Рўйхатни беркитиш
Мундарижа
Мундарижа
51-КИТОБ
ТИБ КИТОБИ
كتاب الطّبّ
(51)

227- 5680. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«У: «Шифо уч нарсада: асал ичишда, қортиқ солишда ва ўтнинг куйдиришидадир. Мен умматимни куйдиришдан қайтараман» деб, ҳадисни марфуъ қилди.

 

Изоҳ: «Ҳадисни марфуъ қилди» дегани уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берди, деганидир.

Ҳадисда ўша пайтдаги кенг ёйилган даволаш усулларидан учтаси зикр қилинган. Аммо бундан «Бошқа нарсада шифо йўқ экан», деган тушунча келиб чиқмайди. Фақат буларнинг фойдаси кўп бўлгани учун алоҳида эслатилган.

227- 5680- عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ تَعَالَى عَنْهُمَا قَالَ: «الشِّفَاءُ فِي ثَلَاثَةٍ: شَرْبَةِ عَسَلٍ، وَشَرْطَةِ مِحْجَمٍ، وَكَيَّةِ نَارٍ، وَأَنْهَى أُمَّتِي عَنِ الْكَيِّ» رَفَعَ الْحَدِيثَ.

Улашиш
|
|
Нусха олиш

228- 5688. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қора донда «сом»дан бошқа ҳар қандай дардга шифо бор», деяётганларини эшитдим».

Ибн Шиҳоб айтади: «Сом» – ўлим, «қора дон» – шуниз (седана)».

Изоҳ: Ўша пайтларда седананинг «қора дон» («седана» сўзи ҳам форсча «сиёҳ дона» сўзидан олинган) деган номи камроқ қўлланиб, унинг форсчадан кирган «шуниз» деган номи кенгроқ тарқагани учун Ибн Шиҳоб Зуҳрий мазкур изоҳни қилган. Аммо кейинроқ уни «қора дон» дейиш урф бўлиб, бошқа номлари муомаладан чиқиб кетган. Ҳозирда ҳам шундай.

228- 5688- عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ تَعَالَى عَنْهُ: أَنَّهُ سَمِعَ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ: «فِي الْحَبَّةِ السَّوْدَاءِ شِفَاءٌ مِنْ كُلِّ دَاءٍ، إِلَّا السَّامَ».

Улашиш
|
|
Нусха олиш

229- 5707. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Юқиш ҳам йўқ, тияра ҳам йўқ, ҳома ҳам йўқ, софар ҳам йўқ. Моховдан эса худди арслондан қочгандек қоч», дедилар».

 

Изоҳ: «Юқиш йўқ» дегани касалликнинг ўзида юқиш қуввати йўқ, балки касаллик Аллоҳнинг изни ила пайдо бўлади, яъни касал юққан кишида ҳам мазкур касалликни Аллоҳ яратади, деганидир. Бу гап эътиқодга боғлиқ. Аммо амалга келганда етиши мумкин бўлган зарарлардан сақланиш вожиб бўлади. Шунинг учун бошқа ҳадиси шарифларда вабо тарқаган жойга кирмаслик, соғ туяни касал туяга аралаштирмаслик каби тавсиялар берилган.

«Тияра» – шумланиш. Бу сўз арабча «тойр» сўзидан олинган бўлиб, қуш деганидир. Илгари араблар бирор муҳим ишни қилмоқчи бўлса, масалан, сафарга чиқишдан олдин ёки бирор ишда иккиланса, қўлига қуш олиб, учиришарди. Агар қуш ўнг тарафга учса, ўша ишни қилишар, чап тарафга учса, қилишмас эди. Мана шу иш «тияра» деб аталган ва «тияра», «татойюр» сўзлари умумий шумланишга ҳам ишлатиладиган бўлиб кетган.

«Ҳома» сўзи тунда учиб юрадиган қушни билдиради. «Ҳома йўқ», дегани ўша қуш бахтсизлик келтиради, деб эътиқод қилиш йўқ, деганидир. Шунингдек, жоҳилият даври арабларида «Бир инсон ўлдирилса‑ю, қасоси олинмаса, унинг руҳи қуш бўлиб кезиб, ўчи олинмагунча: «Мени қондиринглар, мени қондиринглар», деб учиб юради. Ўчи олингач, учиб кетади», деган эътиқод бўлган. Ана шуни «ҳома» деб аташган. Ислом бундай эътиқодни ҳам инкор қилган.

«Софар» сўзи ҳам турлича изоҳланган: а) жоҳилият арабларида очлик туфайли одамнинг ичида «софар» деган бир қурт пайдо бўлади, у инсонга озор беради ва бошқага ҳам ўтади, юқади, деган тушунча бўлган. «Софар йўқ» деганда мазкур тушунчанинг ботиллиги назарда тутилган; б) жоҳилият араблари уруш ҳаром қилинган муҳаррам ойи ўрнига софар ойини қўйиб олишар, муҳаррам ойида урушни ҳалол санаб, софар ойида ҳаром санашарди. Ҳадиси шарифда мазкур иш тақиқланган; в) баъзиларда софар ойидан шумланиш бўлган. Бу ойда фалон ишни қилиб бўлмайди, деган тушунчалар бўлган. Ҳозирги кунда ҳам баъзиларда «Сафар ойида тўй қилиб бўлмайди, сафар қилиб бўлмайди, кўчиб бўлмайди», деган эътиқодлар бор. Ваҳоланки, саёҳат маъносидаги «сафар» сўзи «син» ҳарфи билан, бу ойнинг номи эса «сод» ҳарфи билан ёзилади.

229- 5707- عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ تَعَالَى عَنْهُ يَقُولُ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «لَا عَدْوَى، وَلَا طِيَرَةَ، وَلَا هَامَةَ، وَلَا صَفَرَ، وَفِرَّ مِنَ الْمَجْذُومِ كَمَا تَفِرُّ مِنَ الْأَسَدِ».

Улашиш
|
|
Нусха олиш