229- 5707. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Юқиш ҳам йўқ, тияра ҳам йўқ, ҳома ҳам йўқ, софар ҳам йўқ. Моховдан эса худди арслондан қочгандек қоч», дедилар».
Изоҳ: «Юқиш йўқ» дегани касалликнинг ўзида юқиш қуввати йўқ, балки касаллик Аллоҳнинг изни ила пайдо бўлади, яъни касал юққан кишида ҳам мазкур касалликни Аллоҳ яратади, деганидир. Бу гап эътиқодга боғлиқ. Аммо амалга келганда етиши мумкин бўлган зарарлардан сақланиш вожиб бўлади. Шунинг учун бошқа ҳадиси шарифларда вабо тарқаган жойга кирмаслик, соғ туяни касал туяга аралаштирмаслик каби тавсиялар берилган.
«Тияра» – шумланиш. Бу сўз арабча «тойр» сўзидан олинган бўлиб, қуш деганидир. Илгари араблар бирор муҳим ишни қилмоқчи бўлса, масалан, сафарга чиқишдан олдин ёки бирор ишда иккиланса, қўлига қуш олиб, учиришарди. Агар қуш ўнг тарафга учса, ўша ишни қилишар, чап тарафга учса, қилишмас эди. Мана шу иш «тияра» деб аталган ва «тияра», «татойюр» сўзлари умумий шумланишга ҳам ишлатиладиган бўлиб кетган.
«Ҳома» сўзи тунда учиб юрадиган қушни билдиради. «Ҳома йўқ», дегани ўша қуш бахтсизлик келтиради, деб эътиқод қилиш йўқ, деганидир. Шунингдек, жоҳилият даври арабларида «Бир инсон ўлдирилса‑ю, қасоси олинмаса, унинг руҳи қуш бўлиб кезиб, ўчи олинмагунча: «Мени қондиринглар, мени қондиринглар», деб учиб юради. Ўчи олингач, учиб кетади», деган эътиқод бўлган. Ана шуни «ҳома» деб аташган. Ислом бундай эътиқодни ҳам инкор қилган.
«Софар» сўзи ҳам турлича изоҳланган: а) жоҳилият арабларида очлик туфайли одамнинг ичида «софар» деган бир қурт пайдо бўлади, у инсонга озор беради ва бошқага ҳам ўтади, юқади, деган тушунча бўлган. «Софар йўқ» деганда мазкур тушунчанинг ботиллиги назарда тутилган; б) жоҳилият араблари уруш ҳаром қилинган муҳаррам ойи ўрнига софар ойини қўйиб олишар, муҳаррам ойида урушни ҳалол санаб, софар ойида ҳаром санашарди. Ҳадиси шарифда мазкур иш тақиқланган; в) баъзиларда софар ойидан шумланиш бўлган. Бу ойда фалон ишни қилиб бўлмайди, деган тушунчалар бўлган. Ҳозирги кунда ҳам баъзиларда «Сафар ойида тўй қилиб бўлмайди, сафар қилиб бўлмайди, кўчиб бўлмайди», деган эътиқодлар бор. Ваҳоланки, саёҳат маъносидаги «сафар» сўзи «син» ҳарфи билан, бу ойнинг номи эса «сод» ҳарфи билан ёзилади.
229- 5707- عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ تَعَالَى عَنْهُ يَقُولُ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «لَا عَدْوَى، وَلَا طِيَرَةَ، وَلَا هَامَةَ، وَلَا صَفَرَ، وَفِرَّ مِنَ الْمَجْذُومِ كَمَا تَفِرُّ مِنَ الْأَسَدِ».