270-ҳадис

270/1. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Қуръони каримни уч кундан оз фурсатда хатм қилса, маъноларини англамайди», дедилар.

Абу Довуд, Термизий, Насаийлар ривоятлари.

Аммо Қуръон ўқишни қачон бошлаш ва хатм қилиш-тугатиш вақти қорини ихтиёридадир. Масалан, Усмон розияллоҳу анҳу бир ҳафталик хатмларида жума кечаси бошлаб, пайшанба кечаси тугатар эдилар. Абу Ҳомид Fаззолий «Иҳёу улумиддин» китобларида: "Хатмларни афзали кечасидаги хатм ва кундузидаги хатм. Кундузги хатм душанба куни бамдод намозининг икки ракъатида ёки ундан кейин тугатилади. Кечасидаги хатм жума куни шом намозининг икки ракъатида ёки ундан кейин тугатилади. Шунда кундузини аввали ва охирига етишади", деб айтганлар.

Ибн Абу Довуд улуғ тобеъин Амр ибн Муррадан қилган ривоятларида: «Улар Қуръонни кечанинг аввалида ёки кундузни аввалида хатм қилишни яхши кўрардилар», дейди.

Улуғ тобеъинлардан Толҳа ибн Мусорриф айтадилар:

«Ким Қуръонни кундузни қайси пайтида хатм қилса, фаришталар кеч киргунгача у кишига саловот айтишади. Ва тунни қайси пайтида хатм қилса, тонг отгунча саловот айтишади».

* في سنن أبي داود، والترمذي، والنسائي، وغيرها، عن عبد الله بن عمرو بن العاص رضي الله عنهما قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: "لا يفقه من قرأ القرآن في أقل من ثلاث".

Улашиш
|
|
Нусха олиш