271-ҳадис

271/2. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Қуръонни хатм қилувчининг хатми кечанинг аввалига тўғри келса, фаришталар тонг отгунча унга саловот айтишади. Агар туннинг охирига тўғри келса, (эртаси кун) кеч киргунча саловот айтишади».

Абу Муҳаммад Дорамий ривояти.

Фасл: Қуръон қироати учун ихтиёр қилинган вақтнинг энг яхшиси намозда бўлганидир. Имом Шофеъий ва бошқаларнинг фикрларича, намозда қиёмни қироат билан узун қилиш сажда ва ундан бошқа ўринларда узоқ туришдан афзалроқдир. Намоздан ташқаридаги қироат эса, кечаси бўлгани яхшироқ. Кечани иккинчи ярмида бўлгани эса, аввалида бўлганидан яхшироқ. Шом намози билан хуфтон орасида бўлган тиловат ҳам маҳбубдир. Аммо кундузги тиловатларнинг энг яхшиси бомдод намозидан кейингисидир. Бирор вақт ҳам Қуръон тиловат қилишнинг кароҳияти йўқ. Ҳатто намоз ўқиш манъ қилинган пайтларда ҳам тиловат қилинаверади.

Ибн Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ Муоз ибн Рифоъадан ҳикоя қилиб: «Улар асрдан кейин тиловатни кариҳ кўрар эдилар», деб келтирган сўзлари эса, номақбул ва асоссиз гапдир.

Тиловат учун ихтиёр қилинган кунлар жума, душанба, пайшанба ва арафа кунларидир. Ўн кунликларда эса зул ҳижжа ойининг аввалги ўн куни ва рамазон ойининг охирги ўн кунидир. Ойлар ичида эса, рамазондагиси афзалроқ.

* وروينا في مسند الإمام المجمع على حفظه وجلالته وإتقانه وبراعته أبي محمد الدارمي رحمه الله، عن سعد بن أبي وقاص رضي الله عنه قال: إذا وافق ختم القرآن أول الليل صلت عليه الملائكة حتى يصبح، وإن وافق ختمه آخر الليل صلت عليه الملائكة حتى يمسي.

قال الدارمي : هذا حسن عن سعد.

Улашиш
|
|
Нусха олиш