102. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки неъмат борки, кўп одам уларни бой бериб қўяди: соғлиқ ва бўш вақт», дедилар».
Имом Бухорий ривояти.
Шарҳ: Кўриниб турибдики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам очиқ-ойдин қилиб соғлиқни бандага берилган неъмат эканини айтмоқдалар.
Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Ибн Можалар Абдуллоҳ ибн Меҳсон ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар:
«Кимнинг жасади офиятда бўлса, ўз гуруҳида тинч-омон бўлса ва ҳузурида егани ризқи бўлса, гўёки дунёни қўлига киритибди».
Инсон учун дунёнинг қўлга киритиш йўлида зарур бўладиган шартлардан энг аввалгиси саломатлик деб эълон қилинишининг ўзи Исломда кишиларнинг саломатлигига қанчалик эътибор берилишини кўрсатиб турибди. Чунки ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган тинч-омонлик ва еб-ичгулик неъматлари бўлса ҳам соғлиқ неъмати бўлмаса кишига татимайди. Баъзи вақтларда инсон бутун бойлигини сарфлаб бўлса ҳам тани сиҳатликни топа олмайди.
Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қиёмат куни бандадан энг аввал сўраладиган неъмат, унга, сенинг жисмингни сиҳҳатли қилган эмасмидик, сени совуқ сув ила сероб қилган эмасмидик, дейилишидир», деганлар.
Аллоҳ таоло Ўз бандасига берган неъматлар ичида энг аҳамиятлиларидан бири бўлгани учун ҳам соғлиқ неъмати ҳақида охиратда биринчи бўлиб сўралади. Шундоқ экан, банда бу нарсанинг қадрига етмоғи керак. Ундоқ неъматни берган зотга шукр қилмоқ керак. Неъматнинг шукри эса, уни берувчи зотга мақтов сўзлари айтиш ва неъматни неъмат берувчини рози қиладиган йўлда сарфлаш билан бўлади.
Соғлиқ-саломатлик неъмати муҳим бўлгани учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сиз билан биз умматларига ўша улуғ неъматни доимо Аллоҳ таолонинг Ўзидан сўраб туришни амр этганлар.
Имом Аҳмад Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда қуйидагилар айтилади:
«Аллоҳдан яқийнни ва мустаҳкам соғлиқни сўранглар. Ҳеч бир кимсага яқийндан кейин офиятчалик яхши нарса берилмаган».
Яқийн мустаҳкам иймондир. Демак, бандага Аллоҳ томонидан берилган неъматлар ичида энг биринчи ўринда мустаҳкам иймон турса, ундан кейинги иккинчи ўринда соғлиқ турар экан.
Имом Насаий Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳдан афвни, офиятни ва мустаҳкам соғлиқни сўранглар. Ҳеч бир кимсага яқийндан кейин мустаҳкам соғлиқчалик яхши нарса берилмагандир», деганлар.
Маълумки, дунё ҳаёти – ҳар бир инсонга берилган ўткинчи синов муддатидир. Ундаги ҳар бир кун, соат, дақиқа ва ҳатто сония инсон учун кўп фойда келтирадиган ғанимат бир фурсатдир.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг бундай марҳамат қилган:
“У (Аллоҳ), сизларнинг қай бирингиз яхшироқ амал қилишингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган Зотдир” (Мулк сураси, 2-оят).
Ушбу ояти каримада, ўлим билан ҳаёт одамлардан қайси бири чиройлироқ амал қилишини имтиҳон қилиш учун яратилгани баён қилинмоқда. Демак, инсон умри бекорга берилмайди, уни беҳуда ишлар билан зое қилиш мумкин эмас. Балки умр – хайрли амаллар, фойдали ишлар, элу юртга манфаат келтирадиган ҳамда охират учун захира бўладиган буюк ишларни амалга ошириш учун берилган қимматли фурсатдир.
Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Соғлиги ва бўш вақтини Аллоҳ таолога ибодат қилиш учун фойдаланган киши нақадар бахтлидир. Аммо, соғлиги ва бўш вақтини Аллоҳ таолога гуноҳ қилиш учун сарфлаган одам нақадар зиёнкордир”.
Киши фойдали ишлар билан машғул бўлиб, бефойда ишлардан ўзини тийиши унинг диёнати гўзал эканига далолат қилади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
“Киши исломининг гўзаллиги – фойдасиз насаларни тарк қилишидир” (Имом Темизий ривоятлари).
Ҳукамолардан бирлари шундай деганлар: “Ким кунини бекорга ўтказса, бирор яхши иш ё инсонларга чиройли сўз айтмаса, ёки гўзал муомалада бўлмаса, ёхуд илм-маърифат ҳосил қилмаса, албатта, у ўша кунига жабр, ўзига зулм қилибди”.
Ҳасан ибн Саҳл раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: “Маъмун ухлаганда атрофида китоблари турар эди. Ухлашдан олдин ҳам китоб ўқир, уйқудан уйғониб кетганида ҳам китоб ўқир эди. У шундай деб насиҳат қилар эди:
“Ёлғизлик ғурбатини китоб ўқиш билан енггин. Зеро, китоблар сўзлагувчи тиллар ва тикилиб турувчи кўзлардир”.
Шафиқ ибн Иброҳим Ал-Балхий айтадилар: “Биз Абдуллоҳ Ибн Муборакка: “Нима учун намоз ўқиб бўлганимиздан сўнг биз билан бирга ўтирмайсиз?”, – деб сўрадик. У киши: “Саҳобалар ва тобеинлар билан бирга ўтиришга кетаман”, – дедилар. Биз: “Саҳобалар ва тобеинлар қаерда экан?”, – деб, ҳайрон бўлиб яна сўрадик. Шунда у зот: “Китоб ўқийман, шунда улар ҳақида, қилган ишлари ҳақида билиб оламан”, – деб жавоб бердилар”.
102 - الثَّالِثُ: عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «نِعْمَتَانِ مَغْبُونٌ فِيهِمَا كَثِيرٌ مِنَ النَّاسِ: الصِّحَّةُ، وَالفَرَاغُ» رَوَاهُ البُخَارِيُّ [6412]