا أَوْ حَرَصَ عَلَيهَا فَعَرَّضَ بِهَا


(83)

692. Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Икки амакиваччам билан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирдик. Улардан бири: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ азза ва жалла сизни волий қилган жойларнинг бирортасига мени амир қилиб қўйинг», деди. Наригиси ҳам худди шундай деди. Шунда у зот: «Аллоҳга қасамки, биз бу ишга уни сўраган кишини ҳам, унга ҳарис бўлган кишини ҳам бошлиқ қилмаймиз», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадисда умматга ҳамда унинг бошидаги ҳукмдор ва бошқалардан иборат раҳбарларга бошлиқликни сўрайдиган ёки унга ошиқманд бўладиган кимсаларга тўсқинлик қилиш жорий қилинди. Гарчи ушбу сўровчи одамларнинг энг афзали бўлса-да. Бошлиқликни сўровчи бошқарув масъулияти юкини кўтаришга муваффақ бўлмайди ҳамда Аллоҳнинг ёрдамидан маҳрум бўлади. Шунинг учун салафларнинг фозиллари қозилик ва ундан бошқалар каби мансабларни эгаллашдан қочардилар. Уни сўрамасалар-да берилган ёки унга мажбур қилинганларнинг айримлари адолат, тақво, Аллоҳ йўлига даъват ва уммат ичида яхшиликни тарқатиш учун энг ажойиб мисоллардир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан бошлиқлик сўраган ёки унга ҳарис бўлган кишини маҳрум қилган эканлар, гарчи у одамларнинг энг тақводори ва энг зоҳиди бўлса-да. Балки жоҳил, оғишган ва фосиқлардан иборат бошлиқликни сўраган ва унга ошиққан кимса ҳақида нима дейсиз? Натижалар қандай бўларкин? Дарҳақиқат, Аллоҳ уларни ёрдамсиз ташлаб қўяди ва уларга ўз кўмаги билан мадад бермайди. Зулм, зўравонлик, ҳақ-ҳуқуқлардан маҳрум қилиш, ҳурриятни тортиб олиш, мол-мулк, вазифа-мансаб ва фойдаларни ўзиники қилиб олишдан иборат уммат қисматига нималар тушаркин?

Ҳофиз айтди: «Байзовий дедики, оқил кишига кетидан ҳасрат келадиган лаззат билан хурсанд бўлиши ярашмайди.

Муҳаллаб деди: Бошлиқликка ошиқиш одамлар уни дея ўзаро қирпичоқ бўлишига сабабдир. Ҳатто қон тўкилади, мол-мулк ва номуслар ҳалол қилинади, топталади. Шу сабаб ер юзида улкан бузғунчилик бўлади. Надомат экани шундайки, у ўлдирилиши ёки четлатилиши ёхуд ўлиши мумкин. Натижада унга киргани учун надомат чекади. Чунки у оқибатда масъулиятлар ҳақида сўроққа тутилади. Дарҳақиқат, ундан ажралгани боис ошиққан нарсаси уни четлаб ўтди.

Яна деди: ҳукмдор вафот этиши ва ушбу ишни ундан кейин адо этадиган ундан бошқаси бўлмаслиги каби унга мажбурий бўлган киши бундан истисно қилинади. Агар бунга кирмаса ҳолатлар зое бўлиши сабаб фасод ҳосил бўлади». (Фатҳул Борий).

692 - عَنْ أَبِي مُوسَى الأَشْعَرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: دَخَلْتُ عَلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ أَنَا وَرَجُلَانِ مِنْ بَنِي عَمِّي، فَقَالَ أَحَدُهُمَا: يَا رَسُولَ اللهِ؛ أَمِّرْنَا عَلَى بَعْضِ مَا وَلَّاكَ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ، وَقَالَ الآخَرُ مِثْلَ ذَلِكَ، فَقَالَ: «إنَّا وَاللهِ لَا نُوَلِّي هَذَا العَمَلَ أَحَداً سَأَلَهُ، أَوْ أَحَداً حَرَصَ عَلَيهِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 7149، م 1733 في الإمارة، باب النهي عن طلب الإمارة].


Улашиш
|
|
Нусха олиш
1-BOB
1-Одоб китоби

1-كِتَابُ الأَدَبِ

(1)

693. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорлардан бирининг ёнидан ўтдилар. У биродарини (ортиқча) ҳаё хусусида койиётган эди. Шунда у зот: «Уни тек қўй, чунки ҳаё иймондандир!» дедилар».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтиб кетаётсалар, бир киши укасига (биродарига): «Ҳадеб уятчан бўлаверасанми, уятчанликнинг нима кераги бор», деган маънода гапираётган экан. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига: «Уни тек қўй! Ҳаё иймондандир!» дебдилар. Демак, Расулулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига ҳаёни камчилик маъносида танқид қилмасликни буюриб, ҳаёнинг иймондан эканини айтганлар. Бу нарсани яхшилаб тушуниб олишимиз керак.

Худди шу ҳадиснинг яна бир ривояти ҳам бор:

Ибн Умардан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам укасини ҳаё борасида тергаётган кишининг олдидан ўтдилар. Ҳатто у: «Сени ураман», деяётган эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни тек қуй! Ҳаё иймондандир», дедилар».

Ҳаё иймонни мукаммаллигидандир. Чунки ҳаёли киши ёмон амалларни қилишдан ўзини тўхтатади. Ҳаё тоатга ундайди. Ҳаё бу инсон жибилятида бор бўлган ғариза бўлиб, хулқланиш, уни касб қилиш ва шариат одобларига амал қилиш орқали кучайтирилади.

Ҳаё сўзи луғатда уятсизликнинг тескарисини англатади. Бошқача қилиб айтганда «Ҳаё айбдан ва ёмонланишдан қўрқиб ўзини паст олиш ва ўзгаришдир».

Уламолар ҳаёни турлича таъриф қилганлар:

Журжоний: «У нафянинг бир нарсадан тортиниши ва маломатдан ҳазир бўлиб уни тарк қилишидир», деган.

Яна: «У қабиҳни тарк қилишга боис бўладиган ва ҳақ эгасининг ҳақида нуқсонга йўл қўйишни ман қиладиган хулқдир», деган.

Ибн Муфлиҳ Ҳанбалий: «Ҳаёнинг ҳақиқати у бир хулқ бўлиб гўзал нарсани қилишга, ёмон нарсани тарк этишга боисдир», деган.

Ҳаёнинг турлари:

Ҳаё икки хил: туғма ва касб қилинган бўлади.

Касб қилинган ҳаёни шариатда иймоннинг шўъбаларидан бири деб ҳисобланган. Чунки, шариатда ўша ҳаё талаб қилинган, туғма ҳаё эмас. Чунки туғма ҳаё ўз-ўзидан бор нарса. Гоҳида шахс касб қилинган ҳаёни ўзига яхши сингдирса худди туғма ҳаё даражасига етиши ҳам мумкин.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламда ҳаёнинг икки тури ҳам жам бўлган эди. Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам туғма ҳаёда чачвони ичидаги қиздан ҳам ҳаёлироқ эдилар. Касб қилинадиган ҳаёда эса, энг баланд чўққида эдилар.

Муновий: «Ҳаё икки хил бўлади.

Биринчиси нафсоний. У барча нафсларда халқ қилинган бўлади. Мисоли авратни очишдан ёки одамлар ҳузурида жинсий яқинлик қилишдан ҳаё қилиш кабилар.

Иккинчиси иймоний. У мусулмоннинг Аллоҳ таолодан қўрқиб ҳаром ишларни қилишдан тийилишидир», деган.

Маъсиятлар ҳаёни кеткизади:

Маъсиятларнинг касофатларидан бири қалб ҳаёти моддаси бўлган ҳаёни кетказишидир. Ҳаё барча яхшиликларнинг асосидир. Унинг кетиши барча яхшиликларнинг кетишидир.

Маъсиятлар аста – секин ҳаёни заифлаштириб бориб, бир йўла йўқ қилиб юбориши ҳам мумкин.

Уламолар ҳаёни ўн хилга тақсимлашган:

1. Жиноят ҳаёси.

Яъни, банданинг қилган жиноятидан ҳаё қилиши. Бунга мисол Одам Ота алайҳиссаломнинг жаннатда қочгандаги ҳаёси. Аллоҳ таоло:

«Мендан қочмоқдамисан, эй Одим?» деди.

«Йўқ» Эй Роббим! Сендан ҳаё қилиб», деди.

2. Нуқсон ҳаёси.

Бунга кечасию кундузи чарчамай тасбиҳ айтадиган фаришталарнинг ҳаёси мисол. Қиёмат куни бўлганда улар: «Роббимиз! Биз Сенга ҳақиқий ибодат қила олмадик», дейдилар.

3. Улуғлаш ҳаёси.

Бу маърифат ҳаёси бўлади. Банданинг ҳаёси Роббиси ҳақидаги маърифатига қараб бўлади.

4. Карамлилик ҳаёси.

Бунга Набий саллоллоҳу алайҳи васалламнинг Зайнаб онамизга уйланишларида ўзлари валиймага таклиф қилган саҳобалардан қилган ҳаёлари мисол. У зот ҳаё қилиб уларга, туринглар дея олмадилар.

1. Истиҳола ҳаёси.

Бунга Али розияллоҳу анҳу истиҳоласи мисол бўлади.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Кўп мазийлик одам эдим. Қизларининг истиҳоласи учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашга уялар эдим. Бас, ал-Миқдод ибн ал-Асвадга буюрдим. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Закарини ювади ва таҳорат қилади», дедилар».

(Имом Бухорий, Муслим ва Абу Довуд ривояти).

6. Ўзини паст санаш ҳаёси.

Бунинг мисоли банда ўзини паст санаб Аллоҳ таолодан ҳожатини сўрашга ҳаё қилиш киради. Бунинг сабаби иккита:

Биринчиси сўровчи ўзини ҳақир ва гуноҳларини катта ва кўп санайди.

Иккинчиси Сўралувчи Зот – Аллоҳ таолони улуғ санайди.

7. Муҳаббат ҳаёси.

У муҳибнинг маҳбубидан қиладиган ҳаёсидир. Ҳаттоки, маҳбубнинг ўзи йўқ бўлса ҳам уни эслаган муҳиб қалбидан ҳаё қилади ва юзида уни аломатлари пайдо бўлади. Шунингдек, муҳиб маҳбубига тўсатдан йўлиқиб қолганда қаттиқ сесканиб кетади.

8. Бандалик ҳаёси.

Бу муҳаббат билан хавф аралаш ва маъбудига ибодати мос эмаслигини мушоҳада қилиш ҳаёсидир. Албатта, маъбуднинг қадри бундан юксак эканини билиш оқибатидан чиққан хижолатлик ҳаёсидир.

9. Иззат ва шараф ҳаёси.

Катта ва улуғ нафсдан ўз қадрига муносиб бўлмаган сарф харажат, адо ёки эҳсон бўлгандаги ҳаё. Бундай ҳолда у ўз нафсининг иззати ва шарафи туфайли ҳаё қилади.

10. Кишининг ўзидан ўзи ҳаё қилиши.

Бу шарафли ва азиз нафсларнинг ўзига нуқсонни раво кўргани учун ҳаёсидир. Бунда ўзидан ўзи ҳаё қилади, уялиб кетади. Худди унинг иккита нафси борга ўхшаб қолади.

Биринчиси билан бошқасидан ҳаё қилади. Бу энг баркамол ҳаёдир. Чунки банда ўзидан ўзи ҳаё қилса – уялса, ўзидан бошқадан ҳаё қилиши – уялиши турган гап.

 

Амри маъруф ва ҳаё

Ҳақиқий ҳаё амри маъруф ва наҳйи мункардан ман қилмайди.

Бу ҳақда «Фазлуллоҳис Сомад» номли китобда қуйидагилар келган: «Ҳаё соҳиби гоҳида ҳақ билан юзма юз келишга ҳаё қилиб амри маъруф ва наҳйи мункарни тарк қилиши мумкин. Гоҳида ҳаё уни баъзи ҳуқуқларни риоя қилмаслигига сабаб бўлиши мумкин. Бунга ўхшаш нарсалар одатда учраб туради.

Ушбу гапларни айтадиганларга жавобим шулки, бу ҳаё эмас, балки ожизлик, қўрқоқлик ва хорликдир. Буни ҳаё дейиш мажоз бўлиши мумкин холос. Қачон ҳаё қилинаётган нарсанинг қабоҳати ҳақиқий бўлгандагина ундан қилинган ҳаё ҳақиқий бўлади. Баъзи одамларга ёқмайдиган аммо ўзи аслида яхши бўлган нарсадан тортиниш ҳаё бўлмайди. Аксинча ундай нарсадан тортиниш ундан кўра қабоҳатлироқ бўлади. Бунинг мисоли баъзи содда аёлларнинг безори хилват жойда тўсиб тажовуз қилмоқчи бўлганда, одамлар билиб қолса уят бўлади деган хаёл билан дод солиб ёрдам сўрамаслигидир. Аслида унинг дод солиши тажовузга учрашидан яхши. Шунинг учун ҳам Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳаё фақат яхшилик келтиради», деганлар. Ана ўша ҳақиқий ҳаёдир. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг чачвонидаги бокира қиздан ҳам ҳаёлироқ эканлари собит ҳақиқатдир. Аммо Аллоҳ таолонинг ҳурмати оёқ ости қилинганда У зотнинг ғазаблари олдида ҳеч нарса тура олмас эди. У зот биз учун ўрнакдирлар».

 

Ҳаё нимадан пайдо бўлади?

Жунайд раҳматуллоҳи алайҳ: «Ҳаё неъматларни кўришдир ва нуқсонларни кўришдир. Иккисининг орасида ҳаё туғиладир», деган.

Абул Фидо Исмоил Ҳаравий: «Ҳаё муҳаббат ила ўралган улуғлашдан ҳаё туғилади», деган.

Қуръони Каримда ҳаё иккита оятда зикр қилинган.
Аллоҳ таоло «Қасас» сурасида: «Бас, икковларидан бири ҳаё билан юриб келиб: «Отам сенга бизларга суғориб берганинг ҳаққини бериш учун чақирмоқда», деди. Қачонки унга келганида ва қиссани айтиб берганида, у: «Қўрқма, золим қавмлардан нажот топдинг», деди», деган (25 – оят).

Мусо алайҳиссаломнинг олдиларига ҳалиги икки қизнинг бири ҳаё билан уялибгина келиб: «Отам сенга бизларга суғориб берганинг ҳаққини бериш учун чақирмоқда», деди».
Бу оятда Шуъайб алайҳиссаломнинг қизлари ҳаё асосида тарбия топганлари алоҳида таъкидланмоқда.

Ҳадиси шарифда иймоннинг шўъбаларидан айнан ҳаё зикр қилинган. Зеро, ҳаё барча фазилатлар боши ва иймоннинг қолган бўлакларига ундовчи сифатдир. Унинг аҳамияти беқиёс. Шарм бандани дунё шармандачилиги ва охират азобидан огоҳ этиб, маъсиятлардан тўсади. 

693 - عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ مَرَّ عَلَى رَجُلٍ مِنَ الأَنْصَارِ وَهُوَ يَعِظُ أَخَاهُ فِي الحَيَاءِ، فَقَالَ رسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «دَعْهُ؛ فَإِنَّ الحَيَاءَ مِنَ الإِيْمَانِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 24، م 36].


Улашиш
|
|
Нусха олиш