129-ҳадис

Изоҳ: «Жиҳод» сўзи луғатда инсон томонидан ўзидаги жамики имкониятни ишга солиб ҳаракат қилиш маъносини англатади. Алоҳида таъкидлаб айтиш лозимки, жиҳод сўзи луғатда уруш маъносини англатмайди. Урушни араб тилида бошқа сўзлар билан ифода этилади. Уруш маъносини англатиш учун араб тилида «қитол», «ҳарб», «муқотала», «ғазот» сўзлари ишлатилади.

Дарсини ўзлаштириш учун барча имкониятларини ишга солиб ҳаракат қилаётган толиби илмни мужтаҳид талаба деб аталади. Бинобарин, уни илмий жиҳод қиляпти, деса бўлади. Шаръий масалаларни ечишда бор имконини ишга солиб ҳаракат қилган улкан олимлар ҳам мужтаҳид деб аталган. Бундай кишилар шаръий илмларда жиҳод қилишган.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, жиҳод сўзининг луғатдаги хусусиятидан келиб чиқиб жиҳоднинг турлари ҳам кўпайган ва ўшалар ичида душманга қарши жон-жаҳди билан жанг қилиш ҳам «жиҳод» дейилган. Аммо ушбу охирги маъно бошқаларидан устун келиб, кейинчалик жиҳод деганда фақат қитол тушуниладиган бўлиб қолган.

Исломнинг дастлабки ўн уч йили давомида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  бошлиқ саҳобалар Маккаи мукаррамада юқорида зикр қилинган қитол – уруш маъноси бўлмаган жиҳодни олиб бордилар. Ўша вақтда Аллоҳ таоло мушрикларга қарши куч ишлатишни мусулмонларга ман қилган эди. Шу билан бирга, улардан етган азоб-уқубат ва озорларга сабр қилишга амр қилган ҳам эди. Фақат, ҳижратнинг иккинчи санасида Қуръони Карим таъбири билан айтилганда «Ўзларига қарши уруш очганларга уларга зулм қилингани учун (урушга) изн берилди».

Ана шундай қилиб, ҳижрати набавиянинг иккинчи санасидагина Аллоҳ таоло мусулмонларга ўзларини ҳимоя қилиш ва зулман тортиб олинган мол-мулкларини Макка мушрикларидан қайтариб олиш учун қўлларига қурол олишга изн берди. Жиҳод ҳақидаги оятларнинг барчасини ўрганиб чиққандан сўнг маълум бўладики, Исломда жиҳод ҳукми шароитга қараб ўзгариб туради.

Жиҳод – Исломни куч билан ёйиш, қурол ёрдамида тарқатиш воситаси эмас. Аксинча, душманликни кетказиш, зулмни бартараф этиш ва заифларни ҳимоя қилиш йўлидир (Ваҳба Мустафо Зуҳайлий. Ал-алақат ад-дувалия фил Ислам. Дорул мактабий, 2000 й. 26-б). Бошқа эътиқод вакилларини мажбуран динга киритиш жиҳод ҳисобланмайди. Аллоҳ таоло бундай ҳаракатдан қайтаради. Қуръони Каримнинг Бақара сурасида: «Динга мажбур қилиш йўқ. Батаҳқиқ, тўғрилик эгриликдан ажради» деб марҳамат қилинади (256-оят). Уламолар бирор шахс ёки мусулмон жамоаси жиҳодни ўзича эълон қилиб, уруш бошлаши мумкин эмаслигини алоҳида уқтирадилар. Уруш маъносида талқин қилинадиган жиҳод сиёсий масала бўлгани, ўзига хос оқибатларни келтириб чиқаргани сабабли, Ислом шариати фақат давлат раҳбаригина бундай жиҳодни эълон қилиш ва амалга ошириш ҳуқуқига эга эканини қатъий таъкидлайди (2010 йил 27-28 март кунлари Мардин шаҳрида бўлиб ўтган Мусулмон уламоларининг Мардин-Доруссалом конференциясидаги фатвоси).

Огоҳ бўлиш лозимки, қуйида келадиган жиҳод мазмунидаги ҳадислардан бузғунчи ва жиноий ҳаракатларни асослаш, қон тўкишни оқлаш ҳамда мусулмонлар орасида фитна чиқариш мақсадида зинҳор фойдаланиб бўлмайди. Бинобарин, Қуръон ва Суннатдаги далилларга асосан айтишимиз мумкинки, муқаддас эътиқодимиз бундай амалларни бутунлай қоралайди. Китобхон ушбу ҳадисларни тушунишда қийинчиликка дуч келса, ҳақиқий олимга мурожаат этиши лозим.


129- 2782. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Эй Аллоҳнинг Расули, қайси амал афзал?» деб сўрадим. У зот: «Намозни ўз вақтида ўқиш», дедилар. «Кейин қайси?» дедим. «Кейин ота-онага яхшилик қилиш», дедилар. «Кейин қайси?» дедим. «Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш», дедилар. Шунда мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашдан тўхтадим. Агар яна сўраганимда, қўшимча қилаверар эдилар».

129- 2782- عَنْ عَبْدِ الله ابْنِ مَسْعُودٍ رضي الله عنه: سَأَلْتُ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ؛ أَيُّ الْعَمَلِ أَفْضَلُ؟ قَالَ: «الصَّلَاةُ عَلَى مِيقَاتِهَا». قُلْتُ: ثُمَّ أَيٌّ؟ قَالَ: «ثُمَّ بِرُّ الْوَالِدَيْنِ». قُلْتُ: ثُمَّ أَيٌّ؟ قَالَ: «الْجِهَادُ فِي سَبِيلِ اللهِ». فَسَكَتُّ عَنْ رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم، وَلَوِ اسْتَزَدْتُهُ لَزَادَنِي.

Улашиш
|
|
Нусха олиш