1007-ҳадис

1007. Наввос ибн Самъон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни:

«Қиёмат куни Қуръон ва унга дунёда амал қилиб юрган аҳли келтирилади. Бақара ва Оли Имрон суралари олдинга чиқиб, соҳибларини ҳимоя қилади», деб айтганларини эшитдим”.

Имом Муслим ривояти. 

Шарҳ: Имом Муслимнинг бошқа ривоятида қуйидаги шаклда келган:

Наввос ибн Самъон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Қиёмат куни Қуръон ва унга амал қилиб юрган аҳли келтирилади. Бақара сураси ва Оли Имрон олдинга чиқади», деганларини эшитганман. У зот бу иккаласига учта зарбулмасал келтирганлар. Уларни ҳанузгача унутмаганман: «Икаласи гўё соҳибларини ҳимоя қиладиган икки булут ёки орасида ёғду бор икки қора булут ёхуд икки сафбаста қушлар галасидир» (Имом Муслим ривояти).

Бу ҳадиси шарифда Қуръони Карим қироатига, хусусан, Бақара ва Оли Имрон суралари қироатига қаттиқ тарғиб бордир.

Шунингдек, бу ҳадиси шарифда Қуръони Каримнинг ва Бақара ҳамда Оли Имрон сураларининг фазллари қанчалик улуғ эканлиги баён қилинган.

Қиёмат саҳросида, унинг жазирама иссиғида куйиб, жизғанак бўлиб турган ҳар бир одам боши узра оз бўлса ҳам соя бўлишини жуда истайди. Бу бахтга эга бўлиш учун инсонлар нималар қилмайдилар.

Аммо бу ҳадиси шариф ўша оғир кунда энг яхши соябонга эга бўлишнинг энг осон йўлини кўрсатмоқда. Бу осон йўл Бақара ва Оли Имрон сураларини қироат қилмоқдир. Ким бу икки сураи каримани бу дунёда ўқиб юрган бўлса, қиёмат куни улар унинг бошида соябон бўлурлар.

Аммо Бақара ва Оли Имрон сураларининг ўз ўқувчиларига охиратда берадиган фойдалари бу билан чекланиб қолмайди.

«Икковлари ўз асҳоблари ҳақида ҳужжатлашиб, ҳимоя қиладилар».

Ҳа, Бақара ва Оли Имрон суралари қиёмат куни ўзларини ўқиган одамларга яхши мартабалар берилишини сўраб ҳужжатлашадилар. Бу қандоқ ҳам улуғ иш!

Бу дунёда барака талабида бўлмаган ким бор? 

Бу дунёда ҳасратдан қочмаган ким бор?

Бу ҳадиси шариф баракага эга бўлишнинг ва ҳасратдан узоқда бўлишнинг энг осон йўлини кўрсатиб бермоқда.

«Бақара сурасини қироат қилинглар. Албатта, уни олмоқлик баракадир. Уни тарк қилмоқлик ҳасратдир». 

Бу ишни қилиш унча қийин эмас. Инсон дангаса бўлмаса бас. Чунки ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Баттоллар унга қодир бўлмаслар», дедилар».

Ушбу ҳадиси шарифнинг бошқа бир ривоятида:

«Қиёмат куни Қуръон ва унга амал қилган аҳллари келтирилганида Бақара ва Оли Имрон суралари бош бўлиб келадилар», дейилган.

Бундан Бақара ва Оли Имрон суралари бошқа суралардан олдин туриши келиб чиқади.

1007 - وَعَنِ النَّوَّاسِ بْنِ سَمْعَانَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «يُؤْتَى يَوْمَ القِيَامَةِ بِالْقُرْآنِ وَأَهْلِهِ الَّذِينَ كَانُوا يَعْمَلُونَ بِهِ فِي الدُّنْيَا تَقْدُمُهُ سُورَةُ البَقَرَةِ وَآلِ عِمْرَانَ، تُحَاجَّانِ عَنْ صَاحِبِهِمَا». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [805].


Улашиш
|
|
Нусха олиш