89-ҳадис

Aбу Ҳурaйрa розияллоҳу анҳудaн ривоят қилинишича, у киши «Ким Рaмaзoннинг бир кунлик рўзасини ҳеч қандай узр ва касаллиги бўлмай туриб тутмaса, бир умрлик рўза ҳaм унинг ўрнига ўтмайди, агар уни тута олса», деган ҳадисни марфуъ қилган. Буни Ибн Мaсъуд розияллоҳу анҳу ҳaм aйтгaн.

Изоҳ: Марфуъ – ҳадис турларининг бири. «Марфуъ қилди» дегани «марфуъ шаклда ривоят қилди» деганидир. «Марфуъ» сўзи луғатда «баландлатди», «кўтарди» деган маънони англатади. Ҳадис илми истилоҳида эса шахсан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат бериб нақл қилинган ҳадис «марфуъ ҳадис» дейилади. Унинг муқобили «мавқуф ҳадис» бўлиб, асл мазмуни ҳадисга бориб тақалса-да, саҳобий уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат бермай, ўз номидан айтса ёки бажарса, бундай  ҳадис «мавқуф ҳадис» дейилади.

Мазкур ҳадиснинг Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу томонидан марфуъ шаклда қилинган ривояти Бухорийнинг шартларига тушмагани учун муаллиф уни бироз ноаниқликни англатувчи «ривоят қилинишича» деган ибора билан бошлаб, таълиқотда келтирган.

89- الـبُخَارِيُّ: عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَفَعَهُ: مَنْ أَفْطَرَ يَوْمًا مِنْ رَمَضَانَ، مِنْ غَيْرِ عِلَّةٍ وَلَا مَرَضٍ.. لَمْ يَقْضِهِ صِيَامُ الدَّهْرِ وَإِنْ صَامَهُ وَبِهِ قَالَ ابْنُ مَسْعُودٍ.

Улашиш
|
|
Нусха олиш